Норвегия ҳукумати Ўзбекистонлик бошпана изловчиларни депортация қилишни тўхтатди

Норвегия ҳукумати Ўзбекистонлик бошпана изловчиларни депортация қилишни тўхтатди
25 views
11 August 2016 - 17:10
Тошкент аэропортида божхона текшируви

Тошкент аэропортида божхона текшируви

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари Норвегиядан қайтган камида етти шахсни сўроқ қилмоқда. Бу ҳақда Озодликка хабар берган манбага кўра, сўроқ қилинаётганлар сўнгги бир неча йил давомида Норвегияда ноқонуний ишлаб, Ўзбекистонга пул жўнатиб турган.

Нима қилдинг? Ким билан учрашдинг?

Ўзбек муҳожирлари намойиши

Ўзбек муҳожирлари намойиши

Озодлик билан суҳбатлашган Норвегиядаги Ўзбекистон ватандошига кўра, Тошкентда у билган камида 7 киши “тахминан бир ойдан буён кунига 8-10 соатлаб” хавфсизлик ходимлари томонидан сўроқ қилинмоқда.

Унинг сўзларига кўра, сўроқ қилинаётганлар ҳибсга олинмаган, бироқ уларнинг ҳар бири хорижда экан нима иш қилгани, ким билан мулоқотда бўлгани ва қай тариқа уйига пул юбориб турганига оид кўплаб саволларга жавоб беришга мажбур бўлмоқда.

Мен таниган йигитлар Норвегияда нелегал ишларди. Бу ерга Польша ва бошқа шарқий Европа давлатлари визаси билан келишади. Қора ишларга киришади. Бу ерга келган камдан-кам одам визаси келмасдан чиқиб кетади. Беш йиллаб, ўн йиллаб бу ерда қолади. Мисол учун, паспорти муддати ўтиб кетган, ОВИР муддати ўтиб кетган,“ деди у Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Суҳбатдошнинг илова қилишича, ҳозирда сўроқ қилинаётган 7 шахс Норвегияда муҳожирлик мақомини олган шахслар орқали Ўзбекистондаги банк ҳисобларига тўплаган пулларини юбориб турган ва бу, ўз навбатида, Ўзбекистон махсус хизматларининг “қизиқишини уйғотган бўлиши мумкин”.

Озодлик суҳбатлашган Норвегияда ноқонуний яшаб юрган бошқа ўзбеклар сўзларига кўра, улар ватанларига қайтишга “қўрқиб” юришибди.

Нега Скандинавия давлатлари?

Франциядаги “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти” раҳбари Надежда Атаева Ўзбекистон махсус хизматларининг Скандинавия давлатларидан қайтганлар устидан назоратни “охирги икки-уч йил ичида кучайтиргани”ни айтади.

Атаевага кўра, ўзбек муҳожирларининг фаоллашуви махсус хизматларни хавотирга солмоқда

Атаевага кўра, ўзбек муҳожирларининг фаоллашуви махсус хизматларни хавотирга солмоқда

Надежда Атаеванинг ишонишича, назоратнинг кучайишига ўзбекистонлик муҳожирларнинг фаоллашгани сабаб бўлди.

Умуман олганда, Скандинавия мамлакатларида ўзбек сиёсий муҳожирларининг энг йирик диаспораси яшайди ва улар инсон ҳақларини ҳимоя қилиш акцияларида бошқаларга қараганда фаолроқ иштирок этишади. Европанинг бу қисмида, БМТ конвенциясига мувофиқ, қочқин мақомини олган ўзбекистонлик кўплаб журналист, ҳуқуқбон ҳамда таниқли сиёсий ва диний фаоллар истиқомат қилади. Бизнинг мамлакатдан бўлган сиёсий муҳожирлар халқаро ҳамжамиятни Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти ҳақида ҳар қачонгидан кўпроқ хабадор эта бошлашди. Бу жараён Ўзбекистон махсус хизматлари жиғига тегаяпти,” дейди Надежда Атаева.

Норвегиядан бошпана олган мустақил журналист Евгений Дьяконовнинг Озодликка айтишича, Скандинавия давлатларининг ўзбекистонлик диндорларга бошпана бериб келаëтгани Тошкентни хавотирга солиб қўйган.

Охирги пайтларда Ўзбекистонда нега бундай муносабат шаклланди? Менинг назаримда, Ўзбекистонда Скандинавия мамлакатлари, хусусан Швеция ва Норвегия, Ўзбекистонга хайрихоҳ бўлмаган мамлакатлар сирасига киритилган. Бунга сабаб ўзбекистонликларга энг кўп Швеция ва Норвегия сиёсий ва диний муҳожир мақомини берганидир,” дейди Евгений Дьяконов.

Норвегиядан қайтгач Ўзбекистонда ҳибсга олинган шахслар ҳақиад ЎзТВ фильм ишлаган

Норвегиядан қайтгач Ўзбекистонда ҳибсга олинган шахслар ҳақиад ЎзТВ фильм ишлаган

Расмий статистика маълумотларини ишлаб чиқувчи Норвегия Марказий институтига кўра, бу мамлакатда расман 600 нафарга яқин ўзбекистонлик муҳожир сифатида қайда олинган.

Ўзбек фаолларига кўра, Норвегияда ноқонуний яшаётган ўзбекистонликлар сони расман қайддан ўтганлардан бир неча баравар кўпдир.

2014 йилда Норвегия олти нафар ўзбек муҳожирини Ўзбекистонга қайтариб юборган эди.

Улар Ўзбекистонга қайтарилиши билан қамоққа олиниб, диний-экстремизм ҳамда конституциявий тузумга тажовуз қилганлик айблови билан 12 йилдан 13 йилгача озодликдан маҳрум қилинди.

“Ўзбекистон” телеканали бу шахсларни жиҳодчилик ва бесоқолбозликда айблаб, кўрсатув намойиш қилган эди.

Ушбу кўрсатувдан сўнг Норвегия ҳукумати ўзбекистонлик бошпана изловчиларни депортация қилишни тўхтатди.

ЎХҲ хабарлар бўлими