Қурултой

Қурултой
101 views
05 August 2016 - 5:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(45)

ҚУРУЛТОЙ

Май  ойининг  охирида  «Бирлик»  ҳаракатининг  биринчи қурултойини  ўтказадиган  бўлдик.  Унинг  низоми  ва  дастури лойиҳаларини  тасдиқлаш,  раҳбарлик  тизимларини  сайлаш қурултой  кун  тартибига  қўйилганди.  Анчагина  нуфузли  олим мутахассисларни  янги  қурилаётган  ташкилотга  жалб  этгандик.

Ниятимиз  кучли  интеллектуал  ядрога  эга  бўлган,  кенг платформали,  турли  ижтимоий  гуруҳларни  бирлаштирган  бир  халқ ҳаракати  тузиш  эди.  Шундай  ташкилот  тузиш  учун  вақт  ҳам, имконият ҳам, одам ҳам бор эди.

Қурултойни  Ёзувчилар Уюшмаси залида ўтказадиган бўлдик. Марказқўмнинг  биринчи  котиби  Рафиқ  Нишонов  қурултойга қаршилик  қилмади.  Албатта,  Нишонов  қайта  қуриш  тарафдори эмасди,  аммо  унинг  душмани  ҳам  эмасди.  Замон  унга боқмаса, у замонга  боқадиган  дипломат  киши  эди.  Замон  «перестройка» замони  бўлиб,  «Бирлик»  каби  ташкилотлар  ҳар  республикада битта-яримта пайдо бўла бошлаган эди.

Рафиқ  Нишонов  биз  кўрган  раҳбарлар  ичида  энг  либерали эди.  Буни  86-89  йилларда  билмагандик.  Бу  йилларда  уни  аёвсиз танқид  қилардик.  Ҳатто  уни  баъзи  дўстлариммиз  бир  гуржи филмида  Берияни жонлантирган  Варлам  исмли  бир  садистга ўхшатгандилар.  Бу,  албатта,  ҳақсизлик  эди.  Биз,  қайта  қуриш шаробидан  сархуш  шоввозлар  ҳақиқий  садистни  ҳали  кўрмаган эдик. Ҳали мустақил Ўзбекистонга бир неча йил бор эди.

Muhammad_Salih_fotomajmua_49Ҳозирча  кўчада  бақириб-чақириб  юргандик.  Бақириб-чақиришга  изн  берилганди,  бақириб-чақираётгандик.  Тилимизни давлат  тили  қиламиз,  дея  шиорлар  кўтаришга рухсат беришганди, бу  шиорларни  кўтараётгандик.  «Бирлик»  қурултойини  ўтказиш учун  қаршилик қилишмаганди, уни ўтказаётгандик. Биз мухолифат эдик.  Қайта  қуриш  манглайини  силаган,  сургун  қилинмаган, ертўлага  ташланмаган,  исканжага  солинмаган,  ўлим  қоплари кийдирилмаган,  баданида  сигарет  ўчирилмаган  ва  бедарак йўқолмаган,  сип-силлиқ  маданий  бир мухолифат. Қаҳрамон бўлиш осон эди. Ва биз ёппасига қаҳрамон эдик.

29  майда  ўтган  Қурултой  шундай  кўтаринки  руҳда  ўтди. Ҳаракатга  раҳбарлик  қилишни  таклиф  этишди,  рад  қилдим. Уюшмадаги  вазифам  жорий  босқич  учун  ҳаракатдаги  мақомдан муҳим  эди.  Ҳаракатдаги  мақом  Уюшманинг  маневр  майдонини торайтириб  қўяр  ва  давлат  идораларига  босим  ўтказиш қобилиятини  заифлаштирган  бўларди.

Мен  раҳбарликка  яна Абдураҳим Пўлатовни тавсия қилдим, номзоди  қаршиликсиз  қабул  қилинди.  Ҳаракатнинг  Марказий Кенгаши  аъзолари  ва  ҳакозолар  тасдиқланди.  Қурултой  байрам кайфиятида якунланди.

(давоми бор)