Ҳукуматнинг мустақиллиги

Ҳукуматнинг мустақиллиги
64 views
27 August 2016 - 5:37

MS yo'lnoma_1Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(67)

ҲУКУМАТНИНГ МУСТАҚИЛЛИГИ

Олий  Кенгаш  «Эрк»  партияси  Қурултойидан  беш  кун  кейин 30  августда  Фавқулодда  сессиясини  чақириб  Ўзбекистон мустақиллигини  иккинчи  марта  эълон  қилди.  Ҳукумат  биринчи марта  мустақилликни  эълон  қилиб,  ўзи  бойкот  қилган  бўлса, бунисини  эълон  қилар  экан,  Москванинг  бойкот қилишидан қўрқиб турарди.

30  августда  эълон  қилинган  Мустақиллик  ҳукуматнинг мустақиллиги  эди.  Ҳам  тўғри,  ҳам  кўчма  маънода.  Ҳукумат Москвадан мустақил бўлаётганди. Халқ бир йил аввал, тўқсонинчи йил  20  июнда  ўз  мустақиллигини  эълон  қилганди.  30  августда ҳукумат  мустақиллик  эълон  қилганда,  миллатвакиллари  миқ этмади.  Чапак  чалиш  у  ёқда  турсин,  овоз  чиқармади.  Шунда шўрлик  президент  «нега  чапак  чалмаяпсизлар?»,  дея  ҳайқирди залга қараб. Бир-икки чапак янгради. Аммо кўпчилик қайсарларча жим  қолаверди.  Бундай  сукунат  дунёнинг  мустақиллик  эълон қилган  бирон  бир  Парламентида  бўлмаган  бўлса  керак.

Миллатвакиллари  ҳукуматнинг  мустақиллигидан  қўрқишаётганди. Илгари бирор адолатсизлик бўлса, оға русга мурожаат қилишарди, энди  кимга  мурожаат  қиламиз,  деб  ўйлаётганди  шўрлик  халқ вакиллари.  Улар  адолатсизликни  йўқ  қилиш  учун  оғага  қарам бўлиш  янада  қўрқинчлироқ  эканини  сезишмасди.  Чунки,  қарам бўлиб  ўргангандилар.  Адолатсизликни  йўқ  қилиш  учун  курашиш мумкинлигини  эса,  хаёлига  ҳам келтирмасдилар. Кураш улар учун бегона сўз эди. Улар ўтирган ўрнидан туриб, раҳбарга шу гапингиз адолатсиз  бўлди,  деб  ҳеч  қачон  айтмагандилар.  Бунга  жасорат қилганларни  «телба»  деб  айтардилар.  Бу  500та  халқ  вакилининг тўқсон  фойизи  номенклатура  қаноти  остидан  чиққан  жонзодлар эди.  Улар  болалигида  автоматик  равишда  октябрят,  ўсмирлигида пионер,  балоғатга  етгиб  комсомол  бўлган  ва  дарров  коммунист бўлиш  учун  навбатга  турган  сип-силлиқ  инсончалар  эди.  Улар ўзлари  эгаллаган  ҳеч  бир  мақомга  сиёсий  мужодола  билан келмагандилар.  Улар  ўзидан  юқорида  турганнинг  оёғи  остига елкасини  қўйиб,  секин-аста  тепага  кўтарилишганди.  Шу  боис, уларнинг  ҳеч  бири  сиёсатчи  эмасди,  уларнинг  сиёсат  ҳақида бирорта  мустақил  фикри  йўқди,  сиёсий  вазиятда  қарор  олишни билмасдилар,  довдираб  қолишарди.  Шу  маънода  «норасмий»  деб ном  олган  мухолифат  ташкилотларининг  ўрта  савиядаги  бир аъзоси бу сипо кийинган жаноблардан кўпроқ сиёсатчи эди. Чунки, у  ўзи  ишонган  нарса  учун  кураша  олар,  адолатсизликка  қаршилик кўрсата биларди.

Тўқсон  биринчи  йил  30-августда  бу  миллатвакиллари Каримовнинг  зулмидан  қўрқиб,  мустақилликдан  ҳам  воз  кечиб туришга  тайёр  эдилар.  Уларнинг  мустақиллик  эълон қилинганидаги  сукути  шу  мутеликнинг  ифодаси  эди.  Уларда  90-йилги  шаҳд  йўқ  эди.  90-йилда  улар  Каримовни  диктатор  бўлиб олади,  деб  ўйламагандилар.  Шунинг  учун  Июн  Декларацияси олқишлар  билан қабул қилинганди.

Албатта,  Мустақилликни  олқишламаган  халқ  вакиллари унинг  учун  юз  фойиз  овоз  бердилар.  Мустақиллик  куни  қилиб  1-сентябр  белгиланди.  Тўғриси,  бу  байрам  менинг  ҳам  кўнглимни ёритмади. Умумруҳ мутаассир этди, балки. Ёки мустақиллик учун ажратилган  севинч  заҳирасини  тўқсонинчи  йилда  керагидан ортиқроқ  сарфлаб  қўйдимми,  билмайман. Ҳар ҳолда, бу воқеанинг нақадар  аҳамиятли  эканини  ҳис  қилган  ҳолда,  бахтиёрлик  туйғуси лозим бўлганидек жўш урмади.

(давоми бор)