Қочиш

Қочиш
25 views
10 August 2016 - 5:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(49)

ҚОЧИШ

Тошкентга  келиб,  «Бирлик»  Қурултойининг  ўтгани ва у ерда ташкилотнинг  янги раҳбарияти сайланганидан хабар топдим. Мени ташкилот  фаолиятида  янгидан  иштирок  этишга  ундадилар.  Мен рад этдим. Рад этиб, тўғри қилганимни бугун англаяпман.

Саксон  тўққизнинг  охири  ва  тўқсонинчи  йилларнинг  бошига келиб,  Совет  Иттифоқидаги  сиёсий  вазият  янги  фазага  кирганди. Биз буни ўша пайтда идрок этмагандик, албатта. Бир  шахс,  бир  гуруҳ  ёки  бир  халқ  муайян  нуқтада кутилмаган  бир  ҳаракат  қиларкан,  бу  илк  қарашда  мантиқсиз  ва ғайри-ихтиёрий  кўринса-да,  кейинроқ  унинг  ҳайратланарли даражада  мантиқли  ва  прагматик  экани  маълум  бўлади.

Саксон саккизинчи  йилда  Совет  Иттифоқи  жумҳуриятларида  «Народный фронт»,  «Халқ  жабҳаси»,  «Халқ  ҳаракати»  номлари  остида  тузилган  барча  миллий  ташкилотлар  90-йил  бошларида  ўз структураларини  ўзгартиришга  мажбур  бўлдилар.  Юзага  келган янги сиёсий вазиятда бу стихияли дунёга келган мўрт ташкилотлар ўзининг  лаёқотсизлигини  кўрсата  бошлаганди.  Мобил,  интизомли, аниқ  мақсадга  йўналтирилган,  қатъий  иерархияли  ташкилот  давр талабига  айланганди.  Шунинг  учун  ҳам  Болтиқбўйида,  Русияда, Кавказда  «Народный  фронтлар»  парчаланиб,  сиёсий  партияларга айлана бошлаганди. Бу нормал сиёсий жараён эди. Лекин биз каби узун  йиллар  мустамлакада қолиб, ҳуррият парчаси тушган мазлум халқлардан  «нормал  сиёсий  жараён»ни  дарров  англашни  талаб қилиш  мумкин  эмасди.  «Бирлик»  ҳаракати  етмиш  йил мустамлакадан  сўнг  халқнинг  ўзи  таъсис  этган  илк  сиёсий ташкилот  эди.  Жунбушга  келган  халқ  учун  бу  ташкилотни месимаслик,  унинг  ўзини  месимаслик  деган  гап  эди.  Бу ташкилот сафига  қўшилиш  шараф,  ундан  чиқиш  эса,  хиёнат  саналадиган бўлиб  қолганди.  Шундай  бўлиб  қолганини  89-нинг  охирида  мен билмасдим.  Мен  ҳали  ҳам  индивидуал  ҳурриятнинг  измида  эдим. Ҳали  ҳам  истаган  жойимга  бориб,  истамаган  жойимга бормайман ва  боришга  мени  ҳеч  ким,  ҳеч  нарса  мажбур  қилолмайди,  деб ўйлардим.

Muhammad_Salih_fotomajmua_54Ҳали  умумнинг  ҳурриятини  яхши  танимасдим.  Бу  ҳуррият ўзига  хос,  деспотик  бир  ҳуррият  эди.  Мен  буни  «Бирлик»дан чиққанимни  эълон қилганда ҳис этдим.  Финляндиядан  қайтиб,  «Бирлик»дан  чиққанимни  эълон қилдим.  Дўстларга  қўлимдан  келганини  бажарганим  ва  ортиғига кучим  етмаслигини  айтдим.  Ташкилот  менсиз  ҳам  юраверади, балки,  тезроқ  юрабошлайди,  дедим.  Улар  эътироз билдиришмади.

Аммо  Ёзувчилар  Уюшмасига  келаётган  халқ  «Бирлик»дан кетишимни  яхши  қабул  қилмасди.  Эътирозлар  борган  сари кучайди.  Мен  бунга  эътибор  бермадим.  Финляндия  сафаридан аввал  миямда  программалашган  шеъриятга  қочиш  фикри  мени ҳамон жазб доирасида тутиб турарди.

«Фил  суягидан  ишланган  минора»  йиқилган  бўлса,  ўзим янги  минора  тиклайман,  деб  ўйлардим.  Ўйлаганим  бўлмади. Минораларни  тиклаш  замони  ҳали  келмаганди.  Минораларни йиқиш  даври давом этаётганди.

Менинг  «Бирлик»дан  айрилишим  умумнинг  нафсониятига тегди.  Умум  мени  ортиқ  ўзининг  бир  қисми  деб  биларди.  Умум жунбушга келганда, мен ҳам жазавага тушмоғим шарт эди. Умум бақирган  пайтда  мен  ҳам  жим  турмаслигим  керакди.  Умум  қаҳ-қаҳа отса, менинг хўмрайиб ўтиришим асло мумкин эмасди. Умум турса туриб, ўтирса ўтирмоғим, ўл деса, ўлиб, яша деса, яшамоғим керак эди.

Мен  бундай  режимда  яшай  олмасдим.  Менда  нафас  олиш ритми  умумнинг  ритмига  мос  келмасди.  Одамларнинг  тазйиқи, яхши  ниятда  қилинаётган  бўлса-да,  мени  «Бирлик»дан  янада узоқлаштирди. Тўқсонинчи  йилни  «Бирлик»сиз  кутиб  олдим.  Қаршимда яшалмаган  бир  босқич,  ёзилмаган  бир  саҳифа  турар  эди.  Уни қандай  яшаш,  унга нимани ёзиш менинг ишим, бошқа ҳеч кимнинг иши  эмасди. Ҳарҳолда, мен шундай хаёл қилардим.

(давоми бор)