Сокин сайлов

Сокин сайлов
25 views
12 August 2016 - 5:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(51)

СОКИН САЙЛОВ

Бу  сайлов  Ислом  Каримов  режимидаги  илк  ва  сўнгги нисбатан  демократик  сайлов  бўлганди.  Аммо  биз  у  пайтда  «бу сайлов  демократиянинг  бошланиши,  ҳали  камчилиги  кўп,  янаги сайловларда демократия янада кўпроқ бўлади,» деб режа қилардик.

Адҳам  Фозилбеков  маслаҳат  қилганидек,  номзодим Профессорлар  шаҳарчасидан  кўрсатилди.  Бу  округдан  яна  иккита киши  номзодини  кўрсатган  ёки кўрсатмоқчи экани маълум бўлди.

Бири  Ўзбекистоннинг  собиқ  коммунист  раҳбари  Муҳиддинов, иккинчиси  Тошкент  Университети  ўқитувчиси  Мухтор  Шапсанов эди.  Мен  Хоразмга,  ота-онамни  зиёрат  қилишга  кетгандим. Тошкентдан  телефон  қилишди,  Муҳиддинов  экан.  У  бизнинг округдан  ўз  номзодини  қайтариб  олаётганини  айтди.

Буни жумҳурият  келажаги  учун,  сиз учун қилаяпман, деди. Муҳиддинов кўпни  кўрган  дипломат,  сиёсатчи  эди.  Унинг  илтифоти  ва  илиқ гаплари учун ташаккуримни билдирдим. Тошкентга келганимдан кейин Мухтор Шапсановнинг ҳам ўз номзодини  қайтариб олганини  эшитдим.

Округда  89  фойиз  ерли  халқ,  11  фойиз  рус  тилида гаплашувчи  аҳоли  бор  эди.  Бу  рақам  сайлов  натижаларида  айнан акс  этди.  89  фойиз  «ҳа»,  10  фойиз  «қарши»  овоз  олдим.  Анишчев ва  Сатинларнинг  менга  қарши  пропогандаси  рус  аҳолиси  ичида ҳали ҳам устивор эди.

Muhammad_Salih_fotomajmua_56Олий  Кенгашнинг  1990  йил  вужудга  келган  таркиби  Совет Ўзбекистони  учун яп-янги воқеа бўлди. Сайланган депутатларнинг нақд  5  фойизи  коммунист бўлмаган одамлардан ташкил топганди. Бу ақл бовар қилмас прогресс эди. Ўтмишда коммунист бўлмаган ҳеч  бир  кимса  депутат  бўлиш  у  ёқда  турсин,  бу  ҳақда  орзу  ҳам қилолмасди.

Албатта,  ҳукумат  ҳар  бир  округда  вилоят  раҳбарлари  ва ўзига  яқин  одамларни  кўрсатишга  интилди,  аммо  уларга  муқобил номзод қўйилишига  ҳам қаршилик кўрсата олмади. Кўрсатса  ҳам  бу  қаршилик  ҳамма  ерда  муваффақиятли чиқмаганди.  Олий  Кенгашнинг  биринчи  мажлиси  март  ойининг бошида  ўтди.  Мен  бу  йиғинда  қатнаша  олмадим.  Март  ойининг бошида  Москвадаги  АҚШ  элчиси  Мэтлокнинг  таклифи  билан  4 кишилик  гуруҳ ичида Америкага бир ойлик сафарга чиқдим.

(давоми бор)