Қулупнай ғавғоси

Қулупнай ғавғоси
113 views
06 August 2016 - 5:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(46)

ҚУЛУПНАЙ ҒАВҒОСИ

1989  йил  3  июн  куни  тушдан  кейин  марказқўмдан  хабар келди.  Идеология  котиби  Холмухаммедов  зудлик  билан  келиб-кетишимни  сўрабди.  Телефон  қилдим,  котиб  хонасида  эмасди. Секретари  «ўзлари  шу ердалар, сизни кутишаяпти, келсангиз яхши бўларди,» деди. Етиб бордим.

Холмухаммедов  безовта  эди.  «Сизнинг  одамларингиз Марғилонда  жанжал  чиқарибди,  бир  неча  уйга  ўт  қўйишибди, ўлганлар  бор,»  деди  у.  Мен  «бизнинг  одамларимиз  ким?»  деб сўрагандим,  Холмухаммедов  «ташкилот  тузибсизлар-ку, ўшалардан,» деб жавоб берди.

Мен  «бизнинг  одамлар»  бировнинг  уйига  ўт  қўядиган даражада  жоҳил  эмаслигини  айтдим.  Балки,  шундайдир,  аммо месхат  турклари  билан  ўзбеклар  ўртасида  низо  чиқибди,  бу жанжални  тўхтатишимиз  керак,  сизнинг  ёрдамингиз  лозим,  деди идеология  котиби.  Мен  ёрдамга  ҳозирлигимни  билдирдим.

Тайёрланиб  турсангиз,  сизни  уйдан  олишади,  деди  котиб  ва  биз хайирлашдик. Марказқўмнинг араваси оқшом соат 10 ларда келди. Ҳаво  майдонига  жўнадик.  Ҳукумат  чиқадиган  дарвозага  олиб келишди.  Мендан  бошқа  яна  6-7та  киши  бор  эди.  Бирортасини танимасдим. Ҳаммаси рус эди. Бирга учоққа чиқдик. Учоқ пластик қалқон  кийган  ва  «калашников»лар-ла  қуролланган аскарлар билан тўла  эди.  Биз  бирга  учоққа  кирган  кишилар  билан  олдингги қаторларга ўтирдик. Учоқ ҳавога кўтарилганда танишдик, КГБдан эканлар.  Йўл  бўйи  ҳазил-мутойиба  қилиб  кетишди.  Ҳеч  кимда мотамсаролик йўқди…

Фарғонага  соат  ўнбир  яримларда  қўндик.  Воқеадан  кейин ёзилган  бир  мақолада  ўша  тун шундай шундай тасвирланган экан:

«Соат  тунги  ўниккида  Фарғона  қўналғасидан  Марғилонга  йўл олдик.  Бу  кичик  шаҳарчага  кириб  борар  эканмиз,  дастлаб  йўл чеккасидаги  ловвуллаб  ёнаётган  уйлар кўринди. Кейин уёқ-буёққа чопаётган  милитсионерлар  пайдо бўлди. Биз то шаҳар қўмитасига (шаҳар  партия  қўмитаси)  етгунча  шу манзара давом этди. Шаҳар қўмитасида  бир  зум  тўхтаб,  жанжал  ўчоғи Тошлоққа жўнадик. У ерга  кириб  келганимизда  хунрезлик  авжига  чиққанди.  Аёллар  ва болаларнинг  фарёди,  ёнаётган  хонадонлар  алангаси,  ўқ  товушлари ва  миршаб  ходимлар  юзидаги  саросима  вазиятнинг  ниҳоятда оғирлигини  кўрсатиб турарди…»

Аскарлар  Марғилон  ва  Тошлоқ  кўчаларини  тўлдирганди. Фарғона  водийсидаги  ички  ишлар  қўшинларининг  асосий  кучлари шу ерга ташланганди. Лекин тартибсизликлар Наманганга, Қўқонга ёйила  бошлаганда Марказий ва маҳаллий ҳокимият бу кўникмаган воқеалар  олдида  ожиз  эканликларини  кўрсатиб  қўйди.  Аскарлар милтиқларини  кўтариб  туришарди,  аммо  душман  «позитсиясини» кўролмасдилар.  Кичик-кичик  номаълум  гуруҳлар  яшин  тезлигида пайдо  бўлиб,  яна  уйларга  ўт  қўяр,  одамларни  ўлдирар  ва  тор кўчаларда ғойиб бўларди. Бу партизан тактикаси эди. Ҳокимият ҳеч нарсага ҳоким эмасди.

Марказқўмдан  бўлим  бошлиғи  Шаҳобиддин  Зиёмов, инструктор  Содиқ  Сафоев,  Марғилон  шаҳар  раҳбарларидан Мамадалиева (исми эсимда йўқ) нима қилишини билмасдилар. Воқеаларнинг иккинчи куни Москвадан Рафиқ Нишонов етиб келди.  Ёнида  Тошкентдан  ички  ишлар  вазири  Рахимов, Компартиянинг  Фарғона  вилояти  биринчи  секретари  Йўлдошев  ва КГБ раҳбарларидан бир-нечта киши бор эди.

Нишонов  СССР  Олий  Совети  сессиясини  ташлаб  келганди. Фарғона  воқеалари  бошланган  кун  сессия  минбаридан  «унчалик муҳим  воқеа  эмас,  Косонсой  бозорида  қулупнай  устидан  жанжал чиқибди,»  дея баёнот берган ва маломатга қолганди. Нишонов  30  дақиқалик  мажлис  ўтказди.  Вазият  таҳлил этилди,  вазифалар  тақсим  қилинди.  Марғилон  темирйўл вокзалининг  олдидаги  майдонда  2  мингтача  одам  тўпланган, уларнинг  талаблари  бор  эмиш,  ҳукуматдан  вакил  истаётган эмишлар, шунга Сиз борсангиз, деб мендан илтимос қилишди. Мен ҳукумат  номидан  жавоб  бермайман,  дедим.  Ёниингизда  ички ишлар вазири бўлади, конкрет бир нарса бўлса, у жавоб беради, сиз оломонни  тинчлантиришга  ёрдам беринг, дейишди. «Хўп» дедим.

Машинада  ички  ишлар  вазири,  Ўзбекистон  Комсомоли раҳбари Азиз ………….. ва мен машинага ўтириб, вокзалга жўнадик. Вокзалга  боргунча  учта  аскарий  кордондан  ўтишга  тўғри  келди. Шаҳар  ҳокимияти  ва  Тошкентдан  келган  юксак  мартабали меҳмонлар  агрессив  оломондан  шундай  муҳофаза  қилинганди.

Оломон  ҳақиқатан  агрессив  эди.  Худди  курашга  шайланган полвонлардай,  ярим  белигача  ялонғочланиб  олган  ёш  шоввозлар қўлларида калтак, болта ва яна алланималарни кўтариб олишганди. Ичларидан  биттаси  (қўрбоши  эди,  чамаси)  бизни  қаршилади  ва кутилмаган ҳурмат кўрсатиб, оломонга деди:

–  Мана,  Муҳаммад  Солиҳ  акамиз  кептилар,  ҳозир  сизга гапирмоқчилар,  –  деди.  Оломон,  калтак  ёки  ўроқларини  қўлтиғига олиб,  қаарсак  чалиб  юборса  бўладими!  Бу  мен  учун  хайирли ишорат  эмасди.  Мен  билан  бирга  келган  генерал  ва  комсомол йўлбошчиси  «бу  оломон  Солиҳнинг  одамлари  экан,»  деган  фикрга келиши  муқаррар  эди.  Бу  қарсаклар  гўё  бир  кун  аввал Холмуҳаммедов  айтган  «сизнинг  одамларингиз»  деган  дашномни тасдиқлаётганди.

Muhammad_Salih_fotomajmua_50Мен  тишимни  қисиб,  юзимга  табассум  ёйишга  ҳаракат қилдим.  Ва  бир  неча  жумла  билан  оломонга  мурожаат  этдим. Қўлимга  берилган  карнай  бузуқроқ  экан,  аммо  одамлар  гапимни тушунди.  Талабларингизни  ёзма  ҳолда  беринглар,  бунинг  учун учта вакил ажратинглар, дедим. Шундай қилишди.

Ярим  соатдан  кейин  бу  талабларни  оломонга  ўқиб, тасдиқлатгандан сўнгра, оломон:

– Генерал гапирсин, генерал! – дея ҳайқира бошлади. Генерал, –  ички  ишлар  вазири,  –  гапирадиган  ҳолда  эмасди.  Шўрлик  русча тарбия  олган  кадрларимиздан  эди. Кўринишидан  камгап,  мутавозе одам  эди,  ўзбекча  гапиролмасди.  «Илтимос,  ўзингиз  бир  нарса айтиб юборинг уларга,» деди шивирлаб генерал.

–  Ҳозир  сиз  берган  талабларни  муҳокама  қилиб,  қайтиб келамиз, генерал кейин гапиради,  – дедим оломонга.

– Ҳозир гапирсин,  нега қочаяпти! – деб бақирди кимдир.

Бу бир фитначи чақириқ эди. Оломон устимизга ёпирилди. Бу  одамлар  нима  қилаётганини  билишмасди.  Йиллар давомида  тазйиқ  остида  тутилган  инсктинктлар  жилови  бир  оз бўшатилганди.  Бир  аламзадалик  бор эди, бунинг нима эканлиги ва кимга  қарши  эканлигни  ҳам  аламзада  одамлар  яхши  англаб етмагандилар. Масхат турклари сабаблардан биттаси эди холос. Бу ҳам муҳтамалан, КГБ тарафидан уюштирилган «сабаб» эди.

Аслида,  бу  узоқ  йиллар  давомида  ҳақ-ҳуқуқлари  топталган одамларнинг  сўқир  қасоси  эди.  Қон  тўкиш,  уйларга  ўт  қўйиш истаги уларнинг  шуури остида етилган заҳарли мева эди. Марғилон  темирйўл  вокзали  майдонида  бизни  ўраб  олган оломон  ўша  заҳарли  мева  ҳидидан  маст  бўлган  кишилар  эди. Бунинг на миллат масаласига, на демократия на да мустақилликка алоқаси  бор  эди.  Генерал  бебош  оломонга  яхши  ўлжа  бўлиб кўринди  шекилли,  бизнинг  машина  тарафга  ўтишимизга  йўл беришмади.  Мен  боя  гаплашганимиз  «қўрбошини»  баланд  овоз билан  чақирдим.  «Қўрбоши»  тез  пайдо  бўлди,  унга  «мана  шу ҳукумат  одамларига  бир  нарса  бўлса сен жавоб берасан», дедим.

Исмсиз  оломон  ичида  бу  ёш  йигит  конкрет  одам  эди.  Масъулият конкретлик  истарди,  биз уни топгандик. Акс ҳолда, оломон ичидан сирғалиб,  30  метр  нарида  турган  машинага  етиб  боролмаган бўлардик,  балки.  Биз  ҳукумат  «штаби»га  етиб  келганда,  ҳамма енгил  нафас  олди.  Воқеалар  гоҳ  оловланиб,  гоҳ  сўниб  бир  ҳафта давом этди. Қўқонда ва Наманганда кўплаб одамлар ҳибсга олинди, Оломон  ўққа  тутилди,  бир  неча  киши  ҳалок  бўлди.  Ғавғонинг сўнгги  босқичида  месхет  туркларининг  кўпчилик  қисми Фарғонадан  эвакуация  қилиниб  бўлганди.  Бу  биз  ўзбек  зиёлилари учун,  айниқса,  турк  қавмларининг  бир-бирига  яқинлашуви зарурлигини  тарғиб  этаётган  зиёлилар  учун  уятли  бир  ҳол  эди.

Бизнинг  юксак  сўзларимиз  оломонга  етиб  бормаганди  ва  бу оломонни  биз  эмас,  пухта  тайёрланган  махфий  хизмат  ходимлари ва  пулдор  мафия йўналтираётгани маълум бўлиб қолганди. Бошқа тарафдан, Фарғона  жанжали,  бир  маҳаллий  ҳокимият,  Тошкент мустасно,  халқнинг оммавий қўзғолишлари қаршисида фавқулодда ночор  эканлигини  ошкор  қилди.  Айниқса,  бу  органларнинг  бошида турган катта-кичик мансабдорлар ва ҳукумат аъзолари ўзларининг бутун  иқтидорсизлигини  намойиш  қилди.

Ҳукуматдан  ҳеч  бир киши,  минситрдан  тортиб  Марказқўмнинг  биринчи  секретаригача, халқ  олдига  чиқиб,  икки  жумлани  боғлаб,  гапиролмасди.  Нотиқ бўлмагани  сабабли  эмас,  халқ  билан  унсияти,  самимияти бўлмаганидан.  Булар  ҳаммаси  ойна  рахида  етишган  ўсимликлар каби,  кабинетларда  вояга  етган  бюрократлар  эди.  Булар  айнан бюрократлар эдилар ва ҳеч қачон сиёсатчи бўлмагандилар.

Сиёсат  билан  шуғулланиш  ҳаққи  Москвага  берилганди. Сиёсат  ҳақида  гаплашадиган,  сиёсатни  яратадиган  ва  сиёсатни юритадиган  ҳам  москваликлар  эди.  «Қардош  республикалар»нинг раҳбарлари фақат ижрочи  бюрократ мақомида эдилар. Ўрта Осиёда Беҳбудий  (Усмон  Хўжа  ва  Файзулла  Хўжалар  авлоди)дан  кейин сиёсатчилар  етишмаганди.  Тўғрироғи,  етиштирилмаганди.

«Етишишга»  интилган-ларнинг  боши  кесилганди.  Ва  шу  тахлит Ўзбекистон ССРнинг биринчи Президенти Йўлдош Охунбобоевдан тортиб,  Ўзбекистон  КП  биринчи  секретари  Ислом  Каримовгача ўтган  бутун  ўзбек  раҳбарлари  ҳеч  қачон  сиёсат  билан шуғулланмаган,  Москвадан  келган  буйруқларни  бажарганлар, холос.  Ислом  Каримов  бу  хусусиятни  ҳокимиятга  илк  келган кунлари  очиқ  тан  олиб,  «мен  иқтисодчиман,  сиёсатчи  эмасман,» дерди.

Сал  кейинроқ  эса,  бу формулани ўзгартириб «аввал иқтисод, кейин  сиёсат,»  дейдиган  бўлди.  Яна  бир  неча  йилдан  сўнг, сиёсатни  анча-мунча  ўрганди  шекилли,  оғзидан  «сиёсат фоҳишаликдир»  каби ҳикматлар тўкила бошлади.  Бугун  юз  фойиз  сиёсатчи  бўлганига  шубҳа  йўқ,  чунки, атрофига  ҳайқириб  «сиёсатни  бизга  ишониб топширдингизми, энди аралашманг,  ўз  ишингизни  қилинг,  сиёсатни  биз  қилайлик,» демоқда.

(давоми бор)