Энди сени ким қутқазгай?

Энди сени ким қутқазгай?
29 views
31 July 2016 - 6:00

nabiyАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 68

(давоми)

ЗОТИР-РИҚЎ ҒАЗОТИ

Воқеа шундоғ эрдиким, шу йилнинг Рабиул-охир ойида Расулуллоҳга хабар етди. Нажд аҳлларидан Бани Муҳориб, Бани Саълаба бошлиқ бир неча қабилалар бирлашиб, Расулуллоҳга қарши уруш очмоқчи эмишлар. Буни онглашлари билан буларга қарши тайёргарлик кўриб, етти юз кишилик қўшин тузиб, сафарга чиқдилар. Бу навбат Ҳазрати Усмон Мадинага волий қўйилган эдилар.

Бир неча кун йўл юришиб, душман ерига киргандин сўнг, кўрдиларким, хотун-болалардин бошқа ҳеч ким қолмабдур. Улар аскарнинг келишини англаб, қўрққанларидан улгуролмай, хотун-болаларини қолдириб, тоғ бошига тарқалиб қочмиш эдилар. Барча қолганлари Ислом аскарлари томонидан асир олинди. Буни онглашиб қочганлар номус қилғанликларидан йиғилишиб, яна урушмоқчи бўлдилар. Асир олинган хотунлардан бирининг эри бу ишга қаттиқ ғазабланиб, қасамёд қилиб айтдиким:

— Ё Муҳаммадни, ёки анинг аскарларидан бир неча кишини ўлдирмагунча қайтиб келмагайман, — деди.

Сўнгра бу ишни ижро қилмоқ учун Расулуллоҳ тушган манзилга қараб жўнади. Ислом қўшини келиб, шу кечада бир жилға оғзига қўнган эди. Шул тун ҳаво бузилиб, қаттиқ бўрон чиқди. Расулуллоҳ икки кишини қўшимча қоровул қўйдилар. Аларнинг бириси Аммор ибн Ёсир, иккинчиси Уббод ибн Бишр эди.

«Бу кечани иккига бўлайлик, олдинги ярмида мен қоровул бўлиб турай», деб йўлдоши Аммор ибн Ёсирни ухлатиб, ўзи намозга қоим бўлди. Шу орада қасам қилиб, душман тарафидан чиққан киши жилға олдига келганида пайқаб қараса, йироқдин бир киши қораси кўринди. Бу эса душман қоровули бўлгай, деб дарҳол нишон олиб садоқдин унга ўқ отди. Бу киши машҳур мерганлардин бўлганликдан, отган ўқи хато қилмай, намоз ўқиб турган Уббод ибн Бишрга тўғри келиб тегди.

Намозни бузмай, ўқни суғуриб ташлаб, яна намозини давом эттирди. Душман эса, отган ўқи тегмади хаёл қилиб, яна икки маротаба ўқ узди. Бу отилган ўқлар барчаси хато қилмай теккан бўлса ҳам, лекин жон ерига тегмаган бўлган учун намозини бузмади. Намоздин бўшагандин сўнг кўрдиким, жароҳат ўрнидан қон оқиши зиёда бўлмишдур. Дарҳол Аммор ибн Ёсирни уйғотди. Ул кўриб:

— Эй биродар, биринчи ўқ тегиши билан нечун мени уйғотмадинг, бунинг сабаби недур? — деб сўради.

Анда ул айтди:

— Намозга туриб, Каҳф сурасини бошлаган эдим, лаззатланиб ўқиб ётганимда бир ўқ келиб тегди, унинг лаззатидан уч ўқ келиб теккунча Қуръонни тўхтатиб, намозимни бузишга кўнглим унамади. Агар Расулуллоҳнинг топширган хизматларига халал етишидан қўрқмасам эди, жоним чиқиб кетгунча намозимни бузмаган бўлур эдим, — деди.

Иймон ҳақиқати билан киши кўнглига ўрнашур бўлса, бандани бундин ҳам юқорига даражаларга еткузишида шубҳа йўқдур. Дин ишларини ҳар ким ўзи татимагунча унинг лаззатини тушуна олмайди.

Эй Раббим, Ҳабибиминг ҳурматидин бизларга ҳам шундоқ иймонни насиб қилгайсан. Омин!

Шундоқ қилиб, Аммор ибн Ёсир уйқудин уйғониб турган эди, ўқ отган душман кўзига тун қоронғусида тикка турган киши ўлтирган бўлиб кўринди. «Менинг отган ўқларим тегмаганга ўхшайди, энди ул мени қорага олиб, ўқ отгали ўлтирди», деб хаёл қилиб, орқага қочди. Шу билан қочган киши ўз қўшинига қўшилиб, асир тушган хотунболаларини ажратиб олиш учун Ислом аскарини ўраб, урушмоққа келдилар.

Ҳар иккала томон аскари бир-бирларига яқинлашиб қолдилар. Мана шу ҳолда аср намозининг вақти кирган эди. Расулуллоҳ эҳтиёт юзасидан Ҳавф намози ўқидилар. Бу намозни ўқиш Қуръон ояти билан собитдур. Буни ўқиш тартиблари масъала китобларида очиқ ёзилганликдан, бу ўринда айтиб ўлтиришни лозим топмадик. Расулуллоҳ намоздин бўшагунларича, душманлар ҳужум қилишга журъат қилишолмай, қарашиб турдилар. Сўнгра кўнгилларига қаттиқ қўрқинчлик тушиб, урушмоққа тоқатлари бўлмай, тарқалиб қочдилар. Ислом аскари ҳам уруш-талашсиз бир қанча ўлжа олишиб Мадинага қайтдилар.

Шу қайтишларида бир мўжизалик воқеа пайдо бўлди. Шундоқ эрдиким, қалин тикан дарахтлик бир манзилга келиб тушган эдилар. Ёз мавсуми бўлиб, кун иссиғи ниҳоятига етган эди. Бутун аскар соя жой излашиб, дарахтлар тубларига тарқалдилар. Шу орада пайғамбаримиз ўзлари ҳам ёлғиз бир дарахт остида ётиб кўзлари уйқуга кетди. Бир қабила мушрик араблар буни пайқаб туришган эди. Расулуллоҳнинг ёлғиз ётганларини алардин бирови кўрди. Ғаврас номлик раислари аларга айтдиким:

«Бундоқ иш пайти кишига кам учрагай, маслаҳат шул ким, бу фурсатни ўтказмасдин, яширинча ўзим ул жойга бориб, Муҳаммадни ўлдиргайман, анинг ташвишидан бутун халқ қутулғай», деб ҳеч кимга сездирмасдин тоғдин тушди. У ўрмалаб, яшириниб юриб-ўлтириб, Расулуллоҳнинг устиларига келиб, қиличини суғурган чоғда, уйғониб қолдилар, қарасалар қиличи яланг бир киши чопгали турибдур.

Ғаврас:

— Эй Муҳаммад, энди сени менинг қўлимдан ким қутқаза олади? — деди.

Анда Расулуллоҳ:

— Аллоҳ қутқазгай, — деб уч қайта айтдилар. Дарҳол қўли тутмас бўлиб, қиличи ерга тушди.

Расулуллоҳ дарҳол қиличини қўлларига олиб:

— Энди сени ким қутқазгай? — дедилар.

Анда ул:

— Сени фазли-караминг қутқазгай, йўқ эса бошқа мени қутқазгувчи қолмади, — деди.

Анда Расулуллоҳ:

— Шаҳодат айтгил, ўлимдан қутулурсан, — дедилар.

Анда ул:

— Шул ҳолда шаҳодат айтсам, ўлимдан қўрқиб айтган бўлурман, аммо аҳд қилиб ваъда берурманким, иккинчи сенга қаршилик қилиб, сенга қарши чиққан қўшинга қўшилмагайман, — деб афв сўради.

Расулуллоҳ анинг гуноҳини ўтдилар. Сўнгра ул одам ўз қабиласига боргач:

— Бу дунёда энг яхши одам олдидан келдим, албатта унинг тутган йўли яхши бўлса керак,— деб улар олдида иймон калимасини айтиб мусулмон бўлди. Буни кўриб бутун қабиласи ҳам Ислом динига кирдилар.

(давоми бор)