Мустақиллик даҳшатлари

Мустақиллик даҳшатлари
26 views
27 August 2016 - 7:30

TuzoqСафо Урганжи

ТАНАЗЗУЛ
(Тўрт юз олтмиш еттинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБио
БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР 

ТУЗОҚ

Биринчи китоб

(Роман муаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

 Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб қололмайди.

Муҳаммад (с.а.в)нинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

(22-қисм)

– “Лахмач” аксар ҳолларда бир неча марта қамалиб чиққан, тажрибали маҳбуслар орасидан танланади. Улар қонунлар ва тартиб-қоидаларни қонун посбонлари ва хавфсизлик вакилларидан кўра тузукроқ биладилар. Қамоқ муддатларини эса кўпинча ҳибсхоналарда ёки хавфсизлик ташкилотлари маъқул деб топган манзилларда ўтайдилар. Уларга муайян миқдорда мояна ҳам белгиланади. Гумонланиб қўлга олинганларнинг саксон фойизи лахмачларнинг элагидан ўтказилади. Улар тезкор гуруҳ вакили кўрсатмасига биноан фаолият олиб боришади. Асосий вазифалари маҳбусларни руҳий-жисмоний синдиришдан иборат. Шу йўл билан хавфсизлик ходимлари бой маҳбусларнинг яқинларидан катта миқдордаги пораларни ундирадилар. Терговчининг буюртмаси билан очилмай қолган жиноятларни  орқасида “тузук кимсаси” – қўлида маблағи йўқ маҳбуслар бўйнига иладилар. Маҳбусларнинг аввалда содир этиб, очилмай қолган “жиноятлари”ни очадилар. Ходимлар эплай олмайдиган неки иш бор, улар ниҳоясига етказади. Абдулла акани қийноқларга солган ўша икки маҳбус ҳам лахмач бўлган…

Иккинчи қаватдан тушган маҳбуснинг сўзи шу жойга етганда бўлиниб қолди. Соқчи эшик илгичларини шақирлатиб оча бошлади. Эшик очилиб, Бойқўнғиров ичкарига киргач, тағин ёпилиб, илгичлар илдирилди. У тўнини чиқазиб ерга тўшади-да, аввалгидек унинг устига чўзилди. Хавфсираб қолган маҳбуслар анчагача жимиб қолдилар. Вақт алламаҳал бўлган, сукунат асаблари чарчаган маҳбусларни элита бошлаганди.

Баҳромнинг қаттиқ толиққанини пайқаган Ардашер иккинчи қаватда ётган Икромга:

– Туш, оғанг юқорига чиқиб бирпас дам олсин, тағин алмашасизлар! – деди.

– Хўп бўлади, оға! – деб у пастга тушди.

 Юқорига чиқиб чўзилган Баҳромни яна прокурор ёрдамчиси билан ўрталарида бўлиб ўтган уч дақиқалик суҳбат безовта эта бошлади. Ёрдамчининг, “…айбини бўйнига қўйиб олиб келинг” деган сўзлари замирида қабиҳлик ётгани унга тобора аён бўлиб бораётганди. Вақт алламаҳал бўлди, мени ҳеч ким безовта қилмаса керак деган хаёл ҳам уни тинч қўймасди. Нима бўлганда ҳам, маҳбусларнинг  “Шаҳар бошқармаси ертўласида ҳар битта одам элакдан ўтказилади” деган сўзлари унинг асабларини эговлашдан тўхтамас, у ғор ичида адашиб, чиқишга йўл топа олмаётган одамга ўхшарди.

Шунда азоб-уқубатнинг сукунат деб аталмиш кўрпасига бурканиб мудраётган хонада Абдулланинг овози янгради:

– Сизни ҳалироқ олиб чиқиб кетишади, унгача мизғиб олинг. Қўрқадиган нарсанинг ўзи йўқ. Ҳар бир маҳбуснинг бу тўсиқдан ўтмасдан иложи қанча. Илтимосим, мени ҳеч қачон унутманг!

 Баҳромнинг фикрини ўқиётган Абдулла, уни қўрқмасликка даъват этиш баробарида, зиммасидаги мажбурятни ҳам эслатиб қўяётганди. Овози совуқ ертўлаларда саробга айланмаслиги учун кун келиб Баҳром бугунги суҳбатни ер юзига ёйиши лозим эди. Абдулланинг қоронғи кечадаги яккаш юлдуздай сўниб бораётгани ҳақиқат эса-да, у ўзининг улкан қалб эгаси эканлигини Баҳромга англатишга улгурганди. У ажал билан юзма-юз турганда ҳам юрти ва миллати фаровонлигини ўйлар, сўнгги нафасини ҳам ўзбекнинг миллат сифатида юксалишига бағишлаётганди.

“Шундай экан, менинг қўрқишга ҳаққим йўқ” деб ўйлади Баҳром!

Шу пайт яна:

– Тўғри! – деган жарангдор овоз эшитилди.

Бу келажакка ишончи ортган бир кимсанинг товуши бўлиб, бу сафар ушбу овозда хасталик аломатлари сезилмасди. Бу овоз – ёввойи ҳайвонларга тўла ўрмонда наъра тортаётган арслон ўкиригидай эътиборни тортадиган бир овоз эди.

Руҳияти кўтарилган Баҳром барчасига қўл силтади.

– Тангрига таваккал! – дея ўнг томонига ағдарилиб, кўп ўтмасдан ухлаб қолди.

Ўн бешинчи боб

Соқчидан Баҳромни қабул қилиб олган фуқаролик кийимидаги тезкор вакил унинг кетига бир тепиб лифтга киритиб юборди. Ҳали уйқуси ўчмаган бечора бу қаттиқ зарбдан лифт деворига манглайи билан урилиб, тиззалари билан полга ўтириб қолди. Юқорилаётган лифтда ўнгланиб олиш мушкул эди.

– Муғамбирлик қилмоқчимисан? – дея тезкор вакил пошнаси билан унинг елкасидан босганди, у юзтубан йиқилди. Лифт тўхтамагунча тезкор вакил унинг туришига имкон бермади. Лифт юқорги қаватларнинг бирида тўхтаганда, у Баҳромнинг ёқасидан судраб даҳлизга чиқариб ташлади. Сўнгра бир хонага олиб кириб, иситиш мосламаси қовурғасига қўлидаги кишан билан бойлаб қўйди. Унинг тиззаларига суяниб, букилиб ўтиришдан бошқа чораси қолмади. Тезкор вакил чиқиб кетгач, у нафас ростлаб, душман ҳамласидан омон қолган типратикандек елкасидан бошини чиқазиб, хонанинг тўрт бурчига ўғринча назар солди.

Кенг ва ёруғ хонанинг икки чеккасида иккита шотахта. Атрофида бир нечта курси териб қўйилган. Бу жой туман қийноқхонасига нисбатан шинамлиги билан кишида илиқ таассурот уйғотса-да, Оташқулнинг Султонмуроддан эшитган ҳикояларини эслаган Баҳромнинг қўрқувдан эси эсхонасидан чиқай дерди. Султонмуроднинг айтганларига кўра, Оташқул бошлиқлардан сўкинч эшитганда, ичиб маст бўлганда ёқимсиз нарсалар хусусида кўп гапирарди. У совун еган ғунажиндек оғзини кўпиртириб, бир мақтанишни бошласа, ухлаб қолмагунча вайсайверарди. Шаҳар бошқармасининг 4 – 5-қаватларидаги қийноқлар ҳақида гапирганда, у ўзини тенгсиз қаҳрамонликлар кўрсатган кимсадек тутишни яхши кўрарди. Унинг ҳикояларига асосланиладиган бўлса, азоб-уқубатларга дош беролмаган қанчадан-қанча инсонлар деразаларга панжара солинмагунча, ўзларини юқоридан пастга отиб, ўлиб кетганлар. Миршабларнинг ҳаёсиз қилғиликлари туфайли неча-нечалар ўзларига тиғ тортганлар, заҳар ичганлар. Баҳром Абдуллани тинглаб турганда ҳам, Оташқулни эслар экан, Султонмуроддан эшитганлари чин ҳақиқат эканлигига иқрор бўлиб ўтирганди. Оташқулннинг бир диний оила хусусидаги ҳикояси унинг борлиғини банд этганда, хаёлидан ҳайдай олмаётган ўша воқеа унинг кўзлари олдида жонлана бошлади.

…Имонли бир оиланинг таъмагирлик орқасида тўфонга учраган кемадай сочилиб кетиши ҳар қандай жамиятда уят ҳисобланса-да, ўзбек жамиятида одатий ҳолга айланиб борарди. Ўғридан ҳам, тўғридан ҳам чўтал йиғадиган хавфсизлик вакилларига кимнингдир ўз ишини қонуний деб, чўтал узатмаслиги нописандлик ҳисобланадиган тузумда бундан ўзгача бўлиши мумкин ҳам эмасди. Чунки бу жамиятда ўғри ўғрилиги, тўғри тўғрилиги учун бадал тўлаб туриши лозим эди. Тузум учун ўғридан кўра тўғрининг хавфлилик даражаси жуда баланд эди. Ҳеч қачон эгри деворни тўғри таёқ билан ўлчаб бўлмагандек, бу ҳукуматни ҳам ўзи қабул этган қонунлар билан инсофга чақириб бўлмасди. Қутурган буқа шохига гулчамбар илмоқчи бўлган кимсанинг елкасида боши ўнта бўлса ҳам, юраги бунга дов бермагани каби қонунлар билан бақамти ҳаракатланмоқчи бўлган кимсаларнинг ўрни қамоқхоналарда эди. Қўшнинг кўр бўлса, кўзингни юмиб ўт, деганларидек, чўлоқ от каби қийшайиб юриш замона зайли бўлгач, додингни беровга айтолмасдинг…

…Оташқулнинг бўлар-бўлмасга туни билан дайди итдек санғиб юрадиган одати бор эди. Ўзига биркитилган ҳудудлардан чўтал йиққан кунларда, Султонмурод оддий қизиқиш туфайли баъзида у билан бирга кезарди. Оташқулнинг тегишли кимсаларни текинга овқатлантирадиган биров билмас қаҳвахона ва ресторанлари бўларди. Ҳар ойда бир неча марта бу жойларда бошқарма бошлиғининг меҳмонлари, пайғамбарнинг куёвидек, тўкин датстурхон атрофида қўр тўкиб ўтирар, уларнинг оғзини мойлаган Оташқулнинг бошлиқ олдидаги мавқейи соат сайин ўсарди. Бошқарма бошлиғи текширувчиларнинг кўнглини овлай олмаса, ўтирган курсисидан  учиб, мансаб учун сарфлаган маблағларига чув тушарди. Аввало, вазиятни лойқалатишни, иғвогарлик йўли билан жамоадагиларни бир-бирларига қайрашни, ён-атрофидагиларни қўрқув ва зулм билан ҳаракатга келтиришни, едириб-ичиришни ва ейишни билмаган кимсаларга раҳбарлик ўрни тегмасди. Юқори чўққиларни кўзлайдиган Оташқул бу кабилардан эмасди. У хоҳишига бўйсунишни истамаган кимсаларни босиб, янчиб ўтишдан заррача тап тортмасди. Урарди, синдирарди, пул топарди, едирарди, ичирарди… Унинг пора узатиб туришни истамаган бир оилани вайрон этганини Султонмуроддан эшитган Баҳромнинг қалби бугунги кунларгача ҳам чексиз бир азобда эди. Бироқ, Оташқул мастлигида мақтаниш учун айтгандир-да, дея, унинг бу гапларга ишонқирамаган маҳаллари ҳам бўларди. Оташқулнинг даъволарига бугун Абдулла тирик гувоҳ бўлиб турипди. Ишониш учун бундан ортиқ  далил-исботнинг зарурати бўлмаса керак…

…90-йилларда икки ака-ука намозхон йигитлар бўлган экан. Улар Олмониядан машина келтириб сотиб, жуда тез бойиб кетишипди. Данғиллама уйлар қурипдилар, катта тўйлар қилиб, уйланиб олипдилар. Бир кун Оташқулни бошлиқ чақириб, “Ака-укалардан чўтал оляпсанми”, деб сўрапди. У, ака-укалар тижоратларини қонунлардан чиқмаган ҳолда юригизаётганларини бир неча марта участка нозири орқали шама қилса ҳам, уларнинг қайсарлик қилаётганликларини етказипди. Бошлиқ, “Йўлини топ, бошларида Искандарнинг шохлари бўлса ҳам, шу туманда яшагилари келаётган бўлса, тўлаб турсинлар”, депди. Бошлиқ ўз ҳудудларидаги ўғрилар қандай нафас оляпти, кимлар қашшоқлашиб кетяпти-ю, кимлар бойиб кетяпти, кимнинг хотини эридан бекитиб ким биландир дон олишяпти, барчасини хонасида ўтириб билиб турар экан.

Бу ишорани кўпдан кутаётган Оташқул шиддат билан ишга киришипди. Ака-укалар унга ён бермапдилар. Маҳалла раиси билан участка нозири турли баҳоналар билан ака-укаларнинг уйларига қатнайвериб, уларни безор қилиб юборипдилар. Асаби қақшаган ука участка нозирига мушт тушириб, уни бир зарбада ағдарипди. Шуни кутиб турган Оташқул ака-укаларни ҳибсхонага ташлапди. Қармоғига наҳанг илинганига ишончи комил Оташқулнинг бу билан ҳам нияти амалга ошмапди. Ака-укалар ноқонуний тўловдан бутунлай бўйин товлапдилар. Шунда бошлиқ “яхшиликни билмаган ака-укалар”нинг таъзирини бериб қўйишни буюрипди. Улар “Ҳизбут таҳрир”га аъзоликда гумонланипти-ю, тинтув бошланиб, уйларидан тақиқланган ташкилотларга алоқадор бир қанча адабиётлар, варақалар ва икки юз грам гиёҳвандлик моддаси чиқипди. Жараён маҳалла фаоллари ва қўни-қўшнилар иштирокида амалга оширилипди. Баённомага йигирма еттита холис гувоҳ имзо қўйипди. Шунда ғазаб отига минган ука сакраб туриб, бу сафар Оташқулга калла қўйипди. Ҳушидан кетган Оташқул, бир ўзига келса, бир ҳушини йўқотиб, шифохонада ўн саккиз кун ётипди. Барча олдида ўсал бўлгач, у ака-укаларга баттар тиш қайрашни бошлапди. Қанчалик қийноқларга солмасинлар, кунлаб оч-наҳор қолдирмасинлар, улар айбловни рад этаверипди. Шу орада Оташқул ака-укаларнинг хотинларини гувоҳ сифатида кўрсатма бериш учун терговга чақиртирипди ва уларни алоҳида-алоҳида хоналарда қамаб, тайзиқ ўтказа бошлапди. Уканинг хотини жуда гўзал жувон экан. Оташқул ўз шартига бу аёл рози бўлса, эрини қўйиб юборишга сўз берипди. Уйқусизлик ва чексиз руҳий изтироблар охир-оқибат унинг мадорини қуритипди ва Оташқул шайтон қабиҳ ниятига эришипди. У аканинг хотинига ҳам шу усулни қўллапди.

Қўл телефонидаги тасвирларни кўрган ака-укалар, ичлари куйиб, ётиб ағанапдилар, деворларга бошларини уриб, бўкириб йиғлапдилар… Азонда аён бўлиптики, улар ор-номусга чидай олмасдан ўзларини осиб, дунёдан кўзлари очиқ кетипди… Жигаргўшаларининг хабарини эшитган она ўша заҳоти жинни бўлиб қолипди, пешонаси шўр ота қирқ кун ўтиб, юрак хуружидан жон таслим қилипди. Икки ёш жувон бевага, аканинг ёлғиз ўғли етимга айланипди. Маҳалладагилар ҳам “ҳизбут таҳрир”чиларнинг оиласи деб икки бахти қора жувонни яккалатиб қўйган эканлар. Энг ачинарлиси, Оташқул шайтон шу пайтгача ҳам, кўнгли тусаганда, ака-укаларнинг хотинлари билан қовушиш одатини тарк этмаганмиш…

 Султонмуроднинг ўшанда:

– Сен уларнинг эрлари ўлимларига сабаб бўлдинг. Оилаларини барбод, ёш умрларини хазон қилдинг. Қандай қилиб улар сендан нафратланмасдан бир тўшакда ётадилар? – деган саволига Оташқул Шайтон:

– Қўлимда уларнинг яланғоч тушган ва ўзим билан жинсий алоқада бўлган видеотасвирлари бор. Иккаласи ҳам ҳижобда, беш вақт намоз ўқийди. Иккинчи томондан, агар эътироз билдирсалар, ўзларининг ҳам “Ҳизбут таҳрир”га аъзо бўлиб қолишлари ҳеч гапмас. Уларнинг битта йўллари бор, эрларига ўхшаб ўзларини ўлдириб юборсаларгина мендан қутуладилар! – дея сурбетларча жавоб қайтарган эди…

Қанчалар даҳшатли манзара. Ақлга сиғдириб бўлмайдиган пасткашлик. Минглаб бундай гўзал оилалар мустақиллик йилларида фитна ва иғво қурбонлари бўлдилар. Лениннинг малъунона аврашларидан ақлу ҳушларини йўқотганда ҳам, Сталиннинг қатағони йилларида жон-жигарларидан айрилганда ҳам миллат бу даражада таҳқирланмаган эди. Коммунистларнинг кўнгилларида ҳам инсон қавмига нисбатан озгина бўлса-да меҳр-шафқат бор эди. Ҳар қандай қирғинлар “Мустақиллик кампанияси” сингари йигирма йиллаб давом эттирилмас, кўп борса уч-тўрт йил давом этарди, холос. Сталин қатағонлари замонларида ҳам инсонларга нафас олиш учун, кўкракларини тиклаб, атрофга назар ташлаш учун имкон бериларди. Сурункали давом этаётган “Мустақиллик қатағонлари” тирик жонларни пажмурдага, пажмурдаларни “тирик жон”ларга айлантирди. Руҳиятга қўрқув жойлаб, одамларни тубанлаштирди. Минг йиллардан буён яшаб келаётган эзгу ҳис-туйғулардан, меҳр-оқибатдан қалбларни мосуво этди. Фуқароларни ўз сояларидан қўрқадиган иғвогарларга айлантириб қўйди. Илгари ўзлигини айқаш-уйқаш илғаган ўзбек энди ўзини тамоман унутди. “МАНҚУРТ” образи ҳақиқатга айланди. Маҳаллий ҳукмдорлар тўрт юз йилда, Русия империяси 150 йилда ўлкага етказа олмаган талафотни “коммунист оқавалар” бир-икки йилда “Мустақиллик кампанияси” шарофати билан амалга оширдилар…

(давоми бор)