Илк ғарблик сиёсий арбоб

Илк ғарблик сиёсий арбоб
190 views
04 August 2016 - 5:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(44)

ИЛК ҒАРБЛИК СИЁСИЙ АРБОБ

Илгарилари  Совет  Иттифоқига  келган  ғарблик  сиёсатчилар Москвада  қабул  қилиниб,  Москвадан  орқасига  қайтариб юборилаверарди.  Ўрта  Осиё  ва  Кавказ  ўлкаларига  келса  ҳам, турист  сифатидагина  келар  ва  ёнларида  доим  москвалик рафоқатчилар  (кузатувчилар)  бўларди.  Ғарбликлар  провинсиал ўлка раҳбарлари билан ҳеч қандай сиёсий мулоқатда бўлишмасди.

Провинсиал  раҳбарлар  худди  отел  мудирлари  каби  меҳмонни кутиб  олиш,  унга  зиёфат  бериш  ва  яхшилаб  кузатиб  қўйиш вазифасини  бажарардилар, холос.

Горбачевнинг  совет  «жумҳуриятлари»ни  дунёга  суверен давлат  қилиб  кўрсатиш  тактикаси  шарофати  билан  чет  эллик сиёсатчилар  тўғридан-тўғри  бу  жумҳуриятларга  кела  бошлади,  у ерларда  нафақат ҳукумат, балки, жамоат ташкилотлари билан ҳам учраша  бошладилар.  Шундай  меҳмонларнинг  Ўзбекистонга келганларидан биттаси Америкалик сенатор Билл Брэдли эди.

Саксон  тўққизнинг  баҳори  эди.  Сенатор  Ўзбекистон Марказқўмида  қабул  қилингандан  сўнг  зиёлилар  билан  ҳам учрашиб,  суҳбатлашишни  истади.  Унга  ҳукумат  тарафидан «учрашувга  номзодлар»  рўйхати  тузилган  экан,  уни  қабул қилмай, ўзининг ҳукумат тарафдорлари ва ўзга фикрли шахслар «миқдори» мувозанатланган  рўйхатини  берибди.  Бу  рўйхатга  Ўзбекистон Фанлар  Академияси  Президенти  Салоҳиддинов,  вице-президенти Эркин Юсупов, СССР депутати Раъно Убайдуллаева ва ёзувчилар Уюшмасидан камина ёзилган экан.

Гўё  Академия  Президенти  Салоҳиддинов  ва  депутат  Раъно Убайдуллаева ҳукумат тарафидан бўлса, биз Эркин Юсупов билан ўзга  фикрлиларни  тамсил  қилаётгандик.  Аввал  эслатилганидек, Эркин  Юсупов 1986 йилларда бир «қора рўйхат»га тушиб олган ва яна  оқланганди.  Фақат  унинг  «Советская  кулътура»  газетасида босилган танқид суви юритилган мақоласи жамоатчиликнинг эсида қолган  ва  Юсупов  ўшандан  бери  «диссидент»  хирқасини  эгнидан ечмаганди.  Академия Президенти тоза қонли коммунист олим эди.

Унинг маслакдоши – Раъно Убайдуллаева, янглишмасам, кимёгар – каминанинг демография ҳақида ёзган мақолаларига «илмий асосда зарба  бериб»,  ҳукуматнинг  назарига  тушган  ва  СССР  депутати бўлганди.  Сенатор  билан  учрашувда  у  билан  ёнма-ён  ўтиришга тўғри келди ва мен бу хушбичим аёлда ҳеч рақиб кўрмадим. Унинг менга  қарши  ёзганларидан  жаҳлим  чиққанини  эслаб,  хижолатлик туйдим.  Сенатор  Билл  Брэдли  узун  бўйли  йигит  эди.  Ўтмишда баскетбол  ўйнаган  экан.  Америка  шунақа  ҳуррият  дунёси,  аниқроғи,  ҳурлар  дунёси.  Баскетболчиликдан  чарчасанг, сенаторлик  қилишинг  мумкин.  Актёрликдан  зерикиб, Президентлик  қил.  Ҳеч  ким  «баскетболингни  ўйна,  сиёсатга аралашиб  нима  қиласан»,  демайди.  Ёки  «манавини  қара,  кечагина иккинчи  сорт  бир  кинода  ўйнаб  юрарди,  энди  арбоб  бўлиб қолибди»,  деб  пичинг  қилмайди.  Чунки,  одамларда  паст комплекс (ёки  пасткашлик  комплекси)  йўқ, бўлса ҳам бизнинг сотсиалистик қитъаларда каби, нормадан ошиқ  эмас. Бизнинг қитъада ҳамма бир-бирига  ҳасад  қилади,  ҳамма  бир-бирининг  бир-биридан  баттар бўлишини  орзу  қилади.  Ваҳший  атеизм,  инсонлар  маймундан тарқаган, улардан фақат пасткашлик кутиш мумкин, деган ақидани мияларга  сингдириб  юборганди.  Бу  назариянинг  ҳаётийлиги психоанализ  шайдолари  ва  фрейдизм  ташвиқотчилари  тарафидан бот-бот  «исботланиб»  турди.  80-йилларга  келиб,  Совет  Иттифоқи Роналд Рейган айтганидек, бир «ёмонлик салтанати»га айланганди.

Эҳтимол,  Рейган  бу  иборасига  сиёсий  маъно  юклаган  бўлиши мумкин,  аммо  биз  уни  кўпроқ  ижтимоий-психологик  метафора ўлароқ  қабул  қилгандик.  Балки,  сенатор  ўз  Президентининг  ўша метафораси таъсирида бизни саросимага солган бир савол берди.

– Сизлар худога ишонасизларми?,  – деди у бирдан.

Савол  суҳбатнинг  табиий  оқимини  тўхтатиб  қўйди. Таржимон  саволни  ҳеч  нарсага  ўрамай,  яланғоч  таржима  қилди. Юзимиздаги  тараддуд  ифодасини  кўриб,  таржимасини  гўё дипломатикроқ қилиб,  яна такрорлади:

–  Агар  айбга буюрмасангизлар, сенатор бу саволга алоҳида-алоҳида  жавоб  беришингизни илтимос қиляпти… Аммо биз «айбга буюриб»  бўлгандик.  Ҳар  ҳолда,  мен  америкаликнинг  бу америкачасига  саволга  тутишидан  дарров  энсам  қотди.  Худди мактаб ўқувчилари каби «алоҳида-алоҳида» жавоб берар эмишмиз.

Muhammad_Salih_fotomajmua_48Америкалик  бўлсанг,  ўзингга,  ҳур  бўлсанг,  ўзингга,  деган  фикр кечди  миямдан.  Бу  фикр  бошқалардан  ҳам  кечган  бўлиши  керак. Чунки,  биз  ҳаммамиз  совет  одамлари  эдик.  Нафсониятимиз  ҳам бир-бирига  ўхшаш,  совет  кишисининг  нафсонияти  эди.  Лекин  биз ўзбек  ҳам  эдик,  ўзбекда  «меҳмон  отангдан  улуғ»,  деган  бир «реаксион»  мақол  бор,  унга  амал  қилиб,  меҳмоннинг  саволларига бир-бир жавоб бера бошлагандик.

–  Мен  математикман,  – деди Академия Президенти салобат билан,  –  худога  ишониш  илмга  тўғри  келмайди.  Раъно Убайдуллаева  ҳам  илм  одами  бўлгани  учун  Академия Президентидан  фарқли  жавоб  бермади.  Эркин  Юсупов  «фарқли жавоб» беришга уринди,  аммо жавоб бир оз кулгули чиқди.

–  Менинг  бувим  намоз  ўқиган,  –  деди  Академиянинг  вице-президенти. Ва шунга ўхшаган бир неча жумла айтди. Менинг жавобим ҳам тайёр эди. Шу бизни сўроққа тутаётган бетакаллуф  меҳмонга  «худога  ишониш  шахсий  иш,  бу  хусусда баёнот  бериш  ярамайди»,  демоқчи эдим. Аммо Оллоҳга эътиқоди йўқлигини  айтаркан,  Академия  Президенти  юзидаги  виқор, Убайдуллаевадаги  маъсумлик  ва  Эркин  Юсуповнинг  қизариб-бўзариши  мени  чилладан  чиқарганди.  Ўз  қабиладошларимга нафрат  юксала  бошлаганди  бўғзимда.  Ва  тайёрлаган  жавобимни ўзгартириб:

–  Ишониш  мумкин бўлган фақат худо бор, – дедим. Сенатор ўзи  эшитишни  истаган  жавобни  олганди.  Аммо  бу менинг ёнимда ўтирган  қабиладошларимга  берилган  жавоб  эканини  соддадил сенатор билмасди.

Учрашув  тугагандан  сўнг  Эркин  Юсупов  мени  ўз машинасига таклиф қилди. «Йўлимиз бир, сизни Уюшмага ташлаб кетаман», деди. Миндим.

–  Аслида,  сиз  тўғри  гапирдингиз,  –  деди  йўлда  Эркин Юсупов,  –  мен  ҳам  худога  ишонаман,  демоқчийдим,  орқамизда қаторлашиб ўтирган тўртта КГБчидан ҳайиқдим… Юсупов содда одам эди, ўз заифлигини тан олаётганди. Унга чуқур қурмат туйдим. Кейин у:

–  Сизлар  шоирсиз,  ҳар  нарсани  айтаверишингиз  мумкин,  – деб қўшиб қўйди.

Бу  –  авом  орасида  «шоирлар  дарвиш,  оғзига  келганини айтаверади»,  деган  калтабин  тушунчага  асосланган  баҳо  эди. Шундай олим кишининг  авомларча фалсафасидан маъюс тортдим.

(давоми бор)