Янги ташкилот

Янги ташкилот
29 views
11 August 2016 - 5:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(50)

 1990 йил. ЯНГИ ТАШКИЛОТ

Янги  йилда  орзу  қилганимдек,  «шеърият  диёри»да  гизлана олмадим.  Орзу  қилмаганимдек,  яна ўша сиёсат остонадан кетмай турарди.

Ёзувчилар  Уюшмасига  келаётган  халқ  миқдори  ўша-ўша, омманинг  фаоллиги  ҳали  ҳам  юксакди.  Бир  илмий  институт ходимлари  билан  учрашувда  сиёсий  мустақиллик  ҳақида гапиргандим.  Мавзу  мен  кутган  даражада  таважжуҳ  кўрмади.  Аммо  икки-уч  кун  ўтмай,  бу  фикр  ўз  доирасини  кенгайтиргани маълум  бўлди.  Олимлардан  бир-иккитаси  келиб,  бирга  бу  фикрни муноқаша қилишга  урундик.

Сиёсий  мустақиллик  ғояси  ёзувчилар  орасида  доим тортишилган  ғоя  эди,  аммо  халқ  олдида  чиқиб  гапирилмаган  эди. «Бирлик»ни  тузаётиб  ҳам,  бу  ғояни  ҳаракат  дастурига  киритишни ўйламагандик.  Чунки,  киритишнинг  ҳеч  имкони  йўқди,  тўғрироғи, вақти келмаганди.

Тўқсонинчи  йилнинг  январ  ойида  бир  неча  киши  Ёзувчилар Уюшмасида  ўтириб,  бунинг  вақти  келганини  бир-биримизга айтдик.  Мустақиллик  ғоясини  сиёсий  платформага  қўйиб,  халқ олдига чиқаришнинг  вақти келганди. Балки  бу  ғоя  Совет  мустамлакасида  нисбатан  оз  яшаган Болтиқ жумҳуриятлари учун радикал ғоя эмасди, аммо 135 йил рус истибдоди  остида  эзилган  ўзбеклар  учун мустақиллик ғояси 1980-136  йиллар  охирида  радикал  саналарди.  Шу  ғоя  билан  чиқадиган  бир сиёсий  партия  тузиш  қарорига  келдик.  Бу  қарорга  келганлар  яна уч-тўртта  киши  эди.  Худди  «Бирлик»ни  тузган  пайтдагидай  уч-тўртта  хаёлпараст  янги  можоро  остонасида  парвойи-фалак турардик. Менга янги бир ҳаяжон ҳужум қилганди.

Ҳаётим  бўйи  тасвир  этганим  муболаға,  лоф,  оврупоча айтганда  «гипербола»  ҳозир  амалий  бир  ҳужжатга  айланиши арафасида турарди.

Бор  йўғи  тўрт  йил  аввал,  саксон  олтинчи  йилда  бу  ғоя  бир ташбеҳ эди, холос:

Тилчининг дегани
«Эрк» сўзи

Отаси эмасмикан «эркак» сўзининг?
Шундай бўлиши мумкин
Фақат ўтган замонларда.
«Эрк» сўзида балки,
Умуман маъно йўқдир,
«Эрк» сўзи шунчаки
Ўлаётган аскарнинг бўғзидан чиққан
«Ҳиқ»қиллашидир?
Шундай бўлиши мумкин,
Фақат афғон томонларда.
Биз учун эса,
Эринчоқ одам тўқиган сўздай туюлар у,
шунчалар қисқа:
Эрк.
 1986 («Орзу фуқароси»,  1990)

Биз  эринчоқ  ўзбеклар,  ниҳоят,  бу  сўзни  ошкора  талаффуз қилишга журъат қилгандик. Янги ташкилотни «Эрк» деб атайдиган бўлдик. Бу ном фақат шеърларда зикр қилинган ғоя эмас, балки, 20 аср  бошида  Русия  ва  Туркистон  жадидлари  тузган  сиёсий ташкилотнинг  ҳам  исми  эди.  Худди  «Бирлик»  каби  «Эрк»  ҳам маълум  маънода  жадидлар  ҳаракатини  давом  эттиришга  бўлган ружу натижаси эди. Фақат  баъзи  оғайниларимиз  «Эрк»нинг  бирданига  сиёсий партия  деб  эълон  қилинишига  этироз  билдиришди.

Muhammad_Salih_fotomajmua_55«Ҳаракат» бўлсин,  кейинроқ  «партия»  деб  атаймиз  деган  фикр  ўртага ташланди.Бу  коммунистик  партиянинг  ўзига  рақиб  чиқишига таҳаммул  қила  олмаслиги  билан  изоҳланди.  Фикр  мантиқли кўринди ва апрел ойигача «Эрк» халққа ҳаракат деб танитилди. «Эрк»нинг  тузилиш  жараёни  оғриқли  кечди.  «Бирлик»даги дўстлар буни бирданига қабул қила олмади. Пўлатов ва унинг бир-иккита  яқини  мени  «Бирлик»ни  парчалаганликда айблаб, ташвиқот машинасини  ишга солиб юборишганди.

Энг  содиқ  бўлганлар,  мени  узоқ  йиллар  таниган оғайниларимиз  ҳам  шубҳа  домига  тушгандилар.  Улар  мендан шубҳаланишарди.  Бу  мени  ғазаблантирарди. Худди мендан шубҳа қилиш  мумкин эмасдай ғазабланардим. Соддалик шу қадар эди.

«Эрк»нинг  тузилиш  жараёни  фақат  бизни  эмас,  ҳукумат шовозни  ҳам  ҳаяжонлантирганди.  Ҳукумат,  Худо  ёрлақиб,  бизни қўллайдиган  бир  ташкилот  қурилса,  дея  қўлларини  ишқаб, енгларини  шимариб  турарди.  «Эрк»нинг тузилиш босқичида, ҳатто кейин  ҳам,  то  апрел  ойигача,  ташкилотнинг  таъсис  Қурултойига қадар ҳукумат ўз умидидан воз кечмаганди. Ҳукуматда бу умидни туғдирган  нарса  «Эрк»  дастури  лойиҳасида  унинг  конструктив мухолифат бўлажаги ҳақидаги баёнот эди.

Шу  умид  билан,  1990  йил  феврал  ойида  ўтган  Олий Кенгашга сайловларда менинг номзодим кўрсатилар экан, ҳукумат қаршилик  қилмади.

Аксинча,  Компартиянинг  Тошкент  шаҳар  секретари  Адҳам Фозилбеков  менга  «номзодингизни  Талабалар шаҳарчасидан эмас, Профессорлар шаҳарчасидан кўрсатинг, ғала-ғовур камроқ бўлади, биз ҳам қаршилик қилмаймиз,» деб ваъда берди. Ва, ҳақиқатан ҳам қаршилик  қилишмади.    Бу  Компартиянинг  менга  кўрсатган биринчи  ва сўнгги толеранси эди.

(давоми бор)