Дунёда нима нарса кўтарилиб ривож топса, бир куни у тубан туширилгай

Дунёда нима нарса кўтарилиб ривож топса, бир куни у тубан туширилгай
158 views
13 August 2016 - 6:00

nabiyАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 72

(давоми)

ЯНА БИР ВОҚЕА

Шу сафардин қайтишларида, бир куни Расулуллоҳнинг минган туялари йўқолди. Саҳобалар ҳар тарафга тарқашиб, ани излагани турдилар. Ҳеч жойдин туя дараги топилмагач, бу ишдин мунофиқларга яна сўз топилди. Аларнинг раислари Зайд ибн Салт деган киши ансор саҳобалари ичида ўлтурган эди. Мусулмонларга таъна қилиб:

— Бу киши қандоқ пайғамбармен, дейди, йўқолган туясини қайга кетганини ўзи билмайдур. Осмонлар устидан ваҳий келтиргувчи Жаброил бу ҳақда унга нимага хабар келтирмайдур? — деди.

Бу сўзни эшитган саҳобалар у мунофиқни шу замони ўлдирмоқчи бўлдилар. Алардин қўрқиб дарҳол Расулуллоҳ паноҳига қочди. Бу келиб етмасдин илгари Расулуллоҳ айтдиларким:

— Шу ҳозирда бу мунофиқ меним йўқолган туям устида сўз қилди, туяси қаёққа кетганини билмаган киши қандоқ қилиб пайғамбармен, дейди. Нега ваҳий келиб, туясининг жойини билдирмади, деди. Ғайб ишни Аллоҳдин бошқа ҳеч ким билмайдур. Илгари билмаган эдим, ҳозирда ваҳий келиб, туя хабарини менга билдирди. Шу кўринган тоғ жилғаси ичида бурундиқ ипи билан бир ёғочнинг бутоғига илинганича туя тўхтаб турибдур, бир киши бориб, ани келтурсун, — дедилар.

Буни эшитган ул мунофиқ:

— Мен энди аниқ ишондим, кўнглимдаги ғуборим кўтарилди, сиз Аллоҳнинг ҳақ пайғамбари экансиз. Бир дам илгари бу сўзлар мендан айтилмиш эди, оғзимдан чиқиши билан бу сўзларни сизга ким еткузди? Ул туянинг ёғочга ўралиб қолганини сизга ким билдирди? Албатта, сизга бу ишлар Худо тарафидан берилмушдур, йўқ эса, ғайб ишларни ким била олғай? — деб Расулуллоҳдин ўз гуноҳи учун афв сўради. Расулуллоҳ уни кечирдилар.

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу сафардин қайтар вақтларида аскар ичидаги югурук отлар, чопағон туялардин келтириб, пойга чоптирдилар. Расулуллоҳнинг ҳам Қасво ва Азбо номлик икки чопағон туялари, Дарб исмлик бир югурук отлари бор эди. Туяларини ҳазрати Билол минди, отларини Абу Саъд минди, бу икковлари бошқаларнинг югурук от-туялари билан пойга қўйдилар. Ҳар икковлари ҳам бу пойгада ғалаба қилдилар.

Айниқса, Расулуллоҳнинг Азбо номлик елмаён туялари бек чопағон эди. Икки ёшлик туясини минган бир аъробий келиб, ул туя билан чопиштирди, аъробий туяси пойгада ўзиб чиқди. Саҳобалар бу ишни кўриб, бек оғир олдилар. Анда Расулуллоҳ айтдилар:

— Аллоҳга одат шулдурки, дунёда нима нарса кўтарилиб ривож топса, бир куни уни тубан туширгай. Бу ҳайвоннинг ҳам кўп пойгалардин ғолиб чиқиб, кўкраги кўтарилган эди. Аллоҳнинг одати бўйича бу ҳам тубан тушди. Бунга хафа бўлиш тўғри эмасдур. Чунки бу иш дунё қонунича бўлмишдур.

Яна шу сафарда таяммум ояти нозил бўлди. Бунинг сабаби шул эрдиким, онамиз ҳазрати Оиша Расулуллоҳ билан бирга чиққан хотунлар одатларича бўйинларига осган зийнатлари бор эди, уни араблар «қилода» дейдилар. Бир манзилдан кўчиб йўлға чиққанда бўйинларига қарасалар, тақилмиш қилода тушиб қолмишдур. Буни Расулуллоҳга айтгач, шу жойда тўхтаб, ахтариш учун орқага икки одам юбордилар. Бу турган жойлари эса бир чўлу-саҳро бўлиб, ўтган манзилдан сув ҳам олмаган эдилар. Йўл устида узун туриб қолганларидан, кун иссиғи, сувсизлик кишиларни кўп малол қилди. Бир неча кишилар ҳазрати Абу Бакрга келиб, онамиз Оиша устидан шикоят қилдилар. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ хафа бўлиб, қизлари Оиша чодириға келдилар. Қарасалар, Расулуллоҳ Оиша онамиз тиззасига бош қўйиб, янгидан ухлаган эканлар, ўзлари уйғонмагунча Пайғамбаримизни ҳеч кимар уйғота олмас эди. Чунки Расулуллоҳ уйқу ичида ҳам Аллоҳдин ваҳий олур эдилар. Ҳазрати Абу Бакр қизлари Оишага қараб:

— Сен бизни хижолатга қўйдинг, Расулуллоҳ бошлиқ бутун бир қўшин — аскарни сувсиз бир чўл жойда тўхтатдинг. Кишилар ичгали ва таҳорат қилгали ҳеч жойда сув йўқдир, бу қийинчиликларга сен сабаб бўлдинг, — деб онамиз Оишани биқинларига икки-уч маротаба қаттиқ нуқдилар. Оиша онамиз жонлари оғриган бўлса ҳам, Расулуллоҳнинг уйқулари бузилмасин деб қимирламадилар. Расулуллоҳ ҳам шул орада уйқудан уйғониб кетдилар.

Қайси бир намознинг вақти ҳам кирган эди, таҳорат олмоққа сув сўрадилар эрса, анинг йўқлигини айтдилар. Бир таҳорат олгудек ҳам сув топилмади. Мана шул чоғда Таяммум қилмоққа рухсат бўлиб, ушбу оят тушди:

«Фаин лам тажидув моан фатаяммамув саъийдан тоййибан». Яъни: Таҳорат олмоққа, ғусл қилмоққа сув топмас эрсангиз, тоза тупроққа таяммум қилинглар, демакдур. Мана шул оят ҳукми ила сув йўқ ерларда ғусл, таҳорат ўрнида таяммум қилмоқ мусулмонларга фарз бўлди. Бу ҳукмнинг тушганига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп суюниб:

— Эй Оиша, бу йўқолган қилоданг қандоғ қутлуғ нарсадурким, умматларим учун бундоқ кенгчиликка сабаб бўлди, — дедилар.

Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ келиб:

— Эй қизим Оиша, сенинг ҳар бир ишингдан бир баракот чиққай, — дедилар. Ансор раисларидан Усайд ибн Ҳузайр келиб:

— Абу Бакр Сиддиқ авлодида мусулмонлар учун кўп баракот бордур, — деб суюнчилик қилди.

Шунинг учун онамиз ҳазрати Оиша айтдилар:

«Тўққиз неъматдурким, Аллоҳ таоло уни менга бермишдур. Улардин ҳеч бирини бошқа хотунларга бермабдур.

Бири шулдирким, Жаброил алайҳиссалом менинг расмимни кафтида келтириб, Расулуллоҳга кўрсатиб: «Бу расм эгаси сенинг жуфтинг бўлғай», деди.

Иккинчиси мени Расулуллоҳ қиз олдилар, бошқа хотунлари эса, ҳаммаси эр кўрмиш, жувон эдилар.

Учинчиси шулки, Расулуллоҳ энг охирги умрида, менинг қучоғимда, бошлари кўксимда туриб жон бердилар.

Тўртинчиси эса, Расулуллоҳнинг қабрлари менинг уйимда бўлди, демак, менинг уйим арши аъзамдан ҳам улуғ даражага етди.

Бешинчиси, Расулуллоҳ билан бир тўшакда ётган вақтимда ҳам ваҳий келур эди. Бошқа хотунлари билан ётган чоғларида бу иш бўлмади.

Олтинчиси, отам Абу Бакр Сиддиқ Расулуллоҳнинг ажралмас дўсти бўлиб, вафотлари сўнгида анинг биринчи халифаси бўлди.

Эттинчиси, пок яратилдим, пок наслдан туғилдим, энг пок, муқаддас зотга ёр бўлдим.

Саккизинчиси, тириклик чоғимда Аллоҳнинг раҳмат ва мағфирати билан менга башорат берилди.

Тўққизинчиси, мунофиқлар қилган туҳматдин поклигимни Аллоҳ таоло ваҳий юбориб, ўзи исбот қилди.

Мана шу ўтган воқеалардин сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам бу сафардин қайтиб, соғ ва саломат Мадинага келдилар.

 (давоми бор)