Айб сўзимизда эмас, ўзимиздадир

Айб сўзимизда эмас, ўзимиздадир
53 views
29 July 2016 - 14:41

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(83-қисм)

Ёзувда

Нарса ва ҳодисаларга қийналмай от қўя оладиган, ҳар қандай фикрни, туйғуни ифодалашга қурби етадиган тилларгина мустақил ва кучли саналади. Бу борада ўзбек тилининг аҳволи қандай?

Тилимиз ҳали ҳам ўрис тили босими остида мажбур қолмоқда, инглиз тили босими остига ихтиёрий кирмоқда. Мамлакатлар номи, миллатлар оти ҳамон ўрисчадан ўтиб қолган товушда ва шаклда ёзилади.

Тилимизда “ь” (юмшатиш белгиси) йўқ, аммо ўрис тилида бор бўлгани учун айнан олганмиз ва қўллаймиз. Халқимиз қаттиқ “л” билан “палто” (керак бўлса, “палта”) дейди, ёзувда эса, “л”ни ўрисчалаб, “пальто” ёзамиз.

Лотин имлосида бу хато қисман ўнгланди, аммо жуғрофий номлар ҳалигача ўрисчалигича қолмоқда: “Нью-Йорк”, “Шри-Ланка”, “Корея”, “Вьетнам” ва ҳоказо.

Ўрислар ўзининг мустақил тили ҳусусиятидан чиқиб келиб, жой номини ўша ерда яшовчилар қандай аташидан қатъи назар, ўз талаффуз ва ёзув қоидаларига мослаб олган. “Нью-Йорк”даги “Н”дан кейин “ь” ҳарфини орттирганлари етмай, ўртага “-“ белгисини ҳам қўшиб ёзган.

Ўзбек тилида эса, назариясига қулоқ солсангиз, бунақа ёзиш тил табиатига терс ҳисобланади:

биринчидан, бизнинг тилимизда ҳам бири тўмтоқ, бири юмшоқ товушлар бордир, лекин ёзувда тўмтоқлаш ё юмшатиш белгилари йўқ;

иккинчидан, ҳеч қандай сўз ёки бўғин икки ва ундан кўп ундош товуш билан бошланмайди ҳам, тугамайди ҳам – олдидан ёки ўртага биронта унли товуш орттирилади. Мас, “стакан” эмас, “истакан” ёки “истикон”; “Стамбул” эмас, “Истанбул”; “стол” эмас, “устал” каби;

учинчидан, орага чизиқча қўйилмайди. “Шри-Ланка”даги чизиқча ҳам фақат ўрис тилида бор. Ўрислар кўп сўзни иккига бўлиб, ўртасига чизиқча қўйиб олади. “Олмаота”ни “Алма-Ата”, “Юнусобод”ни “Юнус-Абад”, “Оқтепа”ни “Ак-тепе” ёки “Актюбинск” деб олганидек.

Ўзимизни тилимиз хусусиятидан келиб чиқсак, “Шри-Ланка”, “Куала-Лумпур” каби жой номлари ўзбекчада бемалол “Ширланка”, “Кувалалумпур” деб қабул қилинса бўлаверарди.

Аммо, афсус, тилимизнинг ҳозирги қарам ҳолатига омма аллақачон кўникди ва кўзига ўзбекона ифода ҳатто бегонадай кўриниши ҳам мумкин. Ўрислар “Қўқон”ни ўзларининг тилига мослаб “Коканд”, “Фарғона”ни “Фергана”, “Оҳангарон”ни “Ангрен” деб олса, ҳеч ким ҳайрон бўлмайди, аммо биттамиз тил мустақиллигига интилиб “Масков”, “Эрқут” (Иркутск), “Ўмба” (Омск), “Тўмба” (Томск), “Ширланка” ва “Кувалалумпур” дея бошласак, бошқамиз дарров тихирлик қиламиз.

Ҳолбуки, ўзбек тили ҳам агар тўла мустақил бўлишни ва асл илдизига қайтишни истаса, тилимиз ўзигагина хос айтилиш ва ёзилиш қонун-қоидасини тиклаши керак. Ўрислаштириш сиёсати туфайли бу қоидалар бузилди, издан чиқди. Энди тилимиз мақомини қайтадан кўтариш учун четдан сўз қабул қилиш ва чет сўзларни ўзбекча талаффуз этиш йўл-йўриқларини илмий асосда ишлаб чиқишимиз лозим.

Бу масалада тилшунослик илми ўз сўзини айтмаяпти, тил тақдирини омма ихтиёрига тўла ташлаб қўйган. Ташлаб қўйилгани оқибатида бугун кўча ва бозор асли ўзбекча “Туркия”ни ҳам ўрислардан олиб “Турция”, “Сурия”ни “Сирия” дея бошлади. Миллат ўлароқ карисни оғзаки айтишда “карис” деймиз, ёзувда “корейс” деб ўрисча ёзамиз ва ҳамон қарамлигимизни билдириб қўямиз.

Яъни, ўзбек тили ҳануз тўла мустақилликни қайта қўлга кирита олмаяпти.

Бу айтилганлар асосан назарий масалалардир. Амалий томонига келсак, бугун тилни ифлослантиришда оммавий ахборот воситалари ҳам анча-мунча ҳисса қўшаётганини кўрамиз.

Бугун ОАВ тилга заруратсиз киритилган, элимизга ёт “глобализация” (ҳеч бўлмаса “глобаллашув” бўлиши керак эди!), “модернизация” (янгилаш, замонавийлаштириш), “инвестиция” (сармоя ёки пул киритиш, сармоя ётқизиш), инновация” (янгиликни киритиш), “инновацион лойиҳалар” (янги лойиҳалар), “концепция” (ғоя, йўл в.б.), “стенд” (деворий кўргазма), “фермер” (деҳқон), “инфратузилма” (ажнабий “инфраструктура”нинг чала таржимаси, аслида, “турли тузилмалар” деса бўлади), “биеннале” (икки йилда бир ўтказиладиган кўргазма, ижодий кўрик), “эвакуация” (кўчирмоқ), “иқтисодимиз локомотивлари” (илғорлари), “аукцион савдо” (кимошди савдоси), “регламент” (иш тартиби, кун тартиби…), “акция” (пай, ҳисса, улуш; тадбир)… каби юзлаб, минглаб сўз ва бирикмаларга тўлиб кетди.

Бу бегона сўзлар “Халқ сўзи” газетининг иккита сонидан кўзга илинганлари, холос.

Бунақа бузуқлик айниқса тил тозалиги учун қайғуриши фарз бўлган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”дай газет саҳифаларида ҳам учраса, одамга алам қиларкан: 2011 йил 28 ўктабир 44-сонида: “Биеннале давом этмоқда” деб сарлавҳа қўйилибди!

Бугун “биеннале”, эртага “триеннале” (уч йилда бир бўладиган кўрик-кўргазма), индинга яна бошқа сўз кириб келаверадими тилга?

Ҳафсала қилса, ҳар ким бошқа газет-жўрнолларни ҳам кўздан бир кечирсин.

Яна битта босқинчи сўз “эвакуация”дир. Илгарилари у ер-бу ерда қулоққа чалиниб турарди, яқинлардан бери тилимизга муқим ўрнашди. Теле, радио тинимсиз айтиб, матбуот ёзиб ётибди. Уруш ёки табиий офат етган ерлардан кўчирилган аҳоли ҳақида хабар бераркан, “кўчирилди” демай, “эвакуация қилинди” дейиляпти. Бу сўз ҳам халқ онгига сингиб бўлди.

Бир гал телевидениеда нуфузли лавозимда ишлайдиган зиёли, адабиётчи танишимга: “Бу қанақа гап, тилнинг дарвозаси қолмади-ку, «Аҳоли тинч жойларга кўчирилди», дейилса, халқимиз тушунмай қоладими?!” десам, ўйлаб ҳам ўтирмай: “Биласизми, «эвакуация» сўзида уюшқоқлик, ташкиллаштириш маънолари бор, «кўчирилди» сўзида бу нарса йўқ”, деди.

Нега йўқ бўларкан, бор! Бор бўлганида ҳам, «эвакуация»дан чиройли, бой ва кенг маъноларни беради! «Кўчмоқ» феълидан ясалган «кўчирилди» сўзида уюшқоқлик, уюшиб қилинган ҳаракат маъносини кўрмаслик бориб турган жоҳилликдир!

“Одамлар тирақайлаб қочиб кетди”, дейилмаяпти, “Кўчирилди”, дейиляпти, ахир! Бу сўзда кўчишни кимлардир ташкиллаштираётгани ҳам сезилиб турибди!

Айб сўзимизда эмас, ўзимиздадир. Етти ёт бегона сўзларга айрича “маъно”лар юклаб, ўша йўқ “маъно”ларнинг қулига айланиб қолган, аммо ўзимизнинг сўзларда у маъноларни кўрмаётган бизларда айб!

Бу ҳолни тилга эътиборсизлик десак жуда юмшоқ айтган бўламиз, ўзбек тилига очиқдан-очиқ ишончсизлик, тушкунлик бу!

Тушкунлик жудаям хавфли ҳолат. Юртнинг ишонган бир “зиёли”си ўзбек тили қобилиятига ишонмаса, кўчадаги қурувчидан ё бозорчидан нимани кутамиз?!

Аксинча, миллатнинг ойдин кишилари, айниқса ёзувчи-шоирлар, матбуот биринчи галда тилнинг боғбонлари, керак бўлса, қоровуллари бўлиши лозим эмасми?!

Бугун Алишер Навоий ҳазратлари туйқус тирилиб келсалар, бир замонлар туркий тилнинг ифода ва маъно имкониятларини кўрсатиб, миллатни тушкунликдан асраб қолган у зот бугун ўз тилига ишончсиз бўлиб қолган “зиёли” неваралари ҳолини кўрсалар, фарёд чекиб юбормасми эдилар?!

Хўп, тилимиздаги бузилишларга ким жавоб беради?

Бир ёндан қарасангиз, ҳамма айбли. Чунки одамлар тилини асрамаяпти… одамлар ўйлаб ўтирмасдан бегона сўзларни муомалага киритиб юборяпти… одамлар ўзини, ўзлигини қадрламаяпти… одамлар…

Бошқа ёндан қарасангиз, ҳеч ким жавоб бермайди, чунки дунёда тоза тил бўлмагани ва улар доим ўзгариб тургани каби, ўзбек тилини ҳам эски ҳолида ушлаб туриб бўлмайди: айрим сўзлар истеъмолдан чиқади, ўрнига янги сўзлар киради ‒ тарихда шундай бўлган, бундан кейин ҳам шундай бўлади, бунга дод-вой солган билан фойда йўқ…

Иккала фикрда ҳам жон бор, аммо алоҳида-алоҳида олганда иккаласи ҳам тош босмайдиган баҳоналардир. Айниқса иккинчи баҳона ўз айбини тан олмасликдан, қўлимиздан нима келарди дегандек таслимиятчилик кайфиятидан туғилган. Юзаки қараса тўғри, моҳиятда хато фикрдир.

Бу ҳақда кўп далил келтирса бўлади, лекин баҳсимиз услуби илмий-назарий эмас, кўпроқ ижтимоий-руҳий бўлгани учун сўзимизни шу ерда кесамиз. Биз айтмоқчи бўлаётганимиз: айни мана шунақа баҳоналарнинг олдини олиш учун ўртага давлат кириши, тўғрироғи, ўртада ҳамиша давлат туриши керак. Айниқса, бир тил зуғуми остидан пати юлинган ҳолда чиқиб бошқа кучли тиллар қаршисида дийдираб пайдо бўлиб қолган бизнинг тилимизга ўхшаган тиллар давлатнинг ҳимоясига жуда муҳтож.

Жамиятдаги ҳар бир ҳодисани одатда давлат бошқариб-кузатиб турганидек, тилни ҳам ташқи таъсир қаршисида ёлғиз ташлаб қўйиб бўлмайди. Ўзини таниган, тилини ардоқлаган давлатлар бу масалада қаттиқ туради. Тил қонунлари бекорга қабул қилинмайди-ку, ахир! Қонун ҳимоячиси давлат бўлганидан кейин, демак, унинг ишлаши ё ишламаслигига тўғридан-тўғри давлат жавоб бериши керак. Чунки давлат тилининг аҳволи давлатдан сўралмай, кимдан сўралсин?! Тил қонуни республикада тўлақонли ишламаётгани ва ўзбек тилимиз йигирма йил ичида бу даражада бузилиб кетгани давлатнинг ўз вазифасини оқилона бажара олмаганини кўрсатади.

Тил тозалигини сақлаш, келажак наслларга кучли, мустақил, яшовчан, ўтмишдан узилмаган, келажакка ҳам довдирамай дадил боқа оладиган тилни қолдириш кўпроқ бу масалада давлат ўзини қандай тутишига боғлиқ бўлади.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com