Бу ер сенга Русия эмас

Бу ер сенга Русия эмас
24 views
30 July 2016 - 7:00

TuzoqСафо Урганжи

ТАНАЗЗУЛ
(Тўрт юз олтмиш еттинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР 

ТУЗОҚ

Биринчи китоб

(Роман муаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

 Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб қололмайди.

Муҳаммад (с.а.в)нинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

 (16-қисм)

Ўн иккинчи боб

Бугунги кун ҳам туман ҳибсхонасида ўтди. Бу жойларда нималар рўй бермайди дейсиз. Кимларнидир олиб чиқиб кетадилар, кимларнидир олиб кирадилар. Кирди-чиқдининг кўплигини кўрган кимса бу ўлкада қамалмаган бирор одам қолмаган бўлса керак, деб ўйлайди. Ҳибсхонага кириб-чиқаётганларни ҳисобини олмоқчи бўлганлар икки соат ўтмасдан саноқдан адашиб кетадилар.

Бу ерлардаги муҳит ўзгарувчанлиги ҳисобга олинса, вазиятни чамалаб иш кўриб бўлмаслиги аён бўлади. Ҳар бир тутқуннинг ўзига хос феъл-атвори бўлгани каби, ҳар бир миршабнинг ҳам ўзига яраша инжиқликлари бор. Муҳит ҳавоси буқаламундай турланиб туради. Вазиятни бир қолипда ушлаб туришга мўлжалланган қонунлар, кайфият ҳукмбардор бўлгач, мутлақо иш бермайди. Барча хавфсизлик ташкилотлари тизимлари ҳукумат талаблари ҳудудларида фаолият кўрсатишга мослаштирилгани сингари, миршаблар ўзларидан юқорида турган бошлиқлари илгари сурган тамойиллардан келиб чиқиб, ёзилмаган қонунлар билан фаолиятларини изга солиб турадилар. Бу жараёнда уларнинг савия даражалари ҳал қилувчи ўринни эгаллайди. Улар учун қонунлар – театр деворларига ёпиштирилган шунчаки афишалар,  ғафлат лойига ботган идроклари – панжара билан тўсилган театр чегаралари, холос. Уларнинг илинжлари елка нишонларини оширишдан ва ҳаром бойлик орттиришдан иборат бўлгач, нари ёғи қоп-қора тун бўлиб, мавҳумотлар олами қўрғонларидан нарида ҳад-ҳудудсиз саробликлар салтанати бошланади. У ёқларда нимани хоҳлашини билмайдиган тузум, жамият ичига суқилиб кириб, ҳаёт реалликларидан овлоқларда арвоҳ сингари изғиб юради. Чаласаводлар барча замонлар ва маконларда ёруғ олам кенгликларини бузуқ ақл тарозилари билан ўлчаганлари мисоли, бу деворлар орасидаги ишончли воситалар пул олди-берди муомаласи орқали вужудга келади. Хиралигидан одам-одамни зўрға кўрадиган қоронғи ва совуқ бурчакларда энг сеҳрли, энг ёқимтой ашё бўлган пул сўзга-сўзни қовуштириб, кўнгилларни илитиб туради.

Таниш соқчи алмашиб, Баҳром қаноти қирқилган қушга ўхшаб қолди. У фурсат топиб янги соқчига икки минг сўм қистиришга муваффақ бўлганди, қақраб ётган даштга баҳор ёмғирлари шивалагандай, унга бўлган эътибор тубдан ўзгарди. Орқасидан овқат ва хат-хабарлар кела бошлади. У энди истаган пайтида ҳибсхонадан хат чиқара оларди.

Прокуратурадан қайтгач, Азизни ўртадаги каталакка ташладилар. Участка нозирининг ундан хабар олмай қўйгани соқчиларнинг муносабатини ўзгартирган эди. Унинг кўкраги нақшли маҳбус ёнида ўзини қандай тутаётгани Баҳром учун қизиқ эди.

Кўп вақт ўтмади. Ўртадаги эшикни кимдир қаттиқ тепди. Шунда, ҳамма ёқ қаттиқ гумбурлаб, осмон ўпирилиб тушгандай бўлди. Чопиб келган соқчи эшикни очганда:

– Ит билан бир каталакда нафас олиш эркакларга номус! – деган овоз янгради.

Бу кўкраги нақшли маҳбус эди. Баҳром уни дарров таниди. (Кимдир Азизнинг собиқ миршаблигини билиб қолган эди, шекилли.)

Соқчи унинг сўзларидан ҳайратга тушиб:

– Қанақа ит, эсинг жойидами? Каталакда ит нима қилади? – деб сўради.

– Сенларга ўхшаган ит! – дея кўкраги нақшли маҳбус кимнингдир кетига тепиб,  даҳлизга итариб юборди.

Тепки еган кимса деворга боши билан урилиб, вой, деб ингради.

Бу Азиз эди. У “мужик”лар орасидан шармандаларча қувиб солинганди. Гапнинг индаллосини англаган соқчилар шолкалтаклар билан ёпирилиб, кўкраги нақшли маҳбусни савалашга тушдилар. Орадан ярим дақиқа ўтмай кўмакчи кучлар ёрдамга етиб келди. Бечорани ўзлари урдилар, ўзлари қўйдилар.

Кўмак кучлари орасида таниш подполковник ҳам бор эди. У соқчига маҳбуснинг ҳужжатларини олиб келишни буюрди.

– Кандратов Юрий Никалаевич. 1946 йил, Тошкент шаҳри, Октябр тумани, Генерал Узоқов кўчаси, 114-уйда туғилган. Русия фуқароси. 1999 йил Тошкент шаҳрида содир этган жинояти учун халқаро қидирувга берилган. 2005 йилнинг 16 октябрида Москвада қўлга олинган. Оилали. Хотини, икки фарзанди бор! – дея полковник маълумотларни ҳижжалаб, ўзидан қўшиб-чатиб зўрға ўқирди. – Беш марта судланган, уч мартасида жазо муддатини ўтаган, жувонмарг. Беш мартасида ҳам босқинчилик содир этган, муттаҳам. Тошкентда Политехника институтини тугатган…

Шу жойга келганда подполковник жимиб қолди. Ҳибсхонада пашша учса билинадиган даражада тинчлик ҳукм сурарди. Бор вужуди қулоққа айланган маҳбуслар нафасларини ичларига ютиб, ҳодисанинг нима билан якунига етишини кутардилар.

Ярим дақиқадан сўнгра овоз янгради:

– Эссиз сенга Совет ҳукумати сарфлаган пуллар! – деди у ачиниш ҳиссини ифодалашга уриниб. – Бир ўзбек пахтакори боласининг ризқини қийгансан, сассиқ ўрис бўлмай ҳар бало бўл, текинтомоқ очофат. Ўрнингга ўша меҳнаткаш болапақир ўқиганда, коммунистик партияга сидқидилдан хизмат этарди. Владимир Иличга муносиб ворис бўларди. Шунда жаҳондаги энг қудратли ва адолатли давлат СССР парчаланиб, сочилиб кетмасди. Сенга ўхшаганлар касридан шундай буюк давлат инқирозга юз тутти-я. Бир қадам олға боссанг, манглайинг Султонмуродбой Назарбоевнинг қовуғига урилади. Орқангга икки қадам ташласанг, Имомали Раҳмонали жўвачасининг каллакчаси билан кетингга туртади. Ўнг елкангга салом берсанг, автомат ўқталган туркманга кўзинг тушади. Бошингни чап елкангга буриб, назарингни бу балолардан олиб қочмоқчи бўлганингда, елкангга шайтондек чиқиб олган қирғизга кўзинг тушиб, саломингни иччингга ютасан. Ёсир Арофат ўлиб, Шариел Арўн ер юзини жин-ажиналар уясига айлантирди. Сабаби не эканлигини Саддам Ҳусайин билан Жўрж Бушнинг ўғли тушунмаса, Путин билан Лукашенканинг ақли ҳеч нарсага етаётгани йўқ. Дунёда зиғирча бўлсин адолат қолганми ўзи? Нима қилса бу балолардан қутулади одам? Нима қилса…

Баҳром подполковник қўлларини гап оҳангига мослаб ўйнатаётганини кўрмаса ҳам, сўзларидан тасаввур этарди.

– Ўзингни оссанг, барчасидан қутуласан! – деди унга полда думалаб ётган маҳбус.

Миршаблардан кимдир пишқириб кулиб юборди.

Маҳбуслар ҳам ўзларини зўрға тутиб турардилар. Баҳона сабаб, хохолашга тушдилар.

– Фалонимга куласизларми? – деди турган жойида тўрт томонига аланглаган подполковник. – Онангни фалон қилайлар, шим-пимимни йиртилган жойи бор эканми?

 Унинг ғазабидан қўрқиб ҳамма жимиб қолди.

Бундан руҳланган подполковник полда инграб ётган кўкраги нақшли маҳбусга:

– Юрий Никалаевич, бир нима деб гапирсангчи, олий маълумотли, туппа-тузук одам экансан! – деди озроқ шаштидан тушиб.

– Нимани гапираман? – деди у инқиллаб.

– Қонун ва тинчлик посбонлари бўлмиш беминнат ва шарафли касб эгалари – миршаблардан узр сўраш учун ўзингда бир оз куч тополмайсанми, қадрдонгинам? Ёки икки-уч оғиз сўз айтиш шунчалик қийинми?

– Йўқ, бу унчалик ҳам қийин иш эмас!

– Баракалла, баракалла, Юрий Никалаевич! – деди хурсанд бўлган подполковник. – Қани бўлмаса, бошла-чи, бўтам!

– Сенинг онангни Екатиринанинг палахмонига бойлаб қўйиб фалон қилайин, ит! Энди кўнглинг жойига тушдими? – деди дабдурустдан у ҳам.

Қолганлар, гўё ўзлари сўкиб қўйгандай, ичларидан зил кетдилар. Миршаблар унга ташланмоқчи бўлганларида, подполковник дарров қулочларини икки ёнга кериб:

– Ўзим! – деди. – Ўзбек ўғлонлари жаннатдан қувилиб, ер юзига тушганларидан буён, ҳалига довур оналарини бировларга шунчаки сўктириб қўйган эмаслар. Энди ҳам меҳнат ва жабр-зулмдан рўшнолик кўрмай ўлиб кетган онажонлари қабрлари устига чанг қўндирмайдилар.

У шундай дея маҳбуснинг биқинига зарб билан тепган эди, у:

– Онангни Екатиринанинг отни бойлаб қўйиб кайф қиладиган манжалақ дўконига солиб, беш марта фалон қилайин! – деди.

Борҳо ғазаб отига минган подполковник ўзини босолмай, тутоқиб кетди. Маҳбусни тўйгунча тепалади. Миршаблардан кимдир:

– Ўлдириб қўясиз, ўртоқ подполковник. Бир сассиқ ўрисни деб бошингизга ташвиш ортирмоқчимисиз? – деган эди, у сал бўлса ҳам ўзини босиб олди.

Сўнгра чўнтагидан машҳур рўмолчасини чиқариб, аввал юз-кўзлари, энсасининг терини ишқаб артди. Ёқаси тугмаларини ечиб, шошмасдан кўкрагини, қўлтиқларини обдан сийирди. Дастрўмолини сиққан эди, ундан полга ёмғир томчилари сингари дона-дона бўлиб сув томчилади. Тутқунлар буни кўрмаётган бўлсалар ҳам, томчиларнинг чикиллашидан манзарани кўзлари олдига келтираётган эдилар.

У рўмолчасини чўнтагига тиқиб, қонига бўялган кўкраги нақшли маҳбусга:

– Бу ер сенга Русия эмас. Бу ерни Мустақилистон – жаннатистон, тўрт фасли бут баҳористон дейдилар! – деди. – Шаҳар бедарвоза эмас, бу заминда ҳар бир нарсанинг эгаси бор. Энг асосийси, қонун-қоида бор. Яратганга шукр, бошимизда қатъиятли раҳбар бор. Кучли давлатдан – кучсиз фуқаролик жамиятига “хуш келибсиз” деган демократик тамойилларимиз бор. Бу обод ва озод юртда ҳар ким истаганини қилиб кетавермайди. Ўзингни йиғиштириб ол, бўлмаса ит ўлимида ўлиб кетасан, бўтам. Ўлганингда ҳам сени биров йўқламайди. Йўқлагандаям, қўлидан ҳеч вақо келмайди. Бу ерни билганлар дўзахистон, билмаганлар боғи бўстон, гулистон дейдилар. Сенинг қилғилигинг тузни ичиб, тузлиққа тупирган кўрнамакнинг қилмишига ўхшайди…

 (давоми бор)