Ҳеч бир ёруғлик йўқми?

Ҳеч бир ёруғлик йўқми?
110 views
07 August 2016 - 6:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(92-қисм)

Бешинчи тахминий савол. Ҳеч бир ёруғлик йўқми? Нуқул танқид бўлиб қолибди, “мустақиллик” йиллари эришилган ютуқлар сира эсланмабди…

Жавоб. Ёруғлик бор. Нега бўлмасин! Мамлакатда яхши ишлар қилинди ва бундан кейин ҳам қилинади. Тахтда ким ўтиришидан, у шахснинг ранги, туси қандай бўлишидан қатъи назар, биринчидан, яхши кишилар ҳисобига мамлакатда ҳамиша яхши ишлар ҳам бўлиб туради, иккинчидан, ҳар қандай мустабид тузум, ҳар қандай золим диктатор ҳам ўзидан яхши излар қолдиргиси келади. Дунё тарихи ва тажрибаси бунга мисол.

Узоққа бормайлик. Кечаги СССРни бугун биз “мустабид давлат эди” деяпмиз. Исталин ўтакетган золим, қонхўр бўлгани ҳам ҳақиқат. Аммо СССР давлати айни у бошлиқ бўлган йиллари оламшумул ютуқларга эришди: тарихда илгари ўхшаши бўлмаган янгича тузумнинг оёққа туриши; мамлакатнинг саноатлашуви… Иккинчи жаҳон урушидаги ғалаба… Ундан кейинги даврларда: илм-фан юксалиши, телевидение кашф этилиши, коинотга илк учирилган сунъий йўлдош, илк учирилган итлар, илк учирилган одам, очиқ фазога илк чиқиш, ҳарбий куч-қудрат, ниҳоят, урушдан чарчаб чиққан СССРнинг қисқа муддат ичида қудратда дунёнинг иккинчи давлатига айланиши… ва ҳоказо. Аммо, шунча улкан ютуқларга қарамай, умумий баҳо барибир ғайриинсоний тузумга, халқи бошига келтирган кулфатларга қараб берилди!

Ўзбекистон улкан имкониятлар мамлакати. Қадим тарих, бой маданий-маънавий-илмий мерос, қулай иқлим, табиий шароитлар, ерости ва ерусти бойликлари, илмий салоҳият, куч-қудрат, ва ниҳоят, меҳнаткаш халқимиз…

Бундай шароитлар билан моддий ва маънавий ўсмасликнинг ўзи уят.

Иқтисодда эришилган энг катта ютуқлардан бири, шубҳасиз, автомобилсозликдир. Бугун мамлакат кўчаларини ўзимизда ишлаб чиқарилаётган мошиналарсиз тасаввур этиб бўлмайди. Асака мошиналари юрт қиёфасини кескин ўзгартириб юборди. Кечагина сиғиниб юрганларимиз – енгил мошиналарнинг қироли саналган “ГАЗ – 24”у “ГАЗ – 31”лар ва енгил мошиналарнинг маликаси саналган “Жигули” бугун ўзимизнинг Асакада ишлаб чиқарилаётган мошиналар олдида юк ташишдан бошқага ярамай қолди. Тараққиёт қонуни шу ўзи. Бироқ…

Бироқ бу мошиналар ҳам эртага ёвуз тузумнинг жонига ора кирмайди, киролмайди.

Қайси йўл ва қанақа усуллар билан бўлмасин, шаҳарларимиз янгиланаётгани ҳам бор гап. Қадимдан қолган ёдгорликлар таъмирланиб, обод қилиняпти. Лекин бу ишлар ҳаммаси советчасига – шоша-пиша ва урҳо-урчилик билан бажарилганидан узоққа бормаяпти. Сифат ўрнига тезлик биринчига қўйилаётгани учун битар-битмас қайта таъмири бошланяпти. Ошкоралик йўқлигидан бир кимса: “Шунча маблағ қаёққа кетди?! Кимларнинг айби билан яна шунча маблағ сарфланяпти?!” деб сўрай олмайди.

Мисол учун:

– Фарғона водийини мамлакатнинг бошқа вилоятлари билан боғлайдиган Қамчиқ довони неча йил “қурилди”? “Битган”ига неча йил бўлди? Битганми ўзи? Билмадим. “Битган”идан бери таъмирланади! Янаям тўғрироғи, ҳали битиб улгурмасидан қайта қуриш бошланган!

Довон йўли етарли маблағ ажратилиб бирйўла яхши қилинмагани эвазига, мана энди, уч… беш… ўн баробар ортиқ маблағ кетказиб йиртиқлар ямаб ётилибди, бир йиртиғи ямалгунича янги-янги жойлари йиртилиб кетяпти. Қурилиш мафкураси ўзгармаса, бу кетишда ҳеч қачон узил-кесил битмайди…

– Тошкентда Алишер Навоий кўчаси бўйлаб шошилинч қурилган қатор оқ уйларни олайлик. Пойтахтни безаб тушдими шулар? Асло! Қандай ўзига хос томони бор? Ҳеч қандай! Растадан бўшаган беш-олти юз метрлик бўш ерни тўсиш керак бўлди, тўсилди, холос. Ўнта уй эмас, узун битта девор қурилди гўё. Шакли бир хил, ранги бир хил. Меъморлик нуқтаи назаридан қадрсиз, тарихий кўчанинг ҳам қадрини туширди. Девор шаклида қурилгани учун йўлни сиқиб ташлагандек таассурот уйғотади.

Ҳолбуки, ўрнига йигирматача бино, йигирма хил меъморий ечим билан, шошилмасдан, келажакни ўйлаб, бу кўча Тошкентнинг энг сўлим ва тарихий кўчаси эканини ҳисобга олиб, хилма-хил тартибда лойиҳалаштириб, баланд-баланд этиб қурилганида эди, шаҳар очилиб кетарди.

Ҳозир-чи, истарасиз, совуқ. Илгари роса гавжум бўлган кўчадан бугун ҳеч ким юрмай қўйди. Дабдаба билан очилган икки қават дўконлар бўм-бўш, харидор йўқ…

– Эски шаҳардаги “Ҳазрати Имом” мажмуаси ҳам келган-кетганга ғоят қисқа муддатда қурилгани билан мақтанилади, аммо қурилганидан буён қайта-қайта таъмирланаётганини биров айтмайди. Мачитнинг икки ёнбошида бегонасираб турган эллик тўрт метрлик икки минора на санъат асариликка ва на меъморий ёдгорликка ярайди. Қошидаги кунгураси билан бошидаги гумбазчасини демаганда, нари борса, катта кимё зовутининг мўрисини эслатади, холос.

Бу гапларни ҳаводан олмаяпман, чинакам ватанпарвар меъморлар фикрига суяниб гапиряпман.

Яна такрор айтаман: мамлакатда ижобий ишлар ҳам бўлаётганига қарамай, баҳо Ўзбекистонда ўрнатилган яккаҳокимлик тузумига, бошқаришнинг хунук тизимига ва бу тизим мамлакат ҳаётида қолдираётган салбий изларга, моддий ва маънавий зарарларга кўра берилади.

“Нуқул танқид бўлиб қолган” дейишга шошилманг. Ютуқларни биламиз, кўриб турибмиз. Улар ҳақида ҳар куни, ҳар соат, ҳар дақиқада гапириб, ёзиб ётишибди. Борича айтиш етмай, кўпиртириб-гупиртириб, ёпишса-ёпишмаса президент номига боғлаб, унинг хуржунидан ортиб қолганларини “истиқлол”у “мустақиллик шарофати”га ёпиштириб, қўшиб-чатиб, оғизларидан кўпик сачратиб гапиришяпти.

Бўкдик бунақа мақтовларга. Ошқозонларимиз ҳазм қилмай қўйди. Кўнгиллар ағдарилиб, қусиш даражасига етдик.

Кўпиртириш ва гупиртиришлар ҳатто тескари натижа берди: ютуқнинг чинига ҳам одамлар ишонмайдиган, мазах қилиб куладиган бўлиб қолди. Кимўзарга қилинаётган ҳамду санолар охир-оқибатда ўзларига қарши ишлади – эл кўзида давлатнинг ҳам, давлатбошининг ҳам, “мустақиллик”нинг ҳам қадри тушди!

Лекин шу дамгача ҳеч ким бир оғиз: “Ҳой, мақтовни роса ошириб юбордик-ку!” демади. Жиддий камчиликларга биров эътибор қаратмади. Ичкарида туриб энди бир марта танқид қилинса, дарров писиллаб: “Вой-бў, нуқул камчилик ёзилибди! Мунча-а? Мамлакатда биронта яхши иш қилинмаяптими?!” дейиш адолатдан эмас.

Яъни, мақтовнинг марраси ошириб-тошириб бажариб бўлинди, хирмони кўкка етгудек уйиб ташланди, энди озгинагина ва бор-йўғи бир мартагина қилинаётган танқидга чидаш керак, демоқчиман.

Яъни, эътироз ҳам ҳалол бўлсин, демоқчиман.

Аслида, тилга олинган ишларни камчилик десак ҳақимиз кетади, қип-қизил шармандаликдир. Ҳамда денгиздан томчи, холос. Бунақа шармандали ишлардан яна ўнлаби, юзлаби, минглаби қоғозга тушмай қолиб кетди. Биз билмаганни халқ билиб турибди. Биз эплаёлмаганни биздан кучли ва биздан билағонлар биздан ошириб ёзади ҳали.

Ҳар бир мавзуга қўл урар эканман, бор нарсани борича ёзишга ҳаракат қилдим. Ўзимдан тўқимадим. Тағин ҳам роса аяб ёздим. Виждонини ютмаган киши битта ҳам ёлғон топа олмайди.

Тўғрими шу ишлар?!

Давом этаверсинми шундай?!

Бунча қинғирликларга нимага рози бўлишимиз керак?!

Одамлар орасида тушкун кайфият сезилади. Бутун бу кўргиликлар учун айбни халқимизнинг ўзига хослигидан, менталитетидан ахтаришга мойиллик бор.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com