Туркистон мухторияти

Туркистон мухторияти
163 views
30 August 2016 - 9:17

unnamed (5)Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

КАРВОНБОШИ
(7)

1906 йилда «Туркистон вилоятининг газети» саҳифаларида Беҳбудийнинг жуғрофия китоблари муносабати билан қатор тақризлар чиқади. Уни мақтайдилар, рад этадилар. Газета ходими Мулла Олим муаллиф китобларининг тили оғирлигидан шикоят қилади. Беҳбудий изоҳ беради. Иш булар билан чекланмайди, секин-аста уни мусулмонлар манфаатига хиёнат қилишда, ўриспарастликда айблай бошлайдилар. Ва бу анча давом этади.

Гап расмий доираларга бориб етади. 1914 йил 3 январда Мирзо Улуғбек мадрасаси жомесида бир неча минг киши ҳузурида «усули жадидачилар», «русча ўқутмоққа ташвид қилатурғонлар» «кофир», «ҳар ким боласини усули жадида мактабига берса, ўзи кофир, хотини талоқ» деб эълон қилинади. Йиғинда Беҳбудийнинг бир қатор маслакдошлари (Сиддиқий-Ажзий, Шакурий) тилга олинган эдилар. Беҳбудийнинг ўғли Масъудхўжа гимназияда ўқир эди. Беҳбудий бир муносабат билан ёзади: «Самарқандни катта уламо ва қозилардан муҳтарам бир киши катта мажлисларға ва ҳукуматға сўйлаганлари учун тубандаги сўзларни юз биринчи дафъа ёзармиз: “Ойна” муҳаррирининг маслаки ўн санадан зиёда бир муддатдан бери жарида ва рисолаларға ёзган мақолалари илан ҳукуматға ва бутун халойиқға маълумдир! Қози ҳазратлари “Ойна” муҳарририға икки нимарсани нисбат берурларки, кайфияти юқориға ёзилди. Аммо иккисида ваҳмий сўзлардир. Биз халқни рус ва насоро қилмоқчи эмас(миз) ва дини мубини исломни хароб қилдурмоқчи эмас(миз), балки муҳтарам аҳли динимизни моддатан тараққий этдурмоқчи ва дини шарифимизға маҳкам туруб, Русияда яшамоқчимиз. Русиянинг граждани, илм ва ҳуқуқлик чин табааси бўлуб ва руслардан қочмай, балки (қўл)ни қўлға бериб, Русия ватаниға болфеъл шерик бўлуб, тараққий қилмоқ ва Русия давлатининг мансаблариға мустаҳиқ қилатурғон Русиянинг илму фани замоний ўқутатурғон мактаблариға ружуъ қилмоқға муҳтарам ҳамватанларимизни даъват ва ташвиқ этгувчи бир кишимиз».

Миллат озод бўлиб, ўзининг мустақил давлатини ўрнатмагунча, ижтимоий адолатни тиклаб бўлмайди. Бу Беҳбудий келган биринчи хулосалардан эди. Унинг «Вақт» газетасида чоп этилган мақолаларидан бирида шундай мулоҳазаларни учратамиз:

«Бир мадрасага 20 талаба гапи ила бир ноаҳл мударрис сайланур. Бир волостда 40 нафар эл бошлариндан 21 нафарни садоси ила бир жоҳил қози сайланур ва Русия маъмурларинада маъқул ўлур. Бир минг фақирнинг радду мудохаласи мўътабар ўлмаз ва сўзлари эшитилмас. Ишта бизим Туркистон шаҳарларининг бу кунги қози, муфти ва мударрис ҳам имом ва ўзга руҳонийларининг юздан саксони, саҳро ва қарияларда ўланларининг ўндан тўққизи шўйла номуносиб кишилардан иборатдир». Шу газетанинг ўша йили 4 ноябрда босилган «Дума ва Туркистон мусулмонлари» мақоласида эса чор мустамлакачилик сиёсати, хусусан, ўлкадан етмиш минг русдан олти депутат бўлгани ҳолда етти миллион мусулмонга беш ўрин ажратилгани ошкора танқид қилинади. Шуларга қарамасдан,Беҳбудий, истиқлол ҳақида фикр юритар экан, ҳар қандай зўравонликни рад этади. Унингча, зўравонлик ғайриахлоқий, бинобарин, ғайриинсонийдир. Умуман олганда эса, мустақиллик учун кураш олиб борган боболаримиз, жумладан, жадидлар келажак ҳақида фикр юритар эканлар, истиқлолга эришиш борасида бир-бирларидан фарқ қилувчи уч йўлдан бордилар:

1.Русияга тобеликдан зўрлик йўли билан қутулиш, куч билан истиқлол олиш (Дукчи эшон қўзғолони, 1916 йил воқеалари, «босмачилик»),

2.Муроса йўли. Руслар ёрдамида маърифатга эришиш. Маърифат масаласида ҳақ-ҳуқуқ олиш, миллий хусусиятларини тиклаш (Исмоилбей Гаспрали, Маҳмудхўжа Беҳбудий).

3.Ҳамкорлик йўли. Чор маъмурлари, сўнг эса Шўро ҳукумати билан бирга уларнинг программаларида қатнашиш ва имкон бўлиши билан мустақилликни қўлга олиш. Бунинг учун маълум тайёргарлик кўриб бориш (Мунаввар қори, Ҳамза, Авлоний).

Беҳбудий ҳамиша халқ билан бирга бўлди.

Ватан тақдири кун тартибига қўйилган 1917 йилнинг 16—23 апрелида Тошкентда бўлиб ўтган Туркистон мусулмонларинйнг 150 вакили иштирок этган ўлка қурултойида ҳаяжонли нутқ сўзлади. Миллатни ўзаро ихтилофлардан воз кечишга, буюк мақсад йўлида бирлашишга, иттифоқ бўлишга чақирди.

Худди шу ихтилофимиз сабабли «мустамлакат қоидаси ила бизни идора этурлар» деб очиқ айтди.

У ҳақ эди. Мустамлакачилар «50 йил илм-маърифатдан четда сақлаб келган»лари (Куропаткин) Туркистонни осонлик билан қўлдан чиқармас эдилар. Фитна ва иғво тинимсиз давом этар эди. Шундайлардан бири 1917 йилнинг баҳорида Бухорода юз берган эди. Амир феврал ўзгаришларини ҳисобга олиб, рус элчихонасининг маслаҳати билан ислоҳот эълон ҳиладиган бўлади. Ва бу фармонни ушбу элчихонанинг бошлиғи жаноб Миллер тайёрлайди. Ҳар хил англашилмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида собиқ генерал-губернатор, эндиликда Русия Муваққат ҳукуматининг Туркистон комиссари Куропаткин топшириғига кўра Самарқанд Ижроия қўмитаси Бухорога бир неча кишилик ҳайъат юбордилар. Улар орасида Беҳбудий ҳам бор эди. 7 апрел ислоҳот эълони олдиндан мўлжалланганидек тантанага, тантана эса фожиага айланади. Амир ва ёшлар, муллалар ва жадидлар ўртасида ўтиб бўлмас чоҳ пайдо бўлади. Миллер бунинг айбини Беҳбудийга қўяди. Фақат Миллер эмас, Тошкентда 9 апрел бошланган Туркистон Ишчи ва солдат депутатлари советларининг биринчи ўлка съездида айрим рус депутатлари Бухоро фожиасининг сабабини Самарқанддан «ўз ихтиёрлари илан» борган депутатларга тўнкайдилар. Миллатни ич-ичидан қайраш ва низо чиқариш изчил давом этади. Беҳбудий мазкур съездда минбарга чиқиб бор воқеани тушунтириб берган ва бу ҳақда у “Бухоро воқеалари ва дафъи туҳмат” («Ҳуррият» газетаси, 1917 йил, 1 май) деган махсус мақола ёзган эди.

Шу йил ноябрнинг 26 сида Қўқонда Ўлка мусулмонларининг IV фавқулодда қурултойи иш бошлади. 27 ноябрга ўтар кечаси «Туркистон мухторияти» эълон қилинди. Бу мустамлакадан мустақиллик томон қўйилган жиддий ва жасоратли қадам эди. Унинг маънавий отаси, шубҳасиз, Беҳбудий эди. «27 ноябрда Қўқонда Туркистон мухторияти умумий мусулмон съездида эълон қилинди.Муборак ва хайрли бўлсун! Камина ҳам мажлисда бўлушдан ифтихор этаман. Яшасун Туркистон мухторияти!» — деб ёзган эди Беҳбудий. Фитрат мухторият эълон қилинган тунни «Миллий лайлатул қадримиз» деб атади. Шоирлар шеърлар бағишладилар. Большевизм эса тубжой миллатнинг «қадим» ва «жадид»га бўлинганидан устамонлик билан фойдаланиб маҳаллий халқ орасига ҳам секин-аста кириб борди. Айни пайтда миллатлар орасига қутқу солиб ажратиш ва жамиятни синфий асосга қуриш ҳаракати кучайди.

(давоми бор)