Ҳақ йўл

Ҳақ йўл
74 views
31 August 2016 - 7:05

nabiyАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 81

(давоми)

 ЗАЙД ИБН ҲОРИСАНИНГ ЧОПУЛИ

Бу воқеа шундоқ эрдиким, мол билан Шом шаҳридан чиққан Қурайш карвони Маккага ўтуб борадур, деб Расулуллоҳга хабар етди. Буни англаб, Расулуллоҳ Зайд ибн Ҳориса қўл остида бир юз етмиш кишилик бир бўлук отлиқ аскар чиқардилар. Мақсадлари эса, карвондаги душман молини босиб олиш эди. Орада тинчлик шартномаси тузилмаган бўлса, у кунларда қайси йўл билан бўлса ҳам душманга зарба етказмак сиёсат оламида юриб турган бир қонун эди. Шу боришларида душман карвонини бутун моллари билан қўлга туширдилар. Бир нечалари қочиб қутулди, қолганлари эса асир олинди.

Булар ичида Расулуллоҳнинг куёв ўғиллари Абул Ос ибн Робиъ ҳам асирга тушган эди. Бу киши эрса Расулуллоҳнинг қизлари Зайнабнинг абушқоси эрди, Бадр урушида асирга тушганида қизлари Зайнабни Мадинага юбориб бериш шарти билан ўзини асирликдан озод қилган эдилар. Орадан тўрт йил ўтгандан кейин карвон билан яна у киши асир тушиб қолди.

Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу куёвларидан рози эдилар. Чунки Маккада турганларида бутун Қурайш раислари Пайғамбаримизнинг қизлари Зайнабга талоқ беришни унга таклиф қилсалар ҳам, қабул қилмаган эди. Буни англагач, Расулуллоҳ ундан шод бўлган эдилар. Лекин Қуръон ҳукмида куфр ва иймон бир никоҳда бўлиши мумкин бўлмаганликдан, қизлари Зайнабни ундин ажратиб олмиш эдилар. Шундан бери Зайнаб Расулуллоҳнинг қўлларида эди. Аммо Абул Ос эрса, Қурайш раисларидан бўлиб, алар ичида эътиборлик кишилардин саналур эди. Ва онамиз Ҳазрати Хадича ҳам унга хола бўлур эдилар.

Неча томондан Расулуллоҳга қариндошлиги бор эди. Йўл тўсиб чиққан саҳобалар карвон қаторидан уни ҳам асир олиб, молини ўлжа қилмиш эдилар. Мадинага келтирилгандан сўнгра Зайнабга бир киши юбориб, ўзи учун омон олишни сўради. Анда Зайнаб тўғри Расулуллоҳга келиб:

— Ё Расулаллоҳ, Абул Ос билан орамиз узилмаган бўлса боламнинг отасидур, агар узилган бўлса қариндошимдур. Бу кишига омон бериб, уни ўз ҳимоятимга олдим, — деди.

Бу сўзни бутун халқ эшитди.

Анда Расулуллоҳ саҳобаларга қараб айтдиларким:

— Бу кишининг бизга қандай яқин эканлиги сизларга маълумдир. Ўзи асир тушиб, моллари ўртада тақсимланди. Агар унга яхшилик қилур эрсангиз, ўзини озод қилиб, молини қайтариб бергайсиз, йўқ дер экансиз, Худо еткузган ўз ҳалол молингиз бўлиб, бу ишда ихтиёр сизлардадур».

Саҳобалар Расулуллоҳдан бу сўзни англашиб, бу ишга розиликларини билдиришдилар. Сўнгра ўртада тақсим топиб кетган унга қарашлик барча молларини ўзига қайтариб беришди. Шу билан Абул Ос боши бўшаб, ҳамма молини олиб, Маккага келди. Шом савдосига чиққан чоғида бошқа савдогарлар унга омонат қилиб бир мунча мол қўшган эдилар.

Аларни ўз эгаларига топширди. Ва: «Менинг устимда ҳеч кимнинг ҳаққи қолдими, ваъдамга вафо қилиб омонат олган молларингизни топшириб бердимми?» деб алардин сўради.

Мол эгалари розилик билдиришиб, унга кўп раҳмат айтдилар. Уларнинг сўзлари тўхташи билан Абу ул Ос ўрнидан туриб:

— Мен энди Муҳаммад тутган йўлнинг ҳақлигига ишониб, анинг динига кирдим, — деб кўпчилик халқ ичида шаҳодат айтиб, мусулмон бўлди.

Шунда улар:

— Мундоқ экан, нега бу ишингни олдинроқ қилмадинг? — дедилар.

Анда ул:

— Мен Шом тижоратига чиққанимда, бир неча кишилар менга омонат қилиб мол қўшган эдилар. Ул омонат молларни топширмай мусулмон бўлсам, анинг эгалари бизнинг молимизни босиб қолиш учун мусулмон бўлди, дегайларму деб қўрқдим. Шундоқ сўз чиқмасин учун шу кунгача сабр этдим, — деди.

Сўнгра Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб келгач, Расулуллоҳ қизлари Зайнабни янгидан никоҳлаб, яна унга бердилар.

(давоми бор)