Иккинчи Бадр ғазоти

Иккинчи Бадр ғазоти
74 views
03 August 2016 - 6:00

nabiyАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 69

(давоми)

ИККИНЧИ БАДР ҒАЗОТИ

Бу воқеа шундоқ эрдиким, ўтган Уҳуд урушида Қурайш мушриклари мусулмонларни енгган эдилар. Уруш тўхтаб қайтар чоғларида аскар бошлиғи Абу Суфён:

— Эй Муҳаммад, келаси йили Бадр мавсумида сизлар билан яна уруш қилгаймиз, деганида, Расулуллоҳ: «Иншааллоҳ, у вақтда биз ҳам тайёрмиз», деб ваъда берган эдилар.

Бадрда эса ҳар йили Шаъбон ойида саккиз кун бозор бўлур эди. Қурайш мушриклари Уҳуд урушидан қайтиб, Маккага бордилар. Расулуллоҳ Мадинага келиб, уч ой ўтгандан сўнгра Шаъбон ойи кирди. Ўтган Уҳуд урушида қилган ваъдалари бўйича яна уруш сафарига тайёрлик қилдилар. Бир минг беш юз кишидан қурилган қўшин ҳозирлангандин сўнгра, Абдуллоҳ ибн Убайни Мадинага волий тайинлаб, йўлга чиқдилар. Булар ичида ўн киши (баҳодирлардан) отлиқ бўлиб, қолганлари туялик эдилар.

Аскар йўлга чиқмасдин бир кун илгари Анжад қабиласининг раиси Нуайм ибн Маъсуд Мадинага келди. Бу киши эрса Маккага бормоқчи эди. У ерга борган ҳамон бу хабарни ваҳималик қилиб Абу Суфёнга етказди. Буни онглагач, у кўп ғамгин бўлди. Чунки чиқмай деса, ўз ваъдасига хилоф қилган бўлур ва ҳам бошқалар олдида урушдин қўрқиб чиқмагандек кўринур. Яна шулки, Расулуллоҳ қўшин тортиб ваъдалашган жойга келсалар, Қурайш мушриклари буни билатуришиб, ўз ваъдаларича қарши туриб уруша олмасалар, араблар олдида буларни обрўлари тўкилур эди. Шунинг учун Абу Суфён Нуайм ибн Маъсудга: «Сен Мадинага бориб, қўрқинчлик ёмон хабар тарқатгин, Қурайш халқи чексиз аскар йиғмишдур. Иккинчи Бадр урушига қаттиқ ҳозирлик кўрмакдадур. Сонсаноқ, қурол-жабдуқ жиҳатдин аларга тенг келмак мумкин эмас, деб шунга ўхшаш сўзлар билан довруғ солиб, аларни урушдин қўрқитгил. Агар шу иш бажарилиб, Муҳаммадни бу сафардан қолдирур бўлсанг, бу хизматинг учун сенга йигирма туя берурмиз», деб ваъда қилди. Иш ўринлаганда бу молни олиб, топшириб бермакка Саҳл ибн Умар кафил бўлди.

Шунинг билан Нуайм ибн Маъсуд Мадинага келиб, мусулмонлар орасига қўрқинчлик хабарлар тарқатди. Бунинг сўзига мунофиқлар, яҳудлар қўшимча қилиб, халқ ўртасида шовқин кўтардилар. Буларнинг ёлғон хабарлари, ботил сўзлари вақтинча бўлса ҳам таъсирсиз қолмади. Кўпчилик қора халқ ичига қўрқинч тушди. Урушга бормаслик тарафдорлари кўпайишди. Анда ҳазрати Абу Бакр, Ҳазрати Умар халқ оғзидаги довруғни онглагач, Расулуллоҳ қошига келишиб:

— Ё, Расулаллоҳ, аниқ билурмизким, Аллоҳ таоло ўз пайғамбарининг ишларини юзага чиқаргай, ўзи юборган бу Ислом динини барча динлардин ғолиб қилгай, бунга ишончимиз комилдур. Лекин малъун шайтон кўпчилик кишиларнинг кўнгилларига қўрқинч солмишдур. Буларга қараб, сафардин тўхталур бўлсак, бизни урушдин қўрқиб қочди, деб душманларимиз журъатлик бўлгайлар. Эндиги маслаҳат шулдурким, қўшин тортиб Бадр бозорига борайлик. Агар душманларимиз ҳам келур бўлсалар, Аллоҳ ёрдамига сиғиниб, саваш қилайлик. Агар улар келмас бўлсалар, қилган ваъдаларини ўзлари бузган бўлсин. Шу иш биз учун хайрлик бўлур, иншааллоҳ, — дедилар.

Расулуллоҳ ўз ўйларидаги бундоқ яхши маслаҳатлик сўзни шу икки ёрларидан эшитиб,суюнганларидан муборак юзлари гулдек очилди ва:

— Аллоҳ оти ила қасам қилурман, агар бу ғазотга ҳеч ким қўшилмай, ёлғиз қолур бўлсам ҳам, яна боргайман, — дедилар.

Мусулмонлар бу сўзни онглагандин сўнгра, уларнинг кўнгилларига тушган қўрқинч бутунлай кўтарилди. Шунинг билан Мадинадин чиқиб Бадр бозорига етдилар. Бу ғазотда Ислом туғини Ҳазрати Али кўтармиш эди. Қарасалар, бу жойга душманлардин ҳеч ким келмабдур. Уларни кутиб, бу ўринда саккиз кун турдилар.

Расулуллоҳнинг келган хабарлари бутун араб қабилаларига етиб маълум бўлди. Абу Суфённинг бу тўғридаги ҳийлалари кўп фойда топмади. Нуайм ибн Масъуднинг тарқатган ёлғон хабаридан Муҳаммад аскари чўчишиб, бу сафарга чиқмай қолса ажаб эмас, деган унинг умиди бекорга чиқди. Иш унинг ўйлаганидек бўлмай қолди. Шундоқ бўлса ҳам номус кучидин икки юз кишилик аскар олиб йўлга чиққан эди. Мажанна деган жойга келганда Абу Суфён аскар бошлиқларига қараб:

— Бу йил ёмғир яхши ёғмаганликдан юртимизда очарчилик бўлиб туради. Бундоқ очарчилик кунларида уруш қилмоқ бек оғир ишдур. Бундин халққа кўп зиён бўлғай, қачон қаҳатчилик кўтарилар экан, ана шунда бу ишни бошлагаймиз, — деди.

Бу сўз бошқаларга ҳам хуш келди. Шу баҳона бўлиб, йўлдан қайтдилар. Аскар бошлиқларидан Сафвон Ибн Умайя Абу Суфён сўзини онглагач, уни маломат қилгали турди: «Бу ваъдани қилмоқдин илгарироқ ҳам мен сени қайтарган эдим. Муҳаммад ваъдани сақлаб, Бадр бозорига келмишдур, биз бўлсак, энди араб олдида ваъдани бузиб, урушдан қочгандек бўлиб кўриндик. Бу иш эса биз учун қаттиқ номусдир», деди.

Шундай қилиб, душманларни йўлдан қайтган хабари эшитилгач, бу жойда туришнинг ҳожати бўлмай, Расулуллоҳ ҳам Мадинага қайтдилар.

(давоми бор)