Америка

Америка
117 views
13 August 2016 - 5:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(52)

АМЕРИКА

Сафар программаси бир ойга мўлжалланганди. Унга, асосан, Америка  этнографияси  ва  у  ерлардаги  миллий  қавмларнинг турмуш  тарзи  билан  танишув  режа қилинганди. Балки, бундай бир программа  даражасида  Ўрта  Осиёдан  чақирилаётган  илк  киши эдим.  Тўғрироғи,  шундай  программага  қатнашишга  изн  берилган илк  одам.  Чунки,  Совет  Иттифоқи  ўз  фуқароларини  миллий қавмлар  аҳволи  билан  қизиқиш,  уни  муҳокама  қилиш  даражасида эркин  етиштирганди.  Бундай  муҳокамалар  ёзилмаган  қонун  билан таъқиқланганди. Фақат қайта қуриш туфайли бошқалари қатори бу таъқиқ  ҳам  бузила  бошлаганди.

Менинг  80-йилларда  демография ва тил ҳақида ёзган мақолаларим Ғарб советологларига таниш эди. АҚШ  сафари рўйхатига ҳам шу боис тушиб қолган бўлсам керак. Ҳамроҳларим  Москвадаги  КПСС  институтидан  бир  фан  доктори, СССР  халқ  депутати  бўлган  бир гуржи олим ва яна бир этнограф, фан доктори хоним бор эди.

Программа  Американинг  пойтахти  Вашнгтон  билан танишишдан  бошланди.  Бизнинг  делегациямиз  Америка Информация  Маркази  тарафидан  даъват  қилингани  учун  расмий ҳисобланар  ва  шунга кўра, матбуот ҳам бу тадбирни ёритиш учун огоҳ қилинган  эди.

Шу  баҳона  билан  «Америка  овози»  радиосининг  ўзбек шўъбаси  бошлиғи  Абдулла  Чиғатой  биз  турган  меҳмонхонани топиб келди. Бу Америкада дуч келганим биринчи ўзбек муҳожири эди. Жуда севиндим. Вашнгтонда  узоқ  қолмадик,  ўлканинг  энг  шимолий минтақаси  Сиэтл  шаҳрига  учдик.  Сиэтл  март  ойида  совуқ  эди.

Провинсияга  чиқиб  бир-икки  ҳинду  қабилалари  йўлбошчилари  ва ҳиндуларнинг  яшаш  тарзи  ва  урф-одатлари  билан  танишдик. Албатта,  уларнинг  яшаш  тарзи  бошқа  америкаликларникидан  ҳеч фарқ  қилмасди.  Фарқи  улар  яшайдиган  жой  шаҳар  саналмасди. Кўллар,  ўрмонлар  бор  эди.  Ҳатто  бир  майдонда  қазилма  бойлик ҳам  борлигини  ва  бу  ҳиндуларнинг  миллий  бойлиги  эканлиги,  унга федерал  ҳукумат  тегина  олмаслиги  ҳақида  гапиришди.  Лекин насли  қирилиб  битирилган  бу  ноёб  қавмни  энди  бундай  бойлик билан  алдаш  қийин  эди.  Чунки,  ҳиндулар  бу  бойликни  қазиб ололмасди,  қазиб  олса-да  ишлата  олмасди.  Бунга  уларнинг  пули ҳам, ишчи кучи ҳам йўқ эди.

Америка  ҳиндуларга  баъзи  ҳақлар бериб, ўтмишдаги уларга қилинган  геноцид  учун  кечирим  сўраётган  эди  гўё.  Аммо  бу кечиримни  қабул  қиладиган  халқ  йўқ  эди.  У  ер,  бу  ерда  ўзининг ҳинду  эканини  таъкидлаб,  этник  кимлигини  жамоатга таништиришга  уринаётган  гуруҳлар  ҳиндуликни  декоратив  шаклда тақдим  қилаолардилар.  Уларнинг  ҳиндулигидан  фақат  буғдойранг вужуди  ва  қора  сочлари  қолганди.  Зеҳнларида  эса,  аллақачон  ўз ҳокимиятни  йўқотганди.  Сиэтлда  биз  турган  меҳмонхонага  бир турк  қизи  келди.  Аспирант  турколог  экан,  ўзбекчани  ўрганаётган экан.  Исми  Дилак  Элчин,  романтик,  туркчи  бир  қиз  экан.

Ўзбекистондаги  сиёсий,  ижтимоий  ва  маданий  ҳаётдан  анча хабардор  эди. Унга менинг бу ердалигимни Олмонияда яшайдиган ўзбек  муҳожири,  тарихчи  олим  Боймирза  Ҳайит  айтибди. Дилакхоним менга Сиэтлни томоша қилдирди. Ўша куни Боймирза Ҳайитнинг  ўзи  ҳам  телефон  қилди.  Сизнинг  ижодингиз  ва  сўнгги йилларда  ёзган  ишларингиз  билан  яхши  танишман,  деди.  Яқинда юрагим  амалиёт  қилинганди,  агар  бир  ҳафта  ичида  ўзимни  яхши ҳис  қилсам,  Америкага  Сизни  кўришга  келаман,  гаплашадиган гапларимиз кўп, деди.

Қайта  қуришнинг  сўнгги  босқичида  чет  элларда  яшаётган ўзбек  муҳожирларида  «Туркистоннинг  қутулиши»га  умид туғилганди.  Улар  имконлари  доирасида  Ўзбекистондан  келган хабарларни таҳлил қилар,  ватан тақдири билан қизиқишарди. Боймирза  Ҳайит  ўзбек  муҳожирлари  ичида  актив  фаолият кўрсатган  кишилардан  бири  эди.  Иккинчи  жаҳон  урушида олмонларга  асир  тушиб,  «Туркистон  легиони»да  рус  армиясига қарши жангларда қатнашган бу ўзбек зиёлиси туркистонлик сиёсий арбоб  Мустафо  Чўқайнинг  сафдоши  Вали  Қаюмхон  билан  бирга фаолиятга  бошлаганди.  Боймирза  Ҳайит  урушдан  кейин Олмонияда  қолиб,  у  ерда  уйланганди.  Эллигинчи  ва  олтмишинчи йиллар  орасида  қатор  жамиятлар  тузиб,  Туркистон  масаласини дунё жамоатчилигига англатишга урунган фидоий  одам.

Muhammad_Salih_fotomajmua_57Сиэтлдан сўнгра, янглишмасам, Чикаго минтақасидаги испан тилли  аҳоли  лидерлари  билан  учрашгандик.  У  ерда  эски  дўстим Индианалик  турколог  олим  Девин  Дэвисни  тасодифан  учратиб қолдим.  Бирга қаҳва ичдик, 80-йилларни эсладик. Орадан бор-йўғи олти  йил  ўтганди,  аммо  бу  қисқа оралиқ абадият каби кўринарди. Бу  қисқа  вақт  ичида  Совет  Иттифоқида  катта  воқеалар  юз берганди.

Кейин Луизана, сўнгра Сан-Антонио ва яна бир неча штатда сафар программасини адо этдик. Тўсатдан ёғилган таасуротлар бир оз чарчатди. Ню-Йорк программаси бошланганда мутасаддилардан қолган  бир  ҳафтада  менга  ижозат  беришларини  сўрадим,  «йўқ» дейишмади ва мен Ню Йоркда жойлашган ўзбеклар ёнига кетдим.

У ерда «Туркистон» жамиятининг  раиси Неъмат Бегиш кутиб олди.  Бир  неча  ўзбек  хонадонида  меҳмон  бўлдим.  Ҳаммаси самимий  қаршиладилар.  Ўзбекистон  ҳақида  кўп  сўрадилар,  кўп суҳбатлашдик.  Туркиядан  Аҳад  Андижон  деган йигит етиб келди. Уни  танимас  эдим.  Туркияда  ҳам  «Туркистон»  жамияти бор экан, унинг  раиси экан. Ўзи жарроҳ, аммо сиёсат билан қизиқаркан.

Икки  кун  сўнгра  Олмониядан  Боймирза  Ҳайит  учиб  келди. Ёши  олтмишдан  ошганига  қарамай,  бақувват  эди.  Фақат  юрак амалиётидан  сўнгра  тўққиз  соат  учоқда  ўтириш  осон  иш  эмасди. Оёқлари  шишиб  кетганди.  Мен  шунча  заҳматнинг кераги йўқ эди, дедим.  Э,  қизиқсиз,  сизларни  яна  қачон  кўрамиз,  деди  кулиб  бу аскар  одам.  Боймирза  ака  билан  беш  кун  давомида  мириқиб суҳбатлашдик.  Миллий  масала  бўйича  қарашларимиз  деярли  бир хил эди. Унинг китобларини ўқимагандим, аммо унга қарши Совет матбуотида  босилган  қораловчи  мақолаларни  ўқигандим.  Ню-Йоркда,  аср  бошида  «Босмачилар  ҳаракати»  номи  билан  машҳур бўлган  миллий  озодлик  ҳаракати  лидерлари  Шермуҳаммадбек (Кўршермат)нинг авлодлари билан ҳам учрашдим.

Кейин  Боймирза  Ҳайит,  Аҳад  Андижон  ва  мен  Вашнгтонга кетдик.  Бизга  Ню-Йоркдаги  «Туркистон»  жамиятининг  эски раиси Абдулла  Хўжа  ҳамроҳлик  қилди.  Абдулла  Туркистон  даъвоси билан  етишган  ёшлардан  эди.  Самимий  инсон,  Ню-Йоркда  экан, унинг  уйида қолгандим.

Вашнгтонда  Совет  пропагандасининг  яна  бир  салбий қаҳрамони  Рўзи  Назар  билан  кўришдим.  У  саксон  иккинчи  йилда «Литературная  газета»да  чиққан  бир  мақолада  Рим  папасига суиқасд ташкилотчиларидан бири ўлароқ тасвирланганди.

Рўзи  Назар  ҳам  Боймирза  Ҳайит  каби  «Туркистон  легиони» мансубларидан,  олмон  хонимга  уйланган,  сўнгра  АҚШга  келиб, Пентагоннинг  тадқиқот  бўлимида,  дипломатик  вазифаларда ишлаган  киши.  Кўпни  кўрган  ва  жуда  кўп  нарсани  билган  одам. Суҳбатларимиз жуда мароқли бўлди.

Америкадаги  ўзбек  диаспораси  биз  ўйлагандай  катта  эмас экан.  Кичик  гуруҳлар  ҳолида  Вашнгтон  атрофлари,  Ню-Йорк теваракларига  жойлашганди.  Ўзбек  зеҳниятидаги  катта шаҳарлардан тискиниш  хусусияти бу ердаги муҳожирлар турмушида  ҳам  маълум  даражада  акс  этганди.  Кўпчилиги метрополларнинг теварагидан бошпана топгандилар. Ҳар бир ўзбек уйи  олдида  ёки  орқасида  кичик  боғчаси  бўлишини  истайди, америкалик  ўзбеклар  бу  стандартга  ҳам  уйғун  яшашга интилганлари  кўриниб  турарди.  Хоналарда  қўйилган  хонтахта, унда  дастурхон  безаш  услуби  ва  ерда  тўшалган  кўрпачалар аждодлари,  турли  сабабларга  билан  ўз  юртидан  айрилган  бу одамларнинг  инстинктив  равишда  этник  ўзлигини  муҳофаза этаётганига ишора қиларди.

Фақат,  афсуски,  бизга  теккан  касал,  бу  ерда  ҳам  ўзаро жипслик  йўқ  эди.  Бошқа  миллий  гуруҳлар  каби  ташкилотланиш, жамоатчиликда  ўз  ўрнини  топишга  рағбат  суст  эди.  Аммо  буни айтишга мен ҳақли эмасдим, уларнинг  меҳмони эдим, холос.

Барибир,  уларнинг  ёнидан  хурсандчилик  билан  айрилдим. Ҳаммаси  яхши  ниятли,  ўз  ватанларини  соғинган,  унга  яхшилик тилаган  инсонлар  эди.  Менинг  «Бирлик»дан  чиққанимни эшитгандилар.  «Эрк»нинг  Ўзбекистон  мустақиллиги  учун курашажагини  айтгандим,  жуда  қувонишди.  Жўнаб  кетарканман, «Эрк»  учун  компютер,  факс  ва  нусха  кўчириш  машинаси  ҳадя этишди. Бу ускуналар ҳаракатимиз тарғиботида қўл келди…

(давоми бор)