Саёҳатнинг ҳикмати

Саёҳатнинг ҳикмати
225 views
09 August 2016 - 5:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(48)

САЁҲАТНИНГ ҲИКМАТИ

Саксон  тўққизнинг  ноябрида  СССР  Ёзувчилар  Союзи йўлланмаси  билан  Финляндияга  кетдим.  Гуруҳда  рус  шоирлари Белла  Ахмадуллина,  Алексей  Паршчиков,  яна  бир  шоира  ва  бир танқидчи  бор  эди.  Бу  саёҳат  мен  учун  Совет  адиблари  билан бирликда сўнгги саёҳат бўлди.

Иссиқ  Тошкентдан  сўнгра  совуқ  Хелсинки  асабларимни юмшатди. Фин шоири эски дўстимиз Юкка Маллинен бизга ҳамроҳ бўлди ва ўз халқининг маданияти билан таништирди.

Сафарда  Белла Ахмадуллинани яқинроқ танидим. Бу аёл 60-йиллардаёқ Совет Иттифоқида шуҳрат чўққисига чиққан ва саксон тўққизда  ҳам  дунёга  ўша  юксакликдан  боқиб  турарди.  Топ-тоза шоир  эди.  Илк  қарашда  бу  хонимнинг  очиқ  кўнгиллиги  ўйинга ўхшаб  кўринарди,  аммо  вақт  ўтган  сари  унинг  самимияти  ҳар қандай  шубҳани  эритиб  юборарди.  Турмуш  ўртоғи  Борис  ундан шикоят  қиларди,  аммо  уни  инжитажак энг кичик ҳаракатга дарров қаршилик  кўрсатар,  бу  дарвеш  хотинни  ҳимоя  қиларди.  Бу  ичкин вафодорлик мени туйғулантирганди.

Алексей Паршчиков янги рус шеъриятининг намояндаси эди. Ўша пайтларда донғи чиққан Иван Жданов ва Александр Еременко билан бир тақимда саналарди. Булар адабий номенклатурадан узоқ бўлгандек,  унга  гўё  мухолиф  саналган  Евтушенко  каби  либерал шоир-публитсистлардан  ҳам  узоқ  турдилар.  Улар  ўзларини  «тоза шеърият»  яратаяпмиз,  деб  тасаввур  қилишарди.  Ўзи  ҳақидаги тасаввурлардан  илҳомланишарди.  Улар  ҳаммаси  самимий  ва истеъдодли  эдилар.  Финляндия  шаҳарларида  айланиб  мушоира қиларканмиз,  мен  ўз  шеърларимдан  анчагина узоқлашганимни ҳис этдим.  Уларни  ўқиркан,  илгаригидай  завқланмасдим.  Шу  боис, учрашувларда  қисқа  гапиришга,  кўпроқ  дўстларимнинг чиқишларини  эшитишга ҳаракат қилдим.

Бир  қишлоққа  борганимиз  эсимда.  У  ерда  монастр меҳмонхонасида  тунагандик.  Биз  Алексей  Паршиков  билан  сафар программаси  тугамасдан  Москвага  қайтиб  келдик.  Москвада шеъриятдан асар ҳам йўқ эди. Ҳамма сиёсат ҳақида гапиришарди. Ҳатто  шоирлар  ҳам.  Шуни  қўрқув  ичида  кўрдим-ки,  мен  қайтиб боришни  орзу  қилаётганим  у  сокин  гўша  ортиқ  бу  Советлар дунёсида  йўқ  эди.  Овруполиклар  таъбир  қилган  у  «фил  суягидан ишланган  минора,»  илҳом  парисининг  гўшангаси,  шеърият маскани  қайта  қуриш  нағоралари  чиқарган  шовқин  тўлқинларидан бир  антик  меъморлик обидаси каби қулаб тушганди.

Muhammad_Salih_fotomajmua_53Бор-йўғи бир неча  йил  аввал  сирли кўринган шоирларда ортиқ ҳеч бир сирлилик қолмаганди.  Илгарилари  шоир  чўнтагида  бир  чақа  йўқ,  ЦДЛ (Централъный  дом  литераторов)  барларида  ўтирар  экан,  тевараги шомон  миститсизми  билан  ўралган  бўларди.  Энди  эса,  ўтирган шоирнинг  нафақат  киссасида  пул,  теварагидаги  мистик  ўртук ҳам ғойиб  бўлганди.  Бу  ғаройиб  ҳодиса  азим  шаҳар  Москванинг  ҳам шакли-шамойилида  айнан  такрорланарди.  У  ҳам  салобатини йўқотганди. Либоси ўғирланган қиролича каби аянчли эди.

Албатта,  бу  ғаройибликнинг  қайта  қуришга  алоқаси  йўқди, балки  қайта  қуриш  бу  ғаройиб  ҳодисанинг  маҳсули  эди.  Бу ғаройиблик  инсонлар,  мамлакатлар,  жамиятлар  ва  уларда кечадиган  тарихга  ҳоким  бўлган  мутлоқ  бир  кучнинг  биз  ожиз бандаларига  кўрсатган сеҳри эди. Агар бу куч лозим кўрса, бутун дунё,  бутун  коинот  худди  ўша  ЦДЛда  ўтирган  шоир  каби  бир сонияда марҳамиятсиз қолган бўларди.

Москвадан  Тошкентга  учар  экан,  менда  Финляндия сафаридан аввалги оптимизм йўқди.  Тошкентдан ҳам файз кетганди. Фақат мен буни сиёсат билан бўлиб,  сезмагандим,  кўрмагандим, бош кўтариб, атрофга қарашга вақт  тополмагандим.  Энди  билардим-ки,  Тошкент  ҳам  худди Москва каби, ҳатто ундан ҳам баттарроқ эди.

Оллоҳу  Таолоҳ  бизга  ҳурриятнинг  бир  учини  кўрсатганди. Биз  ундан  одам  каби  фойдалана  олмагандик.  Биримиз  бу ҳурриятдан  маст  бўлиб, кўчага чиқдик, иккинчимиз унинг соясида тахтга  ўтирдик,  учинчимиз  уни  рад  этиб,  эски  замонларни қўмсадик.

Ва  Яратган  ҳар  кимга  лойиқ  бўлган  мақомини  берди: ҳурриятдан  сархушларни  осий  қилди,  ундан  фойдаланиб  тахтга чиққанларни  золим  айлади,  уни  рад  этганларни  эски  мақомига, қулликка жўнатди.

Бу  уч  маҳлуқдан  ҳеч  бирида  бир-бирига  марҳамат  йўқди. Осийлар  бутун  кучи  билан  золимларни,  золимлар  бор  қуввати билан  осийларни,  қуллар  бутун  нафрати  билан  ҳар  иккаласини лаънатлай бошлагандилар. Ўзбекистондаги тузум ўша қайта қуриш даврида  ёққан  лаънат  тошлари  устига  иншо  этилгандир.  Бу  зулм иншооти  бизнинг  қалбларимизга  марҳамат  инган  кун йиқилажакдир.  Қоидаси  шудир,  бошқа  йўли  йўқдир.  Бошқа  йўли бўлса  ҳам,  у  йўл  янглишдир.  Чунки,  бир  зулмни  иккинчи  зулмга алмаштириш билан ҳеч нарса ўзгармайди. Ғоя – зулмдан воз кечиш бўлмоғи керак. Зулм ўрнига марҳамат ерлашмоғи керак. Тўғри йўл дегани шу.

(давоми бор)