Банил Мусталиқ ғазоти

Банил Мусталиқ ғазоти
84 views
11 August 2016 - 6:00

nabiyАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 71

(давоми)

БАНИЛ МУСТАЛИҚ ҒАЗОТИ

Бу воқеа шундоқ эрдиким, шу қабиланинг раиси Ҳорис ибн Заррор Уҳуд урушида Қурайш мушрикларига ёрдам бериб, Расулуллоҳга қарши урушган эди. Шундаги ғолибиятга мағрур бўлиб, ўз қабиласидан бошқа араблардан кучлик бир қўшин қуриб, Расулуллоҳга қарши уруш очмоқчи бўлди. Расулуллоҳ бу хабарни эшитгач, буни аниқлаш учун яширинча Бурайда саҳобани юбордилар. Аниқлиги маълум бўлгач, муҳожир ансорлардин етарлик аскар тузиб, йўлга чиқдилар. Бу сафарда мунофиқлар раиси Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул бошлиқ бир мунча кишилар ҳам бор эди. Бу сафардин ғаразлари эрса, агар мусулмонлар енгсалар, ўлжалик бўлиб, мол топиш, агар енгилур бўлсалар, Исломга қарши иш кўриш эди. Буларнинг мақсадлари Расулуллоҳга маълум бўлса ҳам, муроса учун сабр қилдилар. Кетаётганларида душман томонидан юборилган жосус қўлга тушди.

Душман ҳолини андин Расулуллоҳ сўраб эдилар, очиқ айтгани унамай, сўзга келмади. Иймон арза қилсалар, қабул қилмади. Бошқа чораси бўлмагач, уни ўлимга буюрдилар. Иккинчи манзилда Абдул Қайс қабиласидан бир киши келиб, Расулуллоҳга салом берди.

Расулуллоҳ:

— Қайдин келдинг, қаён борурсан? — деб андин сўрадилар.

У эрса:

— Жойим Руҳодадир, сиз келтирган ислом динини ҳақ билиб, иймон келтиргани келдим, — деди.

Буни англаб, Расулуллоҳ Худога ҳамду-сано айтиб, бек суюндилар. Сўнгра ул одам:

— Ё Расулаллоҳ, иймон келтиргандин кейин, мўмин кишига қайси иш қилиш ҳаммадан яхшироқдур? — деб сўради.

Анда Расулуллоҳ айтдилар:

— Намоз вақти кириши билан таъхир қилмай, (кечиктирмай), ўташдур. Бу сўзни англагач, ул одам умри борича намозни аввали вақтида ўқишни ўзига лозим тутди.

Сўнгра душманлар раиси Хорис ибн Заррорга хабар етдиким, анинг юборган жосуси ушланиб, ўлдирилмишдир. Бундин ёмон фол олиб, кўнглига қўрқинч тушди. Аскар ичида ҳам ҳар хил ваҳималик сўзлар пайдо бўлиб, шу баҳона билан бирмунчалари тарқалиб кетдилар.

Пайғамбаримиз айтдилар:

— Агар киши кўнгли бир ишдан чўчиб, ундан ёмон фол олса, шу дуони ўқиб, ўз ишида давом этсун:

«Аллоҳумма ла яътий билхайри илла анта вала ядфаушшарра илла анта». Маъноси: «Эй бор Худоё, ҳар яхшиликни бергувчи ва ҳар ёмонликдан сақлагувчи Ўзингсан».

Бир нарсадан чўчиб, ёмон фол олиш, ирим-сирим қилиб ўлтириш Ислом динида йўқ ишдур. Шундоқ қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учинчи манзилга келиб тушдилар. Бу ерни Мурайсиъ деб айтишур эди. Душманлар ҳам шу жойда йиғилишиб турган эдилар.

Расулуллоҳ ҳам саф тузиб, уруш тайёргарлигини кўриб, ҳозир турдилар. Сўнгра иймонга таклиф қилиб:

— Агар «Ла илаҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур расулуллоҳ», деб таслим бўлсалар, ўлимдан омон топқайлар, — дедилар.

Улар бу сўздан юз ўгиргач, уруш бошланди. Ҳар икки тарафдин бирор соат ўқлар отилди. Сўнгра саҳобалар ҳужумга ўтдилар. Кўп ўтмай, душманлар енгилди. Бир мунчалари қиличдан ўтказилгач, қолганлари бутунлай асир олинди. Беш минг қўй, икки юз туя ўлжа тушган эди. Бу моллар устига Расулуллоҳнинг озод бўлган қуллари Шақронни қоровул қўйдилар. Қўлга тушган асирларни ҳазрати Бурайдага топширдилар. Бу урушда олинган асирлар ичида шу қабиланинг раиси Ҳорис ибн Заррорнинг Барра исмли қизи ҳам бор эди. Бу қабиладан икки юз оила асир тушган эдилар. Булар эса араблар ичида атоқлик қабилалардан бўлиб, хотун-қизларини асоратда қолдириш ўзлари учун энг оғир номус саналур эди.

Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу тўғрида бир яхши сиёсат қўллаб, асирлар ичида раисларининг қизи Баррани ўз никоҳларига олдилар. Буни саҳобалар кўргач:

— Бу қабила раиси Расулуллоҳга қайнота бўлди, Расулуллоҳ аларга куёв бўлдилар, энди бунинг ҳурматидан биз ҳам қўлимиздаги асирларимизни озод қилишимиз керак, — дейишиб, ўз тақсимларига тушган барча асирларини озод қилдилар.

Шу иш сабаб бўлиб, бу қабиладан ҳеч ким қолмасдан, ҳаммаси мусулмон бўлди. Шу учун онамиз Оиша: «Бу хотуннинг шарофати ўз қабиласига бек улуғдур, улар асирликдан озод бўлишиб, икки дунё азобидан қутулишди. Ислом динига киришиб, абадий давлатга етдилар», дедилар. Онамиз Баррани никоҳларига олгандан кейин, исмини йўткаб (ўзгартириб) Жувайра қўйдилар. Барра яхшилик, Жувайра қизчоқ, деган бўлур. Буни йўткашнинг сабаби эса фаҳмлик кишиларга маълумдир.

Яна шу сафарда бир воқеа ўтди. Аскарлардан икки киши сув талашиб, урушиб қолдилар. Бирлари Макка муҳожирларидан, яна бирлари Мадиналик ансорлардин эди. Муҳожир ансорни уриб, қон қилди. Бу таёқ етган киши араб одатича: «Ё лал Ҳазраж?» (яъни, «Эй Ҳазраж, бормисан?») деб ўз қабиласини ёрдамга чақирди. Буни кўриб, урган киши ҳам: «Ё лал, муҳожирийн?», деб қўрққанидан қичқирди.

Жоҳилият араблари уруш вақтида ҳар қабиланинг юқориги оталарини атаб қичқирар эди. Мундоқ қичқиришларида ҳар қабила ўз уруғига ёрдам беришлари лозим бўлур эди. Бу товушни эшитгач, муҳожир, ансор саҳобаларидин икки фирқа одам югуриб келиб, ёрдам бериш учун ҳар қайсилари ўз кишилари устига тўпландилар. Қуролларига қўл солишиб, урушиб кетишларига оз қолди. Бу воқеа устида катта бир фитна чиқишига яқинлашди, муни англаб, Расулуллоҳ чодирларидан югурганларича келиб:

— Эй, мўминлар, мундоқ сўзлар жоҳилият замонидан қолган ёмон сўзлардур. Бу қичқиришлар фитна қўзғаб, қон тўкилишига сабаб бўлур. Ислом динига кирган киши яна шундай сўзларни ташламас эрса, ундай одам тамуққа (дўзахга) ташланур, Мўминлар бир-бирига Худо қўшган биродардур. Биродари мазлум бўлсин ёки золим бўлсин, унга ёрдам бериш лозимдур,— дедилар.

Анда бир киши:

— Ё Расулуллоҳ, мазлумга ёрдам қилайлик, аммо золимга нечун ёрдам қилурмиз? — деди.

Анда Расулуллоҳ:

— Агар золимни шу қилган зулмидан қайтарур бўлсанг, унга ёрдам қилган бўлурсан, — дедилар.

Сўнгра ҳар икки тарафни сўз билан қондириб, бу фитнани босдилар. Аммо мунофиқлар бўлса, бу иш баҳона бўлиб, ёмон сўзга оғизлари очилди. Айниқса, уларнинг раислари Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул қаттиқ ғазабланиб, ўзига қарашлик бир неча мунофиқлар билан бу ҳақда сўз қилишдилар. Мўминлардин Зайд ибн Арқам булар ичида ўлтирган эди. Абдуллоҳ ибн Убай айтди:

— Бундай хўрликни ким кўргандур, нега бундай қиладилар? Қочқин эдилар, ерлик бўлдилар. Оз эдилар, кўпайдилар, ўтганларнинг мақоллари бек тўғридур: «Итингни кўп тўйғизма, оч бўлса, орқангдан эргашиб юргай, ит семирса, эгасин қопгай».

Мана шунга ўхшаш адабдин ташқари бир мунча сўзлар эшитиб ўтирган Зайд ибн Арқам буни кўнглига сиғдиролмай, Ҳазрати Умарга келиб айтди. У эса Пайғамбаримизга айтди. Ансор муҳожирларидин олдиларида ўлтирган саҳобалар кўп эди, бу сўзни англаб, муборак менгзалари (юзлар) ўзгарди, унга қараб:

— Балким сен бу сўзни хато англагандурсан, ул шундай ёмон сўзни айтмаган бўлғай, — дедилар.

Ансор саҳобалар Зайд ибн Арқамни қаттиқ ҳурмат қилишар эди, уни сўзи ёлғондек кўриниб ўзи хижолатга қолди. Сўнгра Ҳазрати Умар:

— Ё, Расулаллоҳ, бу сўзни айтувчи мунофиқлар раиси Абдуллоҳ ибн Убайнинг, албатта, жазосини бериш лозимдур. Рухсат қилингиз, бошини кесгайман, ёки ансорларга рухсат қилгайсиз, ўзлари йўқ қилсунлар, — деди.

Анда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

— Эй Умар, бу ишга сабр қилмоқдин бошқа чора йўқдур. Агар унга жазо берур бўлсак, ўзаро кўнгилсиз ишлар чиқиб, ҳар хил сўз кўпайгай.

Сўнгра кишиларни алаҳситиб, бу фитнани босиш учун у жойдин кўчишга буюрдилар. Йўқ эса, мундоқ кун қизиғида йўл юриш Расулуллоҳга одат эмас эди. Ансор раисларидан Усайд ибн Ҳузайр келиб:

— Ё Расулуллоҳ, мундоқ кун қизиғида йўлга чиқишнинг сабаби нимадур? — деб сўради.

Анда Расулуллоҳ:

— Сен Абдуллоҳ ибн Убай сўзини эшитмадингми, у эса Мадинага борган сўнггида бизни ва бизга қарашли муҳожирларни Мадинадан ҳайдаб чиқармоқчи бўлибдур, — дедилар.

Анда ул:

— Ё Расулаллоҳ, сизни Аллоҳ азиз қилган, уни бўлса, хор қилмишдур. Агар сиз рухсат қилсангиз, ўзини Мадинадан биз ҳайдаб чиқарайлик. Сиз Мадинага келишингиз олдида уни подшоҳ қилмоқчи бўлиб, тахт қурган эдик. Инжу гавҳар билан зийнатлаб, бошига тож кийдирмоқчи эдик. Шу орада сиз келиб, Ислом дини ривожга кириши билан бу сўз унутилиб, ташлаб қўйилди. Бунинг подшоҳлигини сиз тортиб олгандек бўлиб қолдингиз. Мана шунга ҳасади қўзғалиб, чидай олмасдин айтган сўзидур, — деб унинг томонидан узр айтгандек бўлиб, афв ўтинди.

Шу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кеча-кундуз тўхтамасдан йўл юриб, эртаси куни тушга яқинлашганда манзилга келиб тушдилар. Йўл узунлиги, яна уйқусизликдин бек чарчаб, туядан тушишлари билан ухладилар. Мундоқ узоқ юришларининг сабаби эрса, ўтган кунги мунофиқлар қўзғаган сўзларни бостирмоқ эди.

Лекин бу мунофиқнинг ўғли Ҳубоб чин мусулмон бўлганидан, отаси Абдуллоҳ устида бўлган сўзларни англаб, бек хафа бўлиб Расулуллоҳ олдиларига келди ва:

— Ё Расулаллоҳ, агар отамни ўлимга буюрмоқчи бўлсангиз, бу ишга ўзимни буюринг, ҳозир унинг бошини кесиб келтирайин. Сиз учун ани қурбон қилайин. Агар мендин бошқа бировни қўли билан отам ўлдирилса, мен учун бу иш яхшилик бўлмағай, негаким бутун Мадина халқи биладур, мен эсам отам-онамға энг ортиқ ҳурмат кўрсатган, энг кўп хизмат қилган эрурман. Агар отамни ўзимдан бошқа киши ўлдирур эрса, уни дунёда тирик қолдириб, мен чидолмагайман. Ё Расулаллоҳ, аҳлоқингиз улуғ, отам гуноҳини афв қилсангиз яхшироқдур, — деди.

Анда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

— Сен ўйлаган нарса менинг кўнглимда йўқдур. Бундин кейин ҳам отанг билан яхшилик ила муомалада бўлгаймиз, ўтган ишларини кечирдим, — дедилар.

Аммо ул мунофиқ айтган сўзидан тониб, қасамёд қилган бўлса ҳам Мунофиқун сураси бу ҳақда нозил бўлиб, унинг айтган сўзи исбот қилинди. Бўлиб ўтган воқеа, ушбу сурада тамомила айтилмишдур. Бу ҳақда Зайд ибн Арқамни ёлғончи қилган эдилар. Бу оятлар нозил бўлгач, анинг сўзи ростга чиқди. Шундоқ бўлса ҳам, Расулуллоҳ афв қилиб, фитнани босдилар. Лекин ул мунофиқнинг адабсизлигидан ва шумлигидан, шунча кўп мўжиза ва кароматларни кўра туриб, ўлгунга қадар заррачалик иймон нури анинг кўнглига кирмади.

Бу мунофиқлар бунинг билан ҳам қаноатланмасдан, шу сафарда онамиз Оишанинг устидан туҳмат сўзларини чиқардилар. Расулуллоҳ оилаларига ва ашоби киромларига шу сабабдан бир қанча хижолатлик, маломатлик сўзлар пайдо бўлди. Онамиз ҳазрати Оиша бошлиқ, оталари ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ бошларига тоғ йиқилгандек, бутун оилалари билан бек ташвишда қолдилар.

Бу ҳол билан бирор ой ўтгандин сўнг онамиз Оишани оқлаб, Қуръони каримда ўттиз оят нозил бўлди. Бу ҳақда мунофиқлар қилган туҳматлари раддига Аллоҳ таолодин ваҳий келиши, Расулуллоҳ хонадонининг улуғ шарафга эга эканини исботлади. Мусулмонларнинг кўнглини ранжитган бу воқеа бутун ҳадис китобларида, тарих саҳифаларида ёзилмишдур, балки ҳатто Қуръони каримда ҳам очиқ баёни бордур. Мен бу китобимда бошқа кишилардек бошдин-оёқ қолдирмай ёзиб ўтиришни кўнглим кўтармади. Қисқаси шулки, Расулуллоҳ Ислом динини юзага чиқаришда тортмаган турлик жабр-жафолари, кўрмаган қаттиқ кунлари, эшитмаган ёмон сўзлари қолмаган эди. Бунинг ажрини Аллоҳ у зотга ўзи берсун.

Ҳар бир умматман деган киши ушбу саловатни ўқиб, Пайғамбаримиз ҳақларига дуо қилиши албатта лозимдур:

«Жазаллоҳу аънно саййидано Муҳаммадан ма ҳува аҳлуҳу». Яъни: «Аллоҳ таоло биз умматлар тарафидин Пайғамбаримизнинг ўзига лойиқ савоблар берсун», демакдур.

 (давоми бор)