Россия ва Туркия Ўзбекистонда ўтган маҳфий музокаралардан сўнг Қозоғистон кўмаги билан ярашдилар

Россия ва Туркия Ўзбекистонда ўтган маҳфий музокаралардан сўнг Қозоғистон кўмаги билан ярашдилар
28 views
11 August 2016 - 11:47

Россия билан Туркия ўртасидаги муносабатлар Ўзбекистонда Қозоғистоннинг фаол воситачилигида ўтган яширин музокаралардан сўнг яхшилана бошлади, дея 8 август куни ёзади Туркиянинг Hürriyet газетаси.

oio600-450_1470739017.jpg.600x450_q85

Номи ошкор бўлишини истамаган юқори мартабали манбага кўра, Туркия расмийлари Россия билан муносабатларни яхшилаш имкониятини туркиялик тадбиркор ва сиёсатчи Жавид Чағлар орқали қидира бошладилар. Режеб Тойиб Эрдўғанга уни Туркия бош штаби раҳбари Хлуси Акар тафсия қилган. Чағлар Nergis Holding компаниясини бошқаради, 1990-йилларда парламент депутати бўлган, вазирлик лавозимини эгаллаган, Туркия давлат банклари раҳбарияти таркибика кирган, собиқ президент Сулаймон Демирэлнинг яқин сафдоши бўлган. Чағлар бошқараётган холдинг Доғистон (Россия) иқтисодиётининг йирик инвестори саналади. Чағлар Доғистон президенти, Путиннинг ташқи иқтисодий алоқалар бўйича маслаҳатчиси Юрий Ушаковга қадрдон саналган Рамазон Абдулатипов орқали Кремль билан алоқа ўрнатган бўлиши мумкин.

Эрдўған Чағларнинг номзодига рози бўлган ҳолда Ушаков билан Туркия тарафидан алоқа қилувчи шахс сифатида матбуот котиби Иброҳим Калинни тайинлаган. Матбуот котиби Эрдўғаннинг Путинга кечирим сўраган мактубининг қораламасини тайёрлаган. “Чағлар ва Абдулатипов орқали моки дипломатияси ишга тушган, мулоқот давомида иккала томон ҳам мактуб мазмунини ва шаклини таҳрир қилган”, – дея ёзади Hürriyet. Мактуб устида, шунингдек рус таржимони ҳам ишлаган. Газета маълумотига кўра, мактуб учун русча кечирасиз (“извините”) сўзи танланган. Газетага кўра, бу “афсусдамиз” (sorrу) сўзидан кучлироқ , бироқ “афв этишинизни сўраймиз”дан (apology) кучли эмас. Шундай қилиб, мактуб рус тилида битилди.

Қозоғистон президенти Нурсултан Назарбаев 22 июнь куни Москва Эрдўғаннинг “ярашув мактубини” олишга тайёрлигини Анқарага маълум қилди. Икки кун ўтиб, 24 июнда Туркия президентининг расмий вакили Иброҳим Калин Ўзбекистон президенти Ислом Каримов таклифига биноан зудлик билан Тошкентга учди. Путин ўша пайтда, Тошкентда ШҲТ саммитида иштирок этаётганди.

Калин Эрдўғаннинг хатини Путиннинг маслаҳатчиси Ушаковга берди ва Путин Туркия билан алоқаларнинг яхшиланишига рози бўлди, дея таъкидлайди Hürriyet. Эрдўғаннинг мактуби 27 июнь куни чоп этилди.

Эслатиб ўтамиз, Россия билан Туркия ўртасидаги муносабатлар 2015 йил 24 ноябрь куни туркларнинг F-16 қирувчиси русларнинг Су-24 бомбардимончисини уриб туширганидан сўнг ёмонлашганди.

Манба: “Фарғона” ахборот агентлиги