Умматчилик

Умматчилик
106 views
22 August 2016 - 5:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(61)

УММАТЧИЛИК

89-90  йилларда  Ўзбекистонда  умматчи  гуруҳлар  ҳам  пайдо бўлди.  Улар  коммунистлар  ҳам,  демократлар  ҳам,  миллиятчи демократлар  ҳам  бир  гўр,  мамлакатни  умматчи  мафкура бошқариши  керак,  деган  ғояни  олға  сура бошладилар. Бу янги ғоя эмасди. Рус истилосига қадар Туркистон ҳудудида жойлашган учта давлат  –  Қўқон  хонлиги,  Бухоро  амирлиги  ва  Хива  хонлиги умматчилик мафкураси билан идора этиб келинган ва бу ижтимоий кайфият  20-аср  бошида  ҳам  ўзгармаганди.  Миллиятчилик  Ғарбда пайдо  бўлган  модерн  мафкура  бўлиб,  Осиё  ҳудудларига  ҳали кирмаганди.

Ленин  бошчилигидаги  давлат  тўнтаришидан  кейин Туркистон  халқларида  мустамлакадан  қутулиш  умиди  пайдо бўлганди.  1919  йилда  Туркистонга  юксак  мартабали  бир мусофир ташриф  буюрди.  У  Москвада  Владимир  Ленин  билан  кўришиб, унинг  тавсияси  билан  Туркистонга  келганди.  Туркистонда  октябр иҳтилоли  ғояларини  устивор  қилишда  маҳаллий  халққа  ёрдам бермоқ  учун  келганди.  Ҳар  ҳолда,  Тошкентдаги  рус  идорасига келган хабар шу мазмунда эди. Аммо мусофирнинг мақсади бошқа эканлиги  кўп  ўтмай  маълум  бўлиб  бўлди.  У  Туркистонда  турк қавмларининг  бирлашиб,  рус  бўйинтуруғидан  қутулишини  истаган бир  хаёлпараст  эди.  Исми  Анвар  Пошшо,  ўзи  Турк  Султонинг куёви,  Турк  армиясининг  собиқ  Бошқўмондони,  руслар  билан бўлган  Сариқамиш  тўқнашувида  тактик  хатога  йўл  қўйиб, мингларча  турк  аскарининг  совуқдан  ўлиб  кетишига  сабабчи бўлганди.  Кейин  Туркияни  тарк  этиб  доим  хаёлида  кўрган Туркистон йўлига тушганди.

Анвар  Пошшо  аввал  Тошкентга,  кейин  Бухорога  боради,  у ерда  ўзини  «ёш  бухороликлар»  деб  атаган  сиёсий  гуруҳ  билан яқинлашади,  Бухоронинг  бўлажак  Бош  вазири  Усмон  Хўжа  билан танишади.  Бирга  миллий  қутулиш  ҳаракати  режасини  тузадилар. Анвар  Пошшога  Туркистонда русларга қарши тарқоқ курашаётган қуролли  гуруҳларни  битта  байроқ  остида  тўплаб,  қўмондонлик қилиш  топширилади.

Анвар  Пошшо  Туркияда  аср  бошида  пайдо  бўлган  «ёш турклар»  ҳаракатининг  лидери  пантуркчи  Исмоил  Гаспирали ғояларини  Туркистонда  амалиётда  синаб  кўришга  интилган  илк сиёсий  арбрблардан  бўлди.  Аммо  Туркистон  халқи,  бир  ҳовуч зиёли мустасно, Гаспирали ғояларини қабул қилишга тайёр эмасди.

Анвар  Пошшо  тарқоқ  гуруҳларни  бирлаштиришда  «уммат фактори»нинг  аҳамиятини  ҳис  этди  ва  байроғини уммат байроғига айлантирди.

Бу  тактика  турк  генералининг  ташаббусларини  бир  муддат муваффақ  қилган  бўлса-да,  Туркистондаги  гуруҳларни бирлаштириш  учун  фақат  умматчилик  шиорининг  ўзи  камлик қилишини кўрди. «Босмачи» деб аталган бу гуруҳлар жангнинг энг масъул  пайтида  «сен  ўзбексан,  сен  қипчоқсан,  сен  лақайсан,  сен қирғизсан»,  деб  ишнинг  белига  тепар  ва  муҳораба  натижасини йўққа  чиқарарди.  Бу  реал  воқелик  турк  генералини  қаттиқ изтиробга  солгани  шубҳасиздир.  Анвар  Пошшо  ҳам,  қавмчи «босмачилар»  ҳам  Туркистон мустақиллиги учун шаҳид бўлдилар, Оллоҳ  уларга  раҳмат  қилган  бўлсин.  Туркистон  қавмларининг бирлиги  масаласи  ҳам  «Босмачилар  ҳаракати»дан  кейин  тарих қоронғиликларига  кўмилди.

Лекин  70  йил  сўнгра,  Советларда  бошланган  Қайта  қуриш йилларида  бу  ғоя  яна  ўртага  чиқди.  Бу  сафар  Туркистон  бирлиги ғоясининг  иккита  либоси  бор  эди. Биттаси – туркчилик, иккичиси – умматчилик.  Ҳар  иккаласи  ҳам «бирлашишда» ўзининг бошқасига қараганда  эффективроқ  эканини  иддао  қиларди.  Албатта,  90-йилларда  туркчилик  ва  умматчилик  тарафдорлари  жиддий программа  билан  жамоатчилик  қаршисига  чиқиш  даражасида уюшган  эмасдилар.  Туркистон  бирлиги  ғоясидан  воз  кечмаган идеалистлар  ғоянинг  халқ  орасида  устивор  бўлиши  учун  йиллар лозимлигини  кўришди.  Яна  қайта  қуриш  даври  туркчилик  ва умматчилик  синтезини  ифодалайдиган  янги  мафкура  заруратини ўртага  қўйди.  Бундай  синтез  сунъий,  волюнтаристик  усуллар билан,  сиёсат  лабораториясида  яратиладиган  нарса  эмас, ижтимоий-сиёсий онгдаги силжишлар натижасида пайдо бўладиган нарса эди.

(давоми бор)