Совет парламенти ва Сахаров

Совет парламенти ва Сахаров
214 views
02 August 2016 - 5:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(42)

СОВЕТ ПАРЛАМЕНТИ ВА САХАРОВ

«Парламент» сўзи биз совет кишилари учун янги сўз эди. Бу калимани сиёсий адабиётда кўп учратгандик, аммо ўзимизнинг кундалик ҳаётимизга ҳеч тадбиқ қилиб кўрмагандик. Чунки, у бизнинг ҳаётимизда йўқ эди. Бизнинг ҳаётимизда Совет Иттифоқининг Олий Совети бор эди. Бу Советга ҳар беш йилда сайланадиган қовоғи солиқ, қориндор бир неча минг раҳбар ва раҳбарчалар бор эди. Ва ҳар беш йилда бир марта сайлов участкаларига бориб, ўша ўзимиз танимаган, умримизда бирор марта кўрмаган одамларга овоз берадиган биз, ҳокисор совет инсонлари бор эдик.

«Парламент» сўзини 89-йил сайловларидан кейин қўллана бошладик. Оғзимизни тўлдириб, кўксимизни кериб, илҳом билан «парламентнинг янаги сессияси қачон?», «парламентда бу масала қўйилдими?», «парламентга мактуб ёзайлик», дея энди гапиришга ўрганган гўдак каби сайрай бошлагандик».

Совет Парламентини шартли равишда уч гуруҳга бўлиш мумкин эди. Биринчи гуруҳ Компартиянинг марказий ва маҳаллий раҳбарларидан, иккинчи гуруҳ профсоюз ёки бошқа жамоат ташкилотларининг бошлиқларидан, учинчи гуруҳ либерал қарашдаги зиёлилардан таркиб топганди. Зиёлилар биринчи сессиядаёқ – кичик гуруҳ бўлишига қарамасдан – Парламентнинг моторига айланишди. Улар ўзларини дарров «демократ» деб атай бошладилар. Бу атама ҳам худди «парламент» каби қулоққа ёқимли эшитилар, хазинадан янги чиққан банкнот каби хушўй ҳид таратарди.

Аслида, бу «демократлар»ни ҳам учта гуруҳга бўлиш мумкин эди. Биринчи гуруҳ – совет номенклатураси неъматларидан доим баҳраманд бўлиб келган, сиёсий конюктурани ҳис қилиш истеъдоди туфайли «мустақил фикрловчи киши», деб ном олган зийрак кишилар гуруҳи (Собчак). Иккинчи гуруҳ – рус миллиятчилари, улар Горбачев даврида совет раҳбарларини ишёқмасликда, рус халқига қайишмасликда айблаб, ўзига хос мухолифат ролини ўйнагандилар (Распутин, Белов). Учинчи гуруҳ – Совет тузуми яратган буқаламунлар, ўз манфаати йўлида онасини ҳам сотишга тайёр валъадизинолар гуруҳи (Гдлян-Иванов).

Парламентда яна ҳеч бир гуруҳга кирмаган Андрей Сахаров бор эди. Бу одам Парламентдаги ягона идеалист эди. Уни бир муддат турли гуруҳлар ўз манфаатлари йўлида ўз манфаатлари йўлида қўлланишди, аммо у аксарий чиқишларида истиқомат(ориентир)дан адашмади. Агар бугун Россияда демократия бир оз ривожланган бўлса, собиқ совет жумҳуриятларида эрк тушунчаси озгина илдиз отган бўлса, бунда қайта қуриш рухсати билан бир сонияда демократ бўлиб қолган миллионлар эмас, қайта қуришдан анча олдин ҳур фикри учун сургунларни яшаган ўша кекса одам, Андрей Дмитриевич Сахаровнинг хизмати бор.

Бу худди муҳоробадаги нисбатга ўхшайди. Минг киши душманга қарши ҳужумга ўтар экан, улардан ўнтасигина чиндан ҳам ҳужумга ўтаётган, қолган 990 таси эса, уларга эргашаётган бўлади. Бу ўнтанинг бошида ҳам биттаси бор-ку, агар у бўлмаса, бу ўнта аскар ҳам ҳужумга қалқмас, балки, ўша 990 тага қўшилиб, мудофаа хандақларида бир оз мизғиб, бир оз узоқдаги вафоли ёрни хаёл қилишни афзал кўрган бўларди.

Сахаров ўша ноёб «битта»лардан эди. Уни ҳужумга илҳомлантирган орқасида турган минг аскар эмасди, истиқболда кўраётган идеали эди. Агар бу минг киши ҳужумга қалқмаса, у битта ўзи қалққан бўларди. 70-йилларда «битта ўзи қалққани» учун уни телбага чиқаришганди, нонкўр, ватан хоини деб эълон қилгандилар. Горбачев уни Горкий шаҳридан сургундан чақириб олиб, Қайта Қуришнинг сўнгги фазасини бошлатганини билмаган эди. Аслида, Сахаровнинг қайтиши Горбачевнинг яхши ниятидан кўра, кўпроқ СССРнинг Ғарб билан яқинлашиш стратегиясининг бир қисми эди. Сахаров буни билар ва Олий Совет минбаридан нутқ сўйлаётиб, ўзини бировдан қарздор ҳис қилмасди, ўз фикрларини ғоят эркин айтарди. Аммо Олий Совет депутатлари бундай эркинликка ҳанузгача кўникмаган эдилар. Сахаров нутқ қилар экан, Африка чангалзорларидаги қабилалар филни чоҳга тушириш учун «ғулу-ғулу» дея бақиришгани каби бақираётганлар эркинликдан нафратланган кимсалар эди.

Muhammad_Salih_fotomajmua_46Ҳалигача ёдимдан кетмайди, бмр ўзбек аёли чиққанди минбарга. Фамилияси Казакова эди. Сахаровни айблар экан, йиғлаб юборганди. Сахаровга ачинганидан эмас, ўзининг ҳақлигидан, ҳақлик туйғусидан жазавага тушиб, йиғлаб юборганди шўрлик аёл. Парламентнинг юзда тўқсони ўша «ҳақлик туйғуси» билан лиммо – лим тўлган одамлардан таркиб топганди. Улар жондан азиз коммунизмларига раҳна солган ким бўлса бўлсин, парчалаб ташлашга ҳозир эдилар ва мардумни бу «линч»дан Давлат бошида турган «СиАйЭй агенти Горбачев» салобати асраб турарди ҳозирча. 89-йил бошида Горбачев ҳали ҳам салобатини йўқотмаганди. Хотини Раиса ҳақида ҳар хил ғийбат, фисқу-фасод бошланган бўлса-да, ўзини очиқ танқид қилишдан чекиниб туришарди. Идеалогия котиби Егор Лигачев бошчилигида бир мухолифат сулдори (силуэти) кўрина бошлаганди, аммо бу мухолифат тўғридан-тўғри Горбачевга эмас, унинг атрофидаги «тиргак»ларига, ғоявий йўлдошларига йўналтирилганди. Лигачев ғоявий котиб бўлса ҳам, Горбачевнинг йўлдоши эмасди. Эски коммунист лидерларнинг типик нусхаси эди: шовинист, атеист, диктатор.

Совет парламенти 70 йил давомида диққинафас муҳитда яшаган халқ учун бир томоша, бир байрам бўлди. Одамлар сессия бошланадиган кун, ўтмишда футбол матчига чопгани каби, телевизорга қараб чопишарди. Машинада, поездда кетаётганлар транзиторларини бураб, Москва тўлқинларини излай бошлашар эди. Рус газеталари 89-йилга келиб мисли кўрилмаган оммавийликка эришди. Тиражи 1 миллиондан ошмаган газета «катта газета» ҳисобланмайдиган бўлди. Матбуот ходимлари, репортёрлар, ҳатто операторлар шахс даражасига юксалдилар, энди уларнинг ўзидан интервю олишадиган бўлишди. Чунки, оммавий ахборот воситалари буюк қувватга, халқ фикрини шакллантириш қуролига айланганди. Халқ фикри эса, «шаклланишга» жуда мойил эди, шаклланишни узоқ йиллардан бери орзу қилиб турганди.

Халқнинг бу чанқоқлиги ва кўз тиндирувчи эҳтиросидан фойдаланган жуда кўп коммунистлар бир думалаб демократ бўлиб олишди. Минбарга ёпишиб, кеча айтган нутқига тамоман қарама-қарши нуқтаи-назарни илҳом билан ҳайқира бошладилар. Бу манзарани кузатган бетараф одамларга Егор Лигачев каби ўз ғоясига содиқ коммунистлар, бу буқаламунлардан афзалроқ кўринарди. Чунки буқаламунлар эртага вазият ўзгарса, бир думалаб яна коммунист ёки фашист бўлиб қолиши муқаррар эди.

Коммунист бўлганда ҳам Лигачевдан ашаддийроқ коммунист, фашист бўлганда Жириновскийдан таҳликалироқ фашист бўлган бўлишарди. Фақат 89-йилнинг баҳорида булар Сахаровдан демократроқ бир вазиятда эдилар. Бу барча инқилобларга хос хусусият эди. Қайта қуриш бир инқилоб эди, унинг лойқа сувида турли даррандалар пайдо бўлиши, эволюцияга учраши, ассимиляция бўлиши ёки тамоман йўқ бўлиб кетиши табиий жараён эди.

Буқаламунлардан нафратланиш мумкин эди, аммо уларни жараёндан юлиб олиб, четга итқитишнинг иложи йўқ эди. Биз бу ҳақиқатни у пайтлар англамасдик. Биз халққа қаттиқ ишондик. Унинг ақлу-фаросатига, оқу-қорани таниш истеъдодига ҳеч шубҳамиз йўқди. Минбардан гапирилаётган гап ёлғонми, ҳақиқатми, ўзи ажрим қилиб олади, деб ўйлардик. Лекин ундай эмас экан. Халқ шундай бир ҳилқат экан-ки, ким унинг узурига келиб, уни бир оз мақтаса, унга эргашадиган, ҳеч қурса 10-15 киши муқаррар равишда топилаверар экан. 10-15 та ўша нутқ отаётган одам савиясига мос келадиган киши. Бу одамлар ўша сафсатабоздан бошқа бир нотиқ чиқиб, дунёнинг энг ақлли нутқини қилса ҳам, унга эргашмасдилар. Чунки, бу нутқни идрок қилолмасдилар. Уларга уларнинг савиясидаги, уларга қон-қондош бўлган бир нотиқ лозим эди, бу ҳам ўша бизнинг нафратимизни қўзғайдиган сафсатабоз, буқаламун бўларди. Балки, демократия дегани шудир?

Россиядаги собиқ КГБ агентлари шу демократик йўл билан партия қуриб, унга раҳбар сайландилар. Ўзбекистонда қизил коммунистлар шундай демократик сафсата билан «Бирлик» ҳаракатини эгаллашди. Ҳақиқий ғоя соҳиби бўлган шахслар эса, бу санксияли жасорат қаршисида уятдан букчайиб қоладилар.

Андрей Дмитриевич Сахаровнинг Парламент минбарига қараб юраётганини совет ТВлари олиб боқсангиз, у ерда сиз бир қаҳрамонни эмас, демократик жазавага тушган оломон аро букчайиб кетаётган ёп-ёлғиз одамни кўрасиз. Сахаров 70-йилларда тоталитар режимига қарши чиқар экан, қанчалик ёлғиз бўлса, 89-йилда янги дўраган демократлар орасида ҳам шунчалик ёлғиз эди.

(давоми бор)