Истанбулда юзга яқин ўзбек муҳожири депортация хавфи остида қолди

Истанбулда юзга яқин ўзбек муҳожири депортация хавфи остида қолди
60 views
11 August 2016 - 22:22

2ACA77CF-2373-45D4-8791-AD1FB42FED6D_w987_r1_s“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Истанбулда сўнгги 13 кун ичида 140га яқин марказий осиёлик муҳожир ушланди. Озодлик манбаларига кўра, ушланганларнинг асосий қисми ўзбекистонлик бўлиб, ҳозирда уларнинг юзга яқини депортация хавфи остида қолган.

29 июль куни Туркия хавфсизлик идоралари Истанбул шаҳрида бошлаган тадбирларнинг биринчи босқичида 29 нафар ўзбекистонлик муҳожир, кейинчалик яна 100га яқин ўзбек муҳожири ушланди.

Ушланган ўзбек муҳожирлари билан боғлиқ вазиятни ўрганаётган Ўзбекистон Халқ Ҳаракати маълумотига кўра, ушланганларнинг 80 нафари қўйиб юборилган ва уларнинг 40 нафарига 1 ой ичида Туркияни тарк этиш талаби қўйилган.

Вазиятдан хабардор мухолифатдаги Ўзбекистон “Эрк” партияси раҳбари, ҳозирда Туркияда яшаётган Муҳаммад Солиҳнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, айни пайтда яна 60 киши Истанбулдаги Қумқопи депортация марказида ушлаб турилибди.

– Шулардан 4 киши Тожикистон, 6 киши Қирғизистон, 9 киши россиялик, 1 киши Қозоғистон фуқароси. Аммо қолганларнинг ҳаммаси ўзбеклар. Ушланган 40 киши Туркияни тарк этиш талаби билан қўйиб юборилди. Ҳозир Қумқопи изоляторида 60 киши ушлаб турилибди. Уларнинг 17таси ёш болалар, 4таси ҳомиладор аёллар. Болаларнинг ичида 15 кунлик, 3 ойлик чақалоқлар ҳам бор,- деди Муҳаммад Солиҳ.

Озодликнинг Истанбулдаги манбаларига кўра, 11 август куни ҳам шаҳардаги бир неча нафар ўзбек муҳожири полиция томонидан олиб кетилган.

Қумқопи депортация марказида ушлаб турилганлардан бирининг яқинига кўра, ҳозирча ушланганларга расмий бирор айблов эълон қилинмаган:

“Полиция билан гаплашдик. Ҳеч қандай айблов йўқлигини айтишди. Фақат депортация қилинишини айтишди. Сабабини изоҳлашмади”, деди яқини депортация марказида ушлаб турилган ўзбекистонлик муҳожир.

Унинг айтишича, аксар ушланганларнинг Ўзбекистондаги уйларида МХХ томонидан тинтув ҳам ўтказилган.

Муҳаммад Солиҳга кўра, ушлаб турилган ўзбек муҳожирларининг аксари диний мотивлар боис Ўзбекистонни тарк этган шахслар бўлиб, уларнинг депортациясига йўл қўйиш мумкин эмас:

– Булар Ўзбекистондан қочган диндорлардан. Яъни ўзининг диний эътиқоди туфайли таъқиб-тазийққа учраб, қочган инсонлар. Кўпчилиги 5-6 йилдан бери яшаб ўтирган ўзбеклар. Улар ҳеч-бир партиянинг яъзоси эмас. Фақат ўша диндор бўлганлари учун тазийқ-таъқибга учраган мазлумлар. Ўзбекистонга борса, мутлақо булар ҳибс қилинади ва қийноққа солинади ва ҳатто ўлдирилиши ҳам мумкин. Бунга йўл қўймаслигимиз керак. Жамоатчилик бунга қарши чиқиши керак. Масалан, “Амнести Интернэшнл”, “Ҳюман Райтс Уотч” каби ташкилотлар бу нарсани қўлга олиб, шуғулланиши керак ва турк ҳукуматига уларни қайтариб юбормасликни талаб қилиб чиқиши керак, деб ўйлайман, – деди Муҳаммад Солиҳ.

Воқеа юзасидан Истанбул полициясидан маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Афтидан муҳожирларни ушлаш тадбири фақат Истанбулда кузатилмоқда. 11 август куни Туркиянинг бошқа шаҳарларида яшаётган ўзбекистонлик муҳожирлар Озодлик билан суҳбатда ҳарбий тўнтаришга уринишдан сўнг фавқулодда текширув бўлмаганиниайтишди.

15 июль куни Туркияда бир гуруҳ ҳарбийлар давлат тўнтариши амалга оширишга урингани ортидан мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Ушбу воқеадан сўнг “Ўзбектуризм” Миллий компанияси Туркияга сафар қилишни режалаштираётган Ўзбекистон ватандошлари ҳамда Туркияга сайёҳлар жўнатиш билан шуғулланадиган операторларидан бу мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий вазиятни ҳисобга олишни сўради.

ЎХҲ хабарлар бўлими