Пассив актив

Пассив актив
73 views
31 July 2016 - 5:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(40)

ПАССИВ АКТИВ

Январ ойида СССР Ёзувчилар Союзининг Пленуми чақирилди. Бу пленум Ёзувчилар Союзи тарихида энг ҳаяжонли ва энг эҳтиросли мажлис ўлароқ тарихда қолди. Зотан, пленум Ёзувчилар ташкилотининг сўнгги жиддий мажлиси бўлди. Кейин, худди Совет Иттифоқи каби, Ёзувчилар Иттифоқи ҳам парчаланди.

Ёзувчиларнинг бу сўнгги мажлисида мен ҳам қатнашдим. Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси котиби сифатида менга ҳам сўз тегди. Бу нутқ «Литературная газета»да пленум кунлари босилиб чиқди.

Бу нутқ 18 дақиқада битди ва уни томомлаб, жойимга қайтар эканман, қарсакларнинг одатдагидан узоқроқ давом этаётганини илғадим. Бошқа бир пайтда бундай қарсакларнинг олқишми ёки қарғишми эканлигини билолмаган бўлардим. Чунки, нутқ метрополия сиёсатига ва умуман русларга очиқчасига қарши руҳда айтилган эди. Зал нуфузининг ярмидан кўпининг нутқни олқишлашга ҳеч бир сабаби йўқ эди. Бу нуфузнинг қолган қисми ҳам авваллари бундай нутққа асло қарсак чалмаган бўларди.

Аваллари бундай нутққа наинки қарсак чалиш, балки бундай нутқни гапириши мумкин бўлган кимса минбарга яқин йўлатилмасди. Минбар у ёқда турсин, бундай нутқларга қодир кимса ёзувчиликка қабул қилинмасди. Лекин шу онда менинг нутқимга қарсак чалишарди. Замон шундай ўзгарган эди. Машварат танафусида Ўлжас Сулаймон ва озор ёзувчиси Онор келиб табриклашди. Ўзбеклардан шоир Шукрулло менинг чиқишимдан самимий хурсанд бўлди, ҳатто кўзига ёш олди. Мен тайёрлаган нутқда одамларга юққан энергия интеллектуал ёки бадиий моҳиятга эга эмасди, бу соф ижтимоий моҳиятли, ўша даврда кенг тарқалган энг юқумли энергия эди.

Саксонинчи йиллар ўртасида терговчилар Гдлян-Иванов бошчилигида ўзбекларга қарши бошланган ҳуқуқий террор биз зиёлийларни аламзада қилганди. кўз ўнгимизда юзлаб гуноҳсиз инсонлар қамалиб, исканжага олинар экан, уларга ёрдам бера олмаслик туйғуси бизни қаттиқ қийнар эди.

Мана шу кетаётган одамларга қараб,
«Мана шу кетаётган одамларга мен
Жавоб бераман!», деса эди кимдир.
Мана шу кетаётган, тинмай кетаётган
Одамларга қараб «шуларга мен жавоб бераман,
Мен жавоб бераман», десайди кимдир.
Майли бақирмасин,
Майли ҳайқирмасин, майли жар солмасин дунёга,
Майли пичирласин, лоақал, пичирласа эди.
«Мен жавоб бераман шуларга», дея.
1985 («Олис табассум сояси» китоби, 1986)

Республика раҳбарларининг бу зўравонлик қаршисидаги қўрқоқлиги, Москва буйруқ берса, ҳатто ўз онасини ҳам жаллод Гдлян қўлига топширишга тайёр компартия котибларининг саросимага тушган қиёфалари бизнинг нафратимизни янада кучайтирганди. Бу ҳам етмаганидай, ўзбекларни бопладим, дея кўкрагига уриб, Русия кенгликларига саёҳатга чиққан армани терговчи рус аҳолиси тарафидан миллий қаҳрамон сифатида қаршилана бошлаганди. Бу эса, бизнинг зиёлилийримиз наздида рус шовинизми ва армани-дашноқ иттифоқининг янгидан жонланиши бўлиб кўринарди. Албатта, бизнинг изтиробдан яллиғланган шууримизда Гдлян-Иванов террори керагидан ортиқ сиёсийлаштирилганди.

Аслида, на Гдлян – дашноқ, на Иванов – шовинист эди. Гдлян совет терговчисининг порахўр, маиший бузуқ ва садист типларидан бири эди, холос. Ивановнинг ҳам фамилиясидан бошқа русликка ва шовинизмига алоқаси жуда оз эди. Бу иккалови пул ва мансаб учун ҳар қандай сиёсий ва миллий ғояни сотиб юборишга қодир, мақсади йўлида ҳар қандай тубанликдан тоймайдиган нусхалар эди. Қайта қуриш бир инқилоб сифатида ўзининг олдинги сафларига нафақат янги лидерларни, балки, янги ҳаромзодаларни ҳам чиқариб қўйган эди. Бу зийрак ҳаромийлар модани яхши ҳис қилардилар. Улар қайта қуриш бошлангани заҳот ўзларини яратган коммунистик номенклатурадан четлашиб, янги пайдо бўлган «демократлар» қучоғига отилгандилар. Зотан, беш-олти шахс (Сахаров кабилар)ни ҳисобга олмаганда, бу демократлар ҳам ўша коммунистик номенклатурадан тарқаган зурёдлар эди. Хуллас, яхши ва ёмон, оқ ва қора бир-бирига қоришиб, одамнинг кўзини тиндирадиган, бошини айлантирадиган бир замонда яшаш тушганди чекимизга. Кўникиш қийин эди, аммо кўника бошлаган эдик. Ғала-ғовур ичида бизга лозим бўлган сасни, турли хил ранглар ичидан зарур бўлган рангни ва саноқсиз сўзлар ичидан керак бўлган калимани топишга ўргана бошлаган эдик.

Пленумда айтилган нутқ шу тажрибанинг маҳсули эди ва унинг шаънига чалиаётган қарсак асло ватанпарварлик учун мукофот эмас, профессионал адо этилган бир иш учун кўрсатилган ҳурмат эди, бор-йўғи. Ватанпарварлик учун эса, наинки руслар, ўзимизнинг ўзбеклардан ҳам бир олқиш кутаётган эмасдим, тўғрироғи, кутиш даражасида содда эмасдим. Кутмаганим тўғри бўлибди, чунки, Ўзбекистон раҳбарлари Москвада қилинган нутқни Тошкентда муҳокама қилиб, зудлик билан Партия активини чақиришга ва унда каминани сазойи этишга қарор қилган эканлар.

Менинг Москвадан қайтишимни сабрсизлик билан кутаётган бу Актив «Ўзбекистон доим рус оға билан бирга бўлган ва бундан кейин ҳам бирга бўлаверади» тезисини яна бир бор тасдиқлаш учун бел боғлаганди. Каминанинг нутқида айтилган «Марказнинг колониал сиёсати» ҳақидаги фикрлар актив тарафидан зудлик билан чил-парчин қилиниши ва бунинг тескариси исбот қилиниши лозим эди. Мутелик туйғуси бизнинг коммунистларнинг қонига шу қадар сингиб кетган эди-ки, улар саксон тўққизинчи йилда ҳам бу эски дунёнинг ортиқ ўзгарганини, энди, шу онда Оғанинг ўз қуллари садоқатини текширишга ҳам вақти қолмаганини англай олмагандилар.

Актив Совет Ўзбекистони Олий Совети биносининг кичик мажлислар залида тўпланди. Нотиқларнинг ҳаммаси ўз соҳасидаги проблемаларни гапириб, орасида менинг «Литературная газета»да босилган нутқимга муносабат билдира бошладилар. Айниқса, Москванинг ўзбеклардан пахтани жуда паст нархда олаётгани ҳақидаги фикр бизнинг раҳбарларни қаттиқ ранжитганди. Бунинг аксини исбот қилиш учун нотиқлар турли рақамлар келтиришди ва мени минбарга чақиришди. Мен ҳамма гапни нутқимда айтганимни, Активга айтадиган махсус гапим йўқлигини, агар саволлар бўлса, унга жавоб беришим мумкинлигини изоҳ этдим.

«Сиз Чор Руссияси даврида пахтанинг нархи бугунгидан баланд эди, деган фактни қаердан олдингиз», деб сўрашди. 1898 йил чиққан «Туркестанские ведемоти» газетасидан олдим, дея жавоб бердим. Активдан бошқа савол чиқмади. Актив фавқулодда пассив эди. Яъни, у менинг иддаоларимда жон борлигини англарди, наинки англарди, балки, Москванинг қабоҳатини мендан ўн карра яхшироқ биларди, аммо унга қарши чиқиш мумкинлигини ўйлашдан ҳам қўрқарди. Мажлис фақат хўжакўрсинга, сўзма-сўз айтганда, Москвадаги Хўжанинг кўриши учун чақирилганди.

Muhammad_Salih_fotomajmua_44Аммо, юқорида деганимдек, Хўжанинг кўришга ҳам вақти қолмаганди. Хўжа янги сайловларга тайёрланаётганди. Бу янги сайлов коммунистик тузумни модернлаштириш учун хизмат қилиши лозим эди. Сайлов бир либерал шароитда ўтиши, унда янги зеҳниятдаги коммунистлар ғалаба қилишини таъминлаш зарур эди. Аммо бу янги зеҳниятдаги инсонлар (кейинроқ юз бергани каби) асло коммунистик тамалларни портлатадиган даражада янги бўлмасликлари шарт эди. Тез ривожланаётган воқеалар занжирида бу мувозанатни топиш 1989 йил бошида унчалик осон эмасди. Московадаги Ислоҳотчининг бутун закоси ўша мувозанатни топишга йўналтирилган эди.

Советлар қуролланиш мусобақаларида енгилганини англагандилар ва бу пойгани тўхтатиб, паритетга эришмоқ учун социализмнинг инсоний юзи ҳақида гапира бошлагандилар. Сахаров каби диссидентларнинг озодликка чиқарилиши, матбуотдаги ошкоралик, кадрларнинг янгиланиши, жумҳуриятларга тазйиқнинг озайтирилиши – ҳаммаси Совет Империяси юзидаги ёвуз чизгиларни юмшатиш учун олинган тадбирлар эди. Социализм ва капитализмнинг ёнма-ён яшаши мумкинлигини исбот қилиш ва Ғарбнинг душманлигини минимал савияга индириш лозим эди. Бу режа, аслида, нафақат Политбюрода, балки, совет халқининг авангарди саналмиш рус зиёлилари ичида, ҳатто унинг мухолиф қисмида ҳам мамнуният билан қаршиланган эди. Совет Иттифоқида ҳеч бир ижтимоий қатлам – жумладан, ҳурриятсевар рус зиёлилари ҳам – кейинроқ юз берган Буюк Парчаланишни ҳеч қачон истамаган эдилар.

Шунингдек, ҳеч ким, ҳеч бир шахс, ҳатто Сахаров каби ҳурриятчи ҳам Совет жумҳуриятларининг мустақилликлари учун курашгани сабабли сургун қилинмаганди. Совет Иттифоқидаги бутун мухолиф фикрли кучлар – хоҳ ҳукумат ичида, хоҳ унинг ташқарисида бўлсин – охир оқибатда социализм ва капитализмни яраштириш учун қўлланилган кўнгилли ташаббусчилар бўлиб қолаверди. Бу бир танқид эмас, олқиш ҳам эмас, бу ўша пайтда зуҳур этган воқеликнинг ҳақиқатга энг яқин кўриниши, менимча.

Ислоҳотчи Горбачевнинг янги стратегиясида муҳим ўрин тутган Олий Советга сайлов халқ тарафидан мисли кўрилмаган бир таважжуҳ билан қаршиланди. Совет ҳокимияти даврида биринчи марта сайловда муқобил номзод кўрсатиш имкони туғилганди. Аниқроғи, номзодликка номзод кўрсатиш имкони беришганди. Бу дегани, сайлов комиссиясининг рўйхатига кириш учун ҳам махсус сайлов ўтказилар ва унда танланган шахсларгина ҳақиқий номзод саналар ва уларнинг номлари расмий номзод сифатида эълон қилинарди. Табиийки, бундай элак номенклатура учун ўз одамларини сайлашнинг воз кечилмайдиган усули эди.

Номенклатура бундан максимал равишда фойдаланди ва 1989 йил Совет Иттифоқи Олий Советига сайловда анча-мунча антисовет шуурли шахсиятлар ўша элакдан ўтолмадилар. Лекин ҳатто сайловнинг шундай адолатсиз кўриниши ҳам 1989 йилги совет кишиси учун буюк янгилик эди. Чунки, у ҳаётида биринчи марта муқобил номзод кўрсатадиган ғароийб сайловда иштирок этиши мумкин эди. Мен Москвадан қайтганда ўзбек зиёлилари орасида ҳам ҳаяжонли бир талош кўрдим. Улар ҳам худди Болтиқ бўйидаги лотиш ва эстонлар каби, Хазар денгизи соҳили сокинлари озарий ва тркманлар каби, Қораденгизли гуржу ва қиримликлар ва ёки Туронзамин кенгликларида от чоптирган қозоқлар каби кўзларини Шимолга – дунёнинг олтидан бирини эгаллаган Императорликнинг пойтахти томонга тикиб, бир мўжиза куттмоқда эдилар. Аммо улар кўз тиккан макон умид қилинган мўъжизани ўз ихтиёри билан кўрсатмаяжагини бу одамлар яхши билишарди. Шунинг учун ҳам улар ҳаётида яна биринчи марта «мустақил ҳаракат қилиш мумкинми, ажобо?», деган саволни ўз олдиларига қўйгандилар.

Тўғрироғи, қўяётган эдилар. Ўзлари ҳам билмаган ҳолда, худди ойкезарлар каби, ярим уйғоқ, ярим уйқуда, бу дами ўткир саволни ўз олдиларига қўя бошлаган эдилар. Мен ҳали Москвада экан, Талабалар шаҳарчасидаги бир гуруҳ ёшлар менинг номзодимни депутатликка қўйиш учун ташаббус мажлиси ўтказишибди. Самимий айтганда, менда депутат бўлиш каби бир ҳирс йўқ эди. Талабаларнинг ташаббусини фақат уларни янги қурилган «Бирлик» ҳаракатига мустаҳкамроқ боғлаш учун рад қилмадим. Бошқа тарафдан, менга ўхшаган фикри ва нияти оп-очиқ шахснинг номенклатура тарафидан қабул этилмаяжаги олдиндан маълум эди. Аммо сайлов кампанияси бизга ўз ғояларимизни айтиш учун бир минбар, бир фурсат бўлиши мумкин эди. Ва бундан фойдаланишга қарор қилдим. Хуллас, талабаларнинг истаги билан менга бегона бўлган сайлов деган
ҳодисани шоирнинг сукунатли деразасидан эмас, бевосита яқинидан кузатмоққа бошладим. Табиатан хонанишин бир одам, оломондан доим қочган бир кимса, узун нутқлардан нафратланган бир ғайринотиқ кутилмаганда хонасини тарк этиб, ёқимсиз оломоннинг қоқ ўртасида нутқлар ота бошлашини тасаввур қила оласизми? Мен тасаввур қила оламан, чунки мен ўшанақа одам ҳолига тушгандим. Бундан мени ортиқ ҳеч ким ва ҳеч нарса ҳатто шеърият ҳам қутқариб қоломас эди. Лекин 1989 йилнинг бошида мен бундай деб ўйламасдим. бу ҳодисаларнинг ўткинчи эканлигига ва тез кунларга яна ўзимнинг хонанишин ҳаётимга қайтиб келишимга мутлақо амин эдим. Бу қатъий ишонч ва сиёсатни менсимаслик туйғуси мени сиёсат гирдобига телбаларча отилишга ундаган асосий сабаблар эди.

Мен ўзимга шу қадар ишонар эдим-ки, хаёлимда бир яхши нашриётда чиқариш учун икки жилд асарлар тўпламимни режалар эдим. Сиёсатни эса, шу қадар менсимас эдим-ки, унинг қоидаларига зид амал қилиш менинг севимли услубим эди. Зотан, 1989 йилгача миллий масалаларга бағишланиб ёзилган бутун мақолаларим ҳам «сиёсат бўлсин», деб эмас, сиёсат бўлмасин, деб ёзилганди. Сиёсат бўлсин, деб фақат ёлғончилар ва мунофиқлар ёзарди, менинг наздимда.

«Менсимаслик энергияси» шу қадар кучли бўлган-ки, бугун ўша гирдобга тушганимга ўн йил тўлаяпти, ҳали ҳам ўша энергиянинг таъсири кетгани йўқ. Мен ҳанузгача оломонга ёлғон ваъдалар бермай туриб ҳам унинг ҳурматини қозониш мумкинлигига ишонишда давом этмоқдаман. Гарчанд, сиёсатда ёлғон гапириш мубоҳ эканлигини менга тушунтирган яхши ниятли ошноларимнинг кўпгина башоратлари тўғри чиққан бўлса-да, мен сиёсий жамоа тарафидан тасдиқланган барча стандартларни «оёқ-ости» қилишда давом этмоқдаман. Чунки, эркин ва ҳур қадам босишни истаган ҳар қандай инсон қаерга қадам босса боссин, у албатта, ўша стандартларга оёқ босишга мажбурдир. Ўша 1989 йил сайлов кампанияси даврида ҳам мен ақлли одамларнинг маслаҳатини тинглай олмадим. Улар менга бу кампанияда танқид наштарини рашидовчилик оқибатларига қаратишни маслаҳат бергандилар, мен наштарни антирашидовчиликка қаратдим.

Рашидов менинг қариндошим эмасди, фақат уни тепкилаш, ҳақорат қилиш мода бўлгани мени иргантирарди. Яқиндагина Рашидовнинг соясига салом бериб, унга топиниб юрган кимсалар энди ўзини унга қарши курашган қаҳрамон сифатида вааз ўқиётганини кўриб, ҳайратдан тилим тутилгани учун ҳам Рашидовни танқид қилишдан ор қилдим. Ақлли дўстларим менинг атрофга рашидовчи кўриниб қолишмдан қўрқардилар, мен эса, шер ўлгандан кейин, унинг лошига сияётган ўша «қаҳрамонлар»га ўхшаб қолишдан қўрқаётган эдим.

(давоми бор)