Президент Каримовнинг иқтидордан кетгани маълум

Президент Каримовнинг иқтидордан кетгани маълум
129 views
01 September 2016 - 16:24

Screenshot_17Албатта, ҳар бир ўзбек хаёлидан, фалончи нафақага чиққанига қарамай нима учун уйида оёғини чўзиб ўтирмайди, деган саволнинг кечиши табиий. Миллатнинг минталитети ҳисобга олинадиган бўлса, бу жуда ҳам ўринли савол. Чунки, Ўзбекистонда нафақага чиқиш – том маънода тирик ўлиш деган маъно касб этади.

Дунё тамаддунидан жуда ҳам орқада қолиб кетган бу жамият ақидасига кўра эса, тирик ўлиш – етти қат кўрпача устида оёқ чўзиб, ҳузру ҳаловатда қарилик гаштини сурмоқ, деганидир. Ўлимни кутиб, топганини еб-ичиб яшаш – биз аксар ўзбекларнинг энг ноёб удумларимиз сирасига киради.

Қозиқдаги сўқимга боқилаётган ҳўкиздан фарқимиз қолмагач, биз ҳақиқий қайноқ ҳаётдан узилиб, қутсиз ва ҳиссиз тарки дунёчилик гўшангасига ихтиёрсиз тушганимиз билан фахрланамиз. Ёруғ дунёмизни совуқ ва нурсиз зиндонга алмаштиришимиз билан, кўп йиллар ажал каби орқамиздан таъқиб қилиб келган сиёсий-иқтисодий сарсон-саргардонликлардан қутулдик, деб ўйлаймиз. Чунки узоқ чўзилган бетайин йиллар, эркин ҳаётнинг йўқлиги ва ҳақсизлик бизларни дунё ташвишларидан зада қилган, биз яшашдан – фаол турмуш тарзидан, дунё ҳамжамияти билан уйғун умргузаронлик қилишдан чўчиб қолганмиз.

Кўпчилигимиз миллат сифатида, Мустақиллик йилларида ана шу мақомда яшадик. Президент Каримовнинг қош-қовоғига тикилиб, ичимиздан зил кетдик, ўғил-қизининг қўлида қолган қария каби ҳаёт инжиқликларидан безгандан бездик.

Аксига олиб, бошқа бир шароитда яшаб кетишга ҳам мослаша олмадик. Биқиқ ҳаёт бизларни афюн каби ўз исканжасига олиб, хорликлар ва зорликларнинг хуморига ўргатиб қўйди. Бир кун бизни камситмасалар, бир кун силталамасалар, ўзимизни назардан четда қолгандек ҳис қиладиган бўлдик.

Жамиятда зиёлилар қатламининг субутсизлиги, ҳукуматнинг зулмини борҳо оширганлиги мисоли, миллатнинг ғайрат-шижоатини сўндирди. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Саид Аҳмад, Озод Шарафиддинов, дин пешволари ва ҳакозо миллатнинг кўзининг ёғини еганлар, уни мустабиднинг қозиғига тортиш учун қўлидан келган барча ишни амалга оширди ва охирида ўзлари ҳам мустабиднинг тўрига бутун вужудлари билан ўрашиб, қилмишларининг жабрини тортдилар.

Мустабид руҳан бўлсин, жисмонан бўлсин, энди ўлди ҳисоби.

Бу ҳолат тутқунликка кўниккан миллатни илгариги мақомдан ҳам юз тубан пастга тушириб юборди.

Президент Каримовнинг иқтидордан кетгани маълум бўлгач эса, жамиятдаги саросима ва қўрқув яққол кўзга ташланмоқда. Мустақил фикрлашдан ва мақбул қарорлар қабул қилишдан мосуво қилинган миллат саросимада. Ҳар ким оғзига келганини сўзлаб, ҳар ким хаёлига келганини тўғри деб ҳисоблаши, бунинг оддий исботидир.  

Болаларимизнинг эртаси, мамлакат келажаги бизларни қизиқтирмайди. Асносида, уларни ҳам бедодликларга панжа орасидан қарашга, мустабидларнинг ҳар қанақа ноинсоний зулмлари ва беҳаёликларига кўникишга чақирамиз. Бу ватан бу миллат бизники бўлса ҳам, унинг муаммоларини ечиш бизнинг бош вазифамиз эмас, гўё бу ишлар бизга алоқаси йўқдай туюлади. Барчасини, четдан кимдир келиб ҳал қилиши лозим, фақат бизлар эмас, деб ўйлаймиз.

Четдан келадиган ўша жонкуяр, ўша мавҳумотнинг ўзимиздан ўзга бўлиши мумкин эмаслиги тўғрисида эса, ҳеч қачон фикр юритмаймиз. Ёки, ўша мавҳумотнинг рус, хитой ёхуд ўзга бир истеълочи бўлиши ҳам мумкинлиги, бизларни изтиробга солмайди. Бутун умр ўз ечимини тополмаган муаммоларни ўзимизни гўлликка солиш баҳонаси билан бола-чақа зиммасига ортмоқласак бўлди, азалда ўзимизга юклатилган масъулиятлардан ўзимизни шу алдамчи йўл билан соқит қилган бўламиз. Кети кўринмайдиган мағлубиятларимиз, кўзларимизга қўнғироқларини жаранглатиб бораётган “ғалаба” карвони бўлиб кўринади. Аслида эса, бизлар мағлубиятларимизнинг наъшидасини сураётган бўламиз.

Дунёни англай олмаслик хасталиги – афн бўлиб онгимизни элитади.

Шууримизни измимизга сола олмаганимиз сабаб, яна ўзимиз ўз болаларимизни эшак этиб миниб оламиз. Ҳеч қачон ўртага келтиролмаган ишларимизни, ёзилган ҳақ-ҳуқуқларимизни қонунлардан талаб қила олмаган бўлсак ҳам, фарзандлардан уларга жавоб беришни талаб қиламиз. Ёш боладек хархаша қилиб, ўтмишда амалга оширган йўқ “қаҳрамонликларимиз салномаси”ни бармоқ букиб, санаб, ёшларни ношудликда айблаймиз. Баробарида, ҳар сония болаларимизнинг қанотларини қийиб, учишларига монелик ҳам кўрсатамиз.

Ўлгунимизча, мустабид тузум бедодликлари, бизлар учун энг асосий дастуруламал бўлиб қолади.

Президент Каримовга ўхшаган диктаторларни, ҳеч қачон ўлмайди, деб ўйлаймиз. Ўзимизнинг ҳар кун минг ўлиб-тирилаётганимизни эса, сезмаймиз…

Ер юзида, биз ўзбеклар сингари болалари ҳақ-ҳуқуларига хиёнат қиладиган яна бир бошқа миллат бўлмаса керак! 

Фикрлашни, сиёсатни англамаган одам бу дунёдан бошига таёқ еган илон сингари қай тешикка бош суқишни билолмасдан, гарангсиб, умри ўтиб кетганидан хабарсиз қолади. Бир умр кўзлари тўрт бўлиб кутган рўшноликка имкон туғилганда эса, баъзи бир кимсалар диктатор Каримов сингари ҳали туғилганидаёқ, ўзининг чиқитга чиқарилганлигини сезиб қолиб, ҳаммаси беҳуда ўтганидан пушаймон бўла бошлайди.

Хоҳ у бой бўлсин, хоҳ у камбағал, бунинг аҳамияти йўқ. У яроқсиз бир шахс сифатида, энди ошкора бир тарзда жамият ҳаётидан ажратиб қўйилади.

Яъни, пушаймонлик нима билмайдиган, миллат ва дин душмани бўлган чала ўлик президент Ислом Каримов каби.

Ўзбекистонда, энг яхши одам – ўғри ва қаллоб бўлгани сингари, энг ёмон одам – дину диёнатли ва қамалиб чиққан одам.

Аммо жоҳил ва бой одамнинг кунидан қамалиб чиққан аксар одамнинг куни кўп авло.

Ҳатто, қамоқдаги эрки ўзидамас маҳкум билан очиқдаги жоҳил ҳаётида, унчалик тафовут йўқ деса ҳам бўлаверади. Қамалган одам ўлмасдан, майиб-мажруҳ бўлмасдан бир амаллаб қамоқхонадан чиқса, ҳаётини қийналиб бўлса ҳам минг бир машаққат билан изга солиши мумкин, жоҳил одамнинг ҳаётига “каримовчи” тамғаси урилгач қайта ўнгланмайди. У жоҳиллигича, қаерга, нима учун келиб кетаётганини билмасдан ўлиб кетади.

Мантиқан фикрлайдиган бўлсак, бу иддаоларда заррача ҳам лоф йўқ.

Президент Каримовнинг терлаб-пишиши натижасида, ўлка очиқ гўрга, жоҳиллар тирик ўлдирилган-у ҳали кўмилмаган мурдаларга айлантирилганлар.

Улар орасидан илгари ароқхўр ёки ялоқхўр бўлган бир-иккисидан соқолини селкиллатиб, телевизирдан чиқиб, мустабид тузумнинг нағорасига ўйнаб бериш учун реклама сифатида фойдаланилмаса, қолганига бўлган иззат-ҳурмат оғизда ва қоғозларда қолиб кетади. Амалда, уларнинг хонавайрон бўлган ўлкани томоша қилиб, ўмарганларини еб-ичиб, ўлимларини кутиб яшашларидан бошқа чоралари қолмайди.

Ўмармаган, бирор бир ташкилотни ўпиришга имкони бўлмаган аксар жоҳилларнинг эса, сохтакорлик ва ёлғон-яшриқлар ҳисобига тишини кирини сўриб яшаётганлари ҳам бор гап.

Илгари юқори лавозимларда ишлаган, довруғи етти иқлимга достон бўлган Исмоил Жўрабеков каби машҳур юзлаган кимсалар бошида ҳам, йилларки мана шу муаммо байроқ тиккан. Уларнинг оёғини ялагудек бўлиб атрофидан кеча-кундуз айрилмайдиганлар, улар иқтидордан кетгач, у томонга қараб чоптирмайдилар ҳам.

Шавкат Мирзиёев ва у кабиларни ҳам эртага мана шу ҳаёт қаршилайди. Аммо, бунақа кишилар ўлса бахтлари, осон қутуладилар.

Собиқ президент Ислом Каримов каби ўлолмай тўшакда қон қусиб ётса, бундан ёмони бўлмайди.

Қоруннинг карвонини талаган қароқчи сингари Ўзбекистонни талон-тарож қилган Исмоил Ҳакимовичнинг ўзини эса, бу ҳолат кўпам куйинтиравермайди. Унга иқтидорга келиши кутилаётган Шавкат Мирзиёевнинг фашистлиги қўзиб, ташланиб қолмаса, бас, қолганлари аҳамиятсиз ва беҳуда нарсалар. У учун ер юзида уй қамоғидан кўра яхшироқ бир жой қолмаган. У усти бут, қорни тўқ, “Азроилга уч-тўрт сўм пора бериб”, умрини чўзиб турса бўлгани…    

Лўлининг эшагини суғор, пулини ол, деган сўз айнан ўзбек учун айтилган. Ўзбек учун така бўлсин, сут берсин, унинг қолгани билан иши йўқ. Шунинг учун ҳам биз асрлар бўйи на сиёсатда, на иқтисодда арзугулик мувафаққиятларга эриша олмаймиз. Ўтмишимиздаги яхши-ёмон қилган ишларимизни обдон таҳлил қилиб, порлоқ бир келажакни бунёд этиш учун миллий сафарбарлик эълон қилмаймиз.

Бизга ҳар кун моддий манфаати тегиб турмаган одам – хоҳ у отамиз бўлса ҳам, биз ундан воз кечамиз, барчасини хўжакўрсинга ўзимизга ўхшаганларнинг кўзи учун мунофиқона бир ўзанга солиб олганмиз. Аввалда кўрилган ҳар қандай фойда, минган отимизнинг оёғи синган кунда хаёлимиздан кўтарилиб қолади.

Бугун биз президент Каримовнинг аниқ ўлган-ўлмаганини билмаганимиз учун, ҳар эҳтимолга қарши унинг ёнини олиб турибмиз. Аниқ ўлганини билганимизда эдик, ўлигини бориб қирқ тепардик.

Мантиқ билан бизнинг ҳеч қанақа ишимиз йўқ. Унинг ўлганидан ўлмаганининг энди жуда ҳам даҳшатли эканлигини ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Бу оғир дарддан миясига қон урган кекса одам ўлиб қутилмаса, ит азобида яшаши мумкинлиги бизни қизиқтирмайди. Мамлакатни бошқариш тугул, унинг эплаб пешобга боролмаслиги ҳам биз учун аҳамиятсиз.

У 27 йил бутун миллатни қўғирчоқ қилиб ўйнатди, у ўлмаса, энди уни ўзи етиштирган ҳукуматдагилар бир муддат қўғирчоқ қиладилар. Кетига чўп тиқиб, саҳнага чиқариб уни калака қила бошлайдилар.

Қайтар дунё!

Ким нима эккан бўлса, ўшани ўради.

Биз кечаги кунни эсдан чиқариб яшашга ўрганиб қолганмиз. Чунки, отамизнинг қарашлари ҳам, отамизнинг отасининг отасининг қарашлари ва унинг отасининг отасининг қарашлари ҳам, бизникидан ўзгача бўлмаган. Иллатлар, бизларга бобо мерос бўлиб, авлоддан-авлодга тўрт асрдан буён суяк суриб келмоқда.

Аслида, бу ишларда жабр этувчилар эмас, жабрланувчилар асосий айбдор ҳисобланадилар. Масалан, президент Каримов вазирлару ҳокимларни мақтаб-мақтаб лавозимга ўтиртиради-да, бутун жиноятларни уларнинг қўли билан амалга ошириб, сўнгра уларни сўкиб-сўкиб, кетига тепа-тепа бутун халқ кўзи ўнгида шармандасини чиқариб ишдан олади. Вазирлару ҳокимлар уйбеги бўлиб ўтириб олиб, сўнгра ҳаром-ҳалолдан йиққанларини каламушдек қорнғи гўшасида, еб, ўлимларини кута бошлайдилар.

Барча жиноятларнинг аслида, президент бошчилигида амалга оширилаётганини улар ҳаммадан кўра ҳам яхшироқ биладилар-у, аммо оғзиларига талқон солиб оладилар. Чунки, улар шахс эмаслар, уларда озодлик ва ҳурлик тушунчаси йўқ. Улар ҳамма замонларда ҳам, ҳокимиятда мансабни эгаллаб турган кимсаларнинг содиқ қули бўлиб келганларнинг, миллатни – Чўлпонлару Мадаминбекларни сотганларнинг, отганларнинг авлодларидирлар. Улардан, хоинлик ва миллат бошига келадиган балою офатлардан бошқа нарсани кутиб бўлмайди.

Мана шунақа мансабдорлар шахс бўлмагани, тарихи ва ўтмишини, ўзининг кимлигини билмагани учун ҳам қадим Туркистон парча-парча бўлиб, бўлиниб кетган…

Шу ўринда, бу масхаромуз гапларнинг кимга кераги бор, дейдиган, баъзи бир ўқувчиларимиз диққатига ҳам бир-икки оғиз сўзимиз бор:

Албатта, биз айтаётган гапларнинг қанчалик воқейликка мос ё мос тушмаслиги асосий масала эмас. Гап, мантиқда! Бу барчаси, халқнинг тилидан олиб ёзилган нарсалар, холос.

Асосийси, одамларни хоҳлаган кўйимга сола оламан, уларни истаганимча аҳмоқ этиш менинг қўлимдан келади, дея, ўзини-ўзи авраб, охири шармандаларча қулаган мустабид Каримов ва у бошлиқ ҳукумат амалга ошираётган ишларнинг – халқ тасаввурида – қанақа акс этиши, масаласи.

Ҳа, бош масала, мана шу!

Халқнинг орзу-умидларидан, унинг хоҳиш-истакларию, улар ва биз ҳақимиздаги тасаввурлардан бошқасининг, биз учун бир чақалик қиммати йўқ.

Ўзимизни ва ичимиздаги шайтонимизни чегаралаб туришимиз учун халқнинг ҳамма замонларда ҳам, донишмандлиги – том ҳақиқат эканлигини, унинг хотирасини ва ақл-тафаккурини буткул йўқотишнинг имкони йўқлигини, биз теран англамоғимиз керак. Ҳукмдорлар шохида юрган бўлса, халқнинг баргида юрган фарзандлари ҳам борлигини бир лаҳза ҳам хаёлдан соқит қилмаслик, ҳамма замонларда ҳам ҳаёт талаби бўлиб келган.

 Албатта, бизнинг сўзларимиз ҳам нисбийдир.

Ҳар қанақа миллатга раҳбар – қўрқмас ва оташин йўлбошчи лозим. Шу каби ўзбек миллатига ҳам. Унинг нималарга қодирлиги, ана ўшанда аён бўлади.

Ўзини жонкуяр, ҳисоблаб, баъзи бир сўқир “зиёли”лар каби йўлбошчисиз қолган бир миллатдан ўринсиз ўпкалаш, ғирромлик ва фаросатсизликдан бошқа ҳеч нарса эмас. Бу, қаровсиз қолиб кетган отарни бўрилар бўғизлаб кетгач, ўзининг айбини ёпиш учун қўйларни айблашдек бир гап.

Чўпоннинг бошига бўриларни жазолаш фикри келмаслиги эса, “Ўзбекистонимиздаги тинчлик ва фаровонлик учун президентимиз, Ислом Каримов отамизга минг раҳмат” деганганга ўхшаган бир ҳолат.

Чўпон чўпон бўлмаса, чўпон суратига кириб олган бир фирибгар бўлса, қўйларда қанақа айб бўлиши мумкин. Фирибгар чўпонлик даъвосини қилгач, чўтир ва қўтир шоғоллар ёвуз ва қонхўр бўри бўлади-да.

Чўпон ҳақиқий чўпон бўладиган бўлса, қўйлар суруви бўрига айланиши ҳам мумкин. Шу учун миллат олдида, ҳукуматдагилардан кўра кўпроқ ҳаққи ва бисёр қарзи бор зиёлилар, ўзларининг фаолиятларини тафтиш қилиш масалаласини ўйлаб кўрсалар ёмон бўлмасди… 

Миллат қаршисига ҳақиқий бир йўлбошчи шаҳидлик кафанини кийиб чиқмас экан, халқ асл ҳақиқатларни ҳам чўпчакларга айлантириб юраверади.

Ҳақиқий ва оташин йўлбошчи эса, бугун бизнинг орамизда бор…

Яқин орада, унинг иқтидорга келиши ҳам реал ҳақиқатга айланмоқда.

Бу халқнинг хоҳиш-иродасига, миллат ичидаги зиёлиларнинг нечоғли теран ва мантиқан фикрлашига боғлиқ.

 Эргаш Сулаймон