Хандақ ғазоти

Хандақ ғазоти
149 views
15 August 2016 - 6:00

nabiyАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 73

(давоми)

ХАНДАҚ ҒАЗОТИ

Бу ғазотнинг чиқишига сабаб шул эрдиким, юқорида баёни ўтган Бани Назр яҳудлари Расулуллоҳга қилган аҳдларини бузиб, хиёнатлари билинганлиги учун араб еридан чиқиб кетмакка Расулуллоҳ томонидан ҳукм бўлган эди. Булар жойларидан чиқарилгач, аларнинг раислари араб қабилаларига тарқалдилар.

Тўхтовсиз равишда Расулуллоҳга қарши фитна-фасод қилишга киришдилар. Мақсадлари эса Расулуллоҳдин ўч олмоқ, қайтадин ўз жойларига қайтиб бормоқ эди. Яҳуд раисларидан бир нечалари Маккага келиб, Қурайш раислари билан кўришгандан сўнгра, аларни Расулуллоҳ билан уриштирмоққа бек қизиқтирар эдилар. Ва: «Агар Муҳаммад билан сўқишур бўлсангиз, бизни энг олдинги сафда кўргайсиз», деб аҳд бердилар. Бу иш эрса, Қурайш раиси Абу Суфёнга маъқул бўлди.

Қурайш ваъдаларини олиб, сўнгра Ғатафон қабиласига келдилар. Бу эса араблар ичида атоғлик қабилалардин саналур эди. Абу Суфён билан қилган уруш муоҳадаларини(келишишларини) аларга билдирдилар. Бу иғвогар яҳуд раислари ичида Мадинанинг мунофиқ раисларидан Абу Омир фосиқ ҳам бор эди. Шу билан Ғатафон қабиласи ҳам Қурайш билан бирликда уруш қилмоққа байъат бердилар. Буни кўриб, тубандаги қабилалар ҳам шу иттифоққа қўшилишдилар. Шу чоғда Қурайш уруғларидан атоғлиқ эллик киши Байтуллоҳ ёпинчиғига ёпишиб, кўкракларини Байтуллоҳ томиға (деворига) тақаб туришиб, қаттиқ қасам ичдилар: «Муҳаммадни тамом тугатмагунча бу урушдан тўхтамаймиз, барчамиз бирликда бўлиб, майдонда ўлиб тугамагунча душмандин қочмаймиз», дейишиб аҳд қилдилар.

Шундоқ қилиб, бутун Қурайш қўшинига Абу Суфён раис сайланди. Аскар сони тўрт мингдан ортиқ эди. Уч юз отлиқ, минг туялик, қолганлари пиёда аскарлар эди. Ўз эътиқодларича, Байтуллоҳдин сўнгги энг қутлуғ ўрин аталган Дорун Надва уйида тўпланишиб, сўқиш байроғини боғлашиб, Усмон ибн Талҳага топширдилар. Бунинг отаси Талҳа кофирлар туғчиси, Уҳуд урушида ўлдирилган эди. Шу боис алар: «Отанг ўчини олгайсан», деб бу урушда туғни унга бердилар.

Ғатафон қўшинига Уяйна ибн Ҳисн аскарбоши бўлди. Бунга Расулуллоҳ ери қуруқчилик, эли очарчилик бўлганда, Мадина атрофидаги ўтлоқ жойлардин чорваси учун ер берган эдилар. Очлари тўйиниб, ориқлари семириб етилганда, яхшиликка ёмонлик қилиб, Расулуллоҳга қарши урушга минг аскар тўплади. Расулуллоҳ у ҳақида: «Аҳмақул мутў», яъни, «Обрўйлик аҳмоқ», деган эдилар. Бунинг воқеаси юқорида ўтгандир. Бу сўзнинг чинлиги яна аниқланди.

Бани Мурра қабиласидин тўрт юз кишилик аскар чиқди. Аларнинг бошлиғи Ҳорис ибн Авф эди. Ашжаъ қабиласига Абу Масъуд бошчилик қилди. Бани Салм қабиласининг аскар бошлиғи Суфён ибн Абду Шамс бўлиб, бунинг етти юз аскари бор эди. Бани Асад қабиласи ҳам раислари Тулайҳа ибн Ҳувайлид қўл остига кириб, бу иттифоққа қўшилдилар. Бутун йиғилган аскар сони ўн икки мингдан ортиқроқ бўлди. Буткул аскар бошлиғига, ўзаро иттифоқлашиб, Абу Суфённи белгиладилар.

Аммо бу ишлардин Расулуллоҳнинг ҳам хабарлари бор эди. Тингчилар орқали бу иш аниқлангандин сўнгра, барча саҳобаларни йиғиб, ўртага маслаҳат солдилар: Душманни тўсиб, аларга қарши чиққайларму ёки йўлга чеб (тўсиқ) боғлаб, Мадина ичида кутиб тургайларму? Расулуллоҳнинг одатлари бир воқеа устида агар Аллоҳдин ваҳий келмаса, катта-кичикларни йиғиб, кенгаш билан иш қилур эдилар. Қуръонда кўрсатилган қонун ҳам шундоқ эди. Бу маслаҳат устида Салмон Форсий айтди:

— Ё Расулаллоҳ, биз Форс ерида, агар душман аскари кўпчилик бўлиб, уларни отлиқ аскарлари ҳужумидан қўрқилса, аскаримиз айланасига, от ўтолмагудек ўра қазиб, мунинг билан душман отлиқлари ҳужумидан сақланур эдик.

Анинг бу сўзи Расулуллоҳга маъқул келди. Шу билан ишга ярарлик барча мўминларга — деб буйруқ бердиларким, бу ишни душман етиб келмасдин илгари, тезроқ бажарсинлар.

Араблар ичида мундоғ иш илгари-кейин ҳеч кўрилмаган эди. Мадина шаҳрининг шимол томони очиқлик бўлгани учун, бутунлай шу ёқни ўра билан ўрашга тўғри келди. Бошқа тарафлари эса маҳалла уйлари, қалин хурмолик боғлар билан ўралганликдан, очиқ жойи йўқ эди. Бу томондин ҳужум қилиш душманга қулай эмас эди. Шу хандақ қазиш кунларида саҳобалар кўп қийинчилик тортдилар. Чунки у кунларда очарчилик бўлганликдан торчилик билан кечинмакда эдилар. Курак, кетмон каби қазиш асбобини йиғиб, бу ишда қўл кучи билан ишлатмак лозим эди. Расулуллоҳ ўзлари ҳам бу ишда саҳобалар билан бирга ишладилар. Чунки душман қораси кўринмай туриб, бу хандақ қазилиб бўлиши зарур эди. Шунинг учун Расулуллоҳ хандақ қазиётган кишиларга:

— Тезлик билан бу хандақларни қазиб охирига етказиш лозимдур. Дунё ва охиратлик улуғ ишларни инсон сабр-сабот билан қўлга келтира олур. Аллоҳ сабр қилгувчиларга, ҳар ишда чидамлилик кўрсатувчиларга ёрдам етказиши аниқдур. Уруш кунларида ва ҳар қандоқ оғир ишларда агар сабр қилур эрсангиз, Аллоҳ ёрдами билан зафар топиб, душманларингизни енггайсиз, — деб мўминларга башорат бердилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳам бу ишга қатнашиб, орқалаб тупроқ ташидилар. Бутун танлари чанг-тўзон бўлмиш эди. Буни кўриб мунофиқлар, яҳудлар масхара қилиб, қувонишур эдилар. Мўминларнинг бошига тушган бу оғирчиликлар устига Бани Қурайза яҳудлари шу фурсатдан фойдаланиб, Расулуллоҳ билан қилган илгариги аҳдларини буздилар. Ул аҳд бўйича Мадина устига келган ҳар қандай душманга қарши Расулуллоҳга ёрдам беришлари лозим эди. Бу яҳудларнинг хиёнатлари эшитилгач, мусулмонларга қаттиқ ташвиш тушди. Чунки Мадина тўрт томондан душман қўшини билан ўралмиш эди.

Шаҳар ичида қолдирилмиш хотун ва болалар учун қаттиқ қўрқинч туғилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу даҳшатлик хабарни эшитиб, Мадинани душмандин сақлаш учун Зайд ибн Ҳориса қўмондасида беш юз кишилик бир бўлук аскар юбордилар. Чунки «аҳдини бузган Бани Қурайза яҳудлари Мадина устига чопул (ҳужум) қилмоқчи эмишлар», деган сўз Расулуллоҳга эшитилмиш эди. Бу хабарни аниқлаш учун ҳазрати Зубайрни аларга юбордилар. Бу киши бориб кўринишлари биланоқ, яҳудлар Расулуллоҳ ҳақларида адабдин ташқари сўзларни айтишгани турди. Алар ҳаққида айтилган хиёнат сўзларининг ростлигини ўзлари кўрсатди. Ҳазрати Зубайр дарҳол қайтиб, Расулуллоҳга бу хабарни еткурди. Эшитган заҳоти «Аллоҳу акбар», деб такбир айтдилар. Сўнгра башорат бериб, дедиларким:

— Эй мўминлар! Сизлар бу яқинларда улуғ суюнчиликка етгайсиз. Аллоҳнинг ёрдами тезда сизларга етишгай, душман устидан ғалаба қозониб, бизлар зафар топгаймиз.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хандақ қазиш ишларини душман аскари етиб келмасдан олдинроқ тугатиш зарур бўлганликдан мунинг чорасига қаттиқ киришиб, уч мингга яқин киши бул иш устида бирор ой туриш қилдилар.

Бу ишда энг ортиқ хизмат кўрсатган саҳобалардан ҳазрати Салмон Форсий бўлди, ёлғиз ўзи ўн кишилик ишни бажарур эди. Бу киши қизғинлик билан ўразовур қазиб турган чоғида ер остидин қаттиқ шувоқ кесак чиқиб, кетмон у ерга ўтмади. Ҳазрати Салмон қўлига метин олиб чопар бўлса, метинни мизмиз қайтарур эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ишчилар устида айланиб юриб, шу ерга келиб қолдилар, қарасалар, иш шундай экан. Дарҳол Салмонни қўлидан метинни олиб: «Бисмиллоҳ» деб шу ерни уч қайта чопдилар. Ҳар чопганларида чақмоқ чаққандек ялт этиб ўт кўринур эди. Биринчи чопганда:

«Аллоҳу акбар, Шом ўлкаси фатҳ бўлди», иккинчи чопганда «Аллоҳу акбар, Яман кетди», учинчида «Аллоҳу акбар, Эрон олинди, бу ерда подшоҳ саройини кўрдим. Ундаги ҳазиналар очқичини қўлимга олдим. «Сендин сўнгра умматларинг бу жойларни олгайлар», деб Жаброил алайҳиссалом менга хабар берди», дедилар.

Айтганларидек, Пайғамбаримизнинг замонларидаёқ Яман вилояти олинган эди. Қолган иккилари (Эрон, Шом) Ҳазрати Умар ҳалифалик даврида фатҳ бўлди. Неча йиллар илгари айтилган бу хабарнинг ҳақлигини бутун умматлари ўз кўзлари билан кўришдилар.

Мунофиқлар эса, Расулуллоҳнинг бу сўзларини англашиб: «Ҳай-ҳай, Муҳаммад Мадинада туриб Эрон подшоҳининг саройларини кўрган эмиш, бу гапи асоссиз. Тубсиз сўзлар билан ўзига тобун бўлган анқовларни алдамоқчи бўлур. Ер усти подшоҳларининг ҳазиналарига эга бўлмиш киши, нега қўрққанидан хандақ қазитур. Ўзи душман келиб қолишидан қўрқиб шошилганидан ҳожат қилишга ҳам вақти йўқдир», дейишиб, мана шундай қийинчилик чоғда бу мунофиқлар ҳам дилларидаги яширин хиёнатларини билдириб, мусулмонларга таъна қилгани турдилар.

Иш шундоқ бўлиб турган чоғда Аллоҳдин ваҳий келиб, ушбу оят тушди:

«Қулиллаҳумма маликал мулки туътил мулка ман ташау ва танзиул мулка мимман ташау ва туъиззу ман ташау ва тузиллу ман ташау, биядикал хайру, иннака ала кулли шайъин қодир».

Яъни «Айтгил, эй бор Худоё, ҳукумат ва подшоҳлик эгаси Ўзингдурсан. Кимни хоҳласанг, подшоҳликни шунга берурсан, хоҳлаган кишидан подшоҳликни олурсан, хоҳлаган бировни азиз қилурсан, хоҳласанг уни хор қилурсан. Ҳар яхшилик ўз қўлингдадур. Уни кимга берурсан, кимдан олурсан, эрк Ўзингдадур, ҳар яхшилик ўз қўлингдадур, Сенинг қудратинг етмаган ҳеч иш йўқдур».

Аллоҳ таоло Пайғамбаримизнинг мўжизалик хабарларига инкор қилган мунофиқларнинг сўзини мана шу оят билан рад қилди. Бу оятнинг мазмунича Худо хоҳлаган экан, Расулуллоҳнинг умматлари ўзларидан кейин ўшал замонда энг кучлик давлатлардин ҳисобланган Рум ва Эронни фатҳ қилдилар. Эронистон бутунлай Ислом мамлакатига айланди. Осиё, Африқонинг кўп жойларини мусулмонлар олдилар.

 (давоми бор)