“Энди иккимиз майдон ичида куч синашамиз”

“Энди иккимиз майдон ичида куч синашамиз”
179 views
18 August 2016 - 7:00

nabiyАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 74

(давоми)

Умавийялардин Валид ибн Абдулмалик даврида Африқо Барбаристонини очгандан кейин, ҳижратнинг 92-йили эрди, Ториқ ибн Зиёд қўли остида Ислом аскари Сабта (Гибралтар бўғози) орқали ўтиб, Испанияни фатҳ қилдилар. Буни англаб бош қўмондон Мусо ибн Насир Пўрттегиз (Португалия) томонига кирди, ҳар иккови бирлашиб, Пўрттегиз ва Испанияни фатҳ қилганларидан сўнгра жанубий Франсага кириб уни ҳам олдилар. Агар бу икки қўмондон ҳасад қилишиб, ўз оралари бузулмаган бўлса эди, бутун Оврупонинг фатҳ бўлиши аниқ эди.

Буларнинг иттифоқсизликлари учун ўзлари марказга чақирилди, бу сабаб бўлиб, у томонда бўлаётган Ислом футуҳоти ҳам тўхталди. Шундай бўлса ҳам Испанияда яқин тўрт юз йил Ислом ҳукумати давом этди.

Яна ўз сўзимизга келайлик. Шундоқ бўлиб, бирор ой ичида хандақни ҳам қазиб тугатдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина тоғининг тагида душмандан мудофаа қилурлик бир қулай ўрин танлаб, муборак ўрда (аскархона)ларини шу жойда қуришга буюрдилар.

Чунки уруш яроғининг бириси — кераклик ўринни билиб ушлашдир. Ислом аскарининг сони борлиғи бўлиб уч мингга етар эди. Муҳожирларнинг туғини асранди ўғиллари Зайд ибн Ҳорисага топширдилар. Ансор саҳобаларга Саъд ибн Убода туғбеги бўлди. Шунинг устига узоқдан қораси кўринган душман аскари ҳам етишиб келди. Аскар атрофига қазилган чуқур хандақни кўришиб ҳайрон қолишди. Чунки бундан илгари араб ичида бундай иш ҳеч кўрилмаган эди. Шунинг учун душман аскари бошлиғи Абу Суфён Расулуллоҳга қичқириб:

— Эй Муҳаммад, сен ўз чеврингга (атрофингга) турлик чўғой (камбағал) кишиларни тўпламиш эрурсан, йўқ эса араб халқининг қилич-найзасидан бошқа сиғинарлик (таянарлик) нарсаси йўқ эди, — деди.

Сўнгра ҳар икки ёқдин ўқ отишга киришдилар. Шул куни кечгача тўхтовсиз бу иш давом эди. Намоз ўташга фурсат сиғмаганликдан, мусулмонлар шу кунги намозларини қазо қилдилар. Ўртада хандақ тўсқинлик қилгани учун душман аскари ҳужум қилиша олмадилар. Отиш билан биринчи кун ўтгандан сўнгра, қуйида номлари ёзилган куффор баҳодирлари хандақни тор жойларидан от сакратиб бу томонга ўтдилар. Улардан:

1. Амр ибн Абдувад. Бу киши эрса бутун Арабистонда донғи чиққан катта баҳодирлардан эди. Ўтган Бадр урушида қаттиқ яраланган бўлса ҳам қўлга тушмай, қочиб қутулган эди. У: «Агар бу ярамдан ўлмай тузалур бўлсам, Муҳаммадни ўлдирмагунча, сочсоқолимга ёғ суртмайман», деб араб одатича онт ичган эди.

2. Ҳазрати Умарнинг укаси Заррор ибн Хаттоб.

3. Абу Жаҳл ўғли Икрима.

4. Ҳуяйра ибн Абу Ваҳоб.

5. Навфал ибн Абдуллоҳ ва бошқалар.

Булар ичидан Амр ибн Вуд майдон ўртасида туриб: «Қани менга ким талабгор бўлса чиқсин», деб уч қайта қичқирди.

Ҳар қичқирганида ҳеч ким ўрнидан турмагач, Ҳазрати Али чиқмоққа талаб қилса ҳам, Расулуллоҳ рухсат бермадилар. Балки:

— Эй Али, ўлтургил, бу майдонга турган киши Амр ибн Абдувад экандир, — деб анинг баҳодирлиғини эслатдилар.

У эса, қаршисида чиққан ҳеч кимни кўрмагач, кўнгли кўтарилиб, нафси семирди. Сўнгра таънага тил очиб:

— Эй мусулмонлар, сизлар айтур эдингизлар, биздин ўлдирилганлар жаннатга киргайлар деб. Энди на бўлди, сиздан жаннатга киргани киши чиқмай қолди,— деб яна қичқирди.

Бу сўзни англаб Ҳазрати Али яна ўрнидан турди. Пайғамбаримиз «Ўлтур, ул Амр ибн Абдувад эмиш», деганларида:

— Ё Расулуллоҳ, ким бўлса ҳам унга чиққайман, — деб рухсат сўради.

Сўнгра Ҳазрати Али Амр ибн Абдувад олдига келиб:

— Эй Амр, сенга уч иш айтурман, албатта уларнинг бировин қабул қилурсан: Биринчиси, иймон келтириб Ислом динига киргил.

Анда Амр:

— Бу сўзинг мендин йироқ тут! Иккинчи сўзингни айт, — деди.

Унда Ҳазрати Али:

— Агар иймон келтирмас бўлсанг, биз билан урушишни қўйиб, ўз элингга қайтгил! Агар Муҳаммаднинг айтган сўзи чин эрса, сен ўлимдан саломат қолиб, бахтли кишилардан бўлурсан. Агар унинг бу иши ёлғон бўлса, ёлғон орти вайрондир. У чоғда сен дегандек бўлиб ўз-ўзидан йўқолур, — деди.

Анда Амр айтди:

— Сенинг бу сўзинг Қурайш хотунларига кулгу бўлгудек ишдур. Буни қўйгил, учинчи сўзингни айтгил.

Анда Ҳазрати Али:

— Йўқ эса, энди иккимиз майдон ичида куч синашамиз, — деди.

Буни англагач, у қаҳқаҳа уриб кулди ва: «Араб ичида бу иш билан мени ҳеч ким қўрқита олмайди. Бу иш эса менинг излаган ишимдур. Муҳаммадни ўлдирмоққа онт ичиб, аҳд қилган эдим. Бугунги кунда у аҳдимга вафо қилгали вақт келмишдир», деб дарҳол отидан тушди.

Ҳар икки баҳодир майдон ичида пиёда бўлдилар. Амр ибн Абдувад чаққонлик билан қиличга қўл солди, қоронғу кечада ялт этган яшиндек қилични қинидан суғуриб, Ҳазрати Али бошига андоқ урдиким, қалқон-дубулғаларини кесиб қилич мизи бир озроқ бошига ботди. Сўнгра навбат Ҳазрати Алига етиб эди, бир қилич урушлари билан дубулға қалқонларини ёриб, бошини ярмига етди. Иккинчи уриш билан бошини узиб ерга ташлади.

Буни кўриб бутун мусулмонлар шодлик ила такбир айтдилар. Ишонган баҳодирларига бу зарба етгач, қолган йўлдошлари ҳам чидаб туролмай қочдилар. Булардан Навфал ибн Абдуллоҳ от сакратганди, йиқилиб бўйни узилди, бошқалари бўлса, аранггина жон қутқаздилар.

Шундоқ бўлиб бу қилган ҳужумлари ўзлари учун зиёнлик бўлиб чиқди. Атоғлик баҳодирларидан икки кишининг ўлими аларға қаттиқ зарба бериб, аскарнинг руҳи тушди.

Мушриклар бу ишдин ўз одатларича ёмон фол очдилар. Хандақнинг бу томонида, мусулмонлар тарафида қолган ўликларига қаттиқ қайғуришдилар. Аларни сўраб, ҳар бирига ўн минг тангадан пул беришга ваъда қилишди.

Анда Расулуллоҳ:

— Худога ва унинг пайғамбарига қарши чиқиб, урушда ўлганларнинг танлари мурдордур. Биз нечук алардин пул олғаймиз, ташлаб беринглар, бу мурдорларни ўзлари кўмсунлар, — деб, қолдирғон ўликларини олмоққа рухсат бердилар.

Шундай бўлгач, душман аскарлари хандақ узра иккинчи бор ҳужум қилишга журъатлари қолмади. Лекин икки орада тўхтовсиз ўқ отишлар бўлиб турар эди. Шундай бўлиб беш-ўн кун ўтгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам булар ичидаги қўмондонлардан Ғатафон қабиласининг раиси Уяйна ибн Ҳиснга киши қўйиб, анинг билан алоҳида келишмоқчи бўлдилар. Бутун Ғатафон аскари агар душманлардан ажраб, урушмасдан ўз юртларига қайтиб кетсалар, уларга Мадина хурмосининг ҳосилидан учдан бирини бермакка Расулуллоҳ қарор қилдилар. Кечанинг қоронғусида Абу Суфёндан яширинча қабила бошлиқларидин икки киши келди. Ўртада бир аҳднома хат ёзилмоқчи бўлди. Бу иш устига ансор саҳобалар раислари Саъд ибн Муоз ва Саъд ибн Убодани Расулуллоҳ маслаҳат учун чақирдилар. Алар бу сўзни англагач, айтдиларким:

— Ё Расулаллоҳ, агар бу иш сизга Худо тарафидан буюрилғон бўлса, бош устига, унга қарши айтгудек сўзимиз йўқдур. Агар ундай бўлмай, бизга кенгашмоқчи бўлсангиз, қўл кучимиз билан топган ҳалол молимизни аларға нечук бергаймиз? Ислом динига кирмасимиздан илгари биздан хурмо емоқчи бўлсалар, сотиб олиб ер эдилар ёки аларни қўноқ қилиб берар эдик. Энди Ислом динига кирган ҳолимизда, бундоқ солиқ қилиб олишлари, аларнинг зўрлиги, бизларнинг хўрлигимиздур, — деб бу ишга норозилик билдирдилар.

Анда Расулуллоҳ:

— Аллоҳдин бу ҳақда ваҳий келса эди, ҳеч ким билан кенгашиб турмагай эдим. Ул ишни қилсак, душманлар ўз ичидан бузулғайларми, деб ўйлаган эдим. Ҳақиқатда эса, сизнинг сўзингиз тўғридур. Агар сиз бундай улуғ ҳиммат қилар экансиз, мен ҳам сизларга қўшилдим, — дедилар.

Шунинг билан ўлжага қизиқиб туришган қабила раисларининг умидлари узилди ва ўз жойларига қайтдилар. Энди икки орада қаттиқ ҳужумлар кутилмоқда эди. Шу ўртада Аллоҳнинг ёрдами етиб, ўйламаган жойдин мусулмонлар фойдасига бир иш келиб чиқди. Бу воқеа эса шундоқ эди.

 (давоми бор)