Тарихдан сабоқ

Тарихдан сабоқ
118 views
03 August 2016 - 8:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(88-қисм)

Ўн тўққизинчи кўчат
Тарихдан сабоқ

Тарих улкан дарс китобидир. Ҳар бир бети бир олий мактаб, унда битилган ҳар бир кечмиш бир буюк устоз. Аммо, афсус, бу мактабда ўқиган оз, ўқиб туриб сабоғини чиқарган ундан оз, устозга қулоқ осган оз. Балки тарихдан яхшигина сабоқ олганлар ҳам бордир. Унда ё давлат одамлари бу мактабда ўқимаган ва ўқигани ҳам сабоқ олмаган, ё тарихдан сабоқ чиқарганлар давлат тепасига интилмайди – шу иккидан бири бўлади. Ҳар ҳолда давлат тепасидагиларнинг хатти-ҳаракатидан булар тарихдан сабоқ олганига ишониш қийин.

Сўзимизга исбот ахтариб узоқ тарих саҳифаларини титкилаб ўтиришимиз шарт эмас, кечаги кечмишимиз билан бугунги ҳолатимизни солиштирсак етади.

Халқимизнинг катта бўлаги “СССР” деб аталган улкан бир давлатда туғилган, яшаган, у замоннинг аччиқ-чучугини татиган. Шунинг учун у даврни бу давр билан қийналмай солиштира олади.

СССРни бошланғичда Лелин бошлиқ коммунистлар партияси қурган. Тўнтариш йўли билан. “Улуғ Октябрь революцияси” дейиларди бу воқеа. 1917 йилдан то 1991 йилгача шу “революция” куйлаб келинди, улуғланди. Уни амалга оширган шахс ҳам улуғлана-улуғлана, пайғамбарларга тенглаштирилди. Пайғамбар не (унда ҳам инсоний камчилик бўлиши мумкин), биратўла Парвардигор даражасига чиқариб қўйилди. Бу ҳам кам. Коммунистлар ва уларнинг таъсирига тушганлар Парвардигордан ҳам айб топди, ҳатто уни йўқ деб эълон қилди, лекин Лелинни мутлақ айбсиз деб эътиқод қилди. Бутун тарғибот-ташвиқот мошинасини ишга солиб эришган натижаси – чиндан ҳам кўпчилик Виладимир Илич Лелинни “доҳийимиз”, “пайғамбаримиз”, “парвардигоримиз” деб ишониб қолди. Ҳар куни, ҳар соатда – уйқудан олдин ҳам, уйқудан уйғонганида ҳам, ҳатто тушида у “зот” номига, расмига, ҳайкалига сиғинилар эди.

Бугун нима бўлди? Бу ёқларда Тожикистону Қирғизистонда, у ёқларда Ўрусияю Белорусияда битта-иккита қўнқайиб турган ҳайкалини демаганда у “доҳий”нинг на номидан, на ишидан бир нишон қолди. Ҳатто жасадини ер бағрига олмади, олмаяпти, ер билан осмон орасида осиқ-очиқ ётибди. “Очиқ мозор” қарғиши шу бўлса керак-да. Кечаги садоқатли муридлари – коммунистлар ўзи уни йўқ қилди: тилларидан ҳам, эсларидан ҳам номини ўчирди.

Ўрнига…

Энди янги қўшиқ бошланди. Буни “янги қўшиқ” ҳам деб бўлмайди: битта-иккита сўзи ўзгаргани билан асосий матн ўша, оҳанг ўша. Худди Ўзбекистон мадҳияси сингари.

“Улуғ рус оғамиз” ўрнига “Серқуёш, ҳур ўлкам” деб ёзиб қўйилиши биланоқ “мустақил” бўлиб қолганимиз сингари.

Халқ онги ва хотираси “ювилиб”, эски чанглар ўрнига янги лойлар ёпиштирилаётибди.

“Улуғ Ўктабир” ерига “истиқлол”, “мустақиллик”, “Бутун дунё пролетарлари доҳийси” ерига “мустақиллик меъмори” ўрнаштириляпти.

“Жонажон Коммунистик партиямиз раҳнамолиги” ерига “Муҳтарам Президентимиз (ё Юртбошимиз) раҳнамолиги” сингдириляпти.

“Сўсиализмнинг тўла ва узил-кесил ғалабаси” ўрнига “Мустақилликнинг мустаҳкам пойдевори” қурилди.

“Олий мақсад – коммунизм” эди, энди бир юмалаб, “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат!” бўлди.

“Амрикадан ҳам ўзиб кетамиз!” деган чақириқ ўрнини “Биз ҳеч кимдан кам бўлмаганмиз, кам бўлмаймиз ҳам!” деган бақириқ эгаллади.

Ва ҳоказо…

Тарихдан сабоқ чиқариш йўқ. Уларидан нима қолди-ю, буларидан нима қолади?!

Бешикдан то қабргача “доҳий Лелин бобо” билан бирга яшалар, у кишисиз нафас олинмас, у зотнинг ғоясидан ташқарида ғоя, асарларидан ташқарида бошқа йўлланма-қўлланма йўқ эди. Бир йилга бориб-бормай оти ҳам, ғояси ҳам изсиз ўчди. Қон-қонларга, юрак-юракларга сингдириб юборилган Лелиндай кишидан ном-нишон қолмади-ю, бугунги “доҳий”дан эртага бир нима қолармиди…

Ёки “халқлар отаси” Исталинни олайлик. Давлатнинг бутун тарғибот-ташвиқот мошинаси бу “темир одам” ҳақида ўттиз йил давомида онгларга, зеҳнларга шунақа бир ижобий тимсолни сингдирди, одамлар Исталинсиз ҳаёт бўлмаса керак деб ўйлаб қолди. Исталин ўлганида, “Бўлди, энди ҳаёт тўхтади!” деб ўзини поезд тагига ташлаганлар, жуда бўлмаса, кунлаб, ҳафталаб йиғлаганлар бўлди.

Йўқ, Исталинсиз ҳаёт тўхтаб қолмас экан, Исталинсиз ҳам яшаса бўлаверар экан, ҳатто яхши яшаш мумкин экан! Узоқ йиллар унга садоқат билан ёнгинасида пилдираб юрганлар, ҳар мўйлов учиришига “лаббай” деб жавоб бериб келган сафдошлари бирдан ундан юз ўгирди, тиригида кўкларга кўтариб мақташда мусобақа ўйнаганлар бир юмалаб гўрига ғишт қалашда мусобақа қила бошлади.

Шуни кўриб-билиб суяги қотган одам, соғлом мантиққа кўра, бундай оқибатлардан тегишли сабоқ чиқариши лозим эди. Аммо сабоқ чиқариш тугул, яна айни хатони такрорлай бошласа, давлатни айни ўша Исталинча тутим билан бошқарса, энди бу қилиғини сира тушуниб бўлмайди.

Ахир, сени ҳам эртага теварагингдаги сафдошларинг обориб гўрга тиқади!

Исталин динни, диндорларни қатағон қилар экан, уларни “советга қарши”, “инқилобга қарши”, “сўсиализмга ёт унсурлар” деб қамаган ёки отиб юборган бўлса, бугун кўп мусулмон “оқимчи”, “ақидапараст”, “конститутсия тузумига қарши”, “террорчи” каби тавқилаънатлар билан қамаляпти, ўлдириб юбориляпти.

Исталин сиёсати қўйган “айб”лар у ўлганидан кейиноқ қурбонларнинг бўйнидан олиб ташланди ва устига яна минглаб айбни тиркаб ўзининг бўйнига илиб қўйилди. Эртага бу замонги жабрланганлар бўйнидан ҳам давлат сиёсати қўйган “айб”лар олиб ташланажак ва ҳаммаси улгуржи битта маржонга тизилиб, бугунги “Исталин”нинг бўйнига илинажак!

Тарих кўп такрорланган, яна бир марта такрорланади. Аммо Ўзбекистон бошлиқлари бу тарихдан сабоқ чиқаргилари келмаётгани қизиқ!

Исталин бобо ўзининг фикридан бошқача фикрдагиларни “оғмачи”, “оппортунист”, “чет эл жосуси”, “террорчи”, “совет тузумига қарши” каби ўнлаб айб билан йўқ қилди. Ислом бобо ҳам ҳурфикрлиларни, диндорларни, демократларни, бошқарув усулидан норозиларни “конститутсион тузумга қарши”, “террорчи”, “қора кучлар”, “Ўзбекистоннинг ўзига хос ривожланиш йўлини кўролмайдиганлар” каби ўнлаб айблар ёпиштириб таъқиб-тазйиқ қилиб ётибди.

Ёлғоннинг умри қисқа – эртага бу ёлғонлар ўтади, ҳақиқатлар юзага қалқиб чиқади, ўшанда бугун президент теварагига канадек ёпишиб олиб давлатнинг ширасини сўриб ётганлар ва олий итялоқдан қорин тўйғазиб, бўлар-бўлмас ҳар бир ишига ҳамду сано ўқиб турган (жумладан, ёзувчи-журналист)лар эртага биринчилардан бўлиб ундан юз ўгиради, “Пуф сассиқ!” дейди.

Эртага бошида шундай натижа борлигини бугун президент хаёлига ҳам келтирмаяпти. Сабоқ олиш йўқ!

Илгари Исталин “халқлар отаси” эди, Леонид Илич Бирижнив “ҳаммамиз учун ҳурматли” эди, бугун унисини ким ота деяпти, бунисини ким ҳурмат қиляпти?

 “Халқлар отаси”дан нима қолди – қон, қон, қон ва аччиқ кўзёшлар…

“Ҳаммамиз учун ҳурматли”дан нима қолди – туганмас латифаю масхара-мазахлар…

Кетиш шу бўлса, бугунгилардан нима қолади – вайрон кўнгиллар, аччиқ кўзёшлар, борса-келмас қамоқлар, қонга йўғрилган аламлар…

Қурилган бинолар, ишга туширилган мошина зовутлари эртага асқотмайди. Ахир, Исталин даврида ҳам, Бирижнив даврида ҳам СССРда нима нарсалар қурилмаган! Аммо у нарсалар эгаларининг донғини тугул, номини ҳам асраб қололмади. Чунки зулм оғир келади, ҳаммасини босиб кетади ва ҳеч қачон кечирилмайди. Отига “золим” сифати қўйилиб, то қиёматгача эсланади. Худди Ҳажжож неча асрдан бери “Ҳажжожи золим” деб тилга олинаётгани каби.

Эси бор одам ҳеч бўлмаса бир он ёлғиз қолиб ўйлаб кўриши керак: ўзигача нима ишлар бўлди, у ишлар эртага ўзининг ҳам бошига тушмайдими?

Не-не “даҳо” тиригида ё ишбошидалик пайтида қанақа ҳамду санолар оғушида яйраб, бу ҳамду саноларга чексиз-чексиз ишониб, талтайиб юрган эди. Ўлгач ва ё амалдан бўшагач, орқасидан нималар бўлди? Наҳот бундан заррача сабоқ чиқарилмаса?! Эртага менинг ҳам бошимга ўтмишдошларим куни тушмасин, ўзимни ўнглаб олай, демаса?!

Ё ўзи яратган матбуот сўзларига, теварагига тўплаб олган одамларининг чапагига қараб, халқим мени суяди  деб ўйлайдими?

Лелин чапак олмаганми? Исталин ҳар куни ҳар он мақталмаганми? Хурушчўп улуғланмадими? Бирижнив чапаклар, “давомли қарсаклар”га кўмилиб яшамадими? Алмойи-жалмойи сўзларига-да тикка туриб чапаклар чалинмадими?

Оддий киши чапак олса, самимий бўлади, демак, яхши иши тан олинибди, аммо Бошлиққа чалинган чапак алдамчидир ‒ яхши ишигами ё мансабигами чалинаётганини ҳеч ким билмайди. Умуман, чапак яхши ишларнинг ўлчови бўлганида, тиригида ё ишбошидалик чоғида чапак олиб юрган Бошлиқларни халқ бугун ҳам олқишлар билан эслар эди. Аммо ҳаётда бунинг тескарисини кўриб турибмиз.

Лелиннинг бошига ҳам, Исталиннинг бошига ҳам, Хурушчўпнинг бошига ҳам, Бирижнивнинг бошига ҳам, Горбачнинг бошига ҳам, узоқни ва бегоналарни қўйинг, ўзимизда Рашидип бованинг бошига ҳам кимлар етди? Албатта, биринчи галда сафдошлари! Ҳатто ўлиги сарсон бўлди! Қабрдан-қабрга кўчирилавериб, хўрланди. Ўлганидан кейин ҳам тинч ётолмади. “Бутун дунё пролетарлари доҳийи”нинг жасади эса ҳамон очиқда ‒ бир жойда қўним топгани йўқ.

Қиссадан ҳисса: зулм унутилмайди, орадан юз йиллар ўтса ҳам ўчи олинади!

Бу ҳодисалардан одам сабоқ олмагани қизиқ! Аслида, Оллоҳ таоло кейинги бошлиққа олдинги бошлиқнинг, умуман, кейингиларга олдингиларнинг тақдирини ўрнак қилади, аммо ҳамма гап бир гапга келиб тақалади:

Сабоқни ҳам олган оларкан.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com