Жасур ва доно йўлбошчи…

Жасур ва доно йўлбошчи…
32 views
30 August 2016 - 4:48

TuzoqСафо Урганжи

ТАНАЗЗУЛ
(Тўрт юз олтмиш еттинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБио
БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР 

ТУЗОҚ

Биринчи китоб

(Роман муаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

 Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб қололмайди.

Муҳаммад (с.а.в)нинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

(23-қисм)

Баҳром қийшайиб, тўрт ёнига назар солишдан чарчади, шекилли, гавдасини ўз майлига қўйиб, қўлларидаги кишанларга боқди. Шунда орқа томонидан шитирлаган товуш эшитилди. Ўгирилиб қарамоқчи бўлганда, қўлларига илондай чирмашган кишан бунга имкон бермади. Зўри етмагач, энгашганча қўлтиғи остидан орқасига қараганди, ўзи каби иситгичга кишанланган ўн саккиз ёшлардаги йигитчага кўзи тушди. Тезкор вакил иситгичга кишанлаганда Баҳром нима учун уни пайқамаганига ҳайрон бўлди. Қўллари бўш бўлганда, чўзса елкаларига тегадиган даражада йигитча унга яқин эди.

Толиққан бўйнини тўғирлаб:

– Исминг нима? – деб сўради Баҳром йигитчани кўрмаётган бўлса ҳам.

– Ғулом!

– Ёшинг нечада?

– Ўн олти ёшдаман!

У ёшига қараганда  каттароқ кўринарди.

Шу пайт эшиги очиқ турган хонага бўйдор, хўппи семиз, фуқаро кийимидаги бир тезкор вакил кириб келди. Унинг ёши ўттизнинг у ёқбу ёғида эди. Баҳром ундан кўзини олиб қочди. Тезкор вакилдан саримсоқпиёз билан ароқ ҳиди анқиётганди. Баҳром бошини хам қилса ҳам, устида тўхтаган кўланкани сезиб турар, соя устидан нари кетавермагач, у кўз қирини ташлаб, ён томонида қимирламасдан турган иккита қимматбаҳо чарм туфлини кўрди.

Шунда туфли тепасидан:

– Қайси модда билан қамалгансан? – деган товуш чиқди.

Баҳром бошини тикламасдан:

 168модда билан! – деб жавоб қайтарди.

– Пулларни қаерга яширдинг?

– Яширмадим!

– Нима қилдинг?

– Ҳеч нима Мен ҳеч кимдан пул олганим йўқ!

– Ҳукумат бекордан-бекор қамаб, аҳмоқ экан-да!

Бу соя туман ҳибсхонасидаги подполковникнинг сўзларини айнан  такрорлаётган эди.

– Бир оз тушунмовчилик бўляпти. Эртага қўйиб юборишса керак!

 Сени адашиб қамаб қўйишипди-да, эссиз!

Нима деб жавоб беришни билмаган Баҳром бошини хам этиб тураверди. Қандай жавоб қайтарганда ҳам энди бу кўланка ўзини тинч қўймаслигини у англаб етганди. У ўзини кутулмаган зарбага мослаб, бутун танасини тириштириб турганда ҳам, бир пайт хона ичи силкингандек бўлди, боши иситиш мосламасига урилиб, кўзларидан олов чақнаб кетди. Тепкининг кучлилигидан у оғриқ сезмаганди.Унинг карахт бўлганини кибрга йўйган соянинг баттар ғазаби қўзиди. Тезкор вакил кишанга чирмашиб қимирлай олмай қолган Баҳромнинг бошидан чангаллаб тутганча иситиш мосламасига ура бошлади. Калтак остида қолган бечора нималар бўлаётганини идрок этишга ҳам куч тополмасди. Кимдир унинг устидан сояни тортганда, у жон ҳолатда қисиб олган тишларини бўшатиб, нафасини чиқариб юборди. Қайтиб нафас олганда, кўкрагининг илиб бораётганини ҳис этди. Бурнидан шариллаб оқаётган қон кўйлагини қизил рангга бўяганди. Қонни кўриб, қўрқувдан даҳшатга тушиш ўрнига, юраги ҳалигача ўзига нотаниш бўлган бир ҳисдан ҳаловат туйди. Қўрқув ўрнини қасос ўти эгаллади.  

Шунда у устидаги сояга ғазаб билан боқиб:

– Чиқсам, сенинг бошингни оламан, одам қиёфасидаги ҳайвон! – деди.

Бу иборани ҳақҳуқуқини топтаган қонун посбонига нисбатан ишлатиш гуржи ёки русларга оддий ҳол туюлар, турк ёки чечен учунтупурганча ҳам бўлмас, ўзбек миллати вакили учун эса ҳақиқий қаҳрамонлик эди. 

Ўзини ҳақоратланган ҳисоблаган соя аввалида сакраб унинг қорнига тепди. Кейин эса бошига оғзидаги носини тупурди. Ичи ўпирилган Баҳром бошига тушган носни сезгани ҳам йўқ. Сояни хонага кириб келган икки тезкор вакил ушлаб ортга тортишга тиришар, у:

 Онасини фалон қилай, ўлдираман бу фирибгарни!  дея Баҳромга хезланарди.

– Сенинг онангни мен фалон қилай, ҳароми! – деди Баҳром ҳам оғзидаги қонни полга тупириб.

Соянинг баттар қутурганини кўрган Баҳромни пастдан юқорига олиб чиққан тезкор вакил:

– Мусурмон, ўзингни бос. Бу фирибгар жуда ифлос ва иғвогар одам. Эртага устимиздан туҳмат хати ёзишдан ҳам тоймайди. Икки йилдан буён президентга ёзавериб, ҳамманинг тинкасини қуритди! – деди.

– Ундай бўлса жуда ҳам яхши, Фарҳод! – деди у. – Шу ифлосни тинчитсам, дунё тоза бўларкан.

– Бу ифлос бир нимани бошласа, сен эмас, биз жавоб берамиз! – деди Фарҳод. – Бугун прокурор ёрдамчисига ҳам олифталик қилипди. Эртага прокурорнинг олдига бориб келсин, шунга қараб иш кўрамиз.

Бу сўзлар Баҳромнинг мудҳиш гумонларини ҳақиқатга айлантираётган эди.

Ўзини зўрға босиб олган Мусурмон шотахта атрофидаги курсига бориб ўтириб, кўйлаги тугмаларини ечди-да, ёқаларини кенг очиб қўйди. Кейин чўнтагидан катак-катак дастрўмол чиқариб юзларининг терини артгач, бўкирганча шотахтага мушт солди. Деразатокчасида гулдонга солиб қўйилган атиргулнинг япроқлари бу товушдан титраб кетди.

Қонига беланган Баҳром тиззаларига таяниб, қалтираб ўтирарди. Шунда атиргул бутасидан бир гул узилиб, капалакдай айлана-айлана унинг кишанланган қўлларига келиб қўнди. Кўзлари гул парчасига тикилган тутқуннинг учқур хаёллари бўшашиб, шикаста кўнглини олис-олисларга олиб қочди...

Бугун бу хонада кимнингдир туғилган куни нишонланганди. Боя Баҳром хонага син солганда, хурсандчилик излари сезилиб турарди.Нишондорнинг аёл киши эканлиги ҳам маълум эди. Токчадаги гулдонга солинган атиргул, бурчакдаги ахлат савати ёнига улоқтирилган гулчамбар ва мойчечаклар шундан дарак берар эди. Баҳромнинг чамасича, миршаблар тушликда нишондорни қутлаш учун иккита шотахтани бирлаштириб, атрофида кўнгилхушлик қилганлар. Шу ерда ўтирган учта миршаб ҳам, ён хоналарда ишлайдиган ходимлар ва бошлиқлар ҳам шу кичик расмий маросимда иштирок этганлар. Авваламбор, улар нишондорга бахт-соадат, узоқ умр, оилавий бахт тилаганлар. Нишондор аёл бўлиши баробарида, оилали, бола-чақали бўлган. Турмуш қурмаган бўлганда,туғилган кунни ими-жимида, хилват бир гўшада ўйнаши билан нишонлаган бўларди...

Хавфсизлик ташкилотлари ходимларига, айниқса, ички ишлар соҳасида ишлайдиганларга бошқа бир қиррадан туриб қаралганда, мустақиллик йилларидаги уларнинг юргизаётган фаолиятининг Совет колхозининг сигирларни қочирадиган бўйни йўғон буқасидан унчалик фарқланмаслигини кўрамиз. Уларнинг орасига кириб қолган ғунажин муддатидан олдин сигирга айланади... Бу қўпол ўхшатишни аёллар шаънини булғаб, шунчаки сўз айтиш учун қўллаётганимиз йўқ. Мақсад, холислик нуқтасида туриб, ўзбек эркакларининг аёлларга бўлган муносабатига бир назар ташлаш, холос. Бўри бўрилигини қилмаса, қўй қўйлигини қилмаслигини кўпчилик яхши билади.

Совет замонларида ҳар бир хўжаликнинг ўз томорқаси, ўз чорваси бўларди. Ҳар бригадада камида 10  15 сигир бўлиши баробарида, 2  3 буқа боқиларди. Бу буқалар қишлоқ сигирларини қочиришга мўлжалланган бўлиб, улардаги уч жиҳат кун тартибида турарди. Биринчиси, тўйиб ўтлаш, иккинчиси, сигирларни қочириш, учинчиси, бу буқа сигир устига учишга ярамай қолганда, унисўйиб гўштга топшириш…

Баҳромларнинг қишлоғида чорва сақланадиган молхона автобус бекати билан рўпарамарўпара жойлашганди. Захкашнинг жануб томонида бекат бўлса, шимолида ўн тўртинчи бригаданинг молхонаси эди. Захкаш бўйида бир симёғоч бўларди. Ювошроқ сигирларнинг юмуши молхона ичкарисида ҳам битиб кетаверарди. Чолиқроқлари келиб қолса, симёғочга тортиб боғлардиларда,молхонадан буқани олиб чиқардилар. Молбоқар сигирнинг қувватига қараб буқа танлар, сигир  ёшроқ ёки озғинроқ бўлса, кичикроқбуқани, сигир семизроқ ёинки баққуватроқ бўлса, катта буқани тавсия этарди. Сихлашдан безор бўлган буқа баъзида сигиргатўғридан-тўғри сакрамаса, кўпинча ялқовланиб, сакрамасди. (Буқа, албатта, отга ўхшаб, ўзиники устига сакрамайдиган фаросатли ҳайвон эмас. Кўзи қонга тўлганда туққан онасига ҳам сакрайверади). Эрталабдан бир-иккисини кўрган ялқов, ўпкасини босиб олганитуфайли, аввал сигирнинг орқасини яларди. Тил теккан сигир ийгандан чоптириб юборса, буқа димоғига пешоб оларди-да, бошинибаланд кўтариб, тишларини тиржайтирганча қуёшга тутарди. Бу жараённи бекатдагилардан тортиб катта йўлдан икки томонга ўтиб-қайтаётган ҳар бир кимса кўриб ўтарди. Одамлар бу кўрганларидан келиб чиқиб, молхона ичкарисидаги манзарани тасаввур қилсалар ҳам ажабмас. Улар орасида қариялар, эркак-аёл, йигит-қизлар, кичик ёшдаги болалар, турли тоифадаги касб эгалариучрарди. Ҳамма бу ҳолатга оддий бир нарсага қарагандай қарарди.

Ички ишлар ходимларининг ҳам, колхоз буқасига ўхшаб, уч мақсади бор. Биринчиси,  ейиш, иккинчиси –  …, яъни, ўйлаганингиз.Ортиб қолса, қўшақўша уйжой қуради, машина сотиб олади. Улар бу ишларни енг ичида битирсаларда, халқ барчасини кўрибтуради. Бу ишлар ахлоқсизлик, тарбиясизлик ҳосиласи бўлса ҳам, одамларнинг кўравериб кўзлари пишиб қолган. Учинчиси эса, яроқсиз бўлиб қолганларида, “колхоз”, яъни тузум уларни чиқитга чиқаради. Шунда йиллар давомида асаблари, вужуди аёвсизтасарруф қилинган бу бечоралар соғлом ҳаёт сокинликларига дош беролмасдан, чўкиб қоладилар. Нафақага чиққач, мингдан бирининг ёши етмишдан ўтмаса, кўпчилиги олтмишни қораламай ўлиб кетади. Уларни буқага айлантирган – “муcтақиллик”, яъниколхоз, колхоз раислари – собиқ иттифоқнинг махфий коммунистлари бўладилар. Бу кўргуликларга руҳ бағишлаётганлар шахсга айлана олмай қолган фуқароларми, деган саволга жавоб бериш муаммо. Зиёлилари орасида шахслар бўлмагач, халқдан хафа бўлмаса ҳам бўлаверади…

Аслида, миллий хавфсизлик ва бошқа ташкилотлар ходимлари аҳволи ҳам уларникидан авло эмас. Уларнинг кўринишларида силлиқлик бор, холос. Тузумнинг яшовчанлигини таъминлаб турган фахрли касб эгаларининг ўзлари тузум қурбонлари бўла туриб, ҳавойи нафс учун душманга садоқат кўрсатишлари эса дунёдаги энг буюк фожеадир.    

Рад этиш жуда ҳам қийин бўлган яна бир жиҳат бор. Хавфсизлик ташкилотларининг саъйҳаракатисиз, мамлакатнинг қоронғи ўрмонга, аксар фуқароларнинг ёввойи чўчқага айланишини инкор этиб бўлмайди. Қонунлар ҳимояси учун яшаш, юртни ички ва ташқи хавфдан иҳоталаш учун кураш, мамлакат тинчлигини ва фуқаро осойишталигини таъминлаш учун ўлишдан ҳам кўра дунёда яна бир улуғворроқ вазифа бормикан ўзи?! Минг афсуски, шарафли касб эгаларининг тўқсон тўққиз фоизи ўз бурч ва вазифаларини билмайдилар. Шижоат ноқислиги ҳам мана шунда! Жон бермасдан жон олиб бўлади?  

Хуллас, қутловда табрик олганлар аёлга мақтовлар ёғдиргач, расмий нутқ сўзлаганлар ўзларининг буюк миллат фарзандлари эканликларини эслаб, кетидан боболарининг дунё сивилизатсиясига қўшган улкан ҳиссаларини бармоқ букиб санаганлар. Қизиғи, айтилган гапларни уларнинг ўзларидан бошқа биров шу пайтгача эшитмаган. Мамлакатни қолоқлик ботқоғига ботирган Русияданғазабланганлари туфайли, қалбларида мустақилликка меҳрмуҳаббат уйғониб, “буюк келажак” ҳаққи, мадҳияни жўрликда куйлаб, бирбирларини бағирларига босганлар. Жасур ва доно йўлбошчининг халқни мустақиллик сарҳадларига қандай олиб чиққанлиги, дунё қайси йўлдан юришни билолмасдан аросатда қолганда, унинг ўзбекларга қўшиб дунё халқларини ҳам бало-қазолар гирдобидан талафотларсиз доруломон манзилларга олиб ўтганлиги қайта ва қайта таъкидланган. Руҳланган жамоанинг чўғдек иссиқ туйғулари ичларига сиғмасдан, қўлларида қадаҳ, ваҳҳобийчилар, ҳизбут таҳрирчилар, бирликчи-эркчилар хуллас, жамики ватан хоинлари – террористларга лаънатлар ўқиганлар. Уларнинг илдизларини таг-томиридан қўпориб ташлаб, бошларини мажақлашга бел боғлаганлар. Отасини танимайдиган “ота” шарафига қадаҳ кўтарилириб, нишондор барчани кечки базмга таклиф этган.

(давоми бор)