Давлат Мустақиллиги эълон қилинаркан, озодлик назарда тутилганди

Давлат Мустақиллиги эълон қилинаркан, озодлик назарда тутилганди
32 views
15 August 2016 - 9:41

220px-Atanazar_Арифов,_2007Давлат Мустақиллиги 1990-йилнинг 20-апрел куни тантанали эълон қилинаркан, советчасига суверенитетдан ҳам, социалистик демократиядан ҳам, социалистик услубдан ҳам озодлик назарда тутилганди.

“Иттифоқдош республика – суверен совет соцалистик давлатдир”, дейилган СССР Конституциясининг 76-моддасида. Ўша Коституциянинг муқаддимасида эса совет халқининг бош вазифаси “социалистик демократия тараққиёти давом этишига интилиш” экани белгиланган.

Ўзбекистон Совет Соцалистик Республикасининг халқи, “суверен совет социалистик давлат”, “соцалистик демократия”, “ишлабчиқаришнинг социалистик услуби” каби, гўёки, улкан неъматлардан баҳраманд эканига қарамасдан, дарсликларда “социалистик демократия – энг тўғри демократиядир” деб уқдирилган бўлса ҳам, Давлат Мустақиллигига интилиб, унинг учун курашиб келди.

Ўзининг Таъсис Қурултойини 1990-йилнинг 30-апрел куни ўтказган “Эрк” Демократик Партияси кўрсатган ташаббус, у тайёрлаган қонун-лойиҳа ва унинг ташкилотчилиги натижасида 1990-йилнинг 20-июн куни Мустақиллик Декларацияси қонун мақомини олди. Яъники, Ўзбекистон Совет Соцалистик Республикаси Давлат Мустақиллиги Ўзбекистон Совет Соцалистик Республикаси Олий Совети Сессиясида тантанали эълон қилинди ва унинг моҳиятини белгиловчи асосий қоидаларга қонун мақоми берилди.

Қуйида Мустақиллик Декларациясига қонун мақомини бериш учун Олий Совет Cессияси 20.06.1990 куни кўриб чиққан ва муҳокама қилган асос ҳужжат бўлган қонун-лойиҳанинг тўла матнини келтирамиз.

Мустақиллик Декларацияси

Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Олий Кенгаши:

ўзбек халқининг давлатчиликдаги тарихий тажрибасига, кўпасрлик маданий меросига, маънавий қадриятларига ва бой анъаналарига,

халқаро ҳуқуқ қоидаларига, умумбашарий қадриятларга ва демократия принципларига таяниб,

ҳар бир миллатнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминлашдан иборат олий мақсадлар ҳақи,

Ўзбекистоннинг келажаги учун тарихий жавобгарликни чуқур ҳис қилган ҳолда,

Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасининг Давлат Мустақиллигини тантанали эълон қилади.

1. ЎзССР Давлат Суверенитети ўз ҳудудининг барча таркибий қисмларида ЎзССР давлатининг устунлигидан ва барча ташқи мулоқотларда унинг мустақиллигидан иборат.

2. ЎзССР давлат ҳудудининг таркиби ЎзССРнинг демаркация қилинган давлат чегараси билан белгиланган қуруқлик, ерости, сув ва ҳаводан иборат. ЎзССРнинг давлат ҳудуди ва давлат чегараси даҳлсиздир ва халқнинг референдум йўли билан ифодаланган розилигисиз улар ўзгартирилиши мумкин эмас.


3. ЎзССР давлат ҳокимияти унинг ҳудудига кирадиган барча таркибий қисмлари устидан амалга оширилади в а шу ҳудуд ичида бўлган ҳар бир шахс унинг тасарруфидадир.


4. ЎзССР Конституцияси ва ЎзССР қонунлари ЎзССР ҳудуди ичида мутлоқ кучга эгадир. Жумҳурият суверенитетига зид бўлган ССР Иттифоқи қонунлари ЎзССР Олий Совети томонидан жумҳурият ичида тўхтатиб қўйилади.


5. ЎзССР давлат ҳокимияти қарамоғига ЎзССР ташқи сиёсати ва унинг бошқа давлатлар билан алоқасига тегишли барча масалалар киради.


6. ЎзССРнинг Давлат Суверенитети халқаро ҳуқуқнинг асосий приципларини тан олиш ва ҳурмат қилишни, халқаро-ҳуқуқ муносабатларида демократик асосда қатнашиши ва дипломатия фаолиятини амалга оширишини кўзда тутади.


7. ЎзССРнинг давлат ҳокимияти ЎзССРнинг бошқа давлатлар билан иқтисодий муносабатлари принципларини белгилайди ва унинг ташқи иқтисодий алоқаларини бошқаради.


8. ЎзССРнинг Давлат Мустақиллиги умумхалқ ҳокимиятини рўёбга чиқариш, ўз тараққиётини ўзи таъминлайдиган демократик давлат қуришнинг табиий ва зарур шартидир.


9. ЎзССРнинг Давлат Мустақиллиги фуқаролар, сиёсий партиялар, жамоа ташкилотлари, оммавий ҳаракатлар ва диний ташкилотларнинг давлат ва жамият ҳаётини бошқаришда уларнинг тенг ҳуқуқий имкониятларини рўёбга чиқаришнинг зарур шартидир.


10. ЎзССР давлат ҳокимияти фақат демократик асосда ЎзССРнинг қонунчилик, ижроия ва суд ҳокимиятларига бўлинади, улар ўз функцияларини ЎзССР халқининг манфаат ва эҳтиёжидан келиб чиқиб бажаради, миллатларнинг ва элатларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлайди. Шунингдек, озчиликни ташкил қилган гуруҳлар ўз фикри ва манфаатларини ҳимоя қилиши учун имконият яратиб беради.


11. ЎзССРнинг қонунчилик ҳокимияти ЎзССР Давлат Мустақиллигини амалга ошириш учун зарур бўлган қонунларни ишлаб чиқади, ЎзССРнинг сиёсий ва иқтисодий системалари таркиби ва қурилишини белгилайди.


12. Мазкур Декларация ЎзССРнинг янги Конституциясига ва ЎзССР қонунчилигини мукаммаллаштиришга асосдир.

Келтирилган матн Олий Совет Сессиясида 1990-йилнинг 20-апрел куни овозга қўйилди ва бир овоздан тасдиқланди. Тасдиқлангандан кейин, ғайриқонуний равишда, баъзи ўзгартишлар киритилди, лекин улар ҳужжат моҳиятига таъсир кўрсатадиган жиддий ўзгартишлар эмасди.

Энди бу ҳужжат руҳининг ва ҳарфининг юқоридаги матндан келиб чиқадиган асосий жиҳатлари тўғрисида мулоҳаза юритайлик, зеро ҳар қандай қонун унинг руҳи ва ҳарфи билан баҳоланади.

“Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Олий Кенгаши: Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасининг Давлат Мустақиллигини тантанали эълон қилади.”, дейилган жумланинг қонун мақомига эга бўлгани ҳужжатнинг аксилкоммунистик руҳини белгилайди. Бу эса, ўз навбатида, “суверен совет соцалистик давлат” ва “социалистик демократия” дейилган конституциявий қоидаларнинг, ҳам-да ишлабчиқаришда социалистик услубнинг аслан ёлғонлигини фош қилади ва уларни инкор қилади.

Ҳужжатнинг аксилкоммунистик руҳи унинг барча банд, сатр ва ҳарфларида, у ёки бу даражада, ўз аксини топган. Совет сиёсий тизими эса ёлғон асосларга қурилган тизим бўлгани ҳозирги кунга келиб барчага аён бўлди.

Афсус ва надоматлар билан таъкидлаш лозим-ки, ҳозирги кунда амалда бўлган Ўзбекистон Конституциясида Мустақиллик Декларацисининг руҳи ўз аксини топмаган, унда, ҳусусан, 55-модда воситасида социалистик услуб сақлаб қолинган. Бу жиҳатдан ва баъзи бошқа жиҳатлардан қаралганда Ўзбекистон Конституцияси Мустақиллик Декларациясини инкор қилади, ҳусусан унинг 12-банди талабларига риоя қилинмайди.

Умумхалқ ҳокимиятини рўёбга чиқариш, ўз тараққиётини ўзи таъминлайдиган демократик давлат қуриш учун зарур шартлар сирасига Давлат Мустақиллиги ҳам киритилган (8-банд).

Фуқаролар, сиёсий партиялар, жамоа ташкилотлари, оммавий ҳаракатлар ва диний ташкилотларнинг давлат ва жамият ҳаётини бошқаришда уларнинг тенг ҳуқуқий имкониятларини рўёбга чиқариш учун ҳам Давлат Мустақиллиги зарур шарт экани уқдирилади (9-банд). Бу ерда шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Мустақиллик Декларацияси динни давлатдан ажратиш тамойилини инкор қилади.

Мустақиллик Декларациясининг 10-бандида давлат ҳокимияти фақат демократик асосда қонунчилик, ижроия ва суд ҳокимиятларига бўлиниши, улар ўз функцияларини халқ манфаати ва эҳтиёжидан келиб чиқиб бажариши, миллатларнинг ва элатларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаши, шунингдек, озчиликдан иборат гуруҳлар ўз фикри ва манфаатларини ҳимоя қилиши учун имконият яратиб бериши талаб қилинади. Давлат ҳокимиятининг демократик асосда учта шаҳобчага бўлиниши ҳокимиятни муддатдан илгари тинч алмаштириш механизмини (импичментни) ҳам назарда тутади. Коституцияда эса бундай механизм йўқ.

Мустақиллик Декларациясининг руҳи амалдаги Конституцияда ўз аксини топмагани тўғрисида юқорида айтилган эди. Қисқа таҳлил кўрсатаяптики, Мустақиллик Декларациясининг ҳарфи ҳам Конституцияда ва сиёсий амалиётда ўзининг тўлаликдаги аксини топмаган ва муҳим жиҳатларда қонун сифатида инкор қилинган.

Аминмизки, Мустақиллик Декларацияси тўлаликда рўёбга чиққанда давлат ва жамият ҳаёти анча илгарилаб кетган бўлар эди.

АТАНАЗАР АРИФОВ
14.08.2016 й., Тошкент