Лаганбардорликка — қаҳрамонлик

Лаганбардорликка — қаҳрамонлик
70 views
28 August 2016 - 1:41

unnamed (8)Ўзбекистон истиқлолининг чорак асрлик юбилейи муносабати билан қатор юртдошларимизга Ўзбекистон қаҳрамони унвони берилди. Уларнинг кўпчилиги бу олий унвонга лойиқ эканлигига гумон йўқ албатта.

Лекин улар ичидан айримлари бу унвонга ўз меҳнати ва жасорати билан эмас, Президентга қилган лаганбардорилиги эвазига олди, дейишга асосимиз бор.

Эсингизда бўлса Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сайтида ва “Эркин юрт” газетасининг 52-сонида “Каримовнинг Хоразмдаги масхаравозлиги ҳақида” номли мақола эълон қилинган эди. Қуйида ўша мақоладан айрим парчаларини айнан келтираман:

-Сўзга чиққан вилоят фахрийлар кенгаши раиси Кенжа Ортиқов минбарга чиқди-да президиумда ўтирган Президентга қараб: “Мен Кенжабой Ортиқов бўламан, Ислом ака”, деди.

Президиумда депутатларга юзланиб ўтирган Президент 90 градусга бурилиб “Хўш, кейинчи”, дегандай нотиққа тикилди.

-Ислом ака, мен вилоят аҳли номидан сизга айтадиган серёзний гапим бор,- деди жиддий оҳангда нотиқ.

Удумга кўра президентга юзланган кишининг қўли кўксида бўлиб, қомати букчайган, боши эгилган бўлиши лозим эди. Кенжа Ортиқов эса қоматини тик тутиб, қўлларини пахса қилганича президентнинг кўзига тик қараб гапираётган эди.

Бундай ноанъанавий ҳолатдан бугунги мажлисни таёрлаган президент девони ходимларидан иборат Мирзиёев бошлиқ гуруҳ ҳам: “Булар(сўзга чиқувчилар)ни роса таёрлаган эдикку. Бир кор ҳол чиқармаса бўлди”, деганларича дамини ичига ютиб ўтиришарди.

Мажлис аҳли у ёқда қолиб, минбардаги нотиқ билан президиумдаги президентнинг бир-бирига қараб туришлари жанга кираётган хўрозларни эслатишарди.

-Сизга айтмоқчи бўлган серёзний гапим шуки Ислом ака, сизни Худонинг ўзи етказди бизга. Сиз бўлмасангиз Хоразм ҳалқининг ҳоли нима кечарди”, деди К.Ортиқов ўта бир жиддий оҳангда.

Мажлис аҳли, айниқса президент ичидан: “Хоразм ҳалқи учун нима қилган эканман, бир бачкана гап қилмаса яхши-я”, деганларича нотиққа тикилиб ўтиришарди.

-Сиз жаҳонда тинчликнинг гаровисиз Ислом ака, буни мен серёзний айтаямпан,- деб давом қилди нотиқ.

Тожикистондаги Роғун ва Қамбар ота ГЭСлари ҳақида, 2014 йилдан кейин Афғанистонда аҳвол нима бўлади, деган гапларни сиздан бошқа биронта давлат раҳбаридан эшитмадик, — деди К.Ортиқов.

Президент ортиқ чидаб ўтираолмади. Ичидан: “Э, бор экансан-ку!” деганича югура келиб К.Ортиқовни қучоқлаб олди. Бўлди гулдирос қарсаклар…

Ундан кейин сўзга чиққан Боғот районидаги “Боғот” фермер хўжалиги фермери Шарифбой Ражабов минбарга чиқиб ўзидан олдин чиққан нотаққа ҳам пахса қўйди:

-Ислом ака, таъширифингиз шарофати билан ерларимизнинг мелеоратив аҳволи яхшиланиб, ҳосилдорлик бир неча баробар ошиб кетди,- деди нотиқ. Бунгада гулдурос қарсаклар янгради. Балки бу қарсаклар 1951 йил Комсомолская правда газетасида Шарифбойга ўхшаган бир товуқбоқарнинг: “Доҳиймиз Сталин туғулган куни шарофати билан товуқларимиз 2 тадан туғобошлади”, дегани одамларнинг эсига келиб чалинган қарсаклардир.

Нима бўлганидаям, ўша мажлис иштирокчилари ва у мажлисни телевидения орқали кўрган ҳалқнинг яқин келажакда К.Ортиқов ва Ш.Ражабовларнинг президент совғаси(орден ёки унвон)ни олишига шубҳаси қолмади. (иқтибос тугади).

Шарифбой Ражабов Боғот совхозига А.Хасанов (Хоразмий), М.Қувоқов директорлик қилган пайтлари ҳам қолоқ бир бригадир бўлган бўлсада, лаганбардорликни жойига қўярди. Ва ниҳоят, Каримов замонига келиб, унинг бу (лаганбардорлик) ҳунари унга шон-шараф олиб келди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак Шарифбой Ражабовнинг қаҳрамонлик унвонини олиши ҳақидаги қарорга Хоразмдаги ўша мажлисда имзо чекилган эди. Бугун эса бу қарор эълон қилинди холос.

Таҳририятга келган мактуб