Нима гаплигини дунё билиши керак

Нима гаплигини дунё билиши керак
28 views
24 August 2016 - 9:52

TuzoqСафо Урганжи

ТАНАЗЗУЛ
(Тўрт юз олтмиш еттинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБио
БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР 

ТУЗОҚ

Биринчи китоб

(Роман муаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

 Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб қололмайди.

Муҳаммад (с.а.в)нинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

(21-қисм)

Соқчи гўё Абдулланинг ҳикояси тугашини эшик орқасида пойлаб, тинглаб тургандай, шақирлатиб илгичларни оча бошлади. Ҳикоя таъсирида юраклари қора қонга тўлган маҳбуслар кутилмаган ташрифдан жонларини ҳовучлаб, дамларини ичига ютдилар.

– Бойқўнғиров! – деди соқчи эшикни очиб.

 Полда олача тўнига ўралиб ётган барзанги ўрнидан ирғиб туриб:

– Мен! – деди.

Соқчи уни олдига солиб кетгач Абдулла:

– У чақимчи! – деди.

Абдулланинг гапини эшитган маҳбуслар қўрқиб кетганларидан тилларини тишлаб қолдилар. Уларнинг хавотирини ҳис этган Абдулла эса:

– Нимадан қўрқасизлар? Барча айтган гапларим учун ўзим масъулман! – деди. – Баҳона сабаб, сизларга сўзлаб ичимни ёздим. Бу менинг охирги ҳикоям. Мени жазоламоқчи бўлганларида, ўлган бўламан

Унинг сўзларидан ларзага тушган Баҳром:

– Қўйсангизчи бўлмағур гапларни, Абдулла ака! – деди. – Бир кун келиб бу ерлардан чиқиб кетсангиз, барчасини унутасиз.

– Мен эрталабгача ўламан, ука! – деди у. – Бу гапларни бекорга сўзламадим. Сиз тилингизга эҳтиёт бўлинг, бу қоронғи ковакларда кўп қолиб кетмайсиз, бир кун қутулиб чиқасиз. Елкангизда дард-ҳасрат, армон билан ўлиб кетганларнинг, ноинсоний қийноқлардан чексиз хорликлар тортганларнинг юки бор. Нима гаплигини дунё билиши керак. Бу буюк вазифани уддалашингиз шарт!

Баҳромнинг юраги тез ургандан ёрилиб кетай дерди.

Буни сезиб турган Абдулла:

– Ҳеч нимадан қўрқманг, укам! Бу гаплар шу жойда қолади, орамизда нобоп одам қолмади! Айтмоқчи эмас эдим! – деди у сўнгра Ардашерга бошини буриб чуқур-чуқур нафас оларкан. – Сиз нотўғри йўлдан кетяпсиз. Миллий хавфсизлик билан алоқангизни узинг. Умрингиз узоқ, йўлингиз чароғон бўлади. Яқинда чиқасиз, ўрнингизга оғайнингиз қамалади...

Абдулла ҳар бир оғиз сўзни минг машаққат билан гапирар, эриб битаётган шамга ўхшарди. Унинг шамасини илғаган Баҳром эса бир кун келиб кўрганбилганларини шундай ҳам бутун оламга ошкор этиш ниятида эди. Абдулла унинг қамоқхоналардаги қийноқлар тўғрисида китоб битмоқ иштиёқи борлигини чиндан ҳам тўғри илғаган эди.

Иккинчи қаватда ҳалиҳамон ҳасратга кўмилиб ётган Икром:

– Бу важлара ишонмас адим. Ҳаммаси бор нарсаканда, оғалар! – деди.

Унинг мавзуни бошқа томонга бургани оғир ҳавони енгиллаштиргандай бўлди.

Нима дейишни билмай, тилини ютиб ўтирган Ардашернинг елкасидан тоғ ағдарилгандай:

– Албатта, бор нарсалар! – деди.

Баҳром ҳам мавзу ўзгарганидан ичида хурсанд эди. У ўзи ҳақда Абдулла айтган гап жиддий тус олмасдан, тезроқ унут бўлишини хоҳларди. Шу туфайли дарров Ардашернинг фикрини қўллаб-қувватлаб:

– Ҳа, ростдан ҳам бор гаплар! – деди.

– Одам ёширин важлари ничик биларакан-а? – дея, Абдулла топиб гапиргандан сўнгра, ҳайратини беркитиб ўтирган Икром таажжубини ошкор этди.

 Ҳар бир нарсани ҳам Тангри беради! – деди Ардашер.

– Тўғри! – деди Баҳром. – Биз фақат битта оламни –  қуёш тизимини биламиз, холос. Биз яшаётган оламдан ташқарида яна 17 999 та олам бор. Одамзот ҳалигача ўзи яшайдиган ернинг бир фойизини ҳам тадқиқ этмаган. Ўзга сайёраларга ракеталар орқали саёҳат қилиш у маконларни забт этиш деган маънони англатмайди. Инсонга катта тафаккур кучи ато этилган. Техника минглаб йилларда қилолмаган ишларни мантиқ ва идрок кучи биланлаҳзаларда амалга ошириш мумкин. Мантиқ ва идрок учун на макон бор, на замон. Унинг қаршисида чегара, масофа деб аталадиган моддий тушунчалар рол ўйнамайди. Бизга инъом этилган буюк неъмат бўлмиштафаккурнинг  ҳали-ҳамон юздан бирини ҳам ишлата олмаганимиз, бу бизнинг жоҳиллигимиздандир. Исботи: Ер куррасида биз билан ёнма-ён яшаётган бир нечта олам бор. Улар бир-бирлари билан кесишиб ҳаракатлансаларда, бир-бирларига тегиб кетмайдилар. Хоҳлаганларида ҳам, бир-бирларининг чегараларини босиб ўтолмайдилар. Ёнма-ён оламдагиларнинг кўплари бизларни кўра оладилар. Бизларнингсаноқлиларимизгина уларни кўришлари мумкин. Қачон кўришлари мумкин? Устозлар ёрдамида, илм-фан чўққиларини заҳмат билан эгаллаб, ҳалол луқма ҳисобидан вужудини латифликка етказганда. Қаттиқ касалликтуфайли ўзини ўраб турган ҳимоя қобиқларидан жудо бўлганида. Жинажина чалганда. Буларнинг фақатгина биринчиси хайрли, холос. Қолганлари касалликдан, руҳий зўриқишдан ва қаттиқ қўрқишдан пайдо бўлганлиги сабабли, инсонни охир-оқибат ҳалокатга олиб боради. Ёки жинни қилади. Устозлар етовида йиллар бўйи бу мураккаб жараёнга тайёрланмаган вужуд руҳнинг зўриқишидан осонгина титилиб кетади. Яъни, исм ва жисм бир-бири билан мутаносиб ҳаракатлана олмайди. Мутаносибликнинг йўқолиши барча ҳолатларда инқирозга бошлайди...

– Оға, одаминг ичиндагини нишатиб билса бўлади? Шуни душунтириб баринг! – дея Баҳромнинг гапини бўлди Икром.

– Ғайритабиий ҳолатлар юз берганда ақлимиз етмаган оддий нарсалардан  илоҳийлик қидирамиз. Аниқ қарашларга таяниб фикрлашдан эса эринамиз! – деди Баҳром. – Тўғри, барчаси Тангридандир. Унинг хоҳиш-истагидан ташқарида ҳеч нарса йўқлиги мантиқий. Бироқ ҳеч бир нарсани У сабабсиз ва оқибатсиз яратмаган. Чириган хаснинг ҳам ўз тақдири ва тарихи бор. Ахборотлар империяси”ни тирноқдек маконда асрайдиган оддий компакт дискининг ўзи мўъжиза эмасми? Кўзимиз ҳам кўриб турган жами нарсаларни пайдо бўлган онларидан йўқ бўлиб кетиш лаҳзаларигача ёзиб қоладилар. Бу ҳар бир нарсага хос хусусият. Мияларимиз эса бу ёзувларни ўқий олиш даражасида ривожланмаган. Вақти етиб, инсоният бу мавқега эришади. Инсоният оламининг ички тизими интернетга ўхшайди. Игна тешигидек кириш жойини топсанг, ўтирган жойингда чексиз ахборот уммонларидасайр этиб юраверасан. Сен билан Зумратни боғлайдиган саноқсиз сетлар мавжуд. Зумратни ўқиш учун сенинг дунёнгга кирилса, бас. Ундан Нурхонга, Нурхондан Бурҳонга чиқилаверади. Шу йўл билан бутун ер юзидагиинсонларнинг ичларини ўқиб чиқиш мумкин бўлади. Бугунча бу нарса тахайюл. Бироқ кун келиб оддий ҳолга айланади. Бундан эллик йил олдин симсиз телефонда гаплашган кимсани кўрган одамлар қанақа ҳолатга тушардилар? Симли телефонлар бугун биз учун жуда оддий туюлади. Ҳолбуки, юз йил илгари одамлар учун симли телефонларни тасаввурга сиғдириш осон бўлмаган. Абдулла аканинг одамлар ичини ўқиши ҳам, аслида,оддий ҳол. Ўзи айтгандай, зўриқиш натижасида ҳимоя қобиғидан айирилган миядаги марказий асаб тизими бошқалар миясига тўлқин юбориб, ўмариш йўли билан ахборот йиғяпти. Ачинарлиси, бу билағонлик Абдулла аканинг соғлигига акс таъсир кўрсатади.

– Абдулла ака! – деди шунда Ардашер беркитган нарсаси хаёлидан кўтарилган кимсадай ҳовлиқиб. – Сизни нима учун вазирлик ҳибсхонасидан бу жойга олиб келишди? 159-модда билан айбланганларни судгача бошқа маҳбуслар билан бир жойда ушлашмайди, деб айтишарди.

– Қизил хоч билан Қизил ярим ой жамиятлари, Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари турмалар аҳволи билан яқиндан танишиш учун анчадан буён бел боғлаб келарди. Жорий ҳукумат Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг аксариятини икки дунёда ҳам қамоқхоналарга йўлатмайди. Фаҳмлашимча, Қизил хоч жамиятидан бирор нарса ундириш илинжида уларга қамоқхоналарга киришга рухсат берилганга ўхшайди. Андижон қирғинларидан кейин қамоқхоналардаги қийноқлар янаям авж олдирилди. Озодлик уйи ташкилоти ва Англия собиқ элчиси Крек Мурей ўзбек ҳукуматининг жирканч башарасини дунё жамоатчилиги олдида очиб ташлаб, яширадиган нарсанинг ўзи қолмади. Ҳукумат қабиҳ қилмишларини хаспўшлашга қанчалар уринмасин, ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Бизларни Халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари кўзидан яшириш учун шошилинч чора сифатида ҳибсхоналарга тарқатиб ташладилар, шекилли!

– Мен ҳам шундай деб ўйлайман! – деди иккинчи қаватдан тушган маҳбус. – Аввал ҳам икки марта қамалиб чиққанман. Тартибга кўра, қамалиб чиққанлар билан биринчи марта қамалаётганларни бир камерада ушлаш мумкин эмас. Бизлар ҳам вазирлик ертўласида ётган эдик. Бугун тушдан кейин ҳаммани ҳар ёққа сочиб ташладилар.

– Бундай қилган билан нима ўзгаради? – сўради Баҳром.

– Ҳибсхоналарда хавфсизлик ташкилотлари топшириқлари ва кўрсатмалари билан ишлайдиган сараланган маҳбуслар қоладилар, – деди бояги маҳбус. – Бутун идиш-товоқ, кўрпатўшак, чойшаблар янгиланади. Овқатлар меъёрларда тайёрланади. Шароит Амриқо ёки Оврупа қамоқхоналаридагидан ўтиб тушадиган даражада жойига келтирилади.

– Бу билан нимага эришиш мумкин?

Баҳром ҳар бир нарсани ипидан игнасигача билиб олишни истарди.

– Кўп нарсага эришса бўлади! – деди маҳбус. – Асосийси, Халқаро ташкилотлар кўнглини овлаб, қамоқхоналардаги шароитларнинг меъёрларга жавоб беришини исботлаш. Сўнгра ўзларига итдай хизмат қилаётган лахмачлар,чақимчилар ва хуфияларга дам бериш. Улар учун бу кунлар тўкин-сочинликларга тўла байрамдай кечади. Тадбир тугагач, идиш-товоқдан тортиб матрасёстиққача янгилари йиғиштириб олинади. Яна эски ҳаммом, эски тос, барчаси аввалгидай  давом этаверади.

– Бу ишларнинг шунчаки ўйинлигини ҳар икки тараф ҳам яхши билади! – деди Абдулла. – Ҳукумат бир сонияга бўлса ҳам ўз умрини чўзиш учун тиришади. Халқаро ташкилотлар, ҳукумат инсофга келар, деган умид билантанлаган йўлида собит туради. Ҳукумат келишувларга амал қилмаган тақдирда ҳам, Халқаро ташкилотлар, маҳбуслар ҳуқуқлари озгина бўлса ҳам тикланади-ку, деган илинжда келажакдаги муваффақиятларга ишончбоғлайдилар. Улар умидлари армонларга айланган таҳқирланганлар қалбида ҳаётга иштиёқ уйғотиш учун қўлларидан келганча олға интилаверадилар. Ҳукумат шу бугунги куни билан яшаса, Инсон ҳуқуларини ҳимоя қилиш ташкилотлари узоқ манзилларга кўз тикиб яшайдилар.

Абдулла титраб-титраб зўрға гапирарди. У ушалмай қолган орзу-армонларига, чексиз хорликларга алвидо ўқиётганга ўхшарди.

Баҳром, Абдуллани ортиқ азобланмасин деган ниятда уни атай чалғитиш учун иккинчи қаватдан тушган маҳбусдан:

– Сиз икки марта қамалиб чиққанман, деяпсиз. Чақимчи ва хуфияларни кўчада ҳам одамлар яхши биладилар. Лахмач” деганлари ким? – деб сўради.

(давоми бор)