Таъмагирликнинг авло томонлари

Таъмагирликнинг авло томонлари
22 views
04 August 2016 - 7:00

TuzoqСафо Урганжи

ТАНАЗЗУЛ
(Тўрт юз олтмиш еттинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР 

ТУЗОҚ

Биринчи китоб

(Роман муаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

 Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб қололмайди.

Муҳаммад (с.а.в)нинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

 (17-қисм)

– Шукр қилинг, биродар! – деди шу пайтгача шконканинг пастки қаватида индамай тўнига бурканиб ётган кимса. – Сиздан атайлаб пул ундириш учун бу ишларни уюштирган бўлсалар ажаб эмас. Яна ким билади. Яхшиям тўрт-беш танга пулингиз бор экан, бўлмаса, ўлдириб юборишдан ҳам тоймасдилар. Пул учун тузоқ қўйдиларми, сизни ўлдириб қўймасликка жон-жаҳдлари билан тиришадилар. Бу ҳудудларда таъмагирликнинг авло томонлари ҳам бор. Кўнгилларида таъма уйғонмаса ёмон. Бирор нарсага илинмасалар, одамни итчалик ҳам кўрмайдилар.

  Бу одам ваҳҳобийликда айбланиб қамоққа олинган оддий бир ўқитувчи эди. У қаддини тиклаб ўтиролмаганидан, икки орадаги суҳбатни ёнбошлаганча тинглаётган эди.

– Дамимизни ичимизга ютиб гаплашганда ҳам суҳбатимизни эшитдингизми? – деди ҳайратдан ёқа ушлаган Ардашер.

– Ўттиз уч кундан буён еган калтакларим мени авлиё қилди! – деди у. – Кўзингизга қараб нимани ўйлаётганингизни илғайдиган бўлиб қолдим. Икки қулоғим супурасига, кўкракларим учига ток улаганларини эсласам, бутун вужудимда чумолилар галаси ўрмалаб юргандек бўлади. Кўзларим олди қоронғилашиб, қулоғимга қўшни хонадагиларнинг товушлари ҳам эшитилади.   

– Олинг-а, биродар! – деди иккинчи қаватда ётган маҳбус.

159-модда билан айбланиб қамалган диндорларни “биродар”лар дер эдилар.

– Сўзларимга ишонмайсизми?

– Албатта ишонмайман. Учинчи бор қамалишим, қамоқхоналарда сизга ўхшаган минглаб сеҳргарларни кўрдим. Чўпчакларга ишонадиган ёшдан ўтганимга анча йиллар бўлган. Бошқаларнинг қулоғига лағмон ўрашингиз мумкин, мени ҳисобингиздан чиқариб ташланг. Мен сиз ўйлаган анойилардан эмасман.

– Кўзларингизни чирт юмиб, товушингизни чиқармасдан ичингизда бир нималар денг-чи! – деди биродар.

У оғриқнинг зўридан зўрға инқиллаб гапирарди.

– Қўйсангизчи бўлмағур гапларингизни! – деди юқоридаги маҳбус. – Ҳозир айтдим, мен сиз ўйлаган анойилардан эмасман, эшитганларига лаққа тушиб кетаверадиган.

Менинг айтганимни қилсангиз бирор нарсангизни йўқотиб қўймайсиз-ку. Бу билан мен ҳам бирор нарсага эришмайман! – деди биродар. – Шундай ҳолга тушганимдан ўзим ҳам таажжубдаман. Илгарилари ҳеч қачон ўзимда бундай ҳолатларни сезмаганман. Ниманидир ичингизда ўйланг, ўзимни бир синаб кўрайинчи, ҳақиқатдан ҳам шундайми ёки эсим оғиб қолганми? Ўзим учун билиб қўймоқчиман, холос.

– Бўпти! – деди юқорида ётган маҳбус охири кўниб. – Тайёрланинг: бир, икки, уч деганда бошлаймиз. Қани, бир, икки, уч…

Орадан беш сония ўтгач маҳбус пастга бошини осилтириб, биродардан:

– Нимани хаёлимдан ўтказдим? – дея сўради.

Ҳаётимда сенга ўхшаган эшакларнинг кўпини кўрганман. Сен ҳам ўша эшакларнинг биттаси бўлсанг керак”, деб айтдингиз! – деди биродаринқиллаган хаста овозда.

– Бўлиши мумкин эмас! – деди юқоридан пастга тўп этиб тушган маҳбус. – Мени алдай олмайсиз, чўпчакка ишонадиган ёшдан ўтганман. Инқиллаб, ўзингизни ўликликка солганингиз билан ҳеч нарса ўзгармайди.

Бешта маҳбус масаланинг ечимини кутиб, башоратгўй маҳбусга сўзсиз тикилардилар. Юқоридан тушган маҳбуснинг эътирозидан кейин уни кўпчилик фирибгар экан деб ўйлай бошлади.

– Нима, мен ёлғон гапирдимми? – сўради у. – Ёлғон айтаётган бўлсам, ёлғон айтяпсан деб айтинг, кирди-чиқди бўлганимга ўзим ҳам иқрор бўлай. Топган бўлсам, тўғри топтинг денг, учига чиққан жиннилигим ўзимга аён бўлсин. Ҳар икки ҳолатни ҳам рисоладагидек деб бўлмайди. Мен оддий одам бўлиб қолишни хоҳлайман... Вазирлик ертўласида ўттиз уч кун бир одам зўрға сиғадиган каталакчада ўтирдим. Соқчи каталакчага тиқиб,  эшикни ёпса, эшик тиззаларингни сиқиб, тарашадек қотасан қоласан. Ярим соат ўтмасдан тош ҳайкалга айланиб, бармоқларингни ғимирлатишга мадоринг етмайди. Эшик қайтиб очилганда эса унинг тагига тўнкадай ағдарилиб тушасан. Увишган танангга жон кириши учун бир соатдан кўп муддат зарур бўлади. Қон айланиши билан пайдо бўладиган оғриқ, ажалинг етиб, жонинг чиққанида ҳам бунчалар азобли бўлмаса керак. Ўтган кунлар ичида бирор киши билан мулоқот қилишга имконим бўлмади. Ўзимни синашга шароит туғилганда, дўқ-пўписа ортиқча энди…

– Ҳақиқатан ҳам сиз айтган нарсаларни хаёлимдан ўтказдим! – деди юқоридан тушган маҳбус. – Аммо бундай бўлиши мумкин эмас. Қандайдир фирибгарлик ишлатяпсиз, шунга жоним чиқяпти.

– Нима учун жонингиз чиқади? – деди биродар унга. – Ичингизга кириб чиқмаган бўлсам, сиз билан илгари бирор марта учрашмаган бўлсак. Бу масалада қандай қилиб фирибгарлик ишлатиш мумкин? Сиз мени ноўрин айбласангиз, мени жаҳлим чиқмайди-ю, мен сизни фикрингизни уқсам, сизни ғайирлигингиз тутадими? Қизиқ одам экансиз-ку! 

Биродар гапираётганда мадори қочиб, сўзлари узилиб-узилиб қоларди.

Ардашер юқоридан тушган маҳбусни қўли билан бир четга суриб:

– Ўтиринг, бунчалар бесабр бўлманг, дўстим! – деди. – Соқовнинг сўнгини тингла, деган ота-боболардан қолган гап бор. Гапирсин, эшитайлик. Бу ерда ростданам ҳеч кимнинг йўқотадиган нарсаси йўқ. Вақтимизни тинч ва осойишта ўтказсак, бас. Орқамиздан ёв қувлаб келаётган бўлса, шошилсак. Келадиган жойимизга етиб келдик, энди бундан баттари бўлмайди.

Ардашернинг сўзларини тинглаган маҳбус индамай биродарнинг оёғи учига чўкди. Воқеа ечимини кутаётган  бошқа маҳбусларнинг ҳам бутун диққатэътибори “биродар”да эди.

 (давоми бор)