«Дин ва одат»

«Дин ва одат»
144 views
28 August 2016 - 7:00

OLYMPUS DIGITAL CAMERAМаҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

КАРВОНБОШИ
(6)

Бадавият одамлари. Иккинчи хили бадавийлардурки, ваҳшониятдан тараққий ёинки маданиятдан таназзул қилиб, бир ҳолға келғон ваҳший ила маданий аросида воситадурки, бадавий ва саҳройи маҳз аталадурлар.

Буларни маконлари саҳро ва чўлларда, тоғу тошлар аросида чодир ичида ё туфроқ тўла ичларинда ва аксар кўчуб юргувчи илму ҳунардин бебаҳра халқдур.

Бу тоифани умрлари мол боқмоқ, емоқ, ётмоқ ила сарф бўлуб, жамияти башарияға керагича ёрдамлари етмайдур. Чунки илмлари камдур. “Кўчманчи”, “бадавий”, “саҳройи”, “бодиянишин” аталадурларки, ҳар бирининг аросида яна фарқ кўпдур.

Маданийларға ёқмайтурғон феъллар буларда камилмлик ва тарбиятсизликларидан кўброқ воқеъ бўладур. Аларни ичида маданийларни(нг) истиқомати қарийб мумкин йўқдур. Ушбулар “эл”, “уруғ”, “қабила”, “ашират”ларға тақсим бўлуб, бек, бий, шайх, раис, сардорларни қўл остида чўлларда, шаҳарлардан ўзоқ жойларда юрадурлар. Аларни(нг) баъзиси ўз ишларини, расмларини маъқул ва одамиятга муносиб билиб, шаҳарий ва маданийларни уят ва ҳатто, нафрат қиладур.

Ушбуларни тамаддун доирасиға киргизмоқ мавруду замон ила бўладур. Маданият. Шаҳарларда ва катта жамиятлик, илму ҳунарлик, маҳаллаларда туратурғон, илм, фазл ва ҳунарлик халқни ва ё алар ила бирга тургувчи инсонларни “маданий” аталадурки, бошқа исм ила “шаҳарий” аталадурлар. Буларни аксар ишлари’ тартиб ва тажриба, илм ва фан ва қоида бўйича бўладур. Мактаб, мадраса, масжид, маҳкама, руҳоний-уламо, ибодатхона, амир, ҳукмрон, подшоҳлари бордур. Бовужуд шул маданийлар ичида ваҳший ё бадавийға ўхшаш инсонлар, феълу одатлар кўпдур. Ҳануз ер юзида бир шаҳар йўқки, барча одамлари инсони комил ҳисоблансин, бу уч хилни ҳар бири яна ним маданий, ним ваҳший деган қисмларға бўлинадурлар.

«Ер юзидаги бадавий ва маданий халҳларни ҳукмдор ва сардорлари бўладурки, — деб бошланади “Ҳукумат ва ҳукмронлар’’ фасли,—бек, амир, шоҳ ва бошқа исму луғатлар ила аталадурлар. Ҳар бир тилда ҳукмдорларни луғати бошқадур. Оврупо халҳи императўр,қирол, дўқа, принс, президент, кназ, тсар ва бошқа луғатлар ила аталган ҳар бир ҳукмдорни мартаба ва ҳукумати бошқа навъдур».

Беҳбудий замонасидаги мавжуд идора усуллари ҳақида фикр юритиб, уларни учга бўлади.

1.Идораи мустақалла (идораи мутлақа—монархия).

2.Идораи машрута (конституцияли парламентли ҳокимият).

3.Идораи жумҳурият (Республика).

Беҳбудий бу идора усулларини шундай изоҳлаган:

1.«Ани устидан қарагувчи подшоҳ соҳиби ихтиёр ва ҳар бир ройи ва амри закун ва низом бўладур. Амри ҳукми, ройи нофиз (қонун)дур. Қўл остидаги барча масжидлар, маслаҳатхоналарни иттифоқи, хоҳиши ҳукми ўшал императўрни мустаҳкам қилиш имзосиға мавкуфдур. Шундай императўрларни янгидан мансуб бўлиши ҳар бир давлат ва ҳукуматда муқаррарий қонун ва одатлар бўйича мерос ёинки валиаҳдлик қоидалари ва ўшал ҳукуматни қўйган «тартиб ва тадбирға мувофиқ бўладур».

2.Идораи машрута — «… бу ҳукуматға тобеъ одамлар аксар аҳли илм ва ҳунардурлар. Элу уруғлари илм, ҳунар ва дунё ишлариға тараққий қилгандурки, шул тариқа фуқаролар ўз ароларидан инсонлик, илм ва дунёдан хабарлик одамларни ўзлариға катта ва бошқарғувчи вакил сайлайдурлар ва шул тариқа сайланган вакилларни подшоҳ жамлаб, муқаррарий маҳкамаларга мамлакатдорлик ишларига аралашиб, машварат ила тузатилмоқ ва муҳофазат қилинмоқиға кўз бўлмоқлари учун қарор берадурки, аларни(нг) мажлис ва маҳкамаларини “Миллат мажлиси’’, “маслаҳатхона”, “парламентў”, “Гўсударски Дум”, “Мажлиси синодий” (сенат мажлиси), “Эл мажлиси” деган исмлар ила ёд қилинадур. Яна баъзи маслаҳатхоналар борки, маслаҳатбошиларни, ҳукмдорларни (подшоҳнинг) ўзи тайин қиладур.

Ушбу миллат мажлисини(нг) чилон(аъзо)лари машварат ила мамлакатдорлик ишлариға аралашиб, низом ва қонун тузатиб, ҳукмдор ва подшоҳларни қилатургон ишлариға аралашадур. Подшоҳ бу мажлис амриға тобеъдур. Мажлис маъбусон(депутатлар)ни(нг) ройи бўлмагунча катта ишларни бошланмоқиға амр ва ҳукм қилолмайдур. Хулоса, императўр соҳиб ихтиёр булмай, дурустроқ ишларга қонун ва низомларни чиқарилмоқиға бутун эл мажлисға тобеъ бўлуб турадур».

3. «Идораи жумҳурият… аксар фуқароси аҳли илм бўлуб, бу аҳли дониш аҳолини сайлаган вакиллари, яъни ҳукуматға етти йилғача ўз мамлакат ва ҳукуматларини бошқармоғи учун ўз ароларидан бир нафар донишманд одамни бошлиқ сайлайдурларки, “раисижумҳурият”, “садрнишини миллат”, “президент” аталадур. Бу раис гўё бир оризий (вақтинча), омонат подшоҳдур. Ҳар бир ҳукм ва амру тартибни, мамлакат ва кўйга тааллуқ ишни, Миллат мажлисини(нг) қилиб берган дастуруламал, яъни қонун ва низом номалариға мувофиқ қилиб, бутун элға тобеъ бир кишидур. Ҳар бир ишға Миллат мажлиси ҳукмиға тобеъ, аларни(нг), ҳукму талабларини ўрниға келтирувчидур.

Бу икки тоифани(нг) подшоҳи баъзи мамлакатда “элға тобеъ бўлуб турарман” деб қасам ичиб, баъд (кейин) мансабға чиқадур. Катта вазирлар ва мамлакатдорлик мутасаддиларини тафтиш қилмоқға, терговға бермоқға, ҳатто, ўшал соатда бирдан бекор қилдурмоқға баъзи Миллат мажлисларини(нг) ихтиёри бордур. Ҳозирги Оврупо ҳукуматлариии(нг) рафтори, одати шу уч усулни(нг) бирига дохил, тобеъ ва мувофиқдур.

Мустақил ҳукмдорларни(нг) қўл остида ҳам мажлислар ва машварат маҳкамалари бордур. Илмсиз ҳукуматлардек неча милйўн халқни(нг) маишати, рафтори, ихтиёри бир нафар одам (подшо)ни(нг) ихтиёр ё ройи ва ҳукмиға йўқдур. Бир нафарни(нг) ақли, фикри ила ўн нафар аросида на қадар фарқ бордур? Ушбу сабаблардандурки, озгина Оврупо халқи бутун курраи арзга ҳоким ва мутасарриф(эга)дурлар. Сабаб: ҳукумат, илм ва дароят, қонун, мусовот (тенглик), машварат (масалаҳат) ва тадбирдур».

Китобда муҳим ўринлардан бирини «Дин ва одат» фасли ташкил қилади. «Бани одамни ҳама фирқа ва тоифаси ушбу олам барча одам ва ҳайвонларнинг холиқи борлиғиға иқрор. Аммо сонеъи оламу илм, худошунослик, яъни эътиқод тўғрисинда ҳар тоифа ва ҳар миллат ва мазҳаб аҳлини эътиқоди бошқадур. Илму ҳидоят топган фирқалар Оллоҳ таолони бемисл ва бешерик ва бир биладурки, шундай фирҳани “муваҳҳид” (бир худолик) атабдурлар. Оллоҳ таолони бир билмай, адад таъйин қилатурғонларни “мушрик” (кўп худолик) ёинки маъжус аталадур.

Муваҳҳид ва мушрик фирқаларни(нг) ҳар бири яна бир неча дин ва ҳар бир дин бир неча мазҳабға бўлунуб кетгандур. Ҳатто, ҳар бир дин ва мазҳабларға бир неча одат, расмлар қўшилуб, агарчи ҳақиқатда мухолиф мазҳаблари бўлса ҳам одат бўлгани учун айни мазҳаб саналиб амал қилинадур».

«Ирқи башар — одамларни(нг) жинси» бобида оқ, қора, қизил, сариқ танлилар, уларнинг ўзаро фарқлари, ижтимоий-маиший турмушлари, ҳозирги мавқеъ-мартабалари ҳақида гап кетади.

Шунингдек, китобда ўлчов-миқёс тушунчалари, метрнинг келиб чиқиши, аршин, саржин, вершок, дюйм, фунт, десятиналарнинг ўзаро фарқлари, мамлакатларнинг пул бирликлари ҳам кенг ёритилган.

«Ерни ҳаракатига ихтилофи уламо ва аҳли дин» фаслида дунёнинг қурилиши ҳақидаги гелиоцентрик тузилма ва унинг Европа илмидаги вакиллари Николай Коперник, Кеплер, Галилейлар фаолияти ҳақида гап кетади. Черков ва улар ўртасидаги кураш ҳикоя қилинади. Бундай ҳол аҳли ислом орасида ҳам бўлганлигига тўхтаб, замонида икки юздан ортиқ китоб ёзиб «кофир» деб эълон қилинган, ўлганидан кейин мозори жоҳил ва бехирадлар томонидан топталган Муҳйиддин Арабий тақдири мисол келтирилади.

Муаллиф кўҳна Шарқда ҳам илм ғоят қийинчилик билан ўзига йўл очганини қайд қилади ва шайх ур-раис Абу Али ибн Синонинг мутаассиблар томонидан «кофир» деб эълон қилингани воқеасига тўхтайди ва унинг:

Куфри чу ман газоф ва осон набувад,
Маҳкамтар аз имони ман, имон набувад.
Дар даҳр чу ман яке он ҳам кофир,
Пас, дар ҳама даҳр як мусулмон набувад

(Мени кофирликда айблаш осон бўлмас. Чунки дунёда менинг имонимдан маҳкамроқ имон йўқ ва у ҳам кофир бўладиган бўлса, бу дунёда мусулмоннинг ўзи йўқ экан),—деган машҳур рубоийсини келтиради. Ҳатто, бундай мисолларни бугун ҳам келтириш мумкинлигини айтиб, айрим замондошларининг Миср муфтийси Шайх Муҳаммад Абдуллоҳ ва «Миръот» журналининг муҳаррири Абдурашид бин Иброҳимларни бадном қилишга бўлган уринишлари ҳақида ёзади.

Китобда «Амриқони(нг) топилиши» деган фасл бор. Унда Колумб сафари ва янги қитъанинг кашф этилиши воқеалари баён этилган.

Сўнгги фасл «Тафсил ва танбеҳ»да дунёнинг қурилиши, Ер, Осмон, юлдузлар ҳақидаги икки қарама-қарши фикр—эски ва янги нуқтаи назар махсус мавзу қилиб олинган. Муаллиф «етти қават ер», «етти қават осмон» тушунчаларига тўхтайди, айниқса, Ернинг ҳўкиз шохи устида туриши ҳақидаги хурофотни танқид қилади. Страбон, Батлимусдан кейинги давр уламоларигача бўлган олимларнинг қарашларига тўхтайди. Туркистонликларнинг фалакиёт ҳақидаги тасаввури ўрта асрчилик доирасида қолганини айтади. Айни пайтда жуғрофия китобларида бир қатор саҳву хатолар борлигини, бу ҳақда китоб ёзмоқчи эканлигини хабар қилади.

Китобда бир қатор иловалар бор. Масалан, ҳижратдан 4500 йил олдинги Миср воқеаларидан 1324 — 1906 йилдаги Русия Давлат Думаси очилишигача бўлган жаҳон тарихидаги ҳодисалар санаси «Аҳволи тарихиядан намуна» сарлавҳаси билан берилган. Шунингдек, «Европа», «Озиё», «Африқо», «Амриқойи шимолия», «Амриқойи жанубия», «Австралия», «Мамлакати Русия»нинг алоҳида-алоҳида хариталари, курраи арз ярим шарлари махсус саҳифаларда келтирилган. Кўрфаз, бўғоз, дарё ва кўлларнинг жуғрофий шакллари, табиат ҳодисаларини, осмон ёритқичлари ҳаракатини тушунтирувчи турли-туман суратлар, ирқларни фарқлаб кўрсатувчи расмлар ҳам бор. Табиийки, бу хил кўргазмалилик китобнинг илмиймаърифий аҳамиятини оширган. Мазкур жуғрофия китобини ҳозир ҳам нашр этиш фойдалидир.

(давоми бор)