Бундай тузумни ўзи қурди, қуласа ҳам ўзининг бошига қулайди

Бундай тузумни ўзи қурди, қуласа ҳам ўзининг бошига қулайди
82 views
06 August 2016 - 6:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(91-қисм)

Тўртинчи тахминий савол. Нимага нуқул президент? ҳамма майда-чуйда камчиликка ҳам битта президент айблими? бошқа бошлиқлар оппоқми?

Жавоб. Бу айтилган камчилик ва қинғирликларда бошқа бошлиқларнинг ҳам ҳиссаси бор, албатта. Бунга шубҳа йўқ. Ҳатто айримлари президентнинг обрўйини тўкиш учун балки орқадан атай қилинаётгандир – бу эҳтимолни ҳам назардан қочирмаслик керак. Яъни, айрим салбий ишлар тўлиғича бошқа бошлиқларнинг айби бўлиши мумкин.

Лекин улар ким? Қани улар? Мамлакат ички-ташқи сиёсатида ўзининг мустақил қиёфаси борми уларнинг? Ким нима иш қилаётганини, ким қайси иш учун жавоб беришини Ўзбекистонда ким билади?

Телевизорда, масалан, Бош вазирни ҳеч кўряпмизми, радиода унинг овозини эшитяпмизми? Кунда тугул, ҳафтада тугул, ҳеч бўлмаса ойда-йилда бир марта ўзининг мустақил фикр-мулоҳазаси билан халқ олдига чиқяптими? Ишни эплаёлмаса, ўз хоҳиши билан истеъфога чиққан битта Бош вазир борми бизда?!

Олий Мажлис раиси-чи? Бўлаётган-бўлмаётган ишлар ҳақида наҳот унинг бир оғиз мустақил фикри йўқ? Чиқарган қонунлари ҳаётда ишлаяптими-йўқми – нимага ҳеч ҳисоб бермайди?

Миллий хавфсизлик хизмати бошлиғи ҳам сиёсий саҳнада кўринмайди. Ичкарида ва ташқарида бўлаётган ишлар ҳақида қачон қайси мухбир билан суҳбатлашди? Мамлакатда барча иш силлиқ кетмаётгандир ‒ нимага бу ҳақда индамайди? Давлат, миллий хавфсизлик масалалари биринчи галдаги вазифаси бўлгани ҳолда неча йиллардан бери фақатгина президент оиласининг тинчи ва манфаатини ҳимоя қилиб келаётгани бу мўътабар ташкилотнинг обрўйини тўкди.

Ички ишлар вазири-чи? Йигирма йилдан бери “диний жиноятчилар”, “оқимлар”, “террорчи гуруҳлар”, “конститутсион тузумни ўзгартирмоқчи бўлганлар”га қарши енг шимариб ишлаётган соҳага бошлиқ бўлса-ю, биз унинг ҳатто қиёфасини танимасак! Таниб улгурмасимиздан бир нечтаси алмашиб кетаверса!

Ташқи ишлар вазирини-ку ҳеч ким танимайди! Борми шунақа одам ўзи? Агар расмий хабарларга ишонсак, йигирма йил нариларда “мустақил”ликка эришганмиз. Дунё бизни таниди. Биз дунёга очилдик. Борди-келдилар, олди-сотдилар бўлиб ётибди. Камига айланасига ёнқўшниларимиз билан оғизаки уруш ҳолатидамиз. Биргина Афғонистон масаласи Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатини оламга танитиши керак эди. Аммо биз на вазирликни биламиз, на вазиримизни таниймиз! Бирон марта дунё воқеаларини шарҳлаб чиқдими, теварагимизда бўлаётган можароларга мустақил муносабатини билдирдими?!

Йигирма йил ичида ташқи ишлар бўйича нечта вазир ишлаган бўлса, халқ уларнинг биронтасини тузукли кўрмади, танимади. Яъни, у нима иш қилиб ўтганини билмай ҳам қолди.

Ва ҳоказо. Олий суд раиси қани, Бош пуркурор қани, ҳар бир соҳа вазири, вилоят ҳокимлари қани? Булар ҳеч бири кўринмаса, қайси ишни қойиллатдию қайси ишни эплаёлмаганини билмасак, нимани сўраймиз улардан?!

Сўз айтиш эркин бўлган давлатларда халқ ўз бошлиқларини яхши танийди. Телевизорни қўйинг, чет эл хабарларини кўринг, ҳар бир ишга ўзининг эгаси жавоб бериб турганини кўрасиз. Демак, ўша мамлакатлар халқи қайси сиёсатчи-бошлиғи нима иш қилаётганини доим билиб туради, ютуққа эришса, ўшани тақдирлайди, хатога йўл қўйса, ўша сиёсатчи-бошлиқнинг ўзидан ҳисоб сўрайди.

Ўзбекистонда бунақа эмас. Ўзбекистонда ҳеч ким йўқ, битта президент бор! Ҳеч ким ишламайди, битта президент ишлайди! Сиёсат поғоналарида ундан бошқа ҳеч ким кўринмайди, ҳамма поғонада, ҳамма иш устида фақат у! Нима яхшилик бўлса, Бир Киши оти билан боғланяпти. Ташаббусчиси ҳам ўзи!

Бу гапларни ўзимдан чиқариб айтаётганим йўқ. ОАВ ҳар куни фақат шу ҳақда ёзади, гапиради. Ҳаво қулай келиб ҳосил мўл бўлса ҳам, балиқлар дарёда ҳар қачонгидан кўпроқ уруғласа, товуқлар катакда ҳар қачонгидан кўпроқ тухум қўйса ҳам… президентнинг доно сиёсатию ташаббуси билан деб тақдим этяпти!

Дейлик, президент спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор бермаганида биронта спортчи ички ё халқаро майдонларда юта олармиди? Йўқ!

Президент шахсан қишлоқ хўжалигига ғамхўр бўлмаганида бечора фермернинг ҳоли не кечарди?! Ўтириб қоларди!

Президент бевосита ўзи имконият яратиб бермаса, ёшлар илм ололмай кўча-кўйларда санқиб-сандироқлаб юрмасмиди?! Баттар бўларди!..

Хуллас, газет-жўрнол ўқисангиз, теле-радиога ва минбарларга қулоқ солсангиз, мамлакатда жонини жабборга бериб ишлаётган, кеча-кундуз халқ дардини чекаётган, “элим деб, юртим деб ёниб” яшаётган одам битта экани кўринади. Олий Мажлис бошлиғи ҳам, Бош Вазир ҳам, журналист (савол берувчи) ҳам, жавоб берувчи ҳам, пуркурору суд ҳам, майда қонунлардан тортиб Асосий Қонунгача ҳам фақат шу Одам!

Бундай вазиятда, табиий, президент ўзи яратган тизимнинг энг катта қурбони ўзи бўлади. Йигирма йилдан бери эл-юртга “Ҳамма ишни мен қиляпман, ҳамма ютуқ меники!” деб кўрсатяптими, демак, ҳамма камчилигу қинғирлик ҳам уники бўлиб чиқади! Унинг бўйнига илинади.

Йигирма йилдан буён президент сиёсий майдонда ўзидан бошқа ҳеч кимни эл кўзига кўрсатмаган ва ҳамон кўрсатмаётган бўлса, бошқа сиёсатчи-бошлиқларни халқдан панада тутган ва ҳамон панада тутиб келаётган бўлса, бундай шароитда ҳисоб-китобни битта президентдан сўрашдан бошқа нима иложимиз қолади? Ҳаммаси учун битта президент айбли бўлиб чиқаверса, айб кимда?!

Ушбу китобда эсга олинган хунук ишлар аслида борларидан бир чимдим, холос. Ҳар бир соҳа мутахассисларигина биладиган, орқасидан тушилса шир-шир очилиб кетадиган яна қанчадан-қанча айблар бор! Шуларнинг барига битта ўзи жавоб беришига тўғри келади!

Бундай тузумни ўзи қурди, қуласа ҳам ўзининг бошига қулайди. Ўзи пиширган ошни халқ ўзига едиради.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com