«Сенда яхшилик борми?»

«Сенда яхшилик борми?»
149 views
25 August 2016 - 8:32

nabiyАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 78

(давоми)

ҚУРУТО ЧОПУЛИ

Бу воқеа шундай эрдиким, ҳижратнинг олтинчи йили Муҳаррам ойида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Бакра қабиласига чопул (ҳужум) қилмоққа ўттиз отлиқ бир бўлук аскар юбордилар. Бу қабила эрса Мадинадан етти кунлик узоқдаги Зарийя деган жойда туришар эди. Душманни туйдирмасдан босиш учун кундузи яшириниб, кечалаб юришга буюрдилар. Аскар бориб, Расулуллоҳ буюрганларидек туюқсиздан душман устига ҳужум қилдилар. Шошилишгандан бош-оёғини йиғишолмай қолиб, ночорлик билан бир оз урушган бўлсалар ҳам, охири ўн ўлик қолдириб, қолганлари қочишга мажбур бўлдилар.

Бир юз эллик туя, уч минг қўй ўлжа олишиб, соғ-саломат Мадинага келдилар. Қайтаётганларида йўлиққан мушриклардан бир неча кишиларни асир олишди. Булар ичида Бани Ҳанифа қабиласининг атоқлик раисларидан Самома ибн Осол ҳам бор эди. Бу кишиўзининг ким эканини аскардан яширди.

Мадинага келгандан сўнгра Расулуллоҳ кўриб:

— Бу асир ким эканини танимаганга ўхшайсиз. Бу асир Самома ибн Осолдур, буни бўш қўймангиз, — деб масжид устунига боғлатиб қўйдилар. Бундан мақсадлари эса, мусулмонларнинг тоат-ибодат, намоз жамоатларини кўрсатиш эди. Бир кун ўтгандан сўнгра Расулуллоҳ чиқиб:

— Эй Самома, сенда нима яхшилик бордур? — деб сўрадилар.

Анда ул:

— Эй Муҳаммад, менда ҳар яхшилик топилур. Агар мол олмоқчи бўлсанг, ҳар қанча десанг берурман. Агар ўлдирур эрсанг, ўлдирурга арзигудек халқ ичида обрўлик кишидурман. Агар бирор яхшилик қилур бўлсанг, уни ҳеч вақт унутмасман, — деди.

У кунни ўтказиб, эртаси Расулуллоҳ:

— Эй Самома, сенда нима бор? — деб яна сўрадилар.

У бўлса яна илгаригидек жавоб берди. У куни ҳам боғлаб қўйиб, учинчи куни унинг олдига келиб яна:

— Эй Самома, ҳеч яхшилик топдингми? — дедилар.

У яна бурунгидек сўз айтди.

Сўнгра Расулуллоҳ унга боқиб, буни бўшатиб қўйинглар, деб буюрдилар. У бўшаниб олгач, масжиддан чиқиб бир хурмозор боққа кириб, ғусл, таҳорат олди, қайтиб масжидга кириб Расулуллоҳ олдиларига келди, дарҳол шаҳодат айтиб мусулмон бўлди. Уч кунгача«Сенда яхшилик борми?» деб сўрашларидан мақсадлари эса, анинг мусулмон бўлиши эди. Уни ҳам топдилар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Раҳматан лил аламийн бўлганлари учун дунёдан бир одамнинг иймонсиз кетишига рози эмасдурлар.

Шунга ўхшаш малъун шайтон ҳам дунёдан бир одамнинг иймон билан ўтишига ҳеч рози эмасдур. Чунки ҳар яхшиликнинг асоси иймондир. Ҳар ёмонликнинг бошланиши куфр билан бўлур. Куфрнинг энг ёмони динсизликдур. Худо олдида мақбул дин Ислом динидур. Чунки Аллоҳ таоло Қуръонда хабар бермишки: «Иннад-дина индаллоҳил Исламу», деб. Яъни, «Худо қошида қабул қилинган дин — Ислом динидур». Бу динни «Фитрат дини» «Хилқат дини» деб айтилур. Бунинг маъноси эса «инсоннинг яратилишидаги дини»демакдур. Чунки Аллоҳ инсонни яратганда бу динни унга лойиқ кўриб, Лавҳул маҳфузда ёзмиш эди.

Демак, Ислом дини инсонлар учун азалдан қурилғон Аллоҳ қонунидур. Ислом динининг қонунномаси Аллоҳнинг китоби — Қуръондир. Бу китобни Аллоҳдин келтириб халққа етказувчи ҳақ йўлнинг қоловузи Пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад Мустафодурлар, соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Бу Қуръон қонунлари Расулуллоҳ замонларига қандай мослашган бўлса, минг уч юз саксон йил ўтгандан кейин, шу ҳозирги замонимизга ҳам анинг мослашиб келмоғида ҳеч шак йўқдур. Чунки ул Аллоҳнинг қонуни бўлгач, инсон даври ўтиб, қиёмат қойимбўлгунча ҳар даврдаги ва ҳар жойдаги халқнинг буткул ҳожатларини чиқариб туриши лозимдур. Инсон илми чеклик бўлганликдан, буларнинг чиқарган қонунлари ҳам чекликдур. Шунга бир ҳукуматнинг, балки бутун дунёнинг энг олий даражалик зўр олимлари, ҳуқуқшунос, доно билгувчилари йиғилсалар ҳам, бир мамлакат халқининг бирор йиллик ҳожатларини қоплагудек бир қонуннома чиқаришдан ожиздурлар.

Аммо Қуръон ҳукмлари ҳакими Азалий қурган қонун бўлгани боис дунё умрича етарликдур. Буни билмаганлар, ёзган бу чизиқдан чиққанлар — тўғри йўлдан озгандурлар. Яна ўз сўзимизга келайлик.

Сўнгра Самома:

— Эй Муҳаммад, илгари юзлар ичида энг ёмон кўрганим — сенинг юзинг эди. Худо ҳаққи, энди энг яхши кўрганим сенинг юзингдур. Ер устида энг ёмон кўрган нарсам — сен тутган дин эди, энди эрса сенинг дининг кўзимга энг яхши кўрган нарсам бўлди. Ё Расулуллоҳ, мен уйимдан Умра қилмоқчи бўлиб, Маккага чиққан эдим, сенинг аскарларинг мени тутиб буён келтирдилар. Ният қилган ишимни қила олмадим. Буни ҳукми қандоқ бўлгай? — деб сўради.

Анда Расулуллоҳ:

— Эй Самома, сенга башорат бўлгайким, икки дунё яхшилигини топдинг, барча гуноҳдан пок бўлиб, дўзах азобидан қутулдинг. Агар Умрани ният қилган бўлсанг, Маккага бориб, уни адо қилишинг лозимдур, — дедилар.

Сўнгра Самома Умра қилмоқ учун Макка шаҳрига кирди. Қилган ибодати, ўқиган намозларини кўришиб: «Муҳаммадга алданибдур» деб, мушриклар унга таъна сўзлар айтишди. Ҳатто: «Ўз динингдан қайтиб, Муҳаммад динига кирибсан», деб озор беришдан ортиқ уни ўлдирмоқчи бўлдилар. Анда раисларидан бири туриб айтдиким: «Агар бунга зиён етказур бўлсангиз, Ямомадан алоқамиз узилур, алардан олаётган фойдадан қуруқ қолурмиз», дейишиб, уни бўшатдилар. Шунинг билан Самома Маккадан қайтиб ўз юрти Ямомага кетди. Макка халқининг кўпроқ озиқ-овқатлари шу Ямомадан келар эди.

«Расулуллоҳдан рухсатсиз ҳеч бир нарса ўтказмасман», деб Макка йўлини тўсиб қўйди. Шу сабаблик, Маккада қаҳатчилик бўлиб, Қурайш халқи очарчиликка қолдилар. Улар  тарафидан Абу Суфён Мадинага келиб, Расулуллоҳга:

— Эй Муҳаммад, мен оламга раҳмат учун келдим, азоб учун келмадим, дер эдинг. Катталаримиз қиличинг билан ўлдилар, қолганларимиз очлик билан қирилмоқдамиз. Ямомадан еб турган озиқ-овқатларимиз сен сабаблик тўсилди. Қариндошлик ҳаққи учун бу тўғрида сендан ёрдам сўраб келдим, — деди.

Бунинг сўзини қайтармай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ямома йўлини тўсмас учун Самомага хат ёздилар. Хат боргач, карвон юрди. Озиқ-овқат йўли очилиб, Макка халқи очлик балосидан қутулдилар.

Бу каби улуғ ахлоқни пайғамбарлардан ўзга ҳеч ким қилаолмагай. Бўлмаса, Абу Суфён бошлиқ Қурайш мушрикларининг Расулуллоҳга қилган ёмонликлари, бермаган озорлари қолмаган эди. Буларнинг чексиз душманликлари орқалик чиққан урушларда тўкилган қонлар ҳали қотмаган, айниқса, Уҳуд, Бадр, Аҳзоб кунларидаги булар қолдирган жароҳатлари ҳали битмаган эди.

Бунинг устига Абу Суфён ўз ҳожатини айтишда, қанчалик қўполлик кўрсатган бўлса ҳам, Расулуллоҳнинг ахлоқлари ўзгармади. Унинг ҳожатини чиқариш учун чора кўрдилар.

Хулоса шулки, Расулуллоҳни «сен энг олий ахлоқ ва гўзал сифат эгаси эрурсан», деб Аллоҳ айтган эди. Бунинг чинлигини эса Пайғамбаримиз Соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар дамда ва ҳар ишда кўрсатмоқда эдилар.

Сўнгра саҳобалар Самомани зиёфат қилиб, олдига емакка овқат қўйдилар. Бир оз егандан сўнгра таомдин қўл тортди, буни кўриб саҳобалар ҳайрон қолдилар. Чунки иймон келтиришдан олдин бундан неча баробар ортиқ овқат еганини кўришган эди. АндаРасулуллоҳ:

— Киши кофирлик ҳолда томоқ ер эрса, етти қат ичаги тўлмагунчалик қаноат қилмагай, аммо мўминларнинг бир қат ичагигагига таом етса, қаноат ҳосил бўлғай. Эрталаб кофирлик ҳолида эрди, кечқурун мўминлик сифатига кирди. Бу икки ҳолда бирдек бўлмагай, —дедилар.

Сўнгра Ҳазрати Самома Расулуллоҳдан рухсат олиб, ўз ери Ямомага қайтди. Бу кишининг ташвиқоти билан ўз қавми ва бошқалардан бўлиб, бир қанча кишилар мусулмон бўлдилар.

Сўзда субутлик, динда ихлослик улуғ саҳобалардан эди. Расулуллоҳ вафотларидан сўнгра Ямомадан ёлғон пайғамбар Мусайлама Каззоб ҳуруж қилди. Ерлик араблардан кўплари муртад бўлдилар. Шу чоғда Ҳазрати Самома буларга қарши чиқиб, Ислом аскарига кўп ёрдам етказди, разияллоҳу анҳу.

(давоми бор)