Йўқ нарсани айтиш қийин

Йўқ нарсани айтиш қийин
81 views
12 August 2016 - 8:00

TuzoqСафо Урганжи

ТАНАЗЗУЛ
(Тўрт юз олтмиш еттинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР 

ТУЗОҚ

Биринчи китоб

(Роман муаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

 Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб қололмайди.

Муҳаммад (с.а.в)нинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

 (19-қисм)

Бир куни мактаб мудири мени чақириб, Бу ишингни йиғиштир, охири вой бўлади, деди. Дардимни тўкибсолган эдим, у, Бу нарсаларни ўзингдан бошқалар билмайди деб ўйлайсанми? Сиёсий лўттибозликлар бошланганига яқинда йигирма йил тўлади. Бу иш юз йил давом этишини ҳамма яхши билади, сен билмайсан, холос. Юқорида ўтирган “гижжа” ўз ҳийласидан ўзи заҳарланиб ўлмас экан, мамлакатда ҳеч бир нарса ўзгармайди, деди кўрсаткич бармоғини шифтга ўқталиб. Олий маълумотли ўқитувчи бўла туриб, халқнинг шу кунни кутишидан ўзга чораси йўқлигини наҳотки тушунмайсан? Қомусимиз-чи, демократик йўллар билан адолатсизликка қарши адолатли кураш-чи”, дедим мен. Барчасининг жавоби битта – ўлим деди у қисқа ва лўнда қилиб.

Ортиқ гаплашадиган гап қолмаган эди. Мудирнинг хонасидан дилим хира бўлиб чиқиб кетдим. Аммо танлаган йўлимдан бир қадам ҳам чекинмадим. Сиқувлардан безор бўлган мудир, ахири, ишдан бўшашим тўғрисида ариза ёзишимни сўради. Мени вақтида ишдан бўшатмаганидан афсусланиб, Сени олиб қолиб бошимга бало орттирган эканман, деди. Энди мен ўзимни ишдан бўшатишлари учун ариза ёзишни хоҳламас эдим.

Бу пайтга келиб хотинимнинг саъй-ҳаракатлари, маслакдош дўстларнинг озроқ кўмаги билан икки хонали уй сотиб олиб, оилам билан яшай бошлагандим. Хотинимнинг ишлари тағин юришиб кетди. Унга, Тинчгина, борига шукр қилиб яшайлик. Ўзингни ўтга-чўққа уриб нима қиласан”, десам, Сиз анави бўлмағур ташкилотингиз билан намозингизни йиғиштиринг, кейин ўйлаб кўраман”, дер эди. У эмас, бу эмас, гапимиз бири-биримизга тўғри келмайдиган бўлиб қолди. Хотиним менинг қаршилигимга қарамасдан Дубай, Истанбул шаҳарларига тез-тез қатнайдиган одат чиқарди. Савдо-сотиқдан бошқа ҳам нима биландир шуғулланишини мендан сир тутарди. Бир куни унинг қўшмачилик билан шуғулланаётганини сезиб қолдим. У ўзбек қизларини ўша томонларга олиб бориб, фоҳишафурушларга сотиб келаркан. Ҳар қадамини муттасил назорат остига олганимдан кейин у миршабларга менинг устимдан ариза ёзиб ташлади. Ҳукуматга ва хавфсизлик ташкилотларига худди шу нарса зарур эди.

Хотинимнинг аризаси билан мактабдаги мажлис кун тартибига менинг масаламни қўйишди. Маҳалла фаолларидан тортиб ҳамкасбларимгача барча менга қарши овоз берди. Қўйингки, мени мактабдан ҳайдадилар. Ташкилотнинг тўрт аъзоси ҳуқуқ ҳимоячилари сафидан чиққанини эълон қилиб, шартли равишда ўз ишларида қолдилар. Устимдан ғалаба қозонган хотиним ошкора равишда шу кундан бошлаб уйдан чиқмаслигимни талаб қилди. У мажлисда қатнашган жамоа олдида мени қайта тарбиялашни ўз зиммасига олган эди. Унинг қўшмачилик билан шуғулланадиган сирини ҳеч қачон фош қилмаслигимни  яхши биларди. Шундай маълумот берганимда ҳам менинг айтганларим инобатга олинмасди. Хотиним бу фаолият билан шуғулланиш учун ҳеч бўлмаганда участка нозири билан келишмаса мақсадини амалга ошира олмаслигини мен ҳам очиқ англардим. Бунақанги қалтис ишларни хуфиялар мамлакатида енг ичида бажариш қоронғи кечада хирмонга ўт қўйишдай бир гап эди.

Хотинимнинг яна битта аризаси билан менинг қамалишим ҳеч гап эмасди. Аввалроқ ҳукуматнинг қаттиқ сиқуви остида қолган Ғолиб Тилов ўз фаолиятини асраб қолиш мақсадида хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлган эди. У билан бир фаолни тумшуғи тагидан қочириб юборган хавфсизлик ходимлари кимдан алам олишни билолмай юрардилар. Хотиним қизимни ҳам пулдор бир чол билан қўшиб қўйганини билганимдан кейин ҳаётда мен учун бирор-бир чегара қолмади. Онасининг қилмишини қизим йиғлаб айтиб бергач, ўзимни тутиб туролмадим. Уни чарчагунимча калтакладим. Ўлганига ишонгач, олиб кетиб кўминглар деб туғишганларига қўнғироқ қилдим. Палакатнинг жони итнинг жонидан ҳам қаттиқ экан. Ўн беш кун кўмада ётиб, ахири ўзига келипди. Бу пайтда мен ертўладаги ҳибсхонада эдим. У шикоят аризасида Эрим менга мажбурлаб намоз ўқитмоқчи бўлди. Ваҳҳобийликни қабул қилмаганим учун қийноққа солди деб ёлғонларни ёзиб берган эди. Хотин ўз эри устидан ҳам ёзиб берадими? Сира ишонолмасдим. Иккимизни юзлаштирганларида у кўзларимга бақрайиб туриб аризасидаги сўзларни такрорлади. Бу фикрлар унинг ўзидан чиққанми ёки хавфсизлик ходимлари ўргатиб ёздирганми, Тангрининг ўзига аён. Мен учун бу ёғи қиёматгача қоронғи бўлиб қолади...

  Титраб-титраб, тобора пасайиб кетаётган Абдулланинг товуши, мунгли ҳикояси шу жойга етганида ўчиб қолди. Уни маҳбуслар бошларини хам қилиб тинглаётган эдилар. Ёрқин бўёқларда акс этган бу каби ҳасратлар аслида ҳеч бир кимса учун янгилик эмасди. Тўрт асрдан буён ўзбекнинг томирларида қон ўрнига тенгсизлик, зўравонлик ва таҳқирлашлардан йиғилган йиринг айланаётипди. Буни бутун дунё билади. Эзгулик истовчи қалблар ўзбекни бу балчиқдан тортиб олишни қанчалар истамасин, унинг ўзи қўл чўзмагач, уларнинг кузатувчи мақомида туришдан бошқа чоралари йўқ эди. Нурсизликдан захлаб кетган жонлар эса узатилган қўлларга қўл беришдан ҳайиқардилар. Нажот учун чўзилган қўллар уларни зулм ботқоғидан бир ҳамлада чиқариб ололмаса, юз минглаган инсонлар авлод-аждодлари билан тузум ғазабига учраб қирилиб кетардилар. Шу туфайли улар таваккалчиликка берилмасликни одат қилган эдилар. Қад ростлашга кичик бир уриниш ҳам хурофот ботқоғига ботган тузум илдизига пўлат болта билан уришдан кўра даҳшатлироқ эди. Мустабидлар эрк истаб инграган чақалоққа ҳам тиғ тортишдан уялмасди. Ўзбек учун таваккалчиликдан кўра ботқоқ ичида жон асраш маъқул кўринарди...

Абдулланинг ҳикоясини тинглаган Баҳромни аввалида ваҳима босди. Уни кимнидир илинтириш учун маҳбуслар орасига ташланган хуфия деб ўйлади. Ҳатто, у бу кимса ичимдагиларни уқаётган бўлса, энди нима қилдим деб, қаттиқ қўрқувдан бир неча марта титраб ҳам кетди. Оёқларининг учигача муздек қон югуриб, кимса билмас пешонасидан қора тер ҳам уриб чиқди. Ғолиб Тилов номини эшитгач, унинг самимийлигига ишона бошлади. Ғолиб Тиловни “Бирлик” халқ ҳаракатига унинг ўзи қабул қилган эди. У киши ҳақиқатан ўзбек зиёлиларининг типик вакили, жасур ҳуқуқ ҳимоячиси эди. Шунда ҳам у Абдулланинг гапини кесмади. Бошқаларга ўхшаб ҳар хил саволлар беришдан ўзини тийди. У ҳибсга олинганида олдига қўйган биринчи мақсади ҳушёрлик эди. Шуни ёдда тутиб, тилига иложи борича эрк бермасликка тиришаётганди. Эплай олса, бу пухталик ҳар қандай вазиятда яхши-ёмон нарсаларни унинг фойдасига ҳал этарди. Эплай олмаса, бошига йўқ балоларни ёғдирарди.

– Бир қултум сув, йигитлар! – деди Абдулла бир замон. – Томоғим қуриб кетяпти.

У икки ҳўплам сувни ютина-ютина ўн беш дақиқада базўр ичди. Қийноқлардан рамақижон бўлган тани қуёш тафтидан эриб кетаётган музга ўхшар, у ёнидан бу ёнига қўзғалиш учун беадад машаққат чекарди. Оёғи учида ҳалигача мум тишлаб ўтирган иккинчи қаватдан тушган маҳбус унинг ёнбошига ағдарилмоқчи бўлиб қийналаётганини кўриб:

– Абдулла ака, елкамдан ушланг! – деди.

Абдулла унинг елкасига қўлини ташлади. Баҳром ғираширада қийноқлардан тўкилган тирноқларни кўриб тискиниб кетди. Унинг битта ҳам бармоғида соғлом тирноқ қолмаган, бармоқларининг учи чопиб олинган тут қаламчаларидай қорайиб ётарди.

Баҳромнинг вужудини қўрқинч аралаш нафрат қоплаганда кўзлари олдидаги туман орасидан қидирув бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган Оташқулнинг совуқ башараси гавдаланди.

Тижорат билан жиддий шуғулланмоқчи бўлган ҳар қандай кимса, умрим қисқа бўлмасин деса, президентлик маҳкамаси ёхуд хавфсизликка ўхшаган бирор ташкилотдан ҳомий орттириши зарур бўларди. Бу ҳомий ўз мижозини назорат ташкилотлари, хусусан қонун посбонлари дея аталмиш хавфсизлик идоралари тажовузларидан иҳоталаб туриши лозим эди. Оташқул бошида тезкор гуруҳ таркибида фаолият кўрсатарди. Баҳромнинг Султонмурод деган яна бир тижоратчи таниши уни майда-чуйда ишларни битириш учун арзимаган чойчақага югурдак қилиб ёллаганди.

1993 94 йилларда мусулмонларга зимдан қирғинборот бошланди. Тозалаш” деб номланган бу ҳаракат президент бошчилигидаги жиноятчи тўданинг исломга қарши биринчи юриши эди. Иш 1993 йилгача талабалар норозилик намойишларини бостириб келган бошқарма базасида ташкил этилди. Бостириш ва Йўқотишда у ерда тўплаган бой амалий тажриба айни чоқда ҳукуматга қўл келганди. Мазкур туман ҳудудида жойлашган Талабалар шаҳарчаси бутун республикадаги энг қайноқ нуқта ҳисобланарди. Кутулмаганда портлашга мойил бу нуқта раҳбарлар юрагига ваҳшат солиб турарди. Бошқарма бошлиғи қўли билан “Эрк” ва “Бирлик” қанотида шаклланган “Эркин ёшлар уюшмаси” – Озодлик ҳаракатини барбод қилишга мувафақ бўлган ҳукумат тишини диндорларга қарши қайраркан, бу тадбир ҳам синов майдони ҳисобланган ушбу тумандан бошланди. Оташқул ўша пайтлардаги ноинсоний қийноқлар кўлами тўғрисида гапирганда, Султонмурод, алжираяпти деб унга ишонмаган. Чунки у маст ҳолда машина бошқариши оқибатида икки марта қўрқинчли автоҳалокатга учраганди. Унинг хаёли кирди-чиқди бўлиб, ақли-ҳуши жойидамасди. Султонмуроддан даҳшатли воқеаларни эшитган Баҳром ҳам, ҳар қандай ҳукумат ҳам ўз фуқароларини эътиқодлари учун чексиз қийноқларга гирифтор этиши мумкин эмас, деб ўйларди. Айниқса, Баҳром Султонмуроднинг 1997 йилдан кейинги ҳикояларини эсларкан, Оташқул шайтонинг гаплари ростлигига шу топда ишонч ҳосил қилиб ўтирарди. У қийноқлар борлигини билса ҳам, бу даражада пасткашликлар содир этилишини хаёлига ҳам келтирмаганди. Айниқса, Абдулла бироз ўзини ўнглаб, ҳикоясини узилган жойидан давом эттирганда, жирканч воқеаларни ўз қулоқлари билан эшитиб у ўтирган ўрнида мурдадек қотиб қолди…

– Мени қўлга олган кундан “ваҳҳобий шерикларим” кимлар эканлигини ёзиб беришимни талаб қилдилар. Оддий намозхон эканлигимни билсалар-да, шерикларингни яширяпсан деб қийноққа солдилар. Кўкракларим учига, қулоқларим супрасига ток улаб берган азобларини отга қўлласалар, от тил тортмай ўларди. Ваҳҳобий ёки ҳизбут таҳрирчи бўлмасам, умрим бино бўлиб унақанги кимсаларни кўрмаган бўлсам, кимни ёзиб беришим мумкин? Охири икки қўлимни юқорига тортиб боғлаб, моякларимга сувга тўлдирилган бақлашка осиб қўйдилар. Бунинг азоби дўзах азобидан ҳам ўтиб тушди. Гўё буйракларим оқиб тушаётгандай, ичимда чидаб бўлмас оғриқ пайдо бўлди. Икки дақиқалик муддат асрларга тенг бўлиб кетди. Ҳушимдан кетиб қолипман. Кўзимни очсам, соқчи юзимга сув сепаётган экан. Барибир ҳеч кимнинг исми-шарифини айта олмадим. Йўқ нарсани айтиш қийин экан. Мен “унақа кимсаларни танимайман”, десам, танимасанг, туғасан” дейишади. Ғолиб ТиловнингИнсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мустақил ташкилотига аъзоман”, десам, сўзимни эшитишни ҳам истамадилар. Ахири бўлмагач, девордаги қувурга боғлаб, бошимга сув томчилатиб қўйдилар.  Қимирлашнинг мутлақо иложи йўқ. Томчилаётган сув бошнинг битта нуқтасига тушади. Сувдай нафис нарса ҳам битта жойга келиб тегаверса, тошдан қаттиқ бўларкан. Ҳар томчилаганда аллаким бошингга чўкич  туширгандай бўлади. Туғилганингга пушаймонлар ейсан. Совуқдан томирларинг тортишиб, акашак бўлиб қолганингда, ақл-ҳушингдан айрилганингни сезмай қоласан. Идрок этишдан, фикрлашдан мосуво бўласан. Тағин ҳушингга келганингда, “шерикларинг ким”, деб сўрайдилар. Шеригим йўқ, дея жавоб қайтарасан. Бўлмаса, “туғасан” дейишади. Тегирмоннинг тошига ўхшаб, гап битта жойда айланаверади, айланаверади... Азобларнинг ниҳояси йўқдай туюлади. Кўзларингда ёшларинг қурийди. Оҳу зорингни совуқ деворлардан бошқа ҳеч ким тингламайди. Дунёда ҳеч қачон рўшнолик кўрмаган бўлсам керак деган хаёлга борасан. Беғубор онларинг, бахтиёр ўтган кунларинг сароб бўлиб туюлади. Елкаларинг тўрт бурчига тегиб турадиган зах каталакчаларда – ёлғизликнинг шафқатсиз бўшлиқлари ичра ўзингни фиръавнларнинг жирканч тобутида қотиб қолган мурдадай ҳис этасан

Шундай кунларнинг бирида мени совуқ каталакчадан камерага олиб чиқиб ташладилар. У жойда иккита маҳбус бор эди. Улар мени яхши кутиб олиб, тансиқ таомлар билан сийладилар. Тўхтовсиз азоблардан кейин камера менга ҳақиқий жаннат бўлиб туюлди. Ҳалиги икки киши шундай ширин муомала қилардики, кўзларимга нақ фаришта бўлиб кўринардилар. Уч кун ўтиб ҳам мени сўроққа чақиришмади. Қийинчиликлар ортда қолди деб ўйладим. Бироқ икки кимсага бошдан кечирганларимни ипидан-игнасигача ҳикоя қилиб берсам ҳам, қайта-қайта суриштираверарди. Орадан беш кун ўтиб, уларнинг мушакдорроғи тиббий бўлимга ариза ёзиб чиқиб келди-да, вазият тескарисига қараб ўзгарди. Улар дабдурустдан қўлимга қоғоз тутқазиб, мени росмана тергов қилишни бошладилар. Саволларга жавоб беришдан бош тортгандим, шунақа тепкилашдики, кўкармаганйиртилмаган жойим қолмади. Умр карвоним манзилига етиб келди, деб ўйладим. Калтакдан одам ўлмаса, ўлмас экан, бир кун ўтиб, ҳушимга келдим. Улар яна олдимга оқ қоғоз қўйиб, миршаблар сингари, Шерикларингнинг исми-шарифларини ёз”, дедилар. Ғолиб Тиловни ва уч-тўртта ҳуқуқ фаоллари номларини ёзиб бердим. Ёзганларимни ўқиб кўриб, қоғозни йиртиб ташладилар. Озғиндан келган маҳбус олдимга бир варақ оқ қоғоз қўйиб, “Майли, шерикларинг исми-шарифларини мен айтиб тураман, сен ёзгин, деди. У Ғолиб Тиловнинг инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилотига менинг ташаббусим билан аъзо бўлган тўртта ҳамкасбимнинг номларини айтди. Мен, худди у айтгандай, уларнинг номларини, туғилган йилларини тўлиқ қилиб ёздим. Тўрт танишим орасида мен танимайдиган иккита одамнинг ҳам номи бор эди. Уларни танимайман”, десам, Ёзавер”, дейишди. Қараб турсам, номлари қоғозга тушган одамлар менинг ваҳҳобийчи шерикларим бўлиб чиқяпти. Уларнинг айтганларига, “хўп” деб туриб, тўртта ҳамкасбимни ҳуқуқ ҳимоячиси, номлари келтирилган икки кимсани эса мутлақо танимайман, деб тўғрисини ёздим. Икки маҳбус ёзганларимни ўқигач, биттаси эшикни уриб, даҳлизга чиқиб кетди. Ярим соат ўтиб, соқчи эшикни очиб, уни ичкарига киритаркан, у менга:

– Кийимларингни еч! – деди. Мен:

– Нима учун ечаман? – дедим ажабланиб.

– Орқангга итарамиз! – деди мушакдор маҳбус.

– Гуноҳим нима? – деб сўрадим.

– Ваҳҳобий шерикларингни ёзиб берсанг, қутуласан! – деди улар.

– Менинг ваҳҳобий шерикларим йўқ, нимани ёзаман? – дедим мен.

– Мен айтиб тураман! – деди озғин маҳбус.

– Ўлсам ҳам бировга туҳмат қилмайман! – дедим мен.

Шу пайт мушакдор маҳбуснинг муштидан шконкага бориб урилиб, ерга ағанадим. Бурнимдан қип-қизил қон отилди. Улар мени қип-ялонғоч ечинтириб, сўнгра шконкага боғладилар.

 (давоми бор)