Тафтиш гуруҳи

Тафтиш гуруҳи
30 views
01 September 2016 - 7:00

MS yo'lnoma_1Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(72)

ТАФТИШ ГУРУҲИ

16-17  январ  воқеаларининг  сабабларини  ва  иккита талабанинг  ўлдирилишида  айбдорларни  аниқлаш  учун  Олий Кенгашда  тафтиш  комиссияси  туздик.  Бир  неча  кун  шу иш билан машғул бўлдим ва кўрдим-ки, талабаларга ўқ отиш буйруғини ким берганини  бу  тафтиш  комиссияси  ҳеч  қачон  айтолмайди.  Чунки, буйруқ  берган  одам  Ўзбекистон  президенти  И.Каримов  эди.  Мен тафтиш  комиссияси  Раисига  ҳақиқатни халққа айтишларинг керак, акс  ҳолда,  сизларнинг  қотил  ҳукумат  билан  тил  бириктирганингиз ҳақида дунёга билдирамиз, дедим.

Бу  таҳдидга  жавобан,  бир  неча  кун  сўнгра,  президент Каримов ҳукумат активида чиқиб «16-январ воқеаларида «Эрк» ва «Бирлик»нинг  ҳеч  қандай  роли  йўқ,»  деб  баёонот  берди.  Бу  мени тинч қўйсаларинг, сизларга ҳам айб қўймайман, дегани эди. Лекин «Эрк»  газетаси  талабалар  шаҳарчасидаги  қотилликнинг  бош сабабчиси  давлатнинг  энг  юқори  лавозимида  ўтирган  киши эканлигини  ёзди.  Цензор  Эркин  Комилов  билан  катта  жанжал бўлди.

Газета  номери  кечика  бошлади  ва  мақола  цензорнинг истаганидай  босилди.  Матбуот  вакилларини  чақириб  мен  тафтиш комиссиясининг  кўзбўямачилик учун тузилганини эълон қилдим ва комиссия  таркибидан  чиққанимни  билдирдим.  Бу  ҳукумат  билан очиқ конфронтацияга  ташланган биринчи  қадам бўлди.

Феврал  ойида  ҳукумат  бизнинг  ташкилотга  қарши  ёппасига ҳужумга  ўтди.  Вилоят  газеталаримизнинг  бир  нечтасини  ёпди. Партия  аъзоларига  очиқча  тазйиқ  ўтказилиб,  уларни  ҳар  хил баҳоналар  билан  ишдан,  ўқишдан ҳайдай бошлади. Бор йўғи олти-етти ой (1991 август — 1992 январ) ўз фикрини эркин айтиб кўксига шамол  теккан  халқ  энди  совет  давридан  ҳам  баттар  бир  давр бўсағасида турарди.

(давоми бор)