Ҳудайбия қиссаси

Ҳудайбия қиссаси
64 views
03 September 2016 - 9:00

nabiyАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 82

(давоми)

ҲУДАЙБИЯ ҚИССАСИ

Бу воқеа шундоқ эрдиким, бир кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир туш кўрдилар.

Тушларида саҳобалар билан Макка шаҳрига тинч-омон киришиб, Каъбани тавоф қилдилар. Сўнгра Сафо — Марва қилиб сочларини олдирдилар. Мана шу кўрган тушлари сабаб бўлиб, Маккага бориш Расулуллоҳ кўнгилларига тушди. Чунки пайғамбарларнинг кўрган тушлари эса, уйғоқликда келган ваҳий ҳукмида бўлади. Расулуллоҳнинг бу тушларига қараганда уруш-талашсиз Маккага киришлари лозим эди. Лекин қачон киришлари бу кўрган тушларида маълум бўлмагач, Расулуллоҳ шу йили Маккага кириш умидида сафарга чиқдилар. Ниятлари эса умра ибодатини қилиш эди. Шунинг учун қиличдан бошқа уруш қуроллари олмадилар. Бу сафарга чиққан аскарларнинг сони минг беш юзга яқин бор эди. Қурайш мушриклари бу ишга тўсқинлик қилсалар, ўртадан уруш чиқиб қолғайму деб, эҳтиёт юзасидан Мадина атрофидаги иймон келтирган арабларни аскарга чақирган бўлсалар ҳам, кўплари келмай қолди.

Маккага борганда қурбонлик қилиш учун аталган етмишта туялари бор эди. Мундоқ туяларни «Ҳадй» деб айтилур. Юриш олдидан буларни ҳайдатиб, сўнгра борлиқ аскар билан ўзлари йўлга чиқдилар. Ҳадй туяларини бирга ҳайдаб юриш эса, уруш учун эмас, балки Каъба зиёрати учун чиққанликларига араблар одатларича, очиқ далил эди. Мадинадан чиқиб бир манзил йўл юриб, Зил Хулайфа деган жойга келиб қўндилар. Шу ерда эрталаб юрар олдида умра нияти билан эҳром боғладилар. Сўнгра қўшин бу ердин қўзғалиб, Макка томонига қараб юриш қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир-икки кун илгари олдин оровул аскари юбормиш эдилар. Расулуллоҳ аскар билан Мадинадан чиққан хабарлари Макка мушрикларига етиб, аларға қўрқинчлик тушди. Илгарироқ бу ишдан хабар топмиш Қурайш раислари маслаҳат қилдиларким: «Муҳаммад эрса Байтуллоҳни зиёрати учун келган бўлиб, шу баҳона билан шаҳримизни босиб олмоқчидур. Уни Маккага киргизмаймиз, агар куч билан қирмоқчи бўлар экан, у чоғда уруш қилгаймиз», деб бир тўхтамга келишди.

Дарҳол Холид ибн Валид қўмондасида икки юз отлиқ аскар оровулликка йўлга чиқди. Расулуллоҳнинг юборган оровуллари ҳам булардан хабар топиши билан орқага қайтиб, буни хабар қилди. Шу орада Ислом аскари ҳам Маккадан икки қўналғу Усфон деган жойга етиб келишдилар.

Буни англагач Расулуллоҳ:

— Душманлар тўсган бу йўлни қўйиб, улар ўйламаган бир йўл билан бизни Маккага киргиза оладиган бир киши бормидур? — деб сўрадилар.

Анда Аслам қабиласидан бир киши туриб:

— Ё Расулаллоҳ, мундоқ йўлни мен билурман, — деб ўнқирлик, оғир бир йўлга бошлаб, шу юрганича Макка шаҳрининг ост томонидаги бир текис жойга чиқариб қўйди.

Бу келишларида душманни ташқари қолдириб, Маккани босиб олишлари мумкин эди. Шу боис Холид ибн Валид бу ишдан хабар топиши билан чопганича келиб Қурайшга билдирди. Улар ҳам шошилишиб қолдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у жойдан кўчиб Ҳудайбияга кириш олдида Саниятул-мурор деган ерга келганларида шошиб келаётган туялари бирданига чўкиб олди. Ҳар қанча уриб-тортиб кўрсалар ҳам туя ўрнидан турмади.

Анда саҳобалар:

— Ё Расулуллоҳ, Қасво чарчамишдур, — дедилар. Бу туянинг оти Қасво эди.

Расулуллоҳ айтдилар:

— Бу туя чарчаган эмасдур, мундоғ одати ҳам йўқ эди. Лекин Абраҳанинг филини чўктириб тўхтатган Худо, буни ҳам чўктирди. Агар Қурайш халқи Ҳарам ҳурматини сақлаш учун мени ҳар қандай ишга таклиф қилсалар, агар у ишда Байтуллоҳ таъзими топилур экан, албатта, мен уни қабул қилгайман, — дедилар.

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу юрганларича тўғри босиб Маккага кирсалар эди, кейинларидан Қурайш мушриқлари келиб, ўртада қонли қирғин бўлиб кетиши мумкин эди. Ана унда Ҳарам ҳурмати ҳам бузилур эди. Пайғамбаримизнинг туялари чўкканликдан илҳомланиб, Макка шаҳри ичига киришдан тўхтадилар.

Шу баҳона билан Аллоҳ таоло Ҳарам ҳурматини ва ҳар икки тарафни бу қирғиндан ўзи сақлади. Йўқ эса, душманнинг ташқари қолганини кўргач, шаҳар ичига босиб кириш Расулуллоҳ кўнгилларига келган эди.

Сўнгра Расулуллоҳ юқориги сўзларни айтганларидан кейин чўкиб ётган туяларини «чучу» дейишлари билан дарҳол сакраб турди. Макка йўлидан орқаларига қайтиб, Ҳудайбия деган жойга тушдилар. Бу ер эрса Маккадан Мадинага кетарда ярим кунлик йўлдур.

Расулуллоҳ йўл чалғитиб Макка томонига ўтганларини англашиб, Қурайш халқи ҳам шошилинч билан қайтишиб Макка йўлларини тўсишга киришдилар. Шу орада Макка атрофидаги қабилалардан Хузўа қабиласининг раиси Будайл ибн Варқо бир неча қабила бошлиқлари билан келишиб Расулуллоҳга учрашди. Умра нияти бирла Байтуллоҳни зиёрат қилишга келганларини уларга гапирдилар. Буни англагач, у ердин туришиб Қурайш қўшини устига келишди. Буларнинг раислари билан кўришгандан сўнгра Будайл ибн Варқо айтди:

— Эй Қурайш халқи, Муҳаммад тўғрисида кўп шошқинлик қилманглар. Анинг бу келиши уруш учун эмас, балки Байтуллоҳни зиёрат қилиш учун келмишдур.  Лекин унинг сўзига улар қулоқ солмадилар, чунки бу киши иймон келтирмаган бўлса ҳам, Расулуллоҳга тарафдор эди. Шунинг учун улар:

— Агар Муҳаммад Каъба зиёратига келган бўлса ҳам бундоқ шон-шавкат билан шаҳримизга кириши тўғри эмасдур. Чунки бутун араблар олдида бизга номус бўлғудек сўзга қолурмиз. Агар Муҳаммад куч билан кирмоқчи бўлар экан, бир қатра қонимиз қолгунча унга қарши турурмиз, — деб бу ишга норозилик билдирдилар.

Сўнгра ўз тарафларидан Хулайс ибн Алқама деган кишини вакил қилиб, Расулуллоҳга юбордилар. Бу киши эса Қурайшнинг иттифоқдошлари Аҳобиш қабиласининг раиси эди.

Мунинг келаётганлигини Расулуллоҳ йироқдан кўриб айтдиларким: «Бу эрса диний одатларни бек ҳурмат қиладирган кишидур. Қурбонликка аталган туяларни тўпи билан ҳайдаб «Лаббайка» қичқириб, уни қарши олинглар», деб буюрдилар. Шундай қилиб эдиларки, муни кўриб:

— Субҳоналлоҳ, мундоқ кишиларни қандай қилиб Байтуллоҳ зиёратидан тўсгали бўлғай? Лахм, Жузом, Нажд, Ҳимяр қабилалари дунёнинг нариги четларидан келишиб, Байтуллоҳни зиёрат қилиб кетишадилар. Қурайш шайхи Абдулмутталиб ўғли Муҳаммадни Каъба зиёратидан нечук тўса олғайлар? Каъба эгаси Аллоҳ оти бирла қасам қилурманки, Қурайшнинг бу қилиғи эрса, ўзларининг ҳалокатидур. Бу кишилар умрага эҳром боғлаб узоқ йўлдан Байтуллоҳни зиёрат қилмоққа келибдурлар, — деди.

Анда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

— Шундоқдир. Эй Бани Кинона сайиди, барчамиз зиёрат учунгина келгандурмиз. Ҳеч қандай бошқа мақсадимиз йўқдур.

Сўнгра Қурайш вакили Хулайс қайтиб келгандан кейин аларга айди:

— Бу келган кишиларни Байтуллоҳ зиёратидан тўсмоқ ҳалол эмасдур. Ўзлари умрага ният қилиб эҳром боғлаб, қурбон туяларини ҳайдашиб келганлар. Зиёрат ишқида «Лаббайка» айтиб қичқириб турурлар.

Қурайш раислари бу сўзни англаб, ўзаро ихтилоф чиқиб қолишидан қўрқиб айтдилар:

— Эй аъробий, сен ҳовлиқмасдан гапир, уруш ҳийлаларидан сенниг кўп хабаринг ўқдур. Бу кўрган нарсаларинг Муҳаммаднинг қилган макр-ҳийлалари бўлғай, уруш устида шундоқ ишларга ишониб бўлмағай, — дейишиб унга қаттиқ гапирдилар.

Буларнинг сўзлари унга оғир келиб, ғазаби қўзғалди. Ачитув сўз билан уларга қараб айтди:

— Эй Қурайш халқи, зулмга ёрдам бериш учун сизларга аҳд берган эмасмиз. Каъбани таъзим қилиб зиёратга келган кишиларни қандай тўса олурсизлар? Ҳалайсга жон берган Аллоҳ ҳаққи, агар Муҳаммадга йўл бермас экансиз, Аҳобиш қабиласидан бир кишини қолдирмай олиб кетурман, — деб ҳайқирди.

Мунинг сўзидан Қурайш раислари анча ташвишга тушиб, юмшоқлик билан:

— Эй Аҳобиш сайиди, сен бу ишда кўп шошмагил, кўнглимиз тинчлангудек Муҳаммаддан бир хабар топайлик, — деб айтишди ва Тойиф халқининг раисларидан Урва ибн Масъудни Расулуллоҳга элчи қилиб юбормоқчи бўлдилар.

Анда бу киши айтди:

— Эй Қурайш аҳли, мендан илгари Муҳаммадга юборилмиш элчилар қайтиб келгач, сизлардан қаттиқ сўзлар эшитишди. Бизлар бўлсак сизлар билан ота-бола қаторидадурмиз. Худо ҳаққи, меним сизларга ишончлилигим борму? — деб сўради.

Алар ҳам:

— Ишончлик кишимиз эрурсан, ҳар ишда сенга ишона олурмиз, — дедилар.

Мундоқ демакнинг сабаби эрса ўтган элчилар сўзи рад бўлганини кўриб, мени сўзим ҳам шундоқ бўлиб қолмасун деб қўрқди. Чунки араблар олдида элчи сўзи қабул бўлмаслиги, унинг учун катта камчилик бўлур, шундан сақланиб юқориги сўзларни айтмиш эди.

(давоми бор)