Зиёли агар зиёли бўлса, эртанги ҳолини бугун ўйласин

Зиёли агар зиёли бўлса, эртанги ҳолини бугун ўйласин
126 views
04 August 2016 - 6:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(89-қисм)

Кичик хулоса

СССРда “қайта қуриш” йиллари киночилар раиси лавозимида бор-йўғи икки йилча ишлаб, сўнгра жанжалу тўпалонлар орқасидан вазифасидан кетган ўрисларнинг машҳур режиссури Андрей Кончаловский бир телесуҳбат чоғи мухбирнинг: “Шу икки йиллик тарихингиздан қандай сабоқ чиқардингиз?” деган сўроғига: “Чиқарган сабоғим ‒ ҳеч ким тарихдан сабоқ чиқармаслигини билдим!” деб жавоб қилган эди.

Бундан икки аср илгари йирик немис файласуфи, немис мумтоз фалсафасининг энг машҳур вакили Георг Вилгелм Фиридрих Гегел (1770 – 1831) ҳам: “Ҳукмдорлар тарихдан сабоқ чиқармайди”, деган экан.

Янада илгари, бошқа буюклар ҳам шу тўхтамга келган бўлиши табиий. Чунки миллати, дини, ватани бошқа-бошқа бўлгани билан инсоний хусусиятлар ҳаммада деярли бир хилдир: чиндан ҳам, кўплар тарихдан сабоқ чиқармайди. Нафақат ҳукмдорлар, балки оддий одамлар ҳам.

Жумладан, Ўзбекистоннинг бугунги давлати ҳам! Давлатнинг бугунги бошлиғи ҳам! Мамлакатнинг бугунги зиёлилари ҳам! Ўттиз милёнли халқ ҳам!

Кечагина ҳаммасини кўрди, билади, бугун ҳам кўриб-билиб турибди, аммо кўриш, билиш бошқа, кўрган-билганидан сабоқ олиб, кечагиларнинг хатоларини такрорламаслик, тўғри йўлни ахтариш бошқа экан.

Ўзбекистон давлатининг хатоси – асос хатога қурилди: сиёсат йўли халқнинг дини, руҳи, маънавияти, хоҳиш-иродасига кўра танланмади, балки кечаги коммунист-совет бошқарув услуби сақлаб қолинди. Мафкура ва сиёсат олдга чиқарилди, халқ, ватан орқага қўйилди. Яъни, мафкура ва сиёсат халқ ва ватан руҳидан олинмади, аксинча, халқ ва ватан хато танланган мафкура ва сиёсатга мослаштирилмоқчи бўлиняпти.

Тузум советча бўлиб қолаверса, оқибати ҳам советнинг оқибатидай бўлади.

Давлат бошлиғи хатоси – халқига эмас, теварагидаги ялтоқи-ялоқхўрларга ишонди, шуларга суянди; ошкоралик эшикларини тақа-тақ ёпиб, мамлакатдаги ҳақиқий аҳвол тўғрисида унга тўғри маълумот келиши мумкин бўлган йўлларни кесди. Бўяма-бежамачиларнинг сўзларига қулоқ солди, ўшаларнинг ёлғонларини қабул қиладиган, тўғри гапни ёқтирмайдиган, салбий гапга жини қўзиб кетадиган бўлиб қолди. Шахсини ўзгаларга улуғлата-улуғлата, охири улуғлигига ўзи ҳам чиппа-чин ишониб ўрганди. Ўтган “улуғ-улуғ доҳийлар”дан бугун нима қолдию эртага ўзидан нима қолади – ўйлаб ҳам кўрмаяпти.

Зиёлилар хатоси – ҳаммасини кўриб, билиб, ақли етиб турганига қарамай, худди ҳеч нарса бўлмаётгандай овсарларча тутяпти ўзини. Билиб билмасликка оляпти, талмовсираяпти. Эртага бугунги ҳақиқатлар юзага чиққач халқи олдида хижолатларга тушиб қолишини хаёлига келтирмаяпти.

Оддий халқ хатоси – кечагина совет раҳбарларининг ёлғонларига кўр-кўрона ишониб-эргашиб қаёққа борди-ю, “Мустақиллик эгаси”нинг ёлғон-яшиқларига ишониб-эргашиб бугун қаерга боряпти? Ва бу одам ўтиб кетганидан кейин эртага яна қанақа нағмаларга ўйнай бошлайди – ҳеч йўқ шуларни ўйлаб кўрмаяпти.

Ҳа, бу кунлар ўтади, президент ҳам ўтади. Бошлиқлар алмашади. Замонлар, сиёсатлар ўзгаради. Тарихга бошқача қарашлар бошланади. Устма-уст тўпланиб-қалашиб ётган йигирма йиллик гуноҳлар, жиноятлар бир-бир очилади. Ўшанда нима бўлади?!

Кеча бу бузуқ жамиятнинг қайси нуқтасида турган бўлсак, эртага яна ўша нуқтасида ҳеч нарса кўрмагандай иршайиб тураверамизми?!

Ҳар қанча қудратли бўлмасин, президент ҳам оддий бир одам. Ўзини худо деб эълон қилган Намруддай шоҳ бурун катагидан кириб миясига жойлашиб олган битта чивиннинг ғингиллашига дош беролмай аянчли ўлим топгани каби, бугунги намрудлар ҳам эртага кипригини кўтаришга ҳам кучи қолмайди, ёшли кўзи четида юриб ғашини келтираётган битта хирапашшани ҳайдай олмайдиган ҳолга тушади, албатта!

Ўшанда кимнинг қўлидан нима келади? Ким унинг жонига ора киради?

Эсли киши шундай ожиз ҳолга тушмасидан бурун хатоларига иқрор бўлиши ва тавба қилиб қолиши керак эмасми?!.

Камчилик ё хато айб эмас, у камчилик ва хатони тан олмаслик, аксинча, ёлғонлар остига яшириш айб. Гуноҳ ҳали тўла йўқотиш эмас, у гуноҳни ювмаслик ‒ тавба қилмаслик йўқотиш. Хато қилиш ва гуноҳ ишлаш бизга отамиз Одамдан (алайҳиссалом) мерос, бу хато ва гуноҳни ювиш йўлини ҳам отамиз Одам ўргатиб кетганлар ‒ ўша заҳоти тавба қилганлар.

Шайтоннинг умидсизлиги шу нуқтада: Оллоҳга осий бўлди, лекин тавба қилмади. Унга бу дунё берилди, охирати абадий азобдир.

Киши шайтоннинг қавмида кетмаслик учун тиригида тавба қилиб қолсин. Акс ҳолда, эртага кеч бўлади. Тавба қилса, қолган умрини яхшилик билан ўтказса, ўлганидан кейин орқасида қиёматгача қилинадиган лаънату маломатлардан ҳам, охиратдаги азоблардан ҳам қутулади.

Оллоҳ марҳамати чексиз, ўта шафқатли Зот ‒ юз нафар одамни ўлдирган кишининг ҳам тавбасини қабул қилди ва кечирди.

Адолати томдир, мутлақдир ‒ битта чанқоқ итга раҳми келиб уни суғорган аёлнинг ҳам, битта мушукни уйига қамаб оч ва ташна қолдирган аёлнинг ҳам муносиб жазосини берди: унисини жаннатга, бунисини дўзахга ҳукм қилди.

Оқил киши булардан сабоқ чиқаради.

Бугунги маддоҳ зиёлилар эртага нима қиларкин? Манглайига шаппа уриб, оббо, яна адашибмиз-да, деб… ҳеч нарса кўрмагандай, яна янгисининг янги нағмаларига ишониб-эргашиб кетаверадими?!

Ёки худди кечагига ўхшаб: “Сеҳрланиб қолган эканмиз…” деб қутулиб қолмоқчи бўладими?! Деса, шу гапига ўзи ишонадими? Виждони қонадими?

Зиёли агар зиёли бўлса, эртанги ҳолини бугун ўйласин.

Тўғри, халқ ҳам кечаги кунларидан сабоқ чиқармади. Кечаги кунини унутди. Кечагилар унинг миясига қандай ёлғонларни сингдирган эдию бугунгилар қулоғига қандай лағмонларни иляпти – иши йўқ. Кеча қандай алданиб яшаган бўлса, бугун ҳам ўшандай, балки ундан баттар алданиб яшамоқда.

Лекин, яна такрор айтамиз: халқдан асло ранжиб бўлмайди. Оддий халқ нарса ва ҳодисаларнинг тагинию оқибатини ўйлаб ўтирмаслиги билан ҳам оддий халқдир.

Унга ўзи кўп нарса керак ҳам эмас. Шўр пешонасига ватанпарвар, миллатпарвар, тарихлардан сабоқ чиқариб ишлайдиган, адолатли бир подшоҳ битиши умидида яшайди доим. Тўзим билан кутади, кутади, кутаверади…

Зотан, эртага ёруғ кунлар келишини кутишга ва адолат ҳукми остида яшашга ҳақлидир, лойиқдир.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com