Қандай касб одами президент бўла олади?

Қандай касб одами президент бўла олади?
77 views
31 July 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(85-қисм)

Ўн саккизинчи кўчат
Қандай касб одами президент бўла олади?

Ушбу бобда қайси касбдаги киши давлатни бошқарса фойдали бўлиши масаласини ўрганмоқчимиз. Мулоҳазалар Ўзбекистонгагина тегишли эмас. Аммо мисолни барибир ўзимиздан олишимизга тўғри келади. Тушунишга шуниси енгил. Узоқдан олсангиз, муҳити ҳам, муаммолари ҳам бошқача бўлганидан, бизга унча англашилмайди, англашилса-да, юракка етиб бормайди.

Илк йиллари ташвиқот учун “Ислом Каримов иқтисодчи! Мамлакатни бошқаришга айни иқтисодчи керак! Иқтисод юксалса, одамлар тўқ яшайди! Шоир нима қилиб бера оларди?” қабилида мулоҳазалар кўп айтилди.

Бир кимса отилиб чиқиб: “Президент бўлиш учун киши касбининг аҳамияти йўқ. Қайси касбда бўлса ҳам, давлат бошлиғи ақлли, адолатли, доно, тарих билан сабоқланган, ватанини ва миллатини севадиган, ҳалол, бағрикенг, қинғирликка қаттиққўл, тўғриликка муҳаббатли, адашганга шафқатли, одам танийдиган, ҳар соҳа мутахассисини топиб ўз ўрнига қўя оладиган, ўзи билмайдиган ишга аралашмайдиган, халқи ва ватани манфаатини ҳар нарсадан устун қўядиган, мамлакат равнақи учун ҳормай-толмай ишлайдиган… олижаноб бир ИНСОН бўлиши керак”, демади.

Халқ ҳам ғафлатда қолди – номзоднинг маънавий-миллий кўрсаткичларига эмас, касбига овоз бериб юборди.

Давлат бошлиғи иқтисодчи бўлиши шарт эмаслиги у сайланганидан кейинги ишлардан билинди-қолди.

Биринчи иш. Илк қасамни эслайлик. “Мен нон нархи ошишига йўл қўймайман!” деди иқтисодчи-президент.

Нон нархи ошди. Изоҳ берилмади.

Сўсиалистик тузумдан воз кечиб, энди бу ёғига иқтисодда бозорча муомалага ўтишни мўлжаллаб турган давлат бошлиғи айтадиган гапмиди шу?

Бозор ўз ҳолига қўйилса, нарх-навони бозор белгилашини иқтисодчи бўлмаганлар ҳам билади-ку, нимага Бош иқтисодчи билмади?

Билган бўлса, нимага алдади?

Алдамаган бўлса, нимага сўзини тутмади? Лафз қилиб қўйдим деб ҳеч йўқ сунъий йўл билан эски нархни ушлаб туриши лозим эмасмиди?

Иккинчи иш. Бош иқтисодчи минбардан бутун мамлакатга мурожаат этиб: “Менга августгача муҳлат беринглар, августдан бошлаб аҳволимиз яхши бўлади!” деб тантанали ваъда берди.

Халқ кутди. Бу ваъда ҳам илмий асосланган бир хулоса эмас, чапак учун айтилган қуруқ гап эди.

Август келди… Кейинги йилнинг августи ҳам келди… Ўшандан бери йигирма марта август келди…

Одамлар ҳар йилги августда: “Кейинги августни айтган бўлсалар керак… Ҳи-ҳи-ҳи…” деб аския қилади

Учинчи иш. “Мустақиллик”нинг илк йиллари чет эл валютасини конвертатсия қилиш масаласида нўноқлик қилганимиз натижасида республика иқтисоди ўтиришига оз қолганини олдинги боблардан бирида айтдик. Шунга ўхшаб, миллий пулимизни муомалага киритиш муддати роса орқага суриб юборилгани ҳам катта хатолардандир.

Бошқа собиқ иттифоқдош республикалар отни қамчилаб қолгани орқасида СССРнинг хазондек қадрсиз рубллари ҳамма жойдан Ўзбекистонга оқиб кирди ва улардан қутилгунимизча мамлакат хазинаси анча-мунча талон-торож бўлди.

Тўртинчи иш. Ўзбекистон сўсиализмдан воз кечиб капитализм босқичига қадам қўйди.Бозор ўз ихтиёрига эркин қўйиб юборилди. Чиндан ҳам илк йиллари бозор роса эркин ишлади. Тадбиркор кўпайди. Рақобат кучайди. Нархлар шунга кўра арзон бўлди. Одамлар бозорлардан рўзғор товарларини анча арзонга қийналмай ола бошлади. Олувчи ҳам, сотувчи ҳам фойда кўрди.

Буни кўриб давлат чидаб туролмади – шартта бозорга чиқди ва ички ишларига аралаша бошлади. Чеккадан ё тепадан туриб аралашса – ҳаққи. Аммо давлат бозорга бир рақобатчи-бозорчи мақомида кириб келди. Тенг рақобатчи бўлса майли эди, давлат зўравон рақобатчи бўлиб кирди. Зўрники тегирмон юргизиши табиий. Чой, шакар, ёғ сингари рўзғорга энг керакли саккиз хил товарни бозорчи қўлидан тортиб олиб, улар устидан яккаҳоким бўлиб олди. Зўравонлигини “меҳнаткашлар манфаатини кўзлаш” деб изоҳлади.

Меҳнаткашлар манфаат кутди. Лекин бирдан бу саккиз хил товарнинг нархи ошиб кетди. Ошгандан ошди, ошаверди, меҳнаткашнинг чўнтаги йиртилиб кетгудай бўлди. Олмайман деб кетолмайди – буларсиз рўзғор ўтмайди. Хуллас, кейин билинди: мақсад – меҳнаткашлар манфаати эмас, кундалик рўзғор товарлари савдосига давлат ўзи ягона эга бўлиб олиш ва йиртиқ чўнтагини халқ ҳисобига қаппайтириш бўлган экан.

Бешинчи иш. Бутун дунё бозорни иқтисод майдони, даромад манбаи деб билади, Ўзбекистонда у сиёсат майдонига ҳам айлантириб юборилди. Бозор хазинани мўл, дастурхонни тўкин қилгани учун капиталистик олам унга суянади, кўпроқ даромад олгиси келса, бозорга янада эркинликлар беради.

Ўзбекистонга ҳам кирим керак, пул керак, лекин бизнинг “бозор” сиёсатимизни биринчи навбатда кичик ва ўрта бизнес қатламининг дини, мафкураси, сиёсий қарашлари қизиқтиради.

Президент бир иқтисодчи ўлароқ мамлакат иқтисоди юксалишида бозорни қанчалик аҳамиятли билса, сиёсатчи ўлароқ тадбиркор ва тижоратчиларнинг динийлашиб кетишини ҳокимияти учун шунчалик жиддий хавф ҳам деб билади. Чунки тижоратчи дунё кўргани учун кўпинча кўзи очиқ бўлади. Кўзи очиқлиги устига диндор ҳам бўлса, ҳалол-ҳаромни ажратса, оиласида исломий тарбия юргизса, давлат назарида, хавф устига хавфдир…

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com