“Эрк”нинг биринчи қурултойи

“Эрк”нинг биринчи қурултойи
99 views
15 August 2016 - 5:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(54)

«ЭРК»НИНГ БИРИНЧИ ҚУРУЛТОЙИ

1990  йилнинг  30-найсонида,  «Билим  жамияти»нинг конференция  залида  «Эрк»нинг  1-  Қурултойи  очилди.  Қурултойда 200  атрофида  делегат  ва  маҳаллий,  марказий  матбуот  вакиллари қатнашди.

Тошкент  телевидениеси,  ҳатто  Москванинг  «Время» программасидан  мухбирлар  келиб,  бизни  ҳайратга  солишди. Йиғинимизга  кўсатилган  бу  таважжуҳ  сабабларини  Қурултойдан кейин  ўргандик.  «Эрк»нинг  программаси  тезисларини  ва  кириш нутқини  мен  ўқигандим.  Бошқа  маърузачилар  чиқиб  гапиришди.

Ташкилотнинг  раҳбар  органлари  сайланди.  Партия  раислигига номзод кўрсатилдим. Бир неча қарши овоз чиқди, аксарият қўллади ва «Эрк» партияси раиси сайландим.

«Эрк»  20  йиллардаги  жадидлар  ҳаракатидан  кейин  пайдо бўлган  биринчи  миллий  партия  эди.  Қайта  қуриш  даврида  пайдо бўлган  «норасмий»  ташкилотларнинг  «байналминалчилик», «социализмнинг  инсоний  юзи»  каби  риторикасидан  воз  кечиб, мақсадини  ошкора  ўртага  қўйган  илк  ташкилот  эди.  Бу  фарқ, Қурултойдан кейин,  айниқса, яққол кўринди.

Қурултойнинг  эртаси  куни  ўзбек  матбуоти  ҳам  Москвадаги матбуот  ҳам  Қурултой  ҳақида  лом-мим  демади.  Телевидение мухбирлари  олган  суратлар,  газетачилар  ёзган  хабарларнинг бирортаси чиқмади. Воқеани ёритиш шахсан И.Каримов тарафидан таъқиқлангани  маълум  бўлди.  Мен  Марказқўм  бўлим  мудири Шаҳобиддин  Зиёмовга  телефон  қилиб,  нега  шундай  қилинганини сўрадим.  У  бундан  масъул  эмаслигини,  бу  масаланинг  юқорироқ мақомда  кўрилганига  ишора  қилди.  Яна  бир  неча  кундан  сўнг «Эрк»  газетасининг  (тўғрироғи,  варақасининг)  сўнгги  сонида босилган  «аксилсовет»  фикрлар  учун  Тошкент  шаҳар  прокурори менга  чақирув  қоғози  юборди.  Депутатлик  даҳлсизлигим  бор  эди гўё,  аммо  барибир  прокурор  чақираётганди.  Демак,  даҳлсизликка даҳл  қилишга  қодир  бир  шахс  тарафидан  юборилганди  бу.  Мен эркчилар  билан  маслаҳатлашиб,  боришга  қарор  қилдим. Прокурор «кечирасиз,  сизни  чақиришга  мажбур  бўлдик,  чиқарган варақаларингиз  ҳукуматимизга  ёқмаяпти,»  деб  очиқ  гапни  айтди.

Мен қайта қуриш  даврида миллий  масалаларнинг фақат бизда эмас, кўпчилик  жумҳуриятларда  очиқ  ўртага  қўйила  бошлаганини тушунтирдим.  Норозилиги  бўлса,  Каримовнинг  ўзи  айтсин,  мени Олий Кенгашда истаган пайтда кўриши мумкин, дедим.

Muhammad_Salih_fotomajmua_59Аммо  Каримов  «кўришни»  у  қадар  истаётгани  йўқди. Масалани ҳуқуқ органлари воситасида, очиқ бўлмаса-да, сезиларли тазйиқ  ёрдамида  ҳал  қилишни  ўйлаётганди.  Депутатни  прокурор чақириши  маълум  маънода  ҳақорат  эди.  Депутат  бўлдинг,  аммо «норасмий»лигингча  қолдинг, демоқчи бўларди бу билан Каримов. «Эрк»  Қурултойи  унинг  ҳафсаласини  тамоман  «пир»  қилганди. «Эрк»нинг  конструктив  мухолифат  тезиси  ҳеч  бир  шаклда «ҳукумат  тарафдори»  деган  маънони  бермаслиги  Қурултойда ўқилган  нутқ  ва  хулосавий ҳужжатлардан кўриниб турарди. Айнан шу  сабабли,  Қурултой  ҳақида  матбуотда  бир  кичик  хабар  ҳам чиқмади, матбуот вакилларининг саси ўчирилди.

«Эрк»  тимсолида  Ўзбекистон  Компартиясига  қарши  илк сиёсий  рақиб  пайдо  бўлганди,  Компартия  бошида  эса,  Ислом Каримов  турарди.  Унинг  рақибга  ҳам,  рақобатга  ҳам  ҳеч  тоқати йўқ эди. Аммо унинг бу хусусияти 90-йилда очиқ кўринмасди. Мен бу  одамни  яхши  танимасдим,  кўпчилик  қатори  ундан  хайирли ташаббуслар кутаётгандим.

Ўша  пайтдаги  сиёсий  режимга  бўлган  мендаги муносабатнинг  холис  гувоҳлари бўлган иккита америкаликнинг 90-йилда  чоп  этилган  китобидан  бир  неча  жумла  келтираман: «Муҳаммад  Солиҳ  Ўзбекистоннинг  Биринчи  Секретари  Ислом Каримов  ҳақида  шундай  дейди:  У  анча  демократик  қарашларни баён  этди,  биз  умидлимиз.  Қараб  кўрамиз.  Биз  фақат  умид қилишимиз мумкин, умиддан бошқа ҳеч нарса йўқ.»

(Nadia Diuk & Andrian Karatnysky, «The Hidded Nation»,  1990,  page 174)

(давоми бор)