Омонатга хиёнат – 15

Омонатга хиёнат – 15
177 views
06 August 2016 - 4:30

uzb 25 yil mustaqillikЎзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланади.

Давлат бошқарувининг давлат ва аҳоли манфаатларига муносабати тўғрисида.

1994 йил 1 июль куни Ўзбекистон мустақиллигини асосий белгиси бўлган ўзбек сўми ўзининг мустақил фаолиятини бошлади. 1994 йил 1 октябрь кунидан бошлаб Ўзбекистон давлатини ўша даврда бошқарган ва хозир хам бошқариб келаётган Президент И.Каримов ва унинг режими давлатимиз ва ахолимиз манфаатларига нисбатан ғирромлик, зараркунандалик ва душманлик йўлини танлади. Ўша даврда самарасиз ва зарарли давлат бошқарувини ислох қилиб, ўрнига давлат ва ахоли фаровонлигига етакловчи қийин ва узоқ йўлни бошлашни Ислом Каримов мутлақо истамади. Унинг рахбарлигидаги хукумат 1994 йил 1 октябрьдан бошлаб ахоли манфаатларига нисбатан эълон қилинмаган уруш холатига кирди ва бу урушни шу кунларда хам давом эттирмоқда. Айнан шу кундан бошлаб И.Каримов шахсан давлат бошқарувидаги коррупцияни вужудга келтирди.

Орадан 22 йил ўтиб ахоли манфаатларига нисбатан эълон қилинмаган уруш ахоли тинкасини буткул қуритди.

Давлат бошқарувидаги ўзбек сўми билан чамбарчас боғланган коррупция бугун давлат хавфсизлигига ўта жиддий хавф солмоқда.

2015 йилнинг иккинчи ярмидан яққол кўрина бошлаган “Буюк” молиявий иқтисодий бўхрон жонажон Ўзбекистонимиз ахолисига 2016 йилда хам ўзининг дахшатли хукмини ўтказиб келмоқда. Давлатимизнинг ва шахсан И.Каримовнинг бу инқироздан чиқиш режалари борми ? Оламшумул ютуқлардан эсанкираб қолган Президент ва унинг режимига “Буюк бўхронни” ичларидан тилларига чиқариш учун қанча вақт керак бўлади? Яна қанча вақт ночор фуқароларимиз хукуматдан жабр, зулм ва зўравонлик кўриб яшашлари керак ? Бу каби саволларга жавобни зийрак, зехнли ва фахм фаросатли фуқароларимиз шахсан И.Каримовдан сабр билан кутмоқдалар. Бироқ И.Каримов ва унинг режими давлатимиз ва ахолимиз “Буюк бўхрон” домига тушиб қолганини ўз тилларига олиб, уни эътироф этишдан қаттиқ чўчимоқда. Албатта И.Каримов юқорида зикр этилган харакатларни ошкор бўлишини мутлақо истамайди. Индамаслик, эътиборсизлик харакатлари билан И.Каримов сиёсий мунофиқлик томон юзланмоқда. Нима хам дердик, бу Президентнинг шахсий хаёти.

Жорий хукуматни шахсан у ташкил қилган ва ўзи билганича давлатимизни хозирча бошқариб келмоқда. “Буюк бўхрон” И.Каримов ва унинг режимини давлат ва ахоли манфаатларини устивор таъминлаш борасида ўз вазифаларини бажармаётганини яққол намойиш этмоқда. Кимни ким эканлигига бахо бериш давлатимиз ва ахолининг иши. Хақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди.

Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин хам очилади.

Тақдир ва пешонадаги Оллохнинг битиги не инсонларни лол қолдирмаган. Подшохларни гадолик кўчасига улоқтириш, хукмдорларни ва Президентларни жиноятлари учун кечириш ва қамоққа олиш, инсон пешонасидаги битикларнинг қисқа баёнидир холос. “Хар қандай ёмонликни яхши тарафи хам бўлади”, дейди доно халқимиз.

Бугунги “буюк инқироз” И.Каримов режимини жуда айёрлик билан пухта режалаган қора, яширин ва қинғир ишларини жамоатчилигимизга ва тегишли махсус ташкилотларимизга ошкор қилмоқда.

Ахолининг 7 ёшдан 70 ёшга қадар бўлган қисми кўз ўнгида Президент И.Каримов, Бош вазир Ш.Мирзиёев, Марказий Банк раиси Ф.Муллажонов ва унинг ўринбосари У.Мустафоевлар ўзлари ўтирган дарахт шохини ўзлари кесиб, шох билан бирга ўзлари хам йиқилиб тушдилар. Уларнинг бу ахмоқона ишларини давлатимиз ва ахолимиз вакиллари кузатиб туришибди. Ерга қулаган дарах шохи ўзбек сўми, чакана нархлар, товар пул муносабати эканлигини улардан бошқа барча ўзбекистонликлар жуда яхши биладилар. Ахмоқ одамлар атрофида доимо қаллоблар топилади ва тўпланади. Ахмоқ хукуматлар эса давлат бошқарувидаги коррупцияни яратадилар ва ривожлантирадилар.

И.Каримов рахбарлигида Ўзбекистон Марказий Банки воситасида амалга оширилган қонунлаштирилган ўғрилик, босқинчилик ва қароқчилик сиёсати бугунги дахшатли “буюк инқироз” ни юртимизда пайдо бўлишига бош сабабдир. Марказий Банкнинг монетар сиёсати ниқоби ортига яшириниб, қилмиши эгри, емиши харом бўлган одам қиёфасидаги шайтонлар гурухи сабаб, жонажон ватанимизда “Буюк инқироз” хукмдорлик қилмоқда.

Ўз хукмронлигини сақлаб қолиш учун юқорида зикр этилган харакатларни содир этган И.Каримовни ўзи хам, унинг режими хам бугунги инқироз қаршисида ожиз ва заиф эканлигини Ўзбекистонликлар билиб турибдилар.

И.Каримовни ўзини ва унинг режимини 22 йил давомида ахмоқона сиёсат олиб боганини қуйидагилар тўлиқ исботлайди:

1. Миллионлаб ўзбекистонликлар мехнати билан яратилган ва келгусида уларга қайтарилиши лозим бўлган ўзбек сўмида жамғарилган ва сақланган тахминан 6 миллиард доллар қийматидаги нафақа жамғармаси маблағларини қадрсизланиб йўқотилиши.

2. Марказий Банкнинг ва бошқа барча банкларнинг сўмда сақланган, асосий ва айланма маблағларини пул жамғармаларини (тахминан 15 -20 миллиард доллар қийматида) қадрсизланиб, йўқотилиши.

3. Барча мулкчилик шаклидаги хўжалик юритувчи субъектларнинг ва ахолининг сўмда сақланган ва жамғарилган (тахминан 20 миллиарддан зиёд айланма ва асосий) маблағларини, пул жамғармаларини қадрсизланиб, йўқотилиши.

4. Ахолининг 1992 йилги давлат заёми облигацияларига жалб қилинган бир неча миллиард доллар қийматидаги пулларни қадрсизланиб йўқотилиши.

5. Президентнинг шахсий ташаббуси билан Ўзбекистон Банкларига жалб қилинган ахолининг ва ахоли уюшмаларининг омонат пулларини ўғирланиши, камомадга йўл қўйилиши ва қадрсизланиши оқибатида йўқ бўлиб кетиши.

6. Ўзбек сўми жамғариш вазифасини бажармай, бу вазифани АҚШ долларига топшириб қўйгани.

Юқорида қайд қилинган холатлар давлат ва ахоли манфаатлари нуқтаи назардан шак шубхасиз қилинган ахмоқликлар натижасидир.

Бироқ И.Каримов ва унинг режими юқорида таъкидлаганимиздек бу сиёсий йўлни 1994 йилнинг 1 октябридан бери иккиланмай, хеч бир изохсиз давом эттириб келмоқда.

Фалакнинг гардиши билан вақтинча харбий, молиявий, маънавий устунликка эришган И.Каримов ва унинг ижроия хукумати қонунчилик ва суд хокимиятини ишғол қилишга хам муваффақ бўлди. Шунинг билан баробаринда оммавий ахборот воситалари хам бутунлай жиловланди.

Тақдир И.Каримов ва унинг режими олиб бораётган ахмоқона сиёсатдан қайтарадиган барча одамларни, барча кучларни йўқ қилинишига олиб келди.

Битта шахснинг нотўғри ва хато танлови бутун бошли режимни нотўғри ва хато йўлига айланди. Қонунчилик ва суд хокимияти, шунингдек ОАВ И.Каримов ва унинг режимини адолатсиз, ақлсиз ва ахмоқона йўлдан қайтариш ўрнига ўзлари шу ахмоқлар сафидан ўрин олдилар.

Давлатимиз ва ахолимиз ўз манфаатларига қарши курашган одамларга ўзини муносиб бахосини албатта беради, бунга шак шубха йўқ.

“Буюк инқироз” Ўзбекистон Вазирлар махкамасини, вилоят ва туман хокимликларини оғир кунларда чакана нархларнинг ўсиши, ўзбек сўмининг қадрсизланиши, товар пул муносабатларини издан чиқиши, озор чекаётган, қийналаётган ва катта талофатлар кўраётган оддий фуқаролар, камбағал бева бечоралар, нафақахўрларга нисбатан хамдардлик хиссини йўқотганини яққол кўрсатмоқда.

Фуқароларимиз Президент И.Каримовни 25 йилдан бери ўзбекистонликларни камситувчи ва тахқирловчи, Конституцияни қатор моддаларини бузувчи энг кам иш хаққи миқдорини белгилаб келаётганини жуда яхши биладилар. Бундан ташқари бу инсон бир неча миллион ўзбекистонликларни унга ишониб ёзган мактубларига шахсан жавоб бермай уларга нисбатан хурматсизлик кўрсатаётганлиги жамотчиликка маълум. Шунингдек, бу инсон фуқароларни қабул қилмай, уларни хаётларига қизиқмай қўйгани хеч кимга сир эмас.

Юқорида таъкидлаганимиздек, ахолимизнинг деярли ярмидан кўпи турли туман муаммоларининг ечимини тоаполмай азоб уқубат чекаётган бир пайтда юқорининг уларга нисбатан хамдардлигини йўқотиши Ўзбекистон Республикасини фуқаролар уруши бўсағасига олиб келди.

“Буюк инқироз” Ўзбекистонда фуқаролар урушини бошланиши сабаби ва эхимолий манбаларини яққол кўрсатмоқда:

1. Қарийиб 5 миллионга яқин нафақахўрларни нафақа пули билан таъминлаш манбааларининг кундан кунга қисқариб бораётганлиги.

2. Ахолининг сув, электр ва иссиқлик энергияси, газ, ер мулк солиғидан ва бошқа тўловлардан йиғилиб қолган давлат олдида қарийиб 5 триллион сўмлик қарзи ва бу қарзларни улар тўлай олмаслиги муаммоси.

3. Мулкчиликнинг барча туридаги хўжалик субъектларининг давлатдан, бир бирларидан йиғилиб қолган триллион қарзлари ва бу қарзларни улар тўлай олмаслигининг оқибатида миллионлаб одамларнинг ишсиз, пулсиз ва химоясиз қолишлари.

4. Куч ишлатар тизимлари, ИИВ, МХХ, ФХВ ва мудофаа вазирлигининг инқироз вақтида тўлиқ молиялаш имконияти чегараланганлиги. Моддий ишлаб чиқармайдиган одамларни хаддан зиёд кўплиги сабабли уларни барчасини пул билан таъминлашнинг имкони йўқлиги.

Камина Жахонгир Шосалимов 2016 йил 1 августда Ўзбектистонўда ишлаб чиқарилган “Спарк” русумли автомашинани сотиб олиш учун Тошкент шахар Учтепа туманида жойлашган Учтепа МЧЖ Автосалонига бордим. Шу куни мен юқорида зикр этилган Автосалонда Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ва қонунларини бузилишини, ўзбек сўмини камситилиши ва ватанимизнинг ягона тўлов воситаси хисобланмаслигини гувохи ва шохиди бўлдим. Автосалон рахбарининг муовини Холтаев Азиз менга “ЖМ” корхонасининг юқоридан туширган кўрсатмасига асосан мен билан Автосалон ўртасида ўзбек сўми билан автомашина сотиш шартномасини тузмаслигини билдирди. Ўзбек сўми воситасидан “Спарк” русумли автомашина сотиб олиш учун “ЖМ” корхонаси рахбарига ёзма мурожаат қилиш хақида холис маслахат берди.

Биз ўзбекистонликлар “ЖМ” автокорхонасини ва унинг рахбарлари Бош вазир Ш.Мирзиёев ва Президент И.Каримовлар эркатойлари эканлигини жуда яхши биламиз. “Бола азиз, одоби ундан азиз”, дейди доно халқимиз. Ўзбекистон давлат суверенитетини бузишга давлатимиз ва халқимизнинг рамзий фахри бўлган ўзбек сўмини юртимизда фаолиятини таъқиқлашга хеч кимнинг хаққи йўқ.

Ш.Мирзиёев ва И.Каримов ватанимизда ишлаб чиқарилаётган ўнминглаб автомобилларни АҚШ долларига сотилиши “қора бозорда” АҚШ долларига бўлган талабни кескин ошириб юборишини билмайдиган содда одамларми ?

Автомобил савдосидаги бу катта жиддий сиёсий хато оддий одамларни, камбағал фуқароларни хаётини янада қийинлаштиришини юқоридаги ташаббус ижодкорлари фахмига бормайдиларми ? Улар буни жуда яхши биладилар, уларнинг ўз муаммолари хал бўлса бўлди. Ўзбекистонни сув босса хам уларнинг тўпиғпга чиқмайди.

Президент И.Каримов ва Бош вазир Ш.Мирзиёев юқоридаги холатлар хақида индамаётганликлари, бепарволиклари, уларни давлатимиз ва ахолимиз манфаатларига очиқ душманлик деб бахоланиши лозим.

(Давоми бор)

Мустақил иқтисодчи: Ж.Шосалимов
Хуқуқ химоячиси: Ш.Рустамов
5.08.16й