Турк томирига болта урмоқлик…

Турк томирига болта урмоқлик…
168 views
02 September 2016 - 9:11

unnamed (4)Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

КАРВОНБОШИ
(8)

«Муҳтарам Самарқандийларға холисона арз» деб номланган мақолаларидан бирида Беҳбудий ёшларни «оғир, хушсўз» бўлишга ундаган эди. Мухторият ишларининг эса «сулҳ ила ҳал қилинур»ига, «муҳораба ва муқотала эҳтимоли йўқ»лигига астойдил ишонади. Бу қадим оталар юртини унда яшаб турган барча қон-қардош миллатларнинг бирлиги, ҳамкорлиги билангина сақлаб қолиш мумкинлигини теран англайди. Бутун вужуди билан Туркистонни бирликка чорлайди.

«Бовурлар! — деб ёзади қозоқ биродарларига очиқ, хатида, — Билингки, ҳозирда Туркистондаги барча халқлар учун мухторият эълон қилинди ва сиз билинг- ки, ҳақ олинур, лекин берилмас. Инчунин, мухториятда олинур, лекин берилмас. Яъни мухториятни Туркистон болаларининг ўзи бирлашиб, ғайрат ила олурлар. Албатта, бошқалар тарафидан берилмас. Бошқаларнинг қўлидан келса, бермаслар. Биз бўшлик қилсак ва Туркистондаги халқлар бирлашиб, мухторият йўлига саъй  қилмасак, албатта, ҳозирги қоғоз устидаги мухториятимизни ҳам йўқ қилурлар. Бул, албатта, шундайдур ва бул сўзга ҳеч ким ихтилоф қилолмайдур… Энди ишлар шу ҳолда экан, биз ҳаммамиз, яъни қирғиз, қозоқ, ўзбек, туркман, араб, форс, хуллас, Туркистондаги, Қозоғистондаги ва Туркманистондаги барча мусулмонлар ва ҳам мундаги яҳудий ва христианлар бирлашиб, иттифоқ ила шу мухториятнинг амалға келишига саъй ва эҳтимом этмоғимиз лозимдур…

Чироғларим! Бошқа халқлар, масалан, серблар, италянлар, арманлар, славянлар, поляклар ва бошқалар, ҳатто, дунёнинг у бир учидаги қариндошлари ила; бирлашур эканлар, бошқа катта ва қувватли давлатларга тобеъ бўлуб, ютилуб, ҳатто, тилини йўқотган ўз жинсдошларини ажратиб олиб, бирлашмоқға жон ва кучларини сарф этар эканлар, биз ўз ичимиздаги қариндошларимиздан айрилсак, уятдур, аҳмоқликдур, Турк томуриға болта урмоқликдур».

Дарҳақиқат, мухторият бой берилди. Уни оталаримиз сақлаб қололмадилар. У Шўролар томонидан хоинона бостирилди. 1920 феврал кунлари шаҳар тўпга тутилди. 10 мингта туркистонлик ўлдирилди. 180 та қишлоққа ўт қўйилди.

Беҳбудий изтироб билан майнинг бошида Самарқандга қайтади. У ерда тура олмай, Тошкентга келади. Туркистон рус совет ҳукумати раҳбарлари билан музокара олиб боришга уринади. Табиийки, музокаралар натижа бермайди.

Мутафаккир адиб Туркистон фожиасининг навбатдаги силсиласи бошланганлигини бутун вужуди билан ҳис этади. Беҳбудий ўлими билан боғлиҳ айрим ҳужжатлар ва бу фожиа муносабати билан ўртага қалқиб чиққан айрим материалларнинг сўнгги йилларда эълонқилиниши унинг 191819 йиллардаги изтиробларга тўла ҳаётини бир қадар тасаввур қилишга имкон беради. Чунончи, Беҳбудий«Меҳнаткашлар товуши» газетасининг 1918 йил 27 август сонида шундай ёзади.

«Каминани Самарқанд Маориф комиссарлигига Самарқанд мусулмон шўроси сайлаб эди. Баёни узр этдим. Қабул қилинмади. Бир неча вақт қўлимдан келганича ишладим. Мактаблар тўғрисинда баъзи лойиҳалар ёзиб топшурдим. Охири безгак ва оёқ оғруши ва ҳам йилнинг қимматчилиги важҳидан рўзғор ва деҳқончилик ишларим кўблиги ва бошқа бир неча сабаблардан комиссарликдан истеъфо бердим. Яна қабул қилинмади. Мунинг устинда Тошканддин телеграф билан муҳтарам Мусулмон маориф қурултойи Бутунтуркистон Маориф комиссарлигини қабул этишимға таклиф этибдурларки, манга этган эътимод ва чин занлариға қат-қат ташаккур ва қурултойға арзи эҳтиром этгандим, сўнгра касал ва нохушлиғимни узр мақоминда ожизона баён этиб тилигром бердим. Яна ушбунинг ила баёни узр ва тарзи ташаккур этиб, маърузатимизнинг қабул этилмагини рижо этаман». «Меҳнаткашлар товуши»нинг Беҳбудийга бағишланган 1920 йил 8 апрел сонидаги материаллар, жумладан, унинг ҳаёти ва меросини ўрганиш учун тузилган 7 кишилик комиссиянинг «Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратларининг қисқача таржимаи ҳоли» деб номланган хулосаси муаллифнинг юқоридаги «арзи эътирози»ни тушунишга ёрдам беради.

«1918 йил “Иттифоқ” жамияти Маҳмудхўжани Мусулмон маориф шўъбасига мудир тайин қилди. Лекин у вақтдаги тор, миллатчи руслар бул ишга истеҳзо билан жавоб бердилар. Маҳмудхўжани ёлғуз комиссия аъзоси, деб қабул қилдилар, лекин маориф коллегиясида, мусулмон маорифи учун воқеъ бўладургон ҳар бир масалани Маҳмудхўжаға англатмасдан ўзларича ҳал қила бердилар. Ночор Маҳмудхўжа истеъфо берди».

Яна: «Осипов воқеасидан сўнгра Самарқандда кўб талон-торожлар бошланди. Ноҳақ ҳибслар кўпайди. Катта тазминотларга халқ таҳмил қила олмасдан ер ва юртларини ташлаб қочдилар. Маориф иши ниҳоят даражада тазйиққа тушди. Халқнинг ҳиссиёти динияси таҳқир қилинди. “Бу ишларга бирор чора топа олурманми”,-деб феврал ойинда Тошкентға борди. Лекин бу сафардан ҳеч бир натижани қўлга киргуза олмади».

Дарҳақиқат, истеъфо учун Беҳбудийнинг соғлиги ва тирикчилиги билан боғлиқ муаммолардан ташқари ҳам жиддий гаплар бўлиши керак. Миллатни, миллий тараққиётни инкор этган шўролар йўли алдов ва зўравонликка асосланганлигини Беҳбудий биларди. Шунинг учун ҳам уни 1906 йилдаёқ, ақл ва шариатга зид деб эълон қилган эди.

Орзулари чил-чил бўлган Беҳбудий 1919 йилнинг баҳорида — 25 мартда паришон бир ҳолда йўлга чиқади ва Шаҳрисабзда қўлга олинади.

Қаёққа кетмоқда эди у? Кўнглида қандай туғёнлар кечаётган эди?

Саволларнинг бир қисми ҳали ҳам очиқ турибди. Тўғри, айрим тахминлар бор. Масалан, ёш истеъдодли тадқиқотчи Ҳалим Сайид бир мақоласида «Беҳбудийни қатл этган ким?» (ЎзАС, 1995 йил, 6 январь, № 1) саволини қўйиб, бир қатор далиллар асосида қотил большевизм ва унинг қизил империячилик сиёсати эканлигини исботлашга ҳаракат қилади. Иккинчи бир мақоласида («Мажбурий ҳаж тафсилотлари», ЎзАС, 1995 йил, 14 апрель, № 15) эса, мазкур воқеанинг тафсилотларига оид теран кузатишларини ҳукмингизга ҳавола этади. Шу ҳақда қисқача тўхтаб ўтамиз.

Беҳбудийнинг сўнгги кунларига бағишланган барча мақолаларда унинг 1919 йил 25 мартда Самарқанддан чиққанлиги, «асрорангиз» (сирли равишда) ғойиб бўлганлиги айтилади.

Садриддин Айний у билан сўнгги учрашувини шундай хотирлайди: «1919 йил феврал ойида Тошкентга бориб қайтди. Мактаб прўграми ва Тошкентдаги илмий ҳоллар билан Самарқанд муаллимларини таништирмоқ учун муаллимлар мажлисини чақиришга буюрди. Шундан кейин кўчада кўрушуб, мазкур мажлисға нима сабабдан келмаганини, иккинчи мажлис учун қайси кун тайинланса, кела олишини сўрадим. — Ҳозир бир оз хастаман, кайфим ва фурсатим бўлса, хабар берарман,—деди».

Беҳбудийдек батартиб бир зиёлининг ўзи мажлис белгилаб, келмаслиги ва бунга бирор изоҳ бермаслиги, унинг устига кейинги учрашувни ҳам мужмал қилиб қўйиши, чиндан ҳам у билан «асрорангиз» бир ишлар рўй бераётганига ишора қилади. У нимадандир қаттиқ ларзада эканлиги аниқ.

(давоми бор)