Халқ ҳаракатидаги илк тажрибалар

Халқ ҳаракатидаги илк тажрибалар
127 views
30 July 2016 - 5:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(39)

ХАЛҚ ҲАРАКАТИДАГИ ИЛК ТАЖРИБАЛАР

Гарчанд 80-йиллар ўрталарида пайдо бўлган ижтимоий активлик саксон саккизинчи йилда аниқ сиёсий тус олган бўлса ҳам, «Бирлик» ҳаракати сиёсий эмас, ижтимоий либос билан саҳнага чиқди. У ўлканинг «моддий-маънавий бойликларини муҳофаза қилувчи ташкилот» сифатида танитилди. «Бирлик» сўзи сиёсий маъно таширди, унинг изоҳи эса, худди бу сўз учун сўралаётган узрга ўхшарди. Бу изоҳ ҳаракатга қўшилган оқсоқолларнинг қўшимчаси бўлганлигидан, уни олиб ташлай олмадик.

Ном беришдаги бу иккиланиш, аслида, ҳаракат идеологиясидаги иккиланиш эди. Ҳаракат бошқарувидан ўрин олган коммунистларнинг деярли тўқсон фойизи Ўзбекистоннинг сиёсий келажаги, аниқроғи, унинг сиёсий мустақиллиги ҳақида орзу қилмагандилар. Аксинча, улар бундай мустақилликка эришиш, мумкин эмас ва унга интилиш хаёлпарастлик, деб билишарди. Қолаверса, энди Совет иттифоқида қайта қуриш бошланган экан, бундай мустақиллик бизга фойдадан кўра зарар олиб келиши мумкин, бизга Москва қараб турмаса бизнинг раҳбарлар дарров демократиядан воз кечиб, ўзларининг кичик диктаторликларини ўрнатиши мумкин, деган фикрда эдилар. Бу қараш ўша қайта қуриш даврида жуда мода бўлган эди, чунки, бизнинг раҳбарлар ҳақиқатан ҳам мустақил бўлгандан кейин шундай диктаторликларини қуриши муқаррар эди. Лекин бу бўлажак маҳаллий диктатура олдидаги қўрқув бизнинг сиёсий ҳаракатимиз стратегиясини ўзгартириши мумкин эмасди. Рус мустамлакасидан қутулиш янги тузилган ташкилотнинг марказий ғояси бўлмоғи шарт эди. Бу ғоя очиқ ифода қилинмаган тақдирда программа тезисларига зимдан сингдириб юборилиши лозим эди.

Ҳар ҳолда, шахсан менинг ва яна бир нечта ёзувчи оғайниларнинг нияти шундай эди. Лекин бу ният амалга ошмади. Ҳаракат программаси сиёсий конюктура изн берган доирадан ташқарига чиқолмади. Бунга фақат коммунистларни айбдор қилиб кўрсатиш ҳақсизлик бўларди. Бунда биз, ҳаракатни қурган ижодкорларнинг ҳам айби бор эди. Биз керак бўлган жасоратни кўрсатолмадик ва ҳаракат ғоявий жиҳатдан майиб туғилди. Бу майиблик айниқса Ҳаракатнинг ижтимоий базаси кенгайиб, мингларча одам майдонларни тўлдирганда билинди. Биз бу кенг халқ оммасига лойиқ бир буюк ҳадаф, бир буюк мақсад кўрсатолмаган эдик.

Muhammad_Salih_fotomajmua_43Мен бу мулоҳазаларни ўн йил кечикиб айтаяпман. Чунки, ўша саксон саккизда буни айтишга тайёр эмасдим. Мен ҳам дўстларим қатори умум кўтаринкиликнинг асири эдим, сиёсий ҳаракатнинг табиатини ҳали билмасдим. Бошқа тарафдан қараганда, Балки Ҳаракатнинг бирданига радикал ғоя билан чиқмагани тўғри бўлгандир. балки, саксон саккизда мустақиллик ғояси ўртага ташланса, бу ҳукуматни чўчитиб юборган бўлар ва Ҳаракат туғилмай туриб, ўлимга маҳкум қилинган бўларди.

Бунинг аҳамияти борми, деган савол туғилиши мумкин. Эҳтимол, бугун бунинг аҳамияти йўқдир, аммо ўн йил аввал аҳамияти бор эди. Халқ ўрнидан туриб кўчага чиққанда ва оломон деган минг бошли мавжудот қаршимизга келиб, биздан йўл кўрсатишни талаб қилганда, бизнинг бир оз саросимага тушиб қолганимизни хотирлайман. Биз, сиёсий ҳаракатни тузган одамлар, бу халқнинг қайси тарафга юришини кўрсатишимиз керакди.

Унинг қувват сифатида тақдирини белгилаш бизнинг, бир ҳовуч зиёлининг зиммасига тушганди. Бу масъулиятдан саросимага тушмаслик учун бир телба бўлиш керакди. Эҳтимол, «саросима» дея, вазиятни ортиқча бўрттирган бўлишим мумкин, аммо бир нарсага аминман-ки, ўша пайтда кўча оқимига танқидий қарай олмасак эди, бизнинг ҳаракатимиз ҳеч қачон олға силжимаган бўлар ва сиёсий жиҳатдан маргиналлигича қолиб кетаверарди.

Ҳар ҳолда, 1988-да тузилган ташкилот характеридаги энг бўртиб кўринган нарса, шубҳасиз, ғоявий иккиланиш эди, дейиш мумкин. Бу контекстда «ЭРК» партиясининг тузилишини «Бирлик»даги ўша иккиланишни бартараф этмоқ учун қилинган ташаббус ўлароқ кўриш мантиқлидир.

(давоми бор)