“Номзодликка” номзод

“Номзодликка” номзод
25 views
01 August 2016 - 5:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(41)

“НОМЗОДЛИККА” НОМЗОД

1989 йилнинг феврал ойида, Тошкентда, Ўрдадаги Агропром биноси залида «номзодликка номзод сайлаш конференцияси бўлиб ўтди». Биз Собир Рахимов тумани миллий округидан тўрт ёки беш киши кўрсатилган эдик. Бу номзодларнинг биттаси, депутатликка ўтиши аввалдан белгилангани, бир қурилиш трестининг началниги эди, унинг исми эсимда йўқ. Навбатдаги номзод Москвада чиқадиган «Советская култура» газетасининг мухбири Вилор Ниёзметов, яна биттаси Тошкент Университетида ўқитувчилик қиладиган Марат Зоҳидов деган одам эди.

Бизни сайлайдиган 350 киши Тошкент шаҳар Собир Раҳимов туманидан ҳукумат тарафидан танланган делегатлар эди. Улар «конференция» олдидан кимга овоз бериш кераклиги ҳақида инструктаж олгандилар.

Ҳар бир «номзодликка номзод»нинг иккита ишончли вакили бўларди. Менинг шундай вакилларим ТОШДУ математика факултети ўқитувчилари Шуҳрат Исматуллаев билан Абдуманноб Пўлатов эди. Яна мажлисда номзодликка номзодни танитиш ва ташвиқ қилиш учун иккита одам гапириши мумкин эди. Мени ёқлаб Ёзувчилар Уюшмаси раиси Одил Ёқубов ва шоир Омон Матжон гапиришлари лозим эди. Иккалови ҳам эҳтиёткорликни удум қилишган мардумлар эди ва Солиҳ депутат сайланса, ватанга бундан қандай фойда бўлиши мумкинлигини исбот қилиша олмади. Улар, асосан, номзодликка номзод кўрсатиш ҳурриятини берган қайта қуришга ҳамд қилишди.

Жасорат ҳали ҳам русларда эди. Уларнинг лидерлари Владимир Анишчев Марказқўмда 2-котиб, Борис Сатин Тошкент шаҳар партия Қўмитасининг 1-котиби эдилар ва қўлларидаги қизил байроқ ҳамон ҳилпираб турарди. Улар каминанинг номзоди ўтмаслиги учун кенг жабҳада кураш бошлагандилар. Агросаноат залида тўпланган сайловчиларни ўшалар танлаб юборганди. Бу сайловчилардан биттаси туриб, «Биз биламиз, Муҳаммад Солиҳ «Бирлик»ни ташкил қилган одам, унинг идеологи, кўпмиллатли ўлкамизда у депутат бўлиши мумкинми?» деди. Мен: «Бирлик» раҳбари эмасман», дедим ва бу ҳаракатнинг русларга қарши эмаслигини тушунтирдим. Гапларим самимий чиқмади. Шунга қарамай, залда ўтирган 350 тача кишидан 100 тага яқини менинг депутат бўлишимга рози бўлиб, қўл кўтаришди. Бу-ҳокимият тайёрлаган оломондан кутиш мумкин бўлган энг юксак рақам эди. Бу юзтача киши ўз бошлиқларининг адолатсиз буйруғига қарши чиққан қаҳрамонлар эди. 1989 йил январ ойида бизнинг жамиятимиз шу қадар олға кетганди.

Muhammad_Salih_fotomajmua_45Лекин барибир номенклатура енгди. Сайланишга номзод бўлиб ўша қурилиш трестининг бошлиғи сайланди. Унга қарши ҳукуматнинг бошқа бир номзоди – Марат Зоҳидов сайловда рақиб ролини ўйнайдиган бўлди. Сайлов жуда кўтаринки руҳда ўтди. Бизнинг тарафдорларимиз кўпчилик эди. Улар ўзлари кўрсатган номзодлар сайловга қўйилмагани учун дарғазаб эдилар.

Номенклатура қўйган номзодларга қарши жон-жаҳди билан ташвиқот юритишди. Оқибатда, қурилиш қурилиш трести бошлиғи ҳам, унинг «рақиби» Марат ҳам керакли овоз ололмади. Иккалови ҳам иккинчи турга қолишди. Иккинчи турда, қанча овоз олса олсин, энг кўп овоз олган номзод «ютган» ҳисобланарди. Ва табиий-ки, қурилиш трести бошлиғи «ютиб чиқди».

1989 йил феврал ойида бўлиб ўтган бу сайлов Совет Иттифоқининг биринчи ва охирги демократик сайлови эди. Бу сайловни Ғарб давлатлари стандартлари билан, албатта, тенглаштириш мумкин эмасди. Аммо бу ярим юмалоқ сайловни Советлар учун бемалол «демократик» деса бўларди. Ва тасаввур қилинг, шу ярим демократик сайлов Совет империясини йўқ қилишга етди. Империянинг метиндан ишланган асосларига урилган ҳалокатли зарбалар ўша 89-да сайланган миллатвакиллари тарафидан келди.

(давоми бор)