“Кўринмас қўл”…

“Кўринмас қўл”…
68 views
07 August 2016 - 7:00

TuzoqСафо Урганжи

ТАНАЗЗУЛ
(Тўрт юз олтмиш еттинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР 

ТУЗОҚ

Биринчи китоб

(Роман муаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

 Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб қололмайди.

Муҳаммад (с.а.в)нинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

 (18-қисм)

Ўн тўртинчи боб

– Исмингиз нима? – “биродар”дан сўради Ардашер.

– Абдулла!

– Абдуллажон! – деди Ардашер. – Бу ерда ҳеч кимнинг ҳам ақли-ҳуши жойидамас. Ҳаммамиз ҳам сиртимизда кулганимиз билан, ичимизда бу ишларнинг охири нима билан тугаркан, дея зил кетиб ўтирамиз. Тушган жойимиз шундай бир жойки, қувониш ҳам, қайғуриш ҳам ортиқчалик қиладиган вақтлар кўп бўлади. Ихтиёримиз кескин чегараланган бу тубанликда сабр қилмоқлик, умид боғламоқлик ва кутмоқликдан ўзга чора йўқ. Етказилган ғайри инсоний қийноқлар, қўпол муомалалар ҳар одамга ҳар хил таъсир этиши табиий. Ҳар биттаси ўзига хос яратилган бандаларнинг ҳеч қайсилари бир-бирларига ўхшамайдилар. Шундай экан, уларнинг ҳис-туйғулари, эҳтирослари ва ички кечинмалари бир-бирлариникидан кескин фарқланади. Тақдири азал тушунчаси ҳақиқат. Ижтимоий келиб чиқишга ҳам кўп нарсалар боғлиқ бўлади. Инсон тажовузлар ва камситишларга эътиқоди ва руҳий ҳолатидан келиб чиқиб муносабат билдиради. Эътиқод ва руҳий ҳолатимиз, ўз навбатида, ижтимоий келиб чиқишимиз билан боғлиқ…

Ардашер сўзини тугатар-тугатмас йигирма ёшлардаги хоразмлик шошқалоқ йигит:

– Мен новини ўйлаётирман, Абдулла оға? – дея сўраб қолди.

Абдулла бир муддат дамини ичига ютиб тургач:

– Зумратни ортиқ ўйламасанг ҳам бўлади энди! – деди унга.

– Ҳов, на учун ўйламийман, оға. Шу қиза ўйланаман дап шу жойлара галиб душдим! – деди у.

– Бир ҳафта қолди. Зумратнинг тўйи бўлади. У сени шу вақтгача алдаб юрган! – деди Абдулла ҳансираб, елкасидан чуқур нафас оларкан. – Зумрат билан бир мактабда ўн йил ўқигансизлар. Болалик чоғларингиздан бир-бирларингизни яхши кўргансизлар. Зумратнинг сени Хоразмдан Тошкентга чақиртиришининг сабаби, ўзи баҳона қилганидек, соғинганидан эмас. Битта босқичда ўқийдиган Нурхон исмли қашқадарёлик йигитнинг бир йил аввал, уйланаман дея уни бузиб қўйгани учун эди. Зумратни қорнида икки марта ҳомила бўлиб, иккаласини ҳам Нурхон таниш дўхтирига олдириб ташлатган. Охирги пайтларда Нурхоннинг Зумратга қиё боқмасдан юргани қиз учун оғир зарба бўлди. Унинг бу талафотни сенинг қўлинг билан бартараф қилмоқчи бўлгани бошингга оғир мусибат олиб келди. Нурхоннинг ҳар ойда жазманларини пайпоқ сингари тез-тез алмаштириб турадиган ахлоқи бузуқ хотинбозлигини Зумрат яхши билса-да, сени чақириб ўзининг кимлигини унга кўз-кўз қилмоқчи бўлганди. Яъни, сен жонингдан ҳам яхши кўрадиган ўша қиз хушторига, “Мен кераксиз тош эмасман, изларимга зор бўлиб юрадиган сон мингта йигитлар бор!” деб мақтанмоқчи эди. Талабалар шаҳарчасида сенинг Зумрат билан кечани кеча, кундузни кундуз демай яйраб юрганингни кўрган Нурхонга, табиий, бу нарса ёқмаган, албатта. Аслида бошингга бало бўлган нарса ўта келишган йигит бўлганлигинг. Нурхоннинг ғайирлигини қўзитган жиҳат ҳам мана шу эди. У аввалида авомбош қишлоқдошларини ёллаб, сени қўрқитиб, шаҳардан ҳайдаб солмоқчи бўлди. Аммо улар бу сафар кимга дуч келаётганларини билмас эдилар. Сенинг ҳеч нимадан қайтмайдиган феълинг борлигини сезганларида, сенга яқинлашмаган бўлардилар. Биринчи марта сени тўрт кишилашиб калтакладилар. Иккинчи мартасида Зумрат билан қаҳвахонада овқатланиб ўтирганингда, орқангдан ўн кишилашиб кузатиб келиб, ҳамманинг олдида сени шарманда қилмоқчи бўлдилар. Талабалар шаҳарчасидагиларнинг кўпи уларни яхши таниганлари учун ҳам сени бадном қилиб, масалага нуқта қўйишни режалаштирган эдилар. Сен уларнинг чангалидан отилиб чиқиб, чироқни ўчирдинг. Ошхона пичоғини қўлингга олдинг-да, иккитасини ўша жойда чавақлаб ўлдирдинг. Қолганлари жонларини асраб қолиш учун жуфтакларини ростладилар. Яхши кўрган қизингнинг номи булғанишини истамаганинг учун терговда барча айбни ўз бўйнингга олиб катта хатога йўл қўйдинг. Зумрат шу ҳодиса рўй берган куннинг эртаси Нурхоннинг олдига бориб, катта тўй қилиб, ундан ўзига уйланишни талаб қилди. Жиноятнинг таги очилиб қолишидан қўрққан Нурхон қизнинг уйига дарҳол совчилар жўнатиб, никоҳ кунини белгилатди. Тез кунда уларнинг тўйлари бўлади!

Абдулла сўзини тугатар-тугатмас ҳамманинг эътибори Икромга қадалди.

Ошиқлиги орқасидан жаллодга айланган йигит яшин урган дарахтдай ўз ёғига ўзи қовурилаётган эди. У иккинчи қаватдан бошини пастга осилтириб тураркан, икки кафти билан юзларини ишқалаб уф тортиб юборди. Бу нишона Абдулланинг ўқни мўлжалга бехато урганидан дарак берарди.

Абдулланинг топағонлигидан жонланган маҳбуслар тезроқ тақдирлари хусусида билишни истардилар. Руҳиятида ҳақиқатдан ҳам ўзгариш пайдо бўлганини билган Абдулланинг эса юрагига қил сиғмасди.

У атрофини ўраган камерадошларининг ўзлари ҳақида айтиб беришни сўраб қилган илтимосларига жавобан:

– Бундай йўл тутсам, Тангрининг ғазаби келади! – деди. – Бандасининг тақдирини ўқиш гуноҳи азим. Яратганнинг ишига бурун тиқиб нима қиламан.

– Тангри шуни хоҳламаганида сизга бундай мўъжиза бермаган бўларди! – деди Ардашер. – Хоҳлабдики, фазилат ато этипди. Ўзи бермаса, ялиниб ҳам ололмасдингиз. Шундай экан, уни ичингизда сақлаб нима қиласиз? Ҳунарни ишга солинг, инсонлар баҳраманд бўлсинлар!

‒ Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Парвардигори оламдандир. Мўъжиза эса, пайғамбарларга берилади. Мен оддий ва пешонаси шўр бир бандаман. Бироқ мендаги бу ҳолат руҳий хасталик аломати. Миршабларнинг аччиқ таёғи ва таҳқирлашларидан кейин шунақа бўпқолдим, – деди Абдулла. Товуши тез югурганидан нафаси сиқиб қолаётган одамга ўхшаб ҳансирай-ҳансирай чиқди. – Бу “кароматим”нинг охири жиннилик билан тугайди-ёв!

– Қўйсангиз-чи! – деди Ардашер ўғлига сабоқ бераётган отадай сўзларини салмоқлаб. – Йўқса, авлиёлар ва кароматгўй эшонлар жинни эканлар-да.

– Улар меҳнат машаққати, илм-маърифат, ҳалол луқма, тақво ва ихлос билан комилликка эришган зотлар. Уларнинг йўриғи бошқа! – деди Абдулла. – Мен таёқ зўридан мулло бўлдим. Миямнинг пўстлоғида қандайдир ҳимоя воситалари шикаст еди. Ўша нуқталар марказий мия бошқарувига итоат этмасдан, ўзларича ишлаяпти. Менинг ҳолатим кийимини ечиб қайноқ кун тиғида ёки қаттиқ совуқда қолган яланғоч тананинг ҳолатига ўхшайди. Ҳимоясиз тўқималар жон сақлаш илинжида паноҳ қидириб дуч келган жойга бошини тиқмоқда. Турган маконларидан оёқлари узилиб, бошқаларнинг мия кенгликларига уриб кириб, ёзилиб қолган ахборотларни ўқимоқда. Қиёсан айтганда, мия тўқималари ночор аҳволга тушиб, тўлқин юбориш йўли билан ўзгалар мулкида қароқчилик билан шуғулланяпти. Қароқчиликнинг охири войлиги барчамизга аён!

Абдулланинг ақлга сиғмайдиган ғалати сўзлари ҳаммани фаромуш қилиб қўйди. Маҳбуслар нима дейишларини билолмай қолдилар. Унинг очиқдан-очиқ ўзининг жинни бўлишини башорат қилиши маҳбуслар кўнглини хуфтон қилди. Шундай ҳам совуқ қабрга ўхшаб кетадиган камера баттар тундлашди.

Одамлар дилига ғулғула солиб қўйганидан хижолатда Абдулла вазиятни бир оз юмшатмоқчи бўлди:

– Мени тўғри тушунинглар, мен жинни бўлсам-бўлмасам энди ўлган одамман! – деди у. – Менга ёмон айб тўнкашди. Бу модда билан қамалган одам қамоқхонадан тирик чиқмайди. Орқамда кўзимнинг оқу қораси бўлган битта қизим қолди. Унинг ҳаёт йўли ҳам бузилиб бўлган. Кун-тун шу фарзандимни ўйлайман. Бу дунёда бошқа қиладиган ишим қолмади!

Унинг товуши хириллаб қолди. Кўзларидан ёшлари оқди, шекилли, тўни ёқасини тиклаб, юз-кўзларини артди. У ҳали ҳам ҳансираб, елкасидан зўрға нафас оларди. Маҳбуслар эса ичларида, бояқиш узилиб қолмаса гўрга эди, деб жон ҳовучлаб ўтирардилар.

 Унинг тили сўзга айланмай қолгач, бошқалар ҳам тиниб қолди. Ҳар бири ўзи ҳақида билгиси келиб турган бўлса ҳам, сўрашга юрак бетлаб ботина олмасди. Бу сукут осмонўпар тоғлар юкидан ҳам залворлироқдек эди. Яъни, оддий сукунатга унчалик ҳам ўхшамайдиган бу жимлик замирида бошларни тиғсиз кесадиган қутқу бордай, юракларга қандайдир ваҳима ва совуқлик оралади. Оёқлар увишиб, нафаслар сиқила бошлади. Бирпасдан сўнгра камера таги-туги билан портлаб, дунё йўқ бўлиб кетадиганга ўхшарди…

Узоқ йиллар ўқувчиларга сабоқ бериб, инсон руҳиятини сўзсиз уқишга ўрганиб қолган Абдулла ўзи юзага келтирган оғир муҳитдан ўзи хижолатда эди. Маҳбусларнинг изтиробларини у қалбан ҳис этаркан, диқ бўлган юраги ёрилай дерди. Оғир жимликни вужудга келтиргани учун у ўзини ичидан гуноҳкор санаётганди. Адашган йўловчи рўпарасидаги минг бир йўлнинг қайси биридан юрса манзилига етиши мумкинлигини билолмай боши қотгандай, унинг ҳам боши қотган эди. Қандай қилса камерадошлари кайфиятини ўзгартира олишини тополмай у ҳайрон бўлиб қолди. Латифанома гурунглардан сўзласа, ўрни эмас, жиддий нарсалар ҳақида оғиз очса, бу азада нутқ сўзлагандай бир гап бўлади. У бу каби мураккаб бир вазиятдан чиқиш ўзи учун осон кечмаслигини яхши тушунарди. Ҳар жойнинг ўзига яраша гап-сўзи ва ҳангомаси бўлгани каби, бу ерларга ҳам ярашадиган гаплар ва ярашмайдиган гаплар бор. Ўз ҳаётидан ҳикоя қиламан деса, ўйлашича, бунинг бировларга ибрат бўладиган жиҳати йўқ. Қолаверса, у “мағзавангни бировлар устидан қуйганингдан нима наф” деб ҳисоблайдиган кимсалар тоифасидан эди.

– Абдулла ака! – деди сукунатнинг темир пардасини йиртган Ардашер. – Узр, боя адашипман, мендан ёшингиз каттароқ экан. Майли, сизнингча бўлсин! Ўйлаб қарасам, бировлар тақдирини ўқиш – фол очгандай бир гап. Бу динимизда ҳам қораланади. Ўзингиз ҳаққингизда бирор нима гапириб беринг. Мотам тутиб ўтирган билан тонг оқариб қолмайди.

– Нима десам экан! – деди Абдулла. – Майли, сизларга қизиғи бўлса, сўзлаганим бўлсин. Бу дамлар ҳам омонат. Имкони борида, юрагимдаги дардларимни тўкиб солсам, балки юким бироз енгиллашар! Ҳақиқатан ҳам ўз ҳаётимдан кўра, бошқа бир тузукроқ биладиган соҳам йўқ. Мабодо ҳеч бир жиҳати билан ибрат бўла олмайдиган ҳаётим тарихи сизларни зериктирса, айтасизлар, ҳикояни калтароқ қиламан. Келишдикми?

Ҳамма унинг иддаоларига чуқур бир сукут билан ризолик билдирди. Уларни сўзсиз англаган Абдулла ҳам, қарийиб бир дақиқадан кўпроқ дамини ичига ютиб турдида, кейин шикаста бир товушда ҳикоясини бошлади.

– Касбим ўқитувчи. Математика фанидан дарс берардим. 1955 йилда Тошкентнинг “Б” даҳасида туғилганман. Ота-онадан ёлғиз фарзандман. Отам ҳам, онам ҳам ўқитувчи эдилар. Иккалаларининг ҳам дорулфанодан дорулбақога рихлат этганларига анча бўлди. Тирик бўлганларида, бу кўргуликларга чидаш бера олмасдилар.

Хуллас, мен ота-онам дарс берган мактабда ўқитувчилик қилардим. Эрта уйлаб қўйган бўлсалар ҳам, жуда кеч фарзанд кўрганман. Ўзим ҳам ота-онамнинг ёши бир жойга борганда туғилганман. Советлар замонида бировлар қўлида қарам бўлсак-да, ўзгалар фойдасига ишлаб чиқилган дастурлар ўзимизга қарши йўналтирилган бўлсада, мактаблардаги шарт-шароит ҳозиргисидан юз чандон яхшироқ эди. Ўқувчилардан пора олинмас, ойлик  маошлар вақтида бериларди. Ўша замонларда хотиним билан иккаламизнинг топган пулимизга бемалол яшардик. Отамдан қолган шинам ҳовлим ва тагимда машинам бор эди. Мустақиллик бўлдию, барчаси бир кунда ўзгариб, озод бўлдик деб суюнганларимиз пуч бўлиб чиқди, ёмғирдан қочиб, дўлга тутиндик. Мояна билан умргузаронлик қилиш қийинлашиб бораверди.

Бир кун хотиним, “Одамлар Хитойга бориб, товар олиб келиб бойиб кетяпти. Уч-тўрт сўм пул топиб беринг, мен ҳам савдо қиламан”, деб қолди. “Тинчгина яшаяпмиз. Билмаган нарсангга қўл уриб нима қиласан. Яхши кунлар келиб қолар” десам, кўнмади. Ёш боладай хархаша этиб, икки оёғини бир этикка тиқиб олди. Еган-ичганим заҳарга айланди. Бировдан қарз сўрайдиган замон эмас. Осмон баланд, ер қаттиқ, нима қилишни билмайман. Ахири хотиним, “Пулни ўзим топаман, туриб берсангиз, бўлди”, деди. “Яхши”, дедим мен. Аммо қандай туриб беришликни тушунмасдан гаранг эдим. Хотинимдан сўрасам, “Пулни топганимда, айтаман”, деди. “Майли” деб қўявердим. Орадан ҳеч қанча ўтмасдан хотиним, “Пул топдим”, деб келди. “Нима қилиш керак” деб сўрасам, “Машинани гаровга қўйиб берасиз”, деди. Ичимдан бир нима узилиб тушгандай бўлди. Бирор нарсани гаровга қўйиш нари турсин, умрим бино бўлиб бировдан бир сўм қарз сўраган банда эмас эдим. Сўз берганман, машинани гаровга қўйдим.

Кўп ўтмай хотинимнинг савдо-сотиғи юришиб, қўлимиз пул кўрадиган бўлди. Уйимиздаги шарт-шароитлар ўзгариб кетди. Хоҳлаган нарсамизни киядиган, хоҳлаган овқатимизни еб-ичадиган бўлдик. Хотинимнинг йўриғига юриб яхши қилган эканман, бўлмаса бошига таёқ еган илонга ўхшаб судралиб юраверарканман, деб ўйладим. Орадан ярим йил ўтиб, шифохонада ҳамшира бўлиб ишлайдиган хотиним ўн беш йиллик касбини ташлади. “Шифохонада бир йилда ишлаб топадиган пулимни савдо билан бир ойда топаман”, деди у. Ростдан ҳам шундай эди. Қўлида ҳунари бор, ўз касбининг усталари ҳар нафасда нураб борардилар. Хотинимни кундан-кун ишлари юришиб, маҳаллада кўзга кўриниб қолдик. Менинг ҳам мактабдан қўлим совий бошлади. Ишдан бўшамоқчи бўлсам, мудир икки оёғини ерга тираб, “Кетмайсиз, ота-она касбини хор қилиш уят”, деб сўзида туриб олди. Ҳафтасига икки соат дарс олиб, қолган соатларимдан воз кечдим. Отамнинг шогирди бўлган мудир менинг бу тантиқликларимга ҳам кўнди. Олди-соттига ёрдамим тега бошлаганидан хотиним хурсанд эди. У пул топиб турганидан кейин, ўз-ўзидан оилада биринчи кимсага айланганди. Мен унга ёрдамчи бўлдим. Хотинимнинг маслаҳатисиз узатган оёғимни йиғолмайдиган бўлиб қолдим. Мустақил иш қилишга майл йўқолди. Беғалва еб-ичишнинг ҳадисини олсанг, ҳалолдан ҳам, ҳаромдан ҳам жирканмас экансан.

Ҳафтада бир марта мактабга бориб, икки соат дарс бериш азоб туюларди. Ўқувчиларни кўришга кўзим, отишга ўқим йўқ эди. Ўқитувчилар кўзимга битта нон топиш учун бошини ҳар эшикка уриб, тиланчилик этиб юрган гадога ўхшаб кетарди. Қайси бири билан суҳбатлашма, пулсизликдан, ночор аҳволидан гапирарди. Улар бу билан мендан тама қилаётганга ўхшардилар. Шунинг учун “қарғишга йўлиққан мактабдан” уйимга тезроқ кетишни истар эдим. Хотинимга мактабдаги танг аҳвол хусусида гапирсам, “Ўша жиннихонани йиғиштириб, топган-тутганимни ушлаб уйда ўтирсангиз бўлмайдими”, дер эди. Мудирга ишдан бўшаш хусусида ариза ёзиб кирсам, “Ҳали хурсанд бўласиз” деб аризамни ҳар сафар йиртиб ташларди.

Шу орада хотиним: “Жиддий иш қилиш мавриди етди”, деб ҳовли билан машинани бир йўла гаровга қўйиб, судхўрдан катта қарз кўтарди. Бу сафар у ҳовли билан машинани гаровга қўяркан, йўлига бўлсин, мендан рухсат сўрамади. Мен ҳам, хотинимнинг ақли барча нарсаларга етади деб ўйлашга кўникиб қолган эдим. Хотиним бу гал бор товарларини Қозоғистонда талончиларга талатди-да, икки қўлини бурнига тиқиб қайтиб келди. Бир ҳафта ичида барча мол-мулкимиздан мосуво бўлдик. Шундан сўнг хотиним қизимизни олиб отасиникига кетиб қолди. Ҳолимдан хабардор мудир менга қўшимча дарс соатларини қайтариб берди. Шу-шу, анчагача мактаб қоровулхонасида ётиб юрдим. Савдо-сотиқ орқасидан танишган кимсаларнинг ҳеч бири “ҳолларингиз нечук” деб биздан хабар олмади. Яна ўша маҳалла, йўқсил ўқитувчилар кўнгил сўраб далда бериб турдилар. Мудир айтганидай, мактабдан кетмаганимга суюндим. Битта нонга зор қолган кунларимизда ўқитувчиликнинг арзимаган пули оғзимизга томизиқ бўлди, мактаб зимистон кечадаги нажот чироғига айланди. Ҳамкасбларимнинг умид уйғотувчи далдалари қирғоққа сузаётган қайиқнинг эшкакларидан афзал  эди. Қутулиш илинжида ҳар томонга чанг солаётган панжаларимга шу эшкаклардан бошқа бирор-бир нарса илинмасди. Бу азоб ва уқубатлар мени мустақил фикрлашга, ор ва номус туйишга мажбурларди. Бироқ озод тафаккур қилишга ҳали ҳам менда журъат етишмасди. Оиладаги бутун масъулиятни қўлимга олиб, хотинимга, “Ўзингнинг аввалги ишингга чиқ”, дейиш учун уч ой ўйландим. Шу гапни айтганимда у, “Нима қилишни менга ўргатманг, ўзим сиздан яхшироқ биламан”, деди. У илгариги юмшоқ, хушмуомала аёл эмас, отдан тушса ҳам, эгардан тушмайдиган ўжар бир кимсага айланганди. Унинг “Жулдурвақи ўқувчиларингизнинг сассиғини ҳидлаб топиб келган тўрт сўм пулингиз билан кун кўриб бўлармиди”, деган гапи менга қаттиқ ботди. Индамасдан орқамга қайрилиб чиқиб кетдим. Аммо ундан хафа бўлмадим. Барча кўргуликларнинг сабабчиси ўзим эканимни тушуниб етган эдим. Вақтида ақлимни ишлатиб, қатъият кўрсатганимда, оиламни сақлаб қолган бўлардим. Оз еб, оз ичсак ҳам, ор-номус деган ноёб туйғулар ҳеч қачон бизларни тарк этмаган бўларди. Ҳар жойда бошимни тик кўтариб юра олардим. Менда Қоруннинг моли, Сулаймоннинг давлати бўлганда ҳам, устига тилло ортилган эшакдан афзал жиҳатим қолмаганди. Мол-дунё инсонга ҳақиқий бахт бўлолмаслигини кечроқ тушундим.

Бироқ менинг ҳолимга тушган одамлар сони кун-кундан кўпайса кўпаярдики, камаймас, бу иллат оддий ҳолга айланиб бораётган эди. Одамлар ўзларининг нуқсонларини фазилатга йўйишни ёқтирадиган замонлар бошланганди. Бутун бир жамиятнинг фозил кишиларга нафрати ортиб, ўғри ва каззоблардан фахрланадиган даврлари етганди. Ҳукумат бошида турган раҳнамолар фуқароларни азоб-уқубатлардан чалғитиш учун манфур йўлни танлаган эдилар. Миллат ўзлигини таниб қолса, раҳбарлар ҳокимият жиловини ушлаб туриш учун ўзларида куч ҳам, сабот ҳам етишмаслигини яхши билардилар. Шу каби хаёллар исканжасида юрган кунларимнинг бирида институтда дарс берган устозим Ғолиб Тиловни учратиб қолдим. Ғолиб ака Жиззах вилоятининг қайсидир бир қишлоғидан пойтахтга келиб, ўқиб қолиб кетган қалби гўзал, соддадил, ҳақиқий ўзбек зиёлиси эди. Паст бўйли, ушоқ киши бўлса ҳам, унда бургутнинг шижоати ва етти от қуввати бор эди. У ёлғонни жинидан ёмон кўрарди. Ўз манфаатини ўйлаб, халқни йўлдан оздирмоқчи бўлган сиёсатчиларни кўришга кўзи, отишга ўқи йўқ эди. Қаршисида Чингизхон қилич ялонғочлаб турганда ҳам, тўғрисини тўғри деб айтарди. Сиёсий давралардаги баъзи мишмишларга қараганда, президент шу хислатлари учун ҳам уни ёмон кўриб қолиб, йўқ қилишнинг пайига тушган эди.

У республикадаги таниқли мустақил ҳуқуқ ҳимоячилардан бири эди. У инсон ҳуқуларини ҳимоя қилиш мустақил ташкилотини тузиб, ўзи шу ташкилотга йўлбошчилик қиларди. Унинг фаолиятидан кўпдан буён хабардор бўлсам ҳам, дастурамали ва ишлари билан аниқ таниш эмасдим. Устоз билан орамизда бўлиб ўтган ярим соатлик суҳбат ўзимни ўзим танишимга имконият туғдирди. Шунда ҳаётдаги ўрним қаерда эканлигини яққол ҳис этдим. Илгарилари ўзбек жамиятининг тез чириётганлигининг сабабчилари – ўзимга ўхшаган қатъиятсиз одамлар бўлса керак, деб ўйлардим. Бош айбдорларни кўришга назарим хиралик қилган экан. Жамият кўзига қум сочаётган “кўринмас қўл” – бу амалдаги ҳокимият тизимини ҳаракатга келтириб турганлар эканлигини англадим. Барчаси ой билан кундек равшан бўлди. Ғолиб ака менга ўшанда, “Тузум тўғри йўлга қўйилмаса, мамлакатда демократик ва адолатли қонунлар ҳукмрон бўлмаса, бир кун келиб ҳамма сенинг ҳолингга тушади. Мазкур ҳукумат ўзбек жамиятини ич-ичидан емиряпти. Одамлар ишсизликдан, очлик ва ночорликдан жон сақлаш учун ҳар қандай разилликлардан қайтмайдиган бўлиб қолганлар”, деди.

Ўша дақиқалардан ташкилотнинг фаол иштирокчисига айландим. Пикетларда, кичик-кичик намойишларда қатнашиб, ташкилот аъзолари билан биргаликда фуқораларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш йўлида жонбозлик кўрсата бошладим. Ҳамкасабаларимдан ҳам тўрт-бештаси менга қўшилди.

 (давоми бор)