Бани Лиҳён ғазоти

Бани Лиҳён ғазоти
63 views
27 August 2016 - 7:34

nabiyАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 79

(давоми)

БАНИ ЛИҲЁН ҒАЗОТИ

Бу воқеа шундоқ эрдиким, бу қабиланинг раисларидан бир неча кишилар Мадинага келиб, Расулуллоҳ билан кўришдилар. Булар ёлғондан, мунофиқлик билан, «бизлар мусулмон бўлдик», дейишиб, Расулуллоҳдан Исломни ўргатиб: «Қуръон ўқитгудек бизга кишиқўшинг», деб сўрашдилар.

Анда Расулуллоҳ саҳобаларнинг қориларидан Осим ибн Собитни бошлиқ қилиб олти киши юборган эдилар. Бу воқеа юқорида ёзилиб ўтгандур. Бу қори саҳобалар уларнинг юртига боришгандан сўнгра хиёнат қилишиб, у борганларни ўлдиришган эди. Шу шаҳидларнинг қасосларини олиш учун йигирмата отлик, бир юз саксонта туялик, бариси икки юз аскар олиб йўлга чиқдилар.

Душман сезиб қолмасин деб яширин йўллар билан юришиб, ўшал саҳобалар шаҳид бўлган жойларига етганларида, ҳақ йўлида жон берган биродарларини эслаб, Пайғамбаримиз йиғладилар. Аларга раҳматлар айтиб, ҳақларига дуо қилдилар. Сўнгра кўрдиларким, душманлар илгариёқ аскар келишидан хабар топишиб, тоғ-тошларга қочишиб кетган эканлар. Душманлардан бирорта киши ҳам кўзга кўринмади. Атрофга чопулчи (ҳужумчи) аскар юбориб, бу жойда аларни кутиб икки кун турдилар.

Душмандан киши йўлиқмагач, борган аскарлар ҳам қайтиб келишди. Лекин Расулуллоҳ булардан бир бўлак аскар айириб, Макка шаҳри яқинида Асфон деган жойга бориб қайтишга буюрдилар. Бундан мақсадлари эса, Макка кофирларига ҳайбат кўрсатиб, аларни чўчитмоқчи эдилар.

Шунинг билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу атрофда ўн тўрт кунча юриб, саломатлик билан яна Мадинага келдилар.

Шу сафарларида кўпинча ўқийдиган дуолари бу эди: «Аллоҳумма инний аузу бика мин ваъсоиссафари ва кабатил мунқолаби ва суил манзари фил аҳли вал ямоли вал валади».

Маъноси:

«Эй бор Худоё, сафарнинг хатарларидан ўзинг сақлагил, қайтгандан кейин молда ва хотин-болада кўнгилсиз бир иш кўришдан ўзинг сақлагил. Бу нарсаларнинг бўлишидан Ўзингга сиғиндим», демакдур.

Илоҳий, Расулуллоҳнинг ҳақ йўлида қилган сафарлари ҳаққи, сафарга чиққан мўмин қулларингни сафар хатарларидан ўзинг асрагил. Омин!

(давоми бор)