Олмония

Олмония
180 views
16 August 2016 - 5:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(55)

ОЛМОНИЯ

90-йилга  келиб,  Хитой  деворидан  кейин,  энг  узун  девор бўлган  Берлин  девори  йиқилди.  Берлин  деворининг  йиқилиши Дунё  геополитикасининг  яқин  келажакда  кескин  ўзгаришидан дарак  берарди.

Икки  Олмониянинг  бирлашуви  Ғарб  учун  бир принсип,  бир  ҳадаф  ҳолига  келганди.  Иккинчи  жаҳон  урушидан кейин Оврупо халқларида олмон ирқига қарши пайдо бўлган кин ва нафрат,  Совуқ  Уруш  даврида  русларга  томон йўнала бошлаганди.

АҚШ  Президенти  Роналд  Рейганнинг  80-йиллар  бошида  Совет Иттифоқини  «Ёмонлик  Салтанати» дея радикал услубда қоралагаи Ғарбнинг ҳам қарашини ифодаларди. Лекин  Қайта  қуриш  бошланиб,  Берлин  девори  йиқилар  экан, бу  Ғарб  ва  Шарқ  ўртасидаги  муносабатларнинг  янада шаффофланажагидан  мужда  эди.  Совет  кишилари  учун  Ғарб ўлкаларига  бориб  келиш,  у  ердаги  одамлар  билан  алоқа  қуриш нисбатан  осонлашди.  Май  ойининг  бошида  менга  Франкфуртдан бир таклифнома келди. Оврупо Турк-Ислом Бирлиги (АТИБ) деган ташкилотдан  экан.  Қурултой  тайёрлашган  эканлар,  шунга  меҳмон сифатида  таклиф  қилишибди.  Бу  ташкилотни  ҳеч  қачон эшитмагандим,  кейин  билсам  миллий-диний  жамият  экан.

Анжуманга  борадиган  бўлдим.  Ҳар  эҳтимолга  қарши,  Тошкентга билдирмасдан,  тўғри  Москвага  бордим,  у  ердан  виза  олиб, Франкфуртга учдим. У ерда мезбон ташкилотнинг раҳбари Сардор Чалабий  қаршилади.  Туркча  яхши  ўқирдим,  аммо  яхши гаплашолмасдим.  Лекин  бир-неча  соатдан  сўнгра  секин-секин тилга кирдим. Сардор Чалабий улкучи бўзқуртлар (бўзбўрилар)дан экан.  84-йил  Рим  папасига  суиқасд  тайёрлашда  қатнашган,  деган гумон  билан  тўрт  йил  Рим  турмасида  ўтириб  чиққан  экан.

Ҳақиқатан  ҳам,  1982  йил  «Литературная  газета»да  Рим  папасига суиқасдда  гумон  қилинаётганлар  ичида  Чалабийнинг  ҳам  отини ўқиганимни  эсладим.  Газетада  яна  икки  кишининг  исми  тилга олинганди:  Рўзи  Назар,  Анвар  Олтойли.  Буларнинг  ҳар икколовининг  ҳам  келиб  чиқиши ўзбек эканлигини мен Америкада ўргангандим.  Бу  инсонлар  Туркиянинг  70-йиллардаги  энг  кучли сиёсий ташкилоти бўлмиш «Миллиятчи Ҳаракат партияси»нинг ёш қаноти  вакиллари  эди.  Улар  80-чи  йил  юз  берган  ҳарбий тўнтаришдан  кейин  бошланган  репрессияда  қора  рўйхатга тушгандилар.  Туркияга  қайтиб  келишлари  мумкин  эмасди. Олмонияда  қолиб,  ҳар  хил  жамиятлар  қуриб,  Туркия  ичидаги сиёсий  вазиятни  ўзларича  мутаассир  этишга  ҳаракат  қилишмоқда эди.

Турклар  уюшқоқ  бир  халқ.  Олмониядаги  нуфузи  2  миллион, олмон  экономикасидаги  сармояси  80  миллиард  марк,  30  мингдан ошиқ  бой  ишбилармон  бор.  Олтмишинчи  йилларда  Олмонияга қора  ишчи  бўлиб  кетган  туркнинг  боласи  бугун  олмон интеллектуал  дунёсига  кириб  бормоқда.  Турк  диаспораси  ўзининг миллий,  маданий  эҳтиёжларини  бир  демократик  ўлка имкониятлари  даражасида  қондириб,  Оврупо  маданиятига интеграция  бўлиш  арафасида.  Аммо  интеграция  ассимляцияга асосланмасмикин, деган қўрқув ҳам бор.

Масалан, Олмонияда турк тилида мактаб йўқ. Олмон мактабларининг бошланғич синфларида турк  тили  ўқитилади,  аммо  бу  чекланган  таълим  олмон  тилида тотал хабарлашма соясида йўқ бўлиб кетади. Турклар бундан бир оз  хавотирда.  Бу  таълим  бўшлиғини  маълум  маънода  сивил (фуқоровий)  ташкилотларнинг  ташаббуси  билан  очилган  таълим курслари  тўлдиради.  Бу  ташкилотларга  маданий,  ижтимоий  ва диний  йўналишдаги жамият ва вақфлар киради.

Сардор  Чалабий  бошчилик  қилган  АТИБнинг  Олмония ичидаги  фаолияти,  асосан,  диний  ва  миллий  қадриятларнинг тарғиботига  қаратилганди.  Мен  АТИБ  Қурултойидан  икки  кун аввал келгандим. Эртаси куни меҳмонхонага Анвар Олтойли келди.

Muhammad_Salih_fotomajmua_60У  ҳам  Франкфуртда  яшар  экан.  Шаҳарни  айланишга  чиқдик.  Нон чиқарадиган кичик нонвойхонаси бор экан, кўрсатди. Ўзбекистонга бориб  келганини  айтди.  Госкомиздат  раиси  Убайдуллоҳ Абдураззоқовни  танир  экан.  Қурултойга  кичик  нутқ  тайёрладим. Ярим  ўғуз, ярим ўзбек шевасида бир нутқ. Анвар Олтойлига ўқиб бердим, бўладими, десам, бўлади, деди. Халқ тушунадими, десам, тушунади, деди.

Қурултой  Франкфуртнинг  катта  спорт  залларидан  бирида бўлди.  Бир  неча  минг  одам  бор  эди.  Татаристондан, Афғонистондан,  Булғористондан  ва  яна  бошқа  юртлардан меҳмонлар  чақирилган  экан.  Бу  машваратга  Кёлн  шаҳридан Боймирза  Ҳайит,  Саудия  Арабистонидан  Зуҳриддин  Туркистоний, Мюнхендан  Темур  Хўжа  ҳамкелишгандилар.  Кўришиб, қучоқлашдик.

Темур  Хўжани  «Озодлик»  радиосининг  ходими  сифатида билар ва ҳурмат қилардим, аммо ҳеч қачон кўришмагандим. Унинг 20-йилда  қурилган  Бухоро  жумҳуриятининг  раиси  Усмон Хўжанинг  ўғли  эканини  ҳам  ўша  ерда  ўргандим.  Шунингдек, Туркияда  танилган  туркчи-миллиятчилардан  Соди  Сомунжиўғли ва Ойвоз Гўкдамир билан ҳам ўша Қурултойда танишдик.

Нутқим  ҳақиқатан ҳам тушунарли чиқди, шекилли, Қурултой қатнашчилари  чапак  чалдилар.  Балки,  меҳмон  бўлганим  учун илтифот  кўрсатгандилар.  Мени  ўз  нутқимдан  кўра  умримда кўрмаган  одамларнинг  нутқлари  кўпроқ  қизиқтира  бошлаганди. Тўғрироғи,  уларнинг  нутқларидаги  пафоснинг  юксаклиги,  улардаги ғаройиб  илҳом  ва  самимий  артистизм  мени  ҳайратга  солганди.

Гарчанд,ғ  артиситлик  ва  самимийлик  бир-бирига  зид  тушунчалар бўлса-да,  туркларнинг  минбардаги  нутқ  сўйлаш  услубини шу бир-бирига  қарши  сўзлар  билан  ифодаламоқ  мумкин.  Энг  мункайган турк  ҳам  минбарга  чиқса,  дарров  оташин  нотиққа  айланар, кўзларида ўт, қўлларида йилдирим чақнай бошларди.

Қурултой  тугагандан  сўнг  Темур  Хўжа  билан  Мюнхенга кетдик.  Эртаси  куни  узоқ  йиллар  давомида  «темир  парда» орқасидан  бир  томонга  ҳуррият  ғояларини  совурган  машҳур радиостанцияга  бордик.  Бу  “Озодлик”  радиоси  эди.  Уни  менинг интим  радиом  десам  ҳам  бўларди.  Чунки,  70-80  йилларда яшириниб  эшитадиганимиз радио шу «Озодлик» эди.

Ўзбек  ва  рус  редакцияларида  Ўзбекистон  ҳақида  билги бердим,  журналистлар  билан  суҳбатлашдим.  Бу  «CIAнинг агентлари»  нормал  инсонлар  экан.  У  ерда  менга  1987  йилда  ўз фикри билан ёрдам берган Энн Шихи исмли журналист-тадқиқотчи билан  ҳам  кўришдим.  Русларнинг  Ўзбекистонда  туғилишни камайтириш  кампаниясига  қарши  бир  мақоламда  «буржуазия олими»  Шихи  хонимнинг  дискриминация  ҳақидаги  фикрини ишлатиб,  бошим  балога  қолганди.  Аммо  фикр  «буржуазия»ники бўлгани учун кечиришганди.

Олмонияда  бир  ҳафтача  қолдим  ва  бир  нарса  диққатимни тортди:  бу  ўлканинг  шаҳарлари  бизнинг  Совет  Иттифоқидаги шаҳарларга  нисбатан  ҳайратланарали  даражада  сокин  эди.  Бу сокинлик  шаҳар  аҳолисининг  юзларида  ҳам  акс  этарди.  Кейинроқ бу  хусусиятнинг  фақат  Олмония  эмас,  Ғарбнинг  бутун  шаҳарлари ва  уларда  яшаган  одамларига  хос  эканини  кўрдим.  Бизнинг  эса, шаҳарларимиз  каби  қиёфаларимизда  ҳам  бир  нотинчлик,  бир шовқин-сурон,  бир  безовталик  бор эди. Совет кишиси, миллатидан қатъий  назар,  Ғарб  ўлкаларидан  бирига  келса,  уни  катта  оломон ичидан  дарров  топиб  олса  бўларди.  Нотинч  юзи  уни  доим  фош қилиб  турарди.  Бу  нотинчлик тоталитар давлатнинг ўз фуқаролари юзига урган тамғаси эди.

(давоми бор)